Ҳар бир тақдир эътиборга молик
Зулфия СЕЙТНИЯЗОВА:
КАМБАҒАЛЛИК МУАММОСИ кредит бериш, уй-жой билан таъминлаш ёки нафақа бериш билангина ҳал бўлиб қолмайди…
Гарчи, оғир кечган эса-да, 2020 йил юртимиз ҳаётида ўзига хос муносиб из қолдирди. Бугун кекса-ю ёш қалбида шукроналик, ҳаётга муҳаббат, юртимиз тинчлиги ва омонлигини тилашдек эзгу тилаклар зоҳир. Чунки, ҳар бир отган тонг ва ўтаётган кун кимнингдир ҳаётига туб бурилишлар, ўзгаришлар олиб киради. Ва бу ўзгаришлар юртимиз ҳаётида ҳам аксини топмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ депутатлари Нукус шаҳар кенгаши депутати Зулфия СЕЙТНИЯЗОВА билан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва мазкур ислоҳотларнинг ҳаётимиздаги ўрни хусусида суҳбатлашдик.
– Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўтарилган масалалар барча ўзбекистонликларни бирдек қувонтиргани рост десак муболаға қилмаган бўламиз. Айтинг-чи, мазкур Мурожаатнома хусусида депутат сифатида фикрингиз қандай?
– Президентимизнинг 2017 йилдан буён ҳар йил давлатимиз тарихида, ўзининг парламентга Мурожаатнома йўллаши анъанага айланган бўлиб, Ўзбекистон аҳли уни катта иштиёқ ва кўтаринки кайфиятда қаршилайди. Мурожаатномани тинглар эканман, у нафақат мени балки ҳар бир фуқаронинг қалбида яратувчанликка, келажакка ишонч пайдо қилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Ҳар қандай ишонч масъулият ҳиссини уйғотибгина қолмасдан, куч ва ғайрат қўшиши табиий.
Мурожаатномада таъкидланган йирик комплексли таклифлар, ташаббуслар, таҳлилий хулосалар, келажакка йўналтирилган бўлиб, давлатимизнинг ўн йиллик тақдирини ҳал қилувчи кучга айланади. Унда долзарб масалаларга тўхталиб ўтиш билан бирга, кўплаб ҳаётий масалаларни тез фурсатда ҳал қилиш, муаммолар ечимини топиш зарурати кўрсатиб берилмоқда. Тиббиёт, таълим, ишбилармонлик, иқтисод ва бошқа бир қатор соҳаларни ривожлантириш бўйича илгари сурилган ғояларни амалга оширсак, ҳар бир жабҳада самарали ўсишни кўришимиз мумкин бўлади.
— “Ёшлар” ва “Аёллар дафтари” юритилишининг аҳамияти хусусида нима дейсиз?
– “Аёллар” ва “Ёшлар дафтари” бу — ҳаёт зарурати. “Ёшлар” ва “Аёллар дафтари”га, асосан, ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга, билим олиш, касб-ҳунар ўрганишга муҳтож ёшлар ва аёллар киритилади. Улар билан рўйхат асосида манзилли ишлар йўлга қўйилади. Яъни, мазкур рўйхат асосида ишсиз ёшлар ва аёл-қизларда касбий кўникмаларни шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва моддий ёрдам бериш назарда тутилган. Жумладан, адлия бўлимлари орқали бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш йўлга қўйилади. Ишсиз ёшлар ва аёл-қизлар бандлигини таъминлаш, ҳокимнинг инвестиция бўйича ўринбосари, туман, шаҳар бандлик бўлими, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш маркази, Бош вазир қабулхонаси ва банкларнинг асосий вазифаси қилиб белгиланди.
– Айтинг-чи, камбағалликни тугатиш борасида яна нималарга эътибор қаратиш лозим деб ўйлайсиз?
– Камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларни ривожлантиришда Президентимиз стандарт бўлмаган усуллардан фойдаланиш йўлларини татбиқ қилиш таклифини киритди. 2021 йил март ойидан бошлаб, аҳолининг минимал истеъмол нормасини белгилаш, ҳамда ишсизлик нафақасини 3 баробар оширилиши назарда тутилди. “Давлатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиб кетишига йўл қўйилмаслик, бу масала доим Президент назоратида бўлади”, дея халқимизнинг хавотирга тушишига ҳожат йўқлигини таъкидлаб ўтдилар. Камбағаллик муаммоси фуқароларга кредит бериш, турар-жой билан таъминлаш ёки ижтимоий нафақа бериш билангина ҳал бўлиб қолмайди. Моддий ёрдам бу фақат шу пайтнинг ўзида қийинчиликдан чиқиб кетишга ёрдам беради, холос. Бунинг учун ёшларимизга юқори даражадаги таълим-тарбия бериш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали яқин келажакда камбағалликни 60-70 фоиз қисқартишга эришиш мумкин. Агар биз фарзандларимизга кичкиналигидан яхши, сифатли билим бера олсак, муаммоларнинг анчасини ҳал қила оламиз. Яқинда интернет тармоғида 2019 йил иқтисод соҳасида Нобель мукофоти номзоди Абхиджит Банерджи, Эстер Дюфло ва Майкл Кремерларнинг меҳнатлари билан танишдим. Улар мазкур мукофотни “Глобал камбағалликка қарши курашишда экспериментал ёндашув” орқали қўлга киритишган. Бундай илмий тадқиқотлар кўпгина давлатлар учун жуда аҳамиятли деб ўйлайман. Илмий иқтисодчилар буларнинг меҳнатини камбағалликка қарши курашиш дастурини юксак масштабдаги муаммога айлантирмасдан олдин кичик-кичик бир нечта вазифаларга бўлиб ажратиб, унинг самарадорлигини текшириб кўришни тавсия қилади. Бу эса ҳар қандай экспериментлар ўтказишдаги дала усули (полевой) методлардан — амаллардан бири бўлиб, асосий муваффақиятлардан бири десак бўлади. Ўқиганларимдан шундай хулосага келдимки, биз дастлаб камбағалликни келтириб чиқарувчи факторлар билан курашишимиз лозим. Ана шундагина ҳар бир оилага маълум миқдорда бу каби чора-тадбирларнинг таъсири қай даражадалигини аниқлай оламиз. Сабаби, камбағаллик ҳар бир давлатнинг, ҳудуднинг, оиланинг яшаш шароитидан келиб чиқади, назаримда.
– Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномадаги тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш борасидаги ислоҳотларга муносабатингиз?
– “Ишбилармонлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулай шароитлар яратилади” — дея таъкидлаб ўтди Президентимиз ўз Мурожаатномасида. Шу ўринда, ЎзЛиДеп партияси депутати сифатида партиямиз уставида кўрсатилган вазифаларимиздан келиб чиқиб, ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш билан бирга фарзандларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарга ўргатиш, уларда ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш ва ҳимоя қилиш борасидаги дастурларни ишлаб чиқсак мақсадга мувофиқ бўлади. Айниқса, ишбилармонлик билан боғлиқ бўлган 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, сонининг қисқартирилиши, юртимизда ишбилармонларнинг ривожланишига кенг йўл очади. Ишбилармонларга янада қулайлик яратиш мақсадида 105 хил лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади ва 115 та тартиб-қоида соддалаштирилиши, ишбилармонлар ва кичик бизнес субъектлари учун муҳим янгилик бўлди.
– Аҳоли турмуш тарзини яхшилашда маҳалланинг ўрни катта, албатта. Сизнингча, бугунги кунда маҳалла ўз вазифасини қай даражада бажаряпти?
— Мурожаатномада маҳаллий бошқарув органлари, вакиллик органлари ҳамда маҳалла институти асосларини янада ривожлантириш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб ўтилди. Маҳаллий бошқарув органлари шундай бўлиши керак, унга қўл чўзсанг етадиган. Айнан, халқнинг бор кучи ўша маҳаллий органларда мужассам. Маҳалла доим халқ билан чамбарчас ҳолда иш олиб борувчи асосий бўғин. Сабаби, маҳалла деса кўз олдимизга биринчи галда оила келади. Ҳар бир оиланинг тинч-осойишта, саломат турмуш кечиришида табиийки, маҳалланинг ўрни жуда муҳим. Оиладаги муаммолар айниқса, аёл-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож ёки оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатиш маҳалланинг асосий вазифаси бўлмоғи лозим. Тўғри, баъзи маҳаллаларда иш кўнгилдагидек олиб борилмаётган бўлиши мумкин. Аммо бугун давр билан ҳамнафас ва аҳоли мурожаатларига қулоқ тутмайдиган, уларнинг муаммоларини ҳал қила олмайдиган маҳалла раисими, ходимими, элак ғалвирдан кўтариладиган давр келганини яхши англаган ҳолда иш олиб боришса ёмон бўлмасди.
— Бугунги ёшлар тақдирининг миллат ривожи билан узвийлигини нималарда кўрасиз?
— Ёшларимиз давлатимиз томонидан яратилаётган барча шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишини жуда-жуда хоҳлардим. Аминманки, бугунги замон ёшларининг ақл-заковати, феъл-атвори сиёсий ҳамда иқтисодий шароитга мослашмоқда. Бугун уларни “фаровонлик даври ёшлари” деб ҳам айтишимиз мумкин. Шундай экан, эртамиз эгалари бўлган ёшларимиз миллийликдан йироқлашмаган ҳолда қадриятларимизни кўз-қорачиғидек асрашлари лозим деб ўйлайман. Ҳатто, модалари ҳам миллийликка асосланган бўлса, нур устига нур бўларди. Албатта, келажак ёшларники. Аслида ҳар бир тақдир эътиборга молик эканлигини унутмаслигимиз керак. Зеро, бугун учун ҳам, эрта учун ҳам бу чин ҳақиқатдир.
Фотима Абдураимова
суҳбатлашди.