Чеккагирлар
Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшомда” қиссасида “чеккагир” деган бир сўз бор. Кўпкарида чавандозлар ердаги улоқни йиқилиб тушгудай бўлиб энгашиб олиб, тақимига босай деганда, четда айланиб юрган ғирром улоқчилар пайт пойлаб туриб, улоқни тортиб кетаркан. Демак, ишнинг оғири битгач, тантана чоғи байроқни қўлингиздан юлиб олувчилар “чеккагир” дейилар экан…
* * *
Ахийри, муҳташам театрининг елкасига офтоб тегди — махсус лойиҳа асосида янги бино қуриб бериладиган бўлди. Ўзиям, ўн тўрт йил ичида уч жойга кўчиб, охирги пайтда эски пахта заводининг хароб клубасида жон сақлаб келишаётган эди-да. Бу ижодий жамоанинг ўн беш йиллик раҳбари Маҳкам ака, санъат арбоби, ҳамма нарсани унутиб, қурувчилар ичида югуриб юрадиган бўлиб қолди, қўйилаётган ҳар бир ғишт, ўрнатилаётган ҳар бир эшикни кузатишга уринар, танбеҳ берар, усталарга “театр – муқаддас даргоҳ”, деган гапни уқтиришдан чарчамасди. Ахийри, улар орасида “Муқаддас ака” деган лақаб ҳам ортирди.
Бир ярим йил ичида анча озиб қорайиб кетди, лекин бинокорлик деса бинойидай маслаҳат беришга ярайдиган бўлиб қолди. Яп-янги туфли билан тупроқ кечиб югурар, лойга оёқ босишига тўғри келса, кийимини аяб ўтирмас, бино учун қазилган котлованга тушиб, пайвандчи йигитлар билан ҳорма-бор бўл қилар, бўйни-боши тердан шалаббо юрар эди.
Иморат битгач, яна бир саховат кўрсатилди. Мебелу жиҳозларни ҳам батамом янгилаб берамиз дейишди, бир неча декорацияларни демаса, эски жойдан ҳеч нарса опкелишнинг ҳожати йўқ экан. Директор учун бир енгил автомашина, жамоага эса янги автобус инъом этиладиган бўлди.
Шаҳарнинг қоқ марказида, яшилтоб ойнаванд деворли бино ичида Маҳкам ака мамнунлигини сездирмай юришга уринади, ҳар бир хонага кириб, қайси санъаткорга қайси хона берилишини чамалайди, тушларига ҳам шу ташвишлар кириб чиқади.
Ниҳоят, эртага театр биноси тантанали равишда очилади, деган кун кечроқ қўл телефони жаранглаб қолди. Ҳокимнинг шу соҳа бўйича муовини экан, бир келиб кетишини тайинлади. Эртанги тадбирнинг маслаҳати бўлса керак, деган ўйда, Маҳкам ака айтилган соатда унинг қабулига кирди. Нимагадир, муовиннинг чеҳраси ўта жиддий, сипо ўтирар, илгариги ҳазил-ҳузулларидан асар ҳам йўқ эди.
— Хўш, домла, театр жамоасининг кайфияти қалай, “нормальний”ми?
— Раҳмат, ҳамма хурсанд, сизлардан миннатдор, зўр иш бўлди.
— Ҳм-м, “та-ак”, яхши! Энди… гап бундай, раҳбарият билан кенгашиб, бир қарорга келинди. Сиз, мана, олтмиш тўртга кирибсиз, бу энди — буёғи пенсия дегани. Хабарингиз бор, ҳозир ҳамма жойда ёшларга эътибор катта. Шунинг учун ўз ихтиёрингиз билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб, қабулхонада қолдириб кетинг, ўрнингизга янги одам тайинланяпти.
— К-им? — дея савол бера олди туйқусдан эшитган бу хабарга ишониб-ишонмай. Маҳкам ака ногаҳон бошига тушган бу зарбани онги тўлиқ идрок эта олмаётган эди.
— Сиз танимайсиз, келажаги порлоқ ёш кадрлардан, — деди ҳоким муовини ва гап тамом дегандай, катта столда қатор турган телефон аппаратларидан бирини олдига тортиб, рақам тера бошлади.
Эсанкираб қолган Маҳкам ака қандай қилиб ариза ёзди, қандай қилиб ташқарига чиқди, янги бинога — собиқ ишхонасига кириб келиб, бир-икки халта майда-чуйдаларини олиб уйига жўнади — ўзи ҳам билмайди.
Тўғри, иш дегани кишига бойлаб берилган эмас, ҳар кимнинг бир куни бўшаши аниқ, лекин нега энди шунча куйиб-пишиб, саратонда тупроқ кечиб салкам икки йил қурилишда юргани эвазига шундоқ янги бинода, чиройли кабинетда бир кун ҳам ишлашга қўйишмади, ҳамма нарса битганида бўшатишяпти ё етдим деганда йиқилдим, деганлари шунақа бўладими?
Театр очилишига атаб ёзган нутқи ҳам энди кераксиз, униям қўйинг, лоақал жамоани йиғиб, пенсияга кузатиш деган гаплар ҳам йўқ, баайни ишдан ҳайдалган пиёнистадай кетяпти — шу алам қилар, дилида нуқул “нега ё бирон жойда хатога йўл қўйдимми, нега энди?” — деган савол айланаверарди.
Эртаси боши оғир, юраги ғижимлаб турган, кайфияти тушкун бўлиб уйғонди. Қанчадан-қанча драматик ва фожиий ролларни қойиллатиб ўйнаган атоқли актёр бугун — ўз бошига тушган бу қадрсизлик олдида ниҳоятда ожиз ва увол ҳолда эди. Битта-битта қадам ташлаб, ҳовли ўртасидаги узум олдига етиб борди. Дармонсизликми ё бошқами, йиқилиб тушмаслик учун узум танасини маҳкам чангаллади-да, кўнгли ағдарилиб, қайд қилиб юборди.
Кўзини очса — пардай енгил, нотавон ҳолда оппоқ бир хонада каравотда ётибди. Бир нима демоқчи эди, товуши чиқмади. Шу пайт бир ҳамшира етиб келиб, “Амаки, қимирламай ётинг, яхши бўлиб қоласиз”, деб уни тинчлантирди. Билагида осма уколни тўғрилаган бўлди, оғзидаги кислород берадиган найчадан хабар олди.
“Касалхонага тушибман-да”, деб ўйлади Маҳкам ака ва бола-чақасини эслади: “Улар қаердайкин, менинг аҳволимни билишармикин?”
Хайриятки, тўнғич ўғли санъат-панъат деб ўралашмаган, ишлаб чиқариш билан шуғулланар эди, бизнесменга ўхшаб ҳаракат қилибди —марказидаги барча шифокорларни оёққа қўйиб, бир-икки профессорни чақиртирибди, айтилишича, шунақа қилиб, Маҳкам акани нарига дунё оғзидан бир амаллаб қайтаришибди… Ҳамкасблари кейинроқ эшитишибди.
Орадан ойлар ўтди. Маҳкам ака оёққа турди. Барибир, санъат одами эмасми, ўзи қирқ йил ишлаган театридан оёқ узиб кета олмади. Қайсидир анжуман баҳона, бир куни ҳасса таяниб, бинога кириб борди, эски қадрдонлар билан омонлашиб, партердаги бир креслога чўкди. “Тадбир” бошлангач, бошловчи “анжуманни очиб бериш учун сўз театримизнинг муҳтарам директори “вич-вич”га берилади, марҳамат, олқишларингиз!!!” дея қичқирди. Ёшгина, кўзойнак таққан, оппоқ юзли бир йигит ўзбек сўзларини бузиб-бузиб талаффуз қилиб бўлса-да, тантанали йиғилишни очиқ деб эълон қилди, сўнг ҳокимиятга бориши белгиланганини айтиб, саҳна ортидан чиқди.
“Шу экан-да, ўсадиган кадр”, деб ўйланди Маҳкам ака. Кейин билса, у тўқимачилик соҳасида ўқиган экан, театрга раҳбар қилиб тайинланиши боиси, каттакон бир раҳбарнинг содиқ шогирди экан, театр ҳам вақтинчалик, яна каттароқ лавозимга ўтказиш учун “трамплин” экан, холос…
* * *
Қуриб кеткур коронавирус чиқиб, карантин даври ўқувчиларнинг ёзги таътилига уланиб кетди. Чуввос солиб юрадиган болалар йўқ, жимжитлик. Етмиш йиллар аввал қурилган, кейинчалик унча-мунча реконструкция қилинган мактаб, қишлоқнинг ўртасида қад ростлаб турибди. Аҳёнда коридорни таъмирлаётган усталарнинг бирон ёшроғи чиқади-да, челагидаги ахлатни бир четга тўкиб, яна ишига қайтади.
Усталар ишини кузатиш, зарур нарсаларни етказиш учун хўжалик мудири, яна бир-икки эркак ўқитувчи шу ерда. Бир маҳал директор опай шошилганича кириб келди — вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ташриф буюраётган экан, телефон қилишибди. Опа хурсанд, таъмирни туманда биринчи бўлиб тугатишяпти, қолаверса, вилоят бўйича раҳбарнинг олдида юзини ёруғ қиладиган бошқа нарсалар ҳам бор — икки йил ичида дашт каби ялангликдан иборат мактаб теварагини ғишт девор билан чиройли қилиб ўраттирди, тақир ерларни ҳайдатиб, юзлаб мевали дарахтлар ўтқазишди, бунгаям кўнгил тўлмай, дарахтлар орасига пиёз, саримсоқ каби экинлар экилган эди, ёз бошига келиб мактаб таъмири учун ота-оналардан “ҳомийлик ёрдами” сўраб ялинишга эҳтиёж қолмади — олинган ҳосилни сотиб, пулини шунга яратишди.
Қишлоқда сув етишмасди, бир ярим гектарли мактаб ҳовлисининг бир четида бежиримгина артезиан қудуқ қаздирди — ана сув! Жамоат аҳил, ўқувчилар одобли, ҳар йили олимпиадаларда ғолиб бўлишяпти. Хуллас, опа мамнун, мудирдан раҳмат эшитамиз, ибрат қилиб кўрсатишади бизни, деб жилмайганича тўкилган атиргуллар бошини чимчилаб кутиб турарди.
Бир маҳал уч одам ёв қувгандай шошиб мактаб ҳовлисига кириб келди. Олдинда — бошқарма бошлиғи. Директор опанинг саломига алик ҳам олмай, важоҳат билан ичкарига кириб кетишди. Қарашса, коридорлар ёғ тушса ялагудай бўлиб ялтираб турибди, бўёқ ислари ҳали тугаб битмаган. Хоналарга киришди, таъмири бинойидай. Фақат бир хонада деворга илинган диаграмма қийшиқ осилган — муаллим янги оқланган деворга мих уришга ботинмай, қолиб кетган экан. Яна бир синфхона эшиги эса қулф турарди, унинг соҳибасига одам юборилгану уйи узоқлигидан ҳали етиб кела олмапти. Шу икки “айб” катта баҳона бўлди. Ўттиз беш-ўттиз олти ёшлар чамали — опайнинг ўғли тенги бошқарма бошлиғи унга хўмрайиб тикилди-да:
— Ҳа, опа, чарчаганга ўхшайсиз ишдан? — деб сиёсат қилди.
Бунақа муомалани сира кутмаган опа эсанкираб қолди, ниҳоят:
— Билмасам, янги артезиан қудуқ қазиб, сув чиқарган эдик, бир кўрасизларми? — дея уларни муросага таклиф қилди.
Мудир бунга жавобан опага қараб бир яна ўқрайди-да, индамай кўчага чиқиб, хизмат машинасига ўтириб жўнади.
Бу орада етиб келган беш-олти муаллим эса “катта раҳбар”нинг бу дағал муомаласидан онг-тонг бўлиб, серрайиб туришар, чунки барининг бир неча йиллик иштиёқ билан қилган меҳнатлари, қувончлари топталган, раҳмат ўрнига дағдаға эшитишган эди.
“Ҳа, майли, — деди директор опа уйига келгач ўзига-ўзи овоз чиқариб таскин бераркан. — Аввал гимназияга раҳбарлик қилганимда ҳам ҳаммаёқ ораста бўлиб, янги қурилишлар қилдириб, энди битирганимда туман ҳокимининг қайнсинглисига олиб беришган эди. Мана энди ҳам бирон эркатойга шундоқ обод қилинган, ҳамма нарса муҳайё жой керак шекилли. Бўлмаса, ана, эски хўжалик ўрнидаги беш-олти мактабнинг биронтасига директор тополмай сарсон бўлишяпти… Вой тайёрига айёрлар-ей! Ишлаб-ишлаб, мактабни ҳар жиҳатдан олдинги қаторга олиб чиққанимда-я? Бунақа муттаҳамларнинг уруғи мунча кўп экан-а?..”
* * *
Миртемир салкам эллик йил аввал “Кунинг келипти-да…” деб бир бахшиёна тўртлик битган экан:
Шопириб-шопириб, Шодмонжонга суз,
Ўпириб-ўпириб, Ўрмонжонга суз.
Қарама ҳеч кимнинг қош-қовоғига,
Санамай саккиз де, ўйламай тўққиз.
Давринг келди — сур бегим, дейдиганлар ҳақида ёзилган бу шеър.
Ажаб, кимдир сал юқорироқ амал курсисига ўтирадиган бўлса, ҳали ўтирмасидан яқинлари ёпирилиб келади — ҳаммаси ҳам хурсанд, бахтиёр, ҳаммасининг бир истаги бор. У ҳам бўлса “раҳбар” бўлиш.
Бу одам хоҳ-нохоҳ бўлиб, ҳақ-ноҳақ ишлар қилиб, ўшаларга юмшоқ, иссиқ ўринлар очади, давлатнинг бергани — халқнинг маблағини ўшаларга сочади. Кимнингки бирон амалдор яқини бор, ҳеч кимдан тап тортмайди, афтига қарасангиз, кўзида чақини бор. Чунки у фалон тўранинг ғўраси, фалон мингбошининг жўраси! Қариндошу қўшнилар келади, курсдошу синфдош, тенг-тўшу маҳалладош — бари ёпирилади. Сен шу иш-лавозимни эгаллашга лойиқ мутахассисмисан, ҳеч қуриса, шу соҳада ўқиганмисан, деб сўраб ҳам бўлмайди улардан, “юқори”да ўтирган бояги амалдорнинг ғазабига қоласиз, сазойи оламон бўласиз, расвойи жаҳон бўласиз!
Унинг тоғаси, унинг дўсти, аммасининг невараси, укасининг божаси, тоғасининг шогирдбаччаси… ишқилиб, тўраларимизнинг аллакими-да, у!
Ажабки, бундай “оғайин”лар қанча кўпайса, бояги амалдорнинг мансабдан тушиши шунча тезлашади. Яқинлар ёвдан ҳам ёмон иш қилишади.
Уёғини сўрасангиз, бу ҳам коррупциянинг ўзгинаси. Коррупция томир ёйган жойдаги одамларнинг ҳоли менга “Ўткан кунлар” романидаги бир девонани эслатади: “Қовоқ девона деганимиз ўрта ёш, сийрак соқол, қотма, кун иссиғлиғиға қарши ўчакишкандек бошиға эски телпак, эгнига пахтасидан бошқаси тўзиб кеткан гуппи чопон кийиб, янги бўз белбоқни беш-олти айландириб боғлаған ва унга беш-олтита чилим қовоқдан тортиб то сувқовоқ, носқовоқ ва томоша қовоқларғача осқан; қовоқларнинг оғирлиғидан аранг ҳаракат қиладирған ўз замонасининг машҳур бир девонаси эди”. Ҳа, коррупция дастидан бирон қадамни шахдам қўйиб бўлмайди, қаёққа қараб бурилса ҳам, гарданидан оғир бир тавқи лаънат бўлиб босиб, ерга қапиштириб туради жамиятни. Давлат иши олдинга босмайди.
Биз эса ўзимизга хос “бағрикенглик” билан уни қадрдончилик, оқибатлилик, мурувват, сийлов ва бошқа ҳар бало деб папалаб, юмшоққина номлар билан атаймиз. Аслида, унинг ўзбекча номи — таниш-билишчилик. Одам ўзи ҳақли бўлмаган нимагаки эришса, ноўрин йўл орқали эришади, чунки ё бирон тўра аралашган, ё “қўл-қўлни ювган” бўлиб чиқади.
“Коррупция — ядро қуролидан ҳам хавфли”, деган эди таниқли кишилардан бири. Аввалига, бу фикрга қўшилмаслигингиз мумкин. Бироқ унинг мамлакат илигини сўриб қўядиган, тараққий этишига ҳар он, ҳар қандай ҳолатда ғов бўладиган нарса эканини кўрганингиздан, шуни бошдан ўтказганингиздан сўнг юқоридаги ибора ҳалиям юмшоқ қилиб ифодаланган, дейсиз, ишонаверинг…
Зуҳриддин Исомиддинов