Онлайн ва оффлайн таҳдидлар: зўравонлик ҳақ сўз учун сўнгги чорами?
Ҳар йили журналистларга озод ва ҳур сўзи учун ҳужумлар уюштирилади, улар қамоққа олинади, ҳақорат ва туҳмат чангалида қоладилар. Айниқса, уруш, турли намойишлар бўлиб турган мамлакатларда оддий аҳоли каби журналистлар хатар ичида яшайдилар. Чунки адашган ёки адашмаган хоҳлаган бир ўқ унинг ҳаётига нуқта қўйиши мумкин. Бироқ журналист ҳар куни жанггу жадалга шай ҳолда уйғонади. Зеро, ҳақ сўзни айтиш ҳам қонли жанг кечишнинг айнан ўзидир. Ҳақ сўзи учун қўлига кишан таққан, панжара ортида ўтирган ёхуд ўз туғилиб ўсган ватанидан қувғин бўлган журналистларнинг қисмати бу фикримизнинг ёрқин далилидир.
Журналистика — бу учувчидан кейин иккинчи даражали хавфли касб эканлиги бот-бот айтилади. Биз Хемингуэй ва Кольцовни ўқиганмиз, Симонов ва Гроссманнинг жанг майдонларидан тайёрланган репортажларини яхши биламиз. Бундан анча йиллар олдин машҳур журналист Влад Листьев Москванинг қоқ марказидаги уйи эшиги олдида отиб ўлдирилганини ва бу қизғин мунозараларга сабаб бўлганини катта авлод яхши эслайди. Бироқ масаланинг бошқа томони бор: Сурияда, Украинада, Туркияда, Мексикада журналистлар хизмат пайтида бевақт ҳалок бўлмоқдалар. Булар ўз вақтида шов-шув қилинади, баҳслар бўлади, бироқ охир-оқибат эса ҳеч нима юз бермайди: сувлар оқади, устини қумлар ёпади. Журналистларга уюштирилаётган турфа шаклдаги таҳдид ва ҳужумлар эса йилдан-йилга ортмоқда.
Журналистлик хотиржам касб эмас. Бу касбнинг ортидан бир жойда жимгина ўтири-и-иб ишлаб бўлмайди. Гавдангиз устидаги бошингизни, кўксингизда уриб турган юрагингизни бир четга олиб қўйиб, дунё ва одамлар муаммоларига бефарққина қараб ўтириш эса мумкин эмас! Шунинг учун бўлса керакки, дунёда энг кўп хавфу хатар билан юзма-юз келадиган касб эгалари бу журналистлардир. Уларнинг ёзаётган мавзулари, кўтарган ғоялари, тўсиқларни ёриб чиқар мушоҳадалари ҳамиша ҳам яхшилик билан якун топмайди.
Маълумотларга кўра, якунланиб бораётгвн ушбу йилда дунё миқёсида 387 журналист ўз касбий вазифаларини бажариш жараёнида қамоқда қолаётганлиги айтилмоқда. Коронавирус пандемияси туфайли журналистларни ноқонуний ҳибсга олишлар сони олдинги йиллардагига нисбатан ортган. Уларнинг иши билан боғлиқ қамоқ жазосининг 61 фоизи 5 мамлакатда содир бўлган: 117 журналист Хитойда, 34 киши Саудия Aрабистонида, 30 нафар Мисрда, 28 нафар Веьтнамда ва 27 нафар журналист Сурияда қамоқда ўтирибди.
Қамоқдаги аёл журналистлар сони 35 фоизга ошган: 2020 йил охирида уларнинг 42 нафари қамоққа ташланган. Бир йил олдин бу рақам 31 нафар бўлган эди. Янги-янги қамоққа олиш ҳолатлари, асосан, 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг Беларусда мисли кўрилмаган даражага етди. Бу ерда журналистлар мислсиз репрессияни бошдан кечирмоқдалар(4), шунингдек, санитария инқирози туфайли репрессия Эронда ҳам кучайган (4) ва Хитойда (2) ҳам содир бўлмоқда. Эпидемияни ёритгани сабабли ҳибсга олинган журналистларнинг 14 нафари бугун панжара ортидадир. Бундан ташқари, 54 журналист дунё бўйлаб гаровда, яна 4 киши эса бедарак йўқолганлиги айтилмоқда.
2019 йилда дунёда 49 журналист ҳалок бўлган бўлса, 2020 йил бошидан бери 30 дан ортиқ журналист ўлдирилганлиги айтилмоқда. Бу инсон ҳуқуқлари ва “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти маълумотларига кўра журналистларга босим кучайганидан далолатдир. “Таҳдидлар хилма-хил бўлиб, уларга қарши курашиш қийинлашмоқда”, – дейди Кристоф Делюр.
Хусусан, куни кеча Эронда Aмад Ньюс янгиликлар портали раҳбари Руҳуллоҳ Замнинг қатл этилиши кўпчиликни ғазабга келтирди. Меҳр Ньюс хабарига кўра, ўлим жазоси осиб ўлдириш тарзида амалга оширилган. Эрон расмийлари таъкидича, Амад Ньюс хорижий разведка хизматларидан ёрдам олган. 2019 йил октябрь ойи ўрталарида Замнинг ҳибсга олинганлигини эълон қилган эди. Очиқ манбаларга кўра, Зам бутун Эрон бўйлаб 2017 йил декабрь – 2018 йил январь ойидаги норозилик намойишларини халқаро миқёсда фаол ёритиб борган. Маълум қилинишича, унинг ҳаракатлари Франция разведкаси томонидан бошқарилган. AҚШ ва Исроил разведка хизматлари уни қўллаб-қувватлаган.
Шунингдек, ўтаётган йилда россиялик оппозиционер, сиёсатчи ва блогер Алексей Навальнийга ҳужум уюштирилди. Ҳақ сўзи ва одил ёндашувлари учун заҳарлангани бутун жаҳон оммасининг эътиборига тушди. Бу ишга Германия, Франция каби “оқсуяк” мамлакатларнинг лидерлари бош қўшишига қарамасдан, гарчи Алексей Навальний ўз қотили билан телефон орқали гаплашиб, уни фош этган бўлса-да, айбдорлар “номаълумлигича” қолмоқда.
ЮНЕСКО ва Халқаро Журналистлар федерациясининг статистик маълумотларига кўра, оммавий ахборот воситалари тарихида ҳеч қачон матбуот бундай босим ва тўғридан-тўғри зўравонликка дуч келмаган. Сўнгги ўн йил ичида “Чегара билмас мухбирлар” дунё журналистларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳолда жами 1000 га яқин қотилликни қайд этган. Ушбу жиноятларнинг аксарияти ҳеч қачон тўғри тергов қилинмаган ва жиноятчилар ҳам жавобгарликка тортилмаган. Сўнгги 20 йил ичида эса 3000 га яқин журналист вафот этган. Буларнинг ҳаммаси урушлар давом этаётган жойда ёки гиёҳванд мафия ва террорчиларга қарши кураш олиб борилаётган жойларда эмас. “The Nation” сиёсий журналининг Нью-Йоркдаги мухбири Брюс Шапиро тинчгина қаҳва ичиб, яна бир нашр ҳақида ўйларкан, остонада қуролланган қотил пайдо бўлди. Брюс жароҳат олди, мўъжиза юз берибгина омон қолди.
Яқин кунларда юз берган яна бир хабар ҳаммани ларзага келтирди. Ўзбек журналисти, Туркиянинг Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти Абдукарим Мирзаев жорий йилнинг 11 декабрь куни турк полицияси томонидан қўлга олинган.
Журналистни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокат вазиятни ўргангач, кимдир Абдукарим Мирзаевга тегишли рақам орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани ҳақида хабар бергани, ушбу маълумот ортидан журналист кузатилиб, сўнгра қўлга олинганини аниқлади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Абдукарим Мирзаевнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистоннинг сўрови асосида бўлмагани, мамлакатда унга нисбатан жиноий иш очилмаганини маълум қилди. Дунёда юз бераётган бу каби вазиятлар эса журналистлар ҳаёти, улар тимсолида “озод сўз” ҳалиям таҳдид остида эканлигини кўрсатмоқда.
Шу ўринда журналистларга бўлаётган онлайн ҳужумлар ҳам кучаяётганлигини айтиш лозим. Ушбу тизимда ишлайдиган аёллар учун бу соҳа нисбатан машаққатли эканлигини тан олиш лозим. Туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш, одобсиз равишда сохта фотосуратлар, зўрлаш таҳдиди ва жисмоний шикастланиш — бу оммавий ахборот воситаларида ишлайдиган кўплаб аёллар учун тез-тез уюштирилади. Aёл журналистларни рақамли безориликдан қандай ҳимоя қилиш керак? Бу савол бутун дунё оммаси қаршисидаги муҳим савол бўлиб қолмоқда. Aёл журналистларнинг учдан икки қисми интернетда турфа кўринишда безориликларни бошдан кечирмоқда. Журналист аёлларнинг ҳар ўнтасидан бири жисмоний таҳдидларга дуч келган ва уларнинг 90 фоизи жисмоний ҳужумлардан кўра кўпроқ онлайн безориликдан қўрқишади.
Журналистлар ўзларининг ишлаш хусусиятларига кўра интернет платформалари ва ижтимоий тармоқларни эътиборсиз қолдиролмайдилар. Уларнинг асосий аудиторияси бор, уларнинг материалларига қизиқиши мумкин бўлган нашрларнинг муҳаррирлари бор, ахир уларнинг ҳамкасблари, профессионал жамоалари бор.
Интернетда кўпинча Aнна Каспарян сингари сиёсий ва ижтимоий мавзуларда ёзадиган журналистлар учун жуда мўмай пул тўлайдилар. Aнна машҳур “Ёш турклар” онлайн-сиёсий дастурининг бош муҳаррири ва бошловчиси. Унинг сўзларига кўра, у мунтазам равишда таҳдидларга учраган — уларнинг кузатиб борувчилари уни ўлдириш ёки зўрлаш билан таҳдид қилишган, лекин у аллақачон бунга парво ҳам қилмай қўйган. Интернетда унинг бир неча бор сохта порнографик фотосуратлари ва видеолари пайдо бўлган. Aнна виртуал таҳдидлар кўпинча жисмоний зўравонликни келтириб чиқаради, деб қўшимча қилади ва у буни ўз тажрибасида бошдан кечирган.
Эҳтимол, фақат аёллар ҳақида гапирилаётгани ноодатий туюлар? Эркак журналистларга интернетда безорилик ва таҳдид қилинмаяптими деган саволлар пайдо бўлар? Далиллар шуни кўрсатадики, аёл журналистлар эркак ҳамкасбларига қараганда тез-тез ҳужумга учрайдилар.
Журналистлар ўзлари ва яқинларидан хавотир олиб, мавзу танлашда янада эҳтиёткор бўлишади ва ўзларининг материалларида ўз-ўзини цензура қилишади. Бу, матбуот ўз вазифасини бажармаслигига олиб келади. Баъзи истеъдодли журналистлар ўзларининг касбий принципларини бузишни истамайдилар, лекин улар ҳам ўзларини хавф остига қўйишга тайёр эмаслар.
Босма матбуотда ҳар бир сўз жаранглаб, радиомиз янграб, телевизоримиз кўрсатиб турар экан, биз ҳар лаҳза журналистнинг, ҳур сўзнинг кучини кўрамиз, бироқ ҳамиша ҳам қадрига етавермаймиз. Шифокор жисмимизни даволаса, умр бўйи миннатдор бўламиз, бироқ қалбимизни даволаган журналистдан ҳамиша ҳам миннатдор бўлавермаймиз. У туфайли бугунги куннинг таҳлилий қиёфасини томоша қила туриб ҳам уни оқлаш ва қоралаш позициясида тез-тез алмашиниб турамиз. Гарчи буюк тарихий ҳодисалар журналист ва сўз аҳли сабаб юз берган эса-да, унинг қийматини жуда тез унутамиз. Қон кечиб, таҳдидларини оралаб юрган журналистнинг репортажларини энг, энг одатий ҳоллардан биридек қабул қиламиз. Ҳатто, кейинги пайтларда унинг ўлими ҳам ана шундай тасаввур пайдо қилаётгандек. Нега, деган савол туғилади. Ахир миллатнинг таҳрир қалами бўлган журналистнинг хизматлари шу қадар арзон баҳоланадими? Ахир Даққиюнус замонидан буён гоҳ юмилай, гоҳ очилай деб турган кўзларимизга жарангдор бир ҳаво етказаётган журналистнинг сўзи эмасми?!
Гўзал БЕГИМ