Мен қачон УЙланаман?!

Қандай ажойиб! Сўнгги йилларда пойтахтимиз ва юртимизнинг деярли барча катта-кичик шаҳарлари, туманларида кўплаб турар-жойлар барпо этилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрининг деярли ҳар бир туманида қурилаётган янги, замонавий ва кўркам уйларни кўриб, беихтиёр ширин ўй-хаёлларга бериласан, улардан бирини сотиб олгинг келади. Лекин, лекин… минг афсуслар бўлсинким, хонадонларнинг нархини эшитиб, капалагинг учиб кетади.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида аҳолининг талабини қондириш мақсадида 2020 йил жами 8 минг 444 хонадондан иборат 125 та кўп қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилган. Наҳот, улардан бирортасини сотиб ололмасам?

 

Ҳар қандай узоқ йўл — биринчи қадамдан бошланади. Мана, бир неча йиллар мобайнида Тошкентда ижарама-ижара юрибман. Ҳадемай ўқишни ҳам битираман. Ишим бор, маошим ҳам. Энди секин уй олишга, оила қуришга ҳаракат қилсам бўлади.

Орзуга айб йўқ, дейдилар. Камина ўта камсуқум ва камтар бўлишимга қарамай, ғурурли ҳамдирман. Шу боис, ҳеч кимдан, ҳатто банклардан узоқ муддатли ва имтиёзли бўлса-да қарз олмай, икки хоналиккина бўлса ҳам, уй сотиб олишни анчадан буён ўйлаб юрибман…

Шу сабаб ойлик даромадимни хомчўт қилиб, пойтахтда уй қуриш ва турар-жой мажмуаларини сотиш билан шуғулланадиган компания ҳамда девелоперларга сим қоқа бошладим. Интернетда рақамлари бор, қани, бир кўрайлик-чи, бу орзуимни қачон амалга оширарканман?

Лекин олганга яраша зўр хонадон танлаш керак деб, тунов куни овозимга сал жиддий тус бердим-да, таваккал “Golden House”га қўнғироқ қилдим.

Гўшакни хушрўйгина қиз кўтарди (хушрўйлигини майин ва ингичка овозидан тахмин қилдим). Хуллас, ёқимли овозли қиз нарх-наволар ҳақида маълумот бера бош­лади: “Ярим тайёр уйларимиз бор. Хоҳласангиз, Яккасарой туманида 2 хонали 67 квадрат метрли хонадонни чегирма билан 800 миллион сўмга оласиз. Миробод туманида эса жиҳозланган ярим тайёр 2 хонали уй бор, 52 квад­рат метр. Нархи — 514 миллион сўм. Хоҳласангиз…”

Бу нарх-наволардан бирдан бошимга оғриқ кирди. Э, бўлди, бўлди, тушундим! Миям ғовлаб, ҳисоблай бошладим: уйнинг нархи агар 800 миллион сўм бўлса ва уни 2,5 миллион сўм маошимга бўлсам, агар емай-ичмай, ойлигимнинг бир тийинини ҳам сарфламай йиғсам, 320 ой бўларкан. Бу — 26 йил дегани-ку! Лекин бир сўм ҳам сарфламай қандай йиғаман, унақада қандай яшайман?

Очиғи, дўстларим билан кўпчилик бўлиб, ижарада тураман, ижара учун ойига 500 минг сўм беришим керак. Яна кунлик еб-ичишим, йўл харажатларимга ҳар куни “камбағал бўлмай” 5600 сўмдан сарфлаганимда ҳам, бу бир ойда 168.000 сўм дегани. Аммо ўзимни ҳам, бошқаларни ҳам алдамай қўя қолай: бу маблағга асло яшаб бўлмайди. Келинг, жуда “ҳотамтой” бўлиб, еганим олдимда, емаганим кетимда бўлсин, ўртача 500 минг сўмни “бойвуччалардек яшашим” учун ажратай. Хуллас, шу сарф-харажатларим ҳисобига, майли, 1 миллион кетсин. Демак, маошимдан 1 миллион 500 минг сўм қолар экан. Чатоқ тарафи, уйли-жойли бўлишим учун 320 ой эмас, 533 ой, 26 йил эмас, 44 йил керак экан-да…

Натижани ҳозирги ёшимга қўшамиз, шунда Худо умр берса, бор-йўғи 65-66 ёшга етарканман! Йўқ, акаси, бунақаси кетмайди. Қачон уй олсам, уйланаман, деб ният қилгандим, наҳотки келин бўлмиш мени нақ 26 йил, йўғе, 44 йил кутса, сабри етармикан-а? Йўғ-а, бўлмайди, бу аҳволда умр бўйи сўққабош ўтаман-ку!

Бундан чиқди, маошимдан орттириб, пул йиғиб, бировдан қарз, банклардан кредит олмасдан, янги уйли бўлолмайманми? Ахир, давлатдан миллион-миллион қарзларни қўя туринг, оддий тушлик қилиш учун курсдошингдан арзимаган пул сўрасанг, стипендия тушгунича қовоғини уйиб, чеҳраси очилмай, қарзингни юзингга солавериб, қуло­ғингни қоқиб, қўлингга беради. Узоқ йилга ипотека кредитлари берилаётгани яхши, албатта. Лекин бу ҳам қарз дегани эмасми? 20-25 йиллаб ҳар ойнинг охирида банкдан қўнғироқ қилмасин деб, юра­гингни ҳовучлаб яшашнинг ўзи бўладими? Наҳотки, бизда ойликдан орттириб, пешона теридан йиғиниб, ҳеч кимдан қарз бўлмасдан, ҳа, кредит ҳам олмасдан, уйли бўлишнинг имкони бўлмаса?!

“Murad Buildings” компаниясининг номини жуда кўп эшитганман. Унинг реклама-роликларида худди менга ўхшаб қийналган, камбағал бир персонажнинг муваффақиятга эришиб, пештоқига “Бахт дарвозаси” деб ёзилган шинамгина уй олганини кўргандим. Бу компания кўзимга ягона “нажот шуъласи” бўлиб кўринди, ишонсангиз. Беихтиёр Мурод акамнинг савдо офиси телефон рақамини тера бошладим.

“Murad Buildings” хонадонлари 1 квад­рат метрининг нархи 12 миллион 500 минг сўм тураркан. Агар Тошкент шаҳрининг ўзимга қулай жойидан, энг ихчамидан 2 хонали, яъни 50 квадрат метрли уй сотиб олмоқчи бўлсам, 416 ой, бор йўғи 34 йил кутишимга тўғри келади. Бу вақтда ёш қурғур 55 га кираркан. Асло. Буям тўғри келмайди…

А, лаббай? “Tashkent City” дейсизми? Йўқ, йўқ, ҳатто орзу ҳам қилолмайман! Уни айтсам тилим, айтмасам дилим куяди, ака! Агар “Tashkent City”дан хонадон оладиган бўлсам, ҳисоб-китоб қилиб кўрдим, 100 ёшдаям бўйдоқ юрарканман. На илож, иккиламчи бозордаги нархлар билан қизиқа бошладим. Камбағалга палов ҳам овқат, деганларидек, бизга эски уйлар ҳам бўлаверади.

Иккиламчи уй бозорида шаҳар марказидан сал четроқда, лекин барча транспорт воситаси мунтазам қатнайдиган жойлардаги 2 хонали, 50-54 квадрат метрли хонадонлар нархи ўртача 30 минг АҚШ доллари(300-350 миллион сўм) тураркан. Кўрдингизми, иккиламчи, яъни эски уйлар барибир бироз арзон-да. Ҳам кўпчиликдан эшитганим, аввал қурилган уйлар пишиқ, мустаҳкам. Худо кўрсатмасин, яқинда Жиззахда ҳали битмай туриб қулаб тушадиган уйлардан сотиб олишдан! Шундай ўйлар ила ўзни овутиб, ўзимга мос ва хос, нарх-навоси ҳамёнбоп уй излашга тушдим. Калькулятор (кал кулаётир)имни олдим-да, тўй кунимни тағин ҳисоблай кетдим. Агар ойлигимнинг бир тийинига ҳам “хиёнат қилмасдан”, 300 миллион сўмлик уй олгани йиғсам, “кошона” менга нақ 10 йилда насиб этаркан. Боя айтганимдек, ойлик маошимнинг ярмисини йиғиб турганимда эса, 20 йилда! Ростини айтсам, бу кўрсаткичдан хурсанд бўлиб кетдим! Мана, ҳақиқат бор экан-ку, адолат бор экан-ку! Уй бозоридаги об-ҳавонинг йилдан-йилга ўзгариши, нарх-наволар ошишини ҳам ҳисобга олсак, ўртача 22-23 йилда уйли бўларканман! Бу вақтда эса камина э-э-э-н­­­ди 45 га кирган бўламан! “Ничево!”

Оғзим қулоғимда, ширин орзулар оғушида ўтирсам, ижтимоий тармоқларда “Истеъмол саватчаси” эълон қилинди. Унда айтилишича, бир ўзбекистонликнинг бир ойлик тирикчилиги учун 2 миллион 157 минг 70 сўм ёки кунига 71 минг 902 сўм керак бўларкан. Оббо, ахир ойлик-маошимдан бу маблағни айириб ташласам, бор-йўғи 343 минг сўм қол­яптими, йў-ўқ, бу ҳақда ўйлашга энди миям дош бермайди. Бу кетишда дунёга икки марта келганимда ҳам қарзсиз уй ололмайман-ку! Тинчгина, “саватча”га амал қилмасдан, уст-бош ва янги кийим олмасдан, бир ойда 1600 сўмлик буханка нондан 10-15 та еб, нафсимни тийиб яшайвераман чоғи.

Яна бир гап: энг қизиғи, бир синф­дошимнинг айтишича, қишлоқда ота-­онам тўйга ҳаракатни бошлаб юборганмиш. Яширмайман, бу хабардан юрагим бир ҳап­қирди-ю, дарров ўз-ўзимга берган аҳдим эсимга тушди. Ахир уй… нима бўлади?!

Тўғриси бошим “вообще” ишламай қолди. Яна уйдагилардан ёрдам сўрайманми? Ахир укаларим бор. Оддий деҳқон отам, оддийгина уй бекаси бечора онам… Уларни сира қийнаб қўйгим йўқ. Лекин уят бўлса ҳам айтаман, айбситманг фақат, бир умр сўққабош ўтиш ниятим йўқ. Фақат… уй. Эй-й, ҳаёт!

Азиз муштарийлар, нима бўлса бўлар, тўйга ўтиш эсдан чиқмасин-а!

Абдулазиз АҲМЕДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + eighteen =