Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида МДҲ саммити бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 18 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги мажлиси бўлиб ўтди.

Саммит ишида Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Молдова Республикаси Президенти Игорь Додон, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчиси Талант Мамитов, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев ва Ҳамдўстлик Парламентлараро ассамблеяси кенгаши раиси Валентина Матвиенко иштирок этдилар.

Кун тартибига мувофиқ МДҲ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва устувор йўналишлари кўриб чиқилди, шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги режалар белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси бу йил Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилишдек шарафли ва масъулиятли вазифани илк бор ўз зиммасига олганини таъкидлади.

МДҲнинг улкан салоҳиятидан фойдаланиш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш коронавирус пандемияси оқибатида келиб чиққан инқироздан тез фурсатларда чиқишнинг мақбул йўлларини топиш учун хизмат қилишига ишонч билдирилди.

– Ўзбекистон умумий муаммоларни ҳал қилиш учун янги, ностандарт ва ўзаро манфаатли ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишга тайёр, – деди Президентимиз.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига изчил ўтиш, шериклик механизмлари ва қабул қилинган ҳужжатлар ижроси самарадорлигини ошириш тарафдоридир.

Шавкат Мирзиёев ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга доир қатор таклифларни илгари сурди.

Хусусан, бугунги шароитда мамлакатларимиз иқтисодиётлари, савдо ва кооперация алоқаларини жадал суръатларда қайта тиклаш устувор вазифа экани таъкидланди. Мавжуд муаммоларга қарамай, Ўзбекистоннинг МДҲга аъзо бошқа мамлакатлар билан товар айирбошлаши барқарор ўсиб бораётгани кузатилмоқда. Айрим шериклар билан савдо жорий йилда 20 фоиздан зиёдга кўпайди.

Ҳамдўстлик доирасида “яшил” ва соддалаштирилган йўлаклар амалиётини кенг жорий этиш, электрон савдони ривожлантириш бўйича ягона платформани ишга тушириш ва “йўл харитаси”ни қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари саноат кооперацияси бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди.

Бунда агросаноат, машинасозлик, электротехника, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа устувор тармоқларда қўшма кластерлар ташкил этиш назарда тутилади. Ушбу дастур ҳамда инновацион лойиҳалар ва илғор технологиялар тақдимотини келгуси йил Тошкент шаҳрида ўтадиган МДҲ мамлакатлари саноат кооперацияси форуми доирасида ўтказиш таклиф этилди.

Транспорт йўлаклари рақобатбардошлигини ошириш, техник регламент ва стандартларни уйғунлаштириш, ўзаро келишилган тариф сиёсатини амалга ошириш ва преференцияларни тақдим этиш транспорт соҳасидаги муҳим вазифалар сифатида белгиланди.

Ўзбекистон барча санитария талабларига риоя этган ҳолда ўзаро авиақатновларни имкон қадар тез фурсатда қайта йўлга қўйиш тарафдоридир. Бу ишбилармонлик, гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини тиклашга хизмат қилади, дея таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.

МДҲ мамлакатларининг Ҳамдўстлик давлатларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбари меҳнат мигрантлари ҳужжатларини ўзаро тан олишнинг ягона механизмини яратиш ва бу соҳада алоҳида дастур қабул қилиш вақти келганини қайд этди.

Бугунги кунда санитария-эпидемиологик тусдаги фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва уларга барвақт жавоб қайтаришнинг самарали тизимини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан МДҲ доирасидаги тегишли келишувни тайёрлаш ишлари тезлаштирилади.

Касалликларни профилактика қилиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ҳар йили оммавий спорт ва маданий тадбирларни ташкил этган ҳолда “МДҲ саломатлик марафони”ни ўтказиш таклиф этилди.

МДҲ ижодий ва фан зиёлиларининг навбатдаги форуми доирасида Ўзбекистонда “Ҳамдўстлик мамлакатлари маданий мероси” конференциясини ўтказиш ғояси илгари сурилди. Бу анъанавий яқин бўлган гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

МДҲ маконидаги хавфсизликка таҳдид солаётган хатарлар тўғрисида сўз юритилар экан, Афғонистонда йўлга қўйилаётган тинчлик жараёнини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим экани қайд этилди.

— Ушбу мамлакатнинг тинчлиги бутун Ҳамдўстлик маконида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир. Бу, шунингдек, давлатларимизнинг Жанубий Осиё билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш учун янги имкониятлар дегани, — дея таъкидлади Президентимиз.

Мафкуравий ва ахборот соҳаларида хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳам янги, ноодатий ёндашувларни тақозо этаётгани қайд этилди. Ушбу мавзудаги аввал қолдирилган Халқаро экспертлар форуми келгуси йилда Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Бундан ташқари, ҳуқуқий ахборот билан алмашиш учун МДҲ Ягона электрон платформасини яратиш ва Радикаллашувдан қайтариш соҳасидаги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Ташкилот маконида дўстлик ва яқин ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламентларнинг ўрни ортиб бораётгани таъкидланди. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон келгуси йилда МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг йиғилишларидан бирини пойтахтимизда ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Сўнг МДҲга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари сўзга чиқиб, амалга оширилган кенг кўламли ишлар учун Ўзбекистон Республикасига чуқур миннатдорлик билдирдилар, бу мамлакатимизнинг Ҳамдўстликка самарали раислигини таъминлабгина қолмай, ташкилот доирасидаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни янада кенгайтирганини таъкидладилар.

Давлат раҳбарларининг нуқтларида иқтисодиёт, транспорт, хавфсизлик, гуманитар соҳаларда алоқаларни чуқурлаштириш, МДҲда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Саммит якунида Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, пандемия оқибатлари билан боғлиқ барча қийинчиликларга қарамай, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали Ҳамдўстлик янги воқеликка самарали мослашишга қодирлигини намойиш этди.

Мажлисда МДҲни янада ривожлантириш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича асосий тадбирлар режаси, БМТ ташкил этилганининг 75 йиллиги муносабати билан ҳамда халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида қўшма баёнотлар қабул қилинди.

Шунингдек, келгуси йилда ташкилотга Беларусь Республикаси раислик қилиши ва навбатдаги саммитни Минск шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги қарорлар ҳамда кўп томонлама ҳамкорликнинг турли йўналишларига доир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

                                                                                           ЎзА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =