Муаллим миссияси ёки бизга қандай адабиёт ўқитувчилари керак?

Сизларда ҳам шундай ҳол кузатиладими, а? Ярим тунда уйқунгиз бузилади-да, алланималар ҳақида ўйлай кетасиз. Охирги сафар шу ҳақида ўйлаганим бугунги ёшларнинг хат-савод ва дид масаласи бўлди. Нима учун аксар ёшлар тўрт энлик аризани энг ками учта хато билан ёзиб беради? Бу айтиб туриб ёздирганингиздаги аҳвол. Менинг ўйларимга эса бундай пайтда нафақат она тили муаллимлари, адабиёт муаллимлари ҳам ўз миссиясини тўлиқ бажара олмаётгани ҳақидаги фикрлар келади.

Ҳақрост, ич-этимни аррадек нимадир тирнаб ўтади. Бюджетдан ҳазилакам маблағ сарфланадими бир боланинг умумий ўрта таълим олиши учун?! Ўртача 11 йилда битта ариза ёзишни ўрганмаган боланинг эртаси нима бўлади, деб ким ўйлайди? Улар тарбия қиладиган фарзандлар қандай улғаяди? Ё у кимнингдир уйини куйдириб пул топаверсинми? Ё у тик-току инстаграмда маънисиз ҳаракатлар билан пул топувчи дидсиз нусхалар бўлаверсинми? Ёки хориж учун тайёр мигрант бўлаверсинми? Ё у пора билан чорасини топиб, олий маълумот олсин-да, коррупция ботқоғи сонини кўпайтираверсинми?.. Бизга қўпол бўлса, узрку-я, маймундан сал нари-бери бўлган одамлар керакми ёки кенг фикрлайдиган, савияли, дидли, миллат ва мамлакат равнақи учун ҳалол хизмат қиладиган шахсларми?! Модомики, элу юртга сидқидилдан хизмат қилувчи ҳалол инсонлар керак экан, айниқса, бизнинг адабиёт муаллимлари зиммасидаги масъулиятни ҳис қилишлари шарт бўлади!

Ҳеч эсимдан чиқмайди. 5-синфда ўқиган пайтимиз Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” қасидасини бошидан охиригача ёддан ўқигандик. Ҳар биримиз қасидани ёдлаган эдик. Бутун синф! Очиғи, адабиёт дарсида насрий асарларни оз ўқисак-да, барчамизнинг юракларимизда шеъриятга ошуфталик кучли эди, ошуфталик уйғоқ эди, уйғотилган эди. Синфдаги барча ўқувчилар баҳру байтда мактабда ғолиб эди. Ошуфталик уйғотган уйғотгичимиз — адабиёт ўқитувчимиз Ирода опа Манбетова бизни шундай тарбиялаганди. Сўнгра янги адабиёт муаллимимиз Гулнора опа Муҳиддинова биздаги насрий бўшлиқни тўлдириш учун ҳаракат қилди ва буни уддалади.

Адабиёт муаллимларимиз адибларнинг саналардан иборат таржимаи ҳолларини кўр-кўрона тушунтирмас, шеърларнинг мазмунини тушунтирмай ёдлатмас, асар тили ва ғояси билан яқиндан танитмай туриб ўқитмас эди. Адабиёт номли муҳташам саройда шунчаки юрмасликни уқтирардилар адабиёт муаллимларимиз. Негадир ҳозир айрим адабиёт ўқитувчиларида шундай йўлчироқлик сифатини тополмайман, қидираман-у яна барча саъй-ҳаракатларим бесамар кетади.

— Биз ўзбек халқи мангу яшайди, деб ишонамиз-ку. Мангу яшаши учун ўзбек халқини севадиган одамлар бўлиши керак-да. Ватанпарварларни эса Адабиёт яратади! — деган эди суҳбатларнинг бирида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим.

Хўш, бугун қандай адабиёт ўқитувчилари керак?

Одатда, шеър бошидан охиригача ўқилади ва шундай ёд олинади. Энди биргина ҳаётий мисол келтирайки, ҳозирги икки ўқувчига йигирма қатор шеърни бўлиб-бўлиб, пора-пора қилиб, адолатли тақсимот билан ёд олиш топшириқ қилинаяпти ва бу топшириқ бугуннинг адабиёт ўқитувчилари тарафидан берилаётгани ҳам рост. Ойбекнинг “Наъматак” шеърини иккига бўлиб, партадош икки ўқувчи ёдласа, Ғафур Ғуломнинг “Соғиниш” шеърини бутун синф тўрт қатордан ёдлаб чиқади. Шеърни бу йўсин, одатда, турли тадбир ё учрашувларда ёдлаш урф эди. Аммо ҳозирги кунда адабиёт дарсларида ҳам шу “урф” кўзга ташланаяпти ва бу кўпларнинг кўзидан панада қолаяпти. Аҳвол шу даражагача етдими?

Биз мактабда ўқиган йилларимиз бир ўқув йили мобайнида энг ками йигирма-ўттиз шеъру беш-ўн ғазални ёд олардик. Дарвоқе, ғазал дегандек, бугун бирор ўқувчидан ғазал сўрасангиз, аксарияти тўрт қатор арузий шеърни ҳам ўқий олмайди, афсуски. Ваҳоланки, ўзбек мумтоз адабиёти бўстони мисоли қирғоғи йўқ улкан уммон эканлиги аниқ-ку. Нега шундай адабий меросимиз ёшларга ўргатилмайди? Бирор айтарли важ бунга тўсқинлик қилаяптими?

Бугун китобхонлик маданиятини ўстириш учун қабул қилинган не-не расмий ҳужжатлару не-не кўрик-танловлар ва не-не дастурларга заррача ҳожат йўқ эди, агарда, адабиёт ўқитувчилари, ўз миссиясини виждонан адо этганларида.

Аслида ўқувчининг адабиёт ҳақидаги дунёқараши фақатгина “Адабиёт” дарслиги билан чекланиб қолмаслиги, кундан-кунга адабий географияси ва мундарижаси кенгайиб бориши керак эмасми? Калаванинг учи тағин бориб адабиёт муаллимига тақалади — ўқитувчи ўзида йўқ нарсани ўқувчига қандай ўргатсин? Очиғи, “Адабиёт” дарслигини тузук ўқита олмаётган ўқитувчидан ортиқча вазифани талаб қилишнинг ўзи нодонлик ва мантиқсизликдан бошқа нарса эмасдек. Аммо миллатнинг қоракўз болалари бу оламда адабиёт деган олам борлигидан бебаҳра ўтишлари керак эмас! Бунинг учун адабиёт ўқитувчиларимиз, албатта, адабий нашрларга обуна бўлишлари зарур. Яна талаб этиладики, фақатгина республикадаги адабий нашрлар эмас, халқаро адабий газета ва журналларни ҳам кузатиб боришса, нур устига аъло нур бўлар эди.

Масалан, Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди мавзусида дарс ўтаётган ўқитувчи, табиийки, “Ёлғиз” қиссаси тўғрисида ҳеч қандай маълумот бермайди. Худо раҳмат қилсин, адабиётшунос олим, моҳир педагог Омонилла Мадаев “Ўткан кунлар” романини охирги марта қачон ўқигани ёдидан чиқиб кетган адабиёт ўқитувчиларига дарс бериб қийналганини айтиб, куюнган эди. “Ўткан кунлар”дан бехабар адабиёт муаллими “Ёлғиз” ҳақида нима дея олсин? Ахир, айни бизнинг замонда Хуршид Дўстмуҳаммад деган ёзувчи яшаётгани, унинг “Ёлғиз” қиссаси борлиги-ю, “Шарқ юлдузи” журналининг 2018 йилги 5-6-сонларида босилганини, яқинда китоб ҳолида ҳам чоп этилиб, қисса асосида Аброр Ҳидоятов номидаги Ўзбекистон давлат драма театрида “Жулқунбой” спектакли саҳналаштирилганидан ҳозирги адабиёт муаллимларининг қанчаси воқиф?

— Боласини ташлаб кетаётган оналар бор, хорижда одамларни ўлдираётган одамлар бор, Ўзбекистондан чиқиб четда ишлаётганлар бор, уларнинг орасида жиноят қилаётганлари, нашавандлари бор, энг муҳими, оилани бузиб, хотинини қўяётган такасалтанглар бор, шуларнинг ҳаммасининг айбини мен уларнинг ота-оналари билан теппа-тенг адабиёт ўқитувчисида ҳам, деб биламан, — деган эди устоз Омонилла Мадаев. — Оилани ташлаб кетишлар, миллий қадриятларимизга беписанд қарашлар, лоқайдлик — буларнинг бари адабиёт ўқитувчиларининг маҳорати заифлашганидан дарак беради… Америкада нимага отишмалар кўп бўлади? Америкада нимага жиноятлар кўпайяпти? Чунки Америкада адабиёт дарсининг ўзи йўқ!.. Ўртоғининг онасини ўлдирган болани, ёки бир-бирини пичоқлаган ўқувчиларни, ўз жонига қасд қилган ўсмирларни эшитиб қоламиз. Буларнинг ҳаммасига шахсан ўзим адабиёт дарсига муносабатнинг заифлигида, деб биламан.

Қарангки, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг бундан 106 йил муқаддам айтганлари ҳамон кун тартибидаги масалалигича турибди:

— Энди, эй, қардошлар! Адабиёт ўқуйлик. Адиблар етишдирайлук, “адабиёт кечалариясайлук. Руҳ, ҳис, туйғу, фикр, онг ва ўй олайлук, билайлук. Агарда “баёз ва бемаъни бир-икки дона китоблар ила қолсак, маҳву инқирозий бўлурмиз. Юрагимиз кундан-кун тошдан ҳам қаттиғ бўлур. Юракни эритайлук, руҳ берайлук, инқироз бўлмайлук. Меним бу ожизона фикрима қўшилатурғонлар бўлса адабиётнинг фойдаси тўғрусинда “Оина ва “Садоларимизга тарихий ва адабий мақола ва шеърлар ёзсунлар, китоблар тартиб берсунлар. Ҳозирда бизга бирдан-бир лозим бўлғон нарса — адабиёт, адабиёт, адабиёт…

Дарҳақиқат, адабиётсиз ватанпарварларни, миллатнинг чин зиёлиларини, ҳалол инсонларни тарбиялай олмаймиз! Буни тўғри тушуниб, ўз миссиясини виждонан адо этаётган адабиёт муаллимларимиз бор бўлсин!

Отабек Исроилов,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × three =