Ватанни кўкракка уриб севмайдилар

Оила шу азиз ватанимизнинг бир бўлаги, бир парчаси. Оилада фарзандларимизга болалигиданоқ ватанни севишни, ота-она, маҳалла-кўй, қариндош-уруғларни ҳурмат қилиш, қадрига етиш каби ўзбекона қадриятлар ўргатилади. Ота-она битта бўлгани каби одамнинг ҳам Ватани ягонадир. Ватанга хизмат қилиш унда яшаётган ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарз. Ватанга хизмат гоҳ у катта бўлсин, гоҳ у кичик – ҳалол, сидқидилдан бўлса, Ватан уни албатта қадрлайди.

Касбим тақозоси туфайли турли   соҳа вакиллари билан учрашишга тўғри келади. Мен учрашган ва суҳбатлашган инсонлар орасида юртим деб, Ватаним деб яшовчи ҳақиқий ватанпарвар кишилар кўп. Ана шундай инсонлардан бири раҳматли, Қўшкўпир туманининг Ўртаёп қишлоғида яшовчи Отабой ака Собиров эди.   Узоқ йиллар сув тармоқлари соҳасида фаолият олиб борган Отабой Собиров жуда маънавиятли, маданиятли инсон бўлиб, адабиёт ва санъатни, тарих илмини жуда севувчи, уни қадрловчи ҳақиқий ватанпарвар киши эди десам муболаға бўлмас. У адабиёт ва санъатни жуда қадрларди. Қўлига тор олиб куйлаганда кўпчилик хонандалар тан берарди унга. Навоий, Махтумқули, Машрабдан ғазал ўқиса мана мен деган адабиётчини ҳам   доғда   қолдирарди. Ҳа, ҳақиқатда Отабой ака сўзи билан иши бир ажойиб инсон бўлиб яшади. У юрти Хоразмни жон дилидан севди. Унинг тарихига, умуман, ўзи туғилиб ўсган замин — Ўзбекистонга   меҳри бўлакча эди.

Ватан, юрт муҳаббати унинг юрагида жўш уриб турарди. Ҳар бир гапининг бирида Махтумқули, Навоий, Паҳлавон Маҳмуд рубойиларидан ғазал ва қитъаларидан парча келтириб ўз сўзини мустаҳкамлаб қўйишни канда қилмасди, хуллас, ҳақиқий ватанпарварлик, юртга бўлган муҳаббат унинг юрагининг туб-тубидан чиқарди. Яратган уни сийлади. Бирин-кетин ўғил фарзандлар ато қилди. Хоразмбек, Махтумқули исмли фарзандлар шу зайл дунёга келди. Неваралари Замахшарий ва Зардўштлар бобоси қўйган исмларга лойиқ бўлишга интилиб яшамоқдалар. Тўғри, бу исмлар ҳозир эшитганларга бир эриш туюлар аммо бугунги кунда хорижий сериаллардан таъсирланиб   фарзандига ёки невараларига уларнинг исмини қўяётган инсонлар ёнида албатта бу ҳеч нарса эмас. Ватанни қалбдан, юракдан севиш, уни меҳрини ҳис қилиш, сидқидилдан хизмат қилиш ҳар биримизнинг шиоримизга айланмоғи кераклигини ёддан чиқармаслигимиз керак. Зеро, улуғ шоиримиз Муҳаммад Юсуф бир шеърида “Кўкракка урмайди Ватан деб ватан” деб айтганида,   албатта ҳақ эди.

Жалолиддиннинг эмас,

Жумонгнинг қиличи…

— Кўчада қиличбозлик қилиб ўйнаб юрган болаларга кўзим тушди. Қўлларида отасими, онасими дўкондан сотиб олиб берган ўйинчоқ — пластмас қилич. Улар ҳадеб бир-бирлари билан бақириб-чақириб “жанг” қилишарди. Беихтиёр уларнинг ўйини диққатимни тортиб ёнларига бордим, — дейди узоқ йиллар таълим-тарбия соҳасида ишлаб келаётган устоз Эгамберган Каримов — қилични қўлимга олдим ва улардан сўрадим:

— Болалар бу кимнинг қиличи?

Улар бараварига “Жумонгнинг қиличи” деб жавоб беришди.

Бундай вазият кишини албатта ўйга толдиради. Нега энди улар бу Жалолиддиннинг қиличи, Амур Темур бобомизнинг қиличи демайди. Фарзандлар тарбиясига шунчалар бефарқ бўляпмизми? Нега оилада, боғча-ю мактабларда бизнинг буюк бобокалонларимизнинг ҳаёт йўллари, улар кўрсатган жасоратлари кам ўргатилмоқда.

Халқимизда катта арава қаердан юрса кичиги ҳам шу ердан юради деган мақол бор. Қуш уясида кўрганини қилади, дейди доно халқимиз. Бу мақоллар замирида қанча маъно мужассам. Биз катталар ҳар бир ишда ўз эзгу амалларимиз билан ёшларга ўрнак бўлсаккина келажак авлод юксак маънавиятли ватанпарвар инсон бўлиб етишади.

Фарзанд учун очилган музей

Инсон хотираси азал-азалдан муқаддас бўлиб келган. Ўтганларни хотирлаш ўзбекона қадриятларнинг энг олий кўринишидир. Ўзбек на ўлигини на тиригини хор қилиб қўядиган миллат эмас. Жанггоҳларда қолиб кетган аскар қабридан ҳам бир сиқим тупроқ олиб келади. Уларни хотирлайди, эзгу ишларини эслайди.

Ғозовот қишлоғида Элена Антипова деган тарих фанидан дарс берувчи ўқитувчимиз бўларди. Оқила, доно, ҳар бир сўзидан ҳақиқат уфуриб турувчи, сўзи билан иши бир аёл эди раҳматли. Иложи борича ҳамқишлоқларига ёрдам қўлини чўзарди. Унинг фидойи инсонлигидан ҳаёти давомида бир неча бор туман ва қишлоқ кенгашига депутат ҳам қилиб сайлашганди.

Нима бўлдию ҳарбийга кетган ўғли Улуғбек бахтсиз тасодиф туфайли ҳалок бўлади. Энди сиз онанинг аҳволини бир кўз олдингизга келтиринг. Россиядан Улуғбекнинг жасадини олиб келиб дафн қилишди. Элена опанинг ана шу кунлардаги изтиробларини сўз билан таърифлаш осон эмасди. Фарзанд доғи уни баттар чўктириб қўйди.

Ўзи тарих ўқитувчиси эмасми, мактабда фарзандига атаб музей — кутубхона очди. Ўз пулига сотиб олиб бўлса-да, китоблар ва тарихий экспонатлар билан музейни бойитди. Музейга “Улуғбек Ҳасанов номидаги тарих музейи” деб ном берди. Ўша даврларда Элена Антиповадан таҳсил олган инсонлар буни яхши эслашади. Домла бу билан ҳам фарзанди Улуғбекни хотирасини абадийлаштирди, ҳам қанчадан-қанча ёшларга ўз қишлоғи тарихини билишга кўмаклашди.

Қўшкўпир туманда Арслон Матниёзов бир пайтлари раҳбарлик қилган 43-сонли умумий ўрта-таълим   мактабига борсангиз, 1941-1945 йилларда Хадра қишлоғидан урушга кетиб қайтиб келмаган ҳамқишлоқлари хотирасига ўрнатилган Хотира монументига кўзингиз тушади. Унда 1941-1945 йилларда қишлоқдан урушга кетган собиқ жангчиларнинг номлари битилган. Инсон хотираси азиз. Хотира уйғонса гўзал, дейди халқимиз. Бизнинг ёрқин порлоқ келажагимиз учун жонини фидо қилган юрт ўғлонлари ҳақида, уларнинг тарихи ҳақида ёшларга кўпроқ ўргатишимиз керак. Улар мустақиллигимиз ўз-ўзидан келмаганини тушунишлари, ота-боболари қилган жасоратлари ҳақида маълумотга эга бўлишлари, уларнинг ҳақиқий ворислари эканликларини ҳар қадамда ҳис қилиб яшамоқлари ҳам фарз ҳам қарздир.

Ватан шундай севилади…

Йигирма йилдирки ўз уйини тарих музейи қилиб ёшларга мозий қатларини очишда елкадош бўлаётган инсон, тарих фанлари номзоди қўшкўпирлик Раҳмонберган ота Машариповнинг ҳаёт йўли ҳаммага ўрнак бўлса арзийди. Раҳмонберган ота саксон ёшни қоралаган бўлсаям ҳали ҳам юрт ҳақида, Ватан ҳақида унинг одамлари ҳақида, шаҳар-қишлоқлари тарихи ҳақида рисолалар битмоқда. Ёшларга зиё, нур улашмоқда, уларни юксак маънавиятли бўлишида астойдил хизмат қилаётир. Раҳмонберган отани юксак маънавий жасоратли инсонлар сирасига киритса арзийди. Элимизда, юртимизда бундай фидойи Ватан деб, юртим деб яшаётган инсонлар жуда кўп.

Раҳматли Шовот тумани Катқалъа қишлоғида яшаб умри давлат идораларида ўтган азиз инсон Рўзмат ака Ёқубовнинг ҳаёт йўли ҳам ибрат бўларлик даражада. Рўзмат ака Ёқубов ҳақиқий ватанпарвар инсон эди. У воҳада Хоразм тарихини яхши билувчи уни кенг омма ўртасида тарғиб қилувчи билимдонлардан бири бўлиб, вилоят телевидениесида Катқалъа ва Кўҳна Урганч, Жалолиддин Мангуберди, Хоразмшоҳлар тарихи ҳақида бир неча марталаб чиқишлар қилди. Ўз изланишлари, ўқиб ўрганишлари натижасида биринчилардан бўлиб мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ Жалолиддин Мангуберди рисоласини халққа тақдим (1997 йил) этди. Мана менинг қўлимда унинг “Авлодларга” номли васият тариқасида ёзилган 55 варақдан иборат қўлёзмаси. Уни катта қизиқиш, ҳаяжон ва изтиробларсиз ўқиш қийин.

Мамлакатимизнинг турли гўшаларида миллат тараққиёти учун индамайгина ҳисса қўшиб юрган одамлар талайгина. Зеро, бу уларнинг кундалик ҳаёт тамойилига айланган. Ватан учун қилаётган ишларини, инсоннинг кундалик турмуш тарзи, деб қарашади. Бу каби инсонлар юртимизнинг турли ҳудудларида истаганингизча топилади.Улар босиб ўтган йўллар, қилган эзгу ишлар қалбимизнинг аллақаерида мудраб ётган жафокашлик, миллатпарварлик туйғуларини туртиб уйғотса, ажаб эмас.

Болтабой Муҳаммад Қурбон,

журналист.

Хоразм вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − five =