“Тошбақа минган” тезкорлик ёки ўзбекча каломга ўзгача алик?
Қўнғироқ қилганимга 27 дақиқа бўлди. Очиғи, сабр-тоқатимга ўзим “қойил” қоляпман. Телефон гўшаги қулоғимда. Ҳар дақиқада такрор бўладиган ёқимли овозни эшитиб ўтирибман: “Сизнинг қўнғироғингиз биз учун муҳим!” ёки “хизмат сифатини яхшилаш мақсадида (хизмат сифатини яхшилаш учун ёзиб олиш нимага керак экан, шунисига тушунмадим) қўнғироғингиз ёзиб олиниши мумкин” ва яна “навбатдаги тартиб рақамингиз…” Ҳа, бизда идора ва ташкилотлардан бирор маълумот олиш нақадар аянчлилигини яна бир карра тушуна бошладим.
Лекин қисқа рақамларга қўнғироқ қилсангиз, бир-биридан ажойиб мусиқалардан баҳраманд бўласиз. Мана, қарийб ярим соатдан буён Шопеннинг “Ёмғир симфонияси”ни эшитиб ўтирибман!
Кейин билсам, бу ҳали “ҳолва” экан! Чунки ишим “Ҳудудий электр тармоқлари”га тушганди. Кеч 20:00 ларда тўсатдан чироқ ўчиб қолди. “Ҳозир ёниб қолар”, деб ўйладим. 10 дақиқа, 20, 30… дақиқа ўтди ҳамки, светдан дарак бўлмади. Ташқарига чиқсам, ҳамма қўшниларда чироқ бор. Ўйлаб қолдим: “Ё электрнинг пулини тўламадикми, йўқ, кечагина ошиғи билан тўлов қилгандик-ку”. Унда нима гап экан? Аниқлаш учун 1154 қисқа рақамига – пойтахтдаги электр тармоқлари корхонасининг маълумотлар бюросига сим қоқдим.
“Ассалому алайкум, ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамиятига хуш келибсиз!” деган сўзларни “автосўзлагич” аввал ўзбек (ҳайрият, аввало ўзбекча, шунисига бир хурсанд бўлдим-е) сўнг, рус ва ҳатто қозоқ тилида такрорлагач, қайси тилни танлашимга қараб 1, 2, 3 рақамларини босишим лозимлигини уқтирди. Албатта, она тилим ўзбек тили бўлгани ва Ўзбекистонда эканлигимдан кейин, ўзбекчани танлайман-да. Шундан сўнг “автосўзамол” йўриқномасини давом эттирди: “Электр узилишлар учун бирни босинг, бошқа нимабалолар учун иккини босинг, оператор билан боғланиш учун фалон рақамни босинг. Босдим! Шундан сўнг яна: “ўзбек тилини танлаш учун 1 ни босинг, рус тилини танлаш учун…”.
Шундай чақириқлар учун 3-4 дақиқа вақт кетди ва навбатга олиндим. Тартиб рақамим 59-чи экан. Қаранг-а, шунча навбат-а. Майли, кутайлик-чи. Ҳар 30-40 сонияда тартиб рақамим “эслатиб” турилибди. Чиндан ғалати, 10, 15, 20, 30 дақиқа ўтибдики, энди тартиб рақамим 40 га келибди-я. Нима бўлса бўлди, кутайликчи, қачон оператор билан боғланиш бахтига муяссар бўлар эканман. Дақиқалар, мусиқали кутиш давом этди. Ишонасизми, йўқми, ростдан ҳам сабр-тоқатли эканман. Навбатчининг жавобига илҳақ бўлиб кутяпман. Ҳар ўттиз сонияда “навбатдаги тартиб рақамингиз…” деган луқма азбаройи пинакка кетиб қолмасликнинг олдини олиб турибди!
Асабим бузила бошлади — наҳотки, хизмат кўрсатиш бизда шу қадар паст, орқада бўлса? Наҳотки, уйда нима учун электр чироғи ўчганлиги сабабини билиш, бирор амалий ёрдам сўраш учун шунча кутиш керак бўлса?
Сабр! Сабр! Сабр! Халқимиз тўғри айтган-да: “Сабр қилсанг етарсан муродга”, деб. Ниҳоят, 1 соату 25 дақиқа деганда оператор билан боғландим. Шубҳасиз, шунча вақт телефон гўшагини кутиб толган қўлларимни алмаштирганча, ходимга ўпкам тўлиб арз қила кетдим: унинг айтишича, “ўзимни босиб гаплашишим керак”, экан. “Нима қилайлик, бутун пойтахт аҳолисига бор йўғи 4 киши маълумот берса!”
— Нима, қўшимча операторларни ишга олишса бўлмайдими?
— Бу бизга боғлиқ эмас-да…
Муросага келиб, ноилож масалани айтдим. Манзил, кўча, уй. “Йўқ, сиз электр ҳисоб-рақамингизни айтинг”. Оббо, шу қоронғиликда электр дафтарчасини қаердан топдим энди. Уни ҳам бир амаллаб топиб айтдим. “Ҳа, қарзингиз йўқ экан. Бизда ҳаммаси жойида. Эртага туман электросетига мурожаат қилинг. Бирорта “замекание” бўлгандир”. Шунча кутганим эвазига олган жавобим шуми? Ё фалаксан!
Энди эрталабгача чироқсиз ўтираманми? Шундагина қишнинг совуқ кунларида ойлаб электрсиз яшаётган юртдошларимизни, қишлоқдошларимни ўйладим. “Менинг бир тун чироқсиз қолганимга шунча асабим бузилаяпти, уларнинг жонига тўзим берсин экан!” Лекин барибир электр тармоқдаги тезкор маълумот берувчи хизматнинг аҳволи нега бу қадар шармандали? Бошқалари қанақа экан?
Қизиққанимдан, эртаси куни “O‘zbekiston temir yo‘llari” акциядорлик жамиятининг маълумотлар бюроси – 1005 рақамига қўнғироқ қилдим. Нетонгки, бу ерда ҳам навбат — тартиб рақамим 17-чи бўлди. Ва яна мусиқа эшитила бошланди. Балки “O‘zbekiston havo yo‘llari”дан маълумотни тез ва осонроқ олармиканман? 71-140-02-00, 71-140-02-01 рақамларини кетма-кет тердим. 10 дақиқа ичида ҳеч ким жавоб ҳам бермади.
Навбат тезкор дорихона хизматига келди. Ахир, пештоқига “аптека” деб ёзиб ташланган 10 дан зиёд дорихонага бош суқишга тўғри келадиямки, керакли дори-дармонни топиш мушкул бўлади кўпинча. 10-69 қисқа рақамини тердим. Ё, тавба! 10-69 гўшакдан ҳеч қандай салом-аликсиз, фақатгина рус тилида “Оставайтесь, пожалуйста на линии, вам скоро ответят”, деган овоз жаранглай бошлади. Қўнғироқ қилган одам Ўзбекистонда яшаётганига ҳам шубҳа қилиб қолса кераг-ов…
Ахир, 2019 йил 21 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилмаганмиди?! Орадан бир йилдан ошиқ вақт ўтса-да, тил масалаларидаги аҳволимиз ҳамон ўша-ўша. Ахир, бу идоранинг асосий вазифалари этиб: “давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек, уни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича таклифлар тайёрлаш”, “ўзбек тилининг ёзма нутқ меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш”, “географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш”… кабилар белгиланганди-ку! Эҳ!..
Яна бир гап. Яқинда мамлакатимизнинг энг йирик муассасаларидан бири Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ишимиз тушди. Бир зарур маълумот олиш учун, албатта.
Қўнғироғимга Марказий банк ходимаси рус тилида жавоб берди.
— Здравствуйте, Центральний банк.
Тўғрисини айтсам, қишлоқ мактабида ўқиганман. Рус тилида “тоза” сўзлашишим мушкул. Қолаверса, мен ўз юртимда, давлат тили ўзбек тили ҳисобланган, Ватанимиз пойтахтидаги энг нуфузли давлат идорасига сим қоқяпман-ку!
— Ассалому алайкум, Марказий банкка тушдимми? — ўзбек тилида мурожаат қилдим.
— Да, да. Слушаю, вы кто и по какому вопросу?
Мен эса озгина ўжарлик билан давом этдим:
— Кечирасиз, мен Марказий банкка тушдимми, деб сўраяпман?
Эҳтимол, мени “гапга тушунмайдиган” ҳамда “қолоқ ва қишлоқи” деб ўйлаган банк котибаси ёки ходимаси шундан сўнг “Одно минуту”, дея дарров бошқа ҳамкасбини “ёрдамга” чақирди. У мен билан ўзбекча гаплашди.
Кейин нима бўлди, майли, бу муҳим эмас. Тилимизга ачинаман, холос… Бу ҳам майли. Бирор жойнинг телефонини олиш учун хизмат кўрсатадиган 10-09 рақамига қўнғироқ қилиб кўринг-а… Омадингиз чопиб бирор ўзбек операторига тушиб қолсангиз, хўп-хўп, лекин 70 фоиз ҳолатда, сизнинг саломингизга алик мана бундай бўлади:
— Здравствуйте! Слушаю вас!
Бу дегани марҳамат қилиб, бирор гапинг бўлса, русча гапир, дегани бўлади! Айтинг-чи, дунёнинг қайси мамлакатида шу юрт тилида қилган мурожаатингизга, аввало, бошқа тилда жавоб қайтаришади? Ўзимиздан бошқа бунақа юрт бормикан?!
Ажабо, бизда ғурур деган туйғулар шу қадар ҳам сўниб кетганми? Пойтахт шаҳардан тортиб, энг чекка туманларда ҳам катта-кичик бинолар, темир йўл вокзалларию, меҳмонхоналар пештоқига “Хуш келибсиз!”нинг ўрнига инглизчасига “Welcomе” деб ёзиб қўйилаётгани-чи? Бу нима, замонавийликми, ё юксак маданият белгисими? Ажнабий тилда ёзиш бизга нима беради? Ўзимизнинг тилдан ор қиламизми ё?
Менимча, буларнинг бари халқимиз устидан ҳукмини ўтказган 70 йиллик собиқ зўравон сиёсатнинг таъсири бўлса керак. Йўқса, идораларда маълум мансабларда ишлаётган, шу халқнинг нон-тузини еб, Ўзбекистон ҳавосидан нафас олаётган аксар “отдан тушсаям, эгардан тушишни истамаётганлар” саломингизга “Здравствуйте!” дея алик олармиди? Ўзбекча “Ассалому алайкум”ни тушунмайдими?
Тушунишади. Ғурурлари йўл қўймайди. Керак бўлса, менинг тилимда гаплашасан, дейди. Шундай демайдику, лекин амалда шундай дегани-да…
Қолаверса, қонун талаби ҳам, ҳаёт талаби ҳам шундай бўлиши керак: давлат идоралари, муассасалари ва аҳолига хизмат кўрсатувчи жойларда бир неча тилни биладиган инсонлар ўтириши керак. Улар шубҳасиз, биринчи навбатда, ўзбек тилини билиши шарт!
Анча йиллардан буён юртимизда яшаётган ҳар қандай миллат вакили ўзбек тилини, борингки, салом-алик даражасида ҳам ўргана олмаслиги мумкин эмас. Хорижга ишга кетаётган юртдошларимизни қаранг, ярим йил ичида рус, корейс, турк ёки инглиз тилида булбулдай “сайраяптику!”
Бу мулоҳазаларни миллатчиликка бурманг, асло. Чунки шу пайтгача озгина бу мавзуда гап очилса, “Нега миллатчилик қиляпсан, нега ҳуқуқларимни поймол қиляпсан?!” деб оғзимизга уришган. Ўйлаб кўринг, Ўзбекистонда 100 дан зиёд миллат ва элат вакиллари яшайди. Ахир, биз, ўзбеклар чет давлатга чиқсак, албатта, сира оғринмасдан ўша юрт тилида гапиришга ҳаракат қиламиз-ку!
Вақт – оқар дарё. Янги 2021 йилнинг кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди.
“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” якунланиб боряпти. Аксарият аҳоли кўп мурожаат қиладиган вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотлардаги хизмат кўрсатишнинг аҳволи нақадар “тезкор”лигини эса кўриб турибмиз.
Хўш, қачон шу эл-юрт учун жонфидолик билан ишлайдиган тизим яратилади? Қачонгача ҳаммани сарсон қиламиз? Аслида биз тилга олган масалалар ким учундир арзимасдир. Аммо давлат хизмат кўрсатиш тизимларидаги қониқарсиз аҳвол ва давлат тили ҳақида гап кетаяпти.
Ўйлантирадигани яна шуки, пойтахтимизда аҳвол шу даражада экан, ҳудудларга йўл бўлсин?! Бу гапларга тегишли мутасадди идоралар не дейди?
Абдулазиз АҲМЕДОВ