Адабиёт чинорларидан бири

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Саид АҲМАД таваллудининг 100 йиллиги

 

Кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид олиб борди. Унда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Иброҳим Ғофуров, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев ва бошқа адабиёт, санъат вакиллари сўзга чиқиб, угуғ адиб ҳақида  сўз юритишди.

Саид Аҳмад (Саидаҳмад  Ҳасанхўжаев) 1920 йил 10 июнда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси. Ўзбекистон Қаҳрамони. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Тошкент рассомчилик билим юртида, Тошкент педагогика институтида ўқиган. Ижодининг каттагина қисми ҳажвий-юмористик ҳикоялар, қиссалар, комедиялардан иборат. “Эр юрак” (1942), “Фарғона ҳикоялари” (1948), “Чўл бургути” (1960), “Чўл оқшомлари”, “Одам ва бўрон”, “Йўқотганларим ва топганларим” (1998), “Қоракўз мажнун” (2001), “Киприкда қолган тонг” (2003) каби асарлар муаллифи. “Уфқ” трилогияси (1964-1974), “Жимжитлик” романи (1988), “Хандон писта” (1994), “Бир ўпичнинг баҳоси” (1995) ҳажвий тўпламлари, 3 жилдли “Танланган асарлар”и (2000) нашр этилган. Унинг юмористик маҳорати “Келинлар қўзғолони” (1976), “Куёв” (1986) комедияларида ёрқин намоён бўлган. Фелъетон жанрида ҳам самарали ижод қилган.

1947 йил “халқ душмани” сифатида қамалган, Сталин вафотидан сўнг оқланган. Ёзувчининг “Келинлар қўзғолони” асари дунёнинг кўплаб мамлакатларида саҳналаштирилган. Адиб 2007 йил 5 декабрда Тошкент шаҳрида вафот этган. “Дўстлик” (1996), “Буюк хизматлари учун” (1997) орденлари билан мукофотланган эди.

Саид Аҳмад аввало ўзбек ҳикоячилигининг равнақига муносиб ҳисса қўша олган ижодкордир. Унинг “Чўл бургути”, “Ўрик домла”, “Лочин”, “Хазина”, “Ҳайқириқ”, “Иқбол чироқлари” каби қатор ҳикоялари адабиётимиз хазинасидан мустаҳкам ўрин олди. Бу ҳикояларда адиб Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор каби устоз ёзувчиларнинг анъаналарини давом эттириб, инсон образини мукаммаллаштиришда янги ютуқларга эришди. Ёзувчи ҳажвий ҳикояларида тараққиётимизга тўсиқ бўлган урф-одатлар устидан кулади, янгича маънавий-ахлоқий масалаларни ўртага қўяди. Аксинча, ўзбек психологиясига сингмайдиган, миллийликдан йироқ янгича урф-одатлар, удумларни кулгу билан танқид қилади.

— Адибнинг қаҳрамонлари жуда табиий ва оддий одамлар. Уларнинг ишлари ҳам, гап-сўзлари ҳам, ўзларини тутиши, орзу-умидлари ҳам табиийдир, — дейди адабиётшунос Шуҳрат Ризаев. — Улар содда одамлардек ҳаётда нималаргадир эришса қувонишади. Хато қилишса, адашишса, тўсиқларга дуч келиб, муваффақиятсизликка учрашса қайғуришади, изтироб чекишади. Ҳар ҳолда бу одамларнинг қувончлари ҳам, дардлари ҳам ғоятда табиий ва ишонарли. Унинг ҳикояларида Ойбекнинг психологик тасвир маҳорати, Ғафур Ғулом юмори, Абдулла Қаҳҳор баёнидаги ихчамлик мужассамдир.

Саид Аҳмад барча насрий жанрларда ижод қилди. Ҳикоялар, қиссалар, ҳажвий асарлар яратди. Комедия жанрида кучини синаб кўрди. У ижодда катта тажриба орттиргандан сўнг роман жанрига қўл урди ва бир неча йиллик изланишлардан кейин “Уфқ” трилогиясини яратди. Трилогиянинг биринчи китоби “Қирқ беш кун”, иккинчи китоби “Ҳижрон кунлари” ва учинчи китоби “Уфқ бўсағасида”  деб аталди. Бу трилогия 60-70-йиллардаги ўзбек насрида том маънода катта воқеа бўлди. Ушбу асарларни ўқир экансиз, беихтиёр асардан бош кўтаролмай қоласиз. Фикрлар содда, халқонийлиги билан мутолаа жараёнида ўқувчига катта эстетик завқ ва ҳузур улашади.

“Саид Аҳмадга энг катта шуҳрат олиб келган асар, шубҳасиз, “Келинлар қўзғолони” комедияси бўлди, дея таъкидланди тадбирда.

“Саид Аҳмаднинг “Кулгининг кашф этилмаган маънолари кўп… кулгининг бу хилдаги ҳали очилмаган сирлари, сеҳрли жилолари беҳисоб” деган гаплари бежиз эмас. У Абдулла Қаҳҳордан кейинги ўзбек адабиётида моҳир ҳикоянавис, ўткир ҳажвчи, халқимиз севиб ўқийдиган кўплаб асарлар муаллифидир. Ёзувчи ижодининг ўзига хослигини бу кулгиларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Кулги адибнинг бош қуроли ҳисобланади. Саид Аҳмад яратган образларнинг бетакрорлиги кулги орқали янада жозибали, ёрқинроқ кўринади”, деб ёзганди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов.

Адиб бугун ҳаёт бўлганида 100 ёшга тўлган бўлар эди. Эҳтимол, 100 ёшда ҳам кулгуга бой асарлар ёзиб мухлисларини лолу ҳайрон қолдириб юрган бўларди. Тадбир иштирокчилари ёзувчини хотирлаш баробарида Адиблар хиёбонидаги Саид Аҳмад ва ёзувчининг умр йўлдоши, адиба Саида Зуннунова ҳайкаллари пойига гуллар қўйдилар.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − twelve =