Адолат элни яшнатади

Юртбошимиз бир гапни кўп такрорлайди: Бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги одамлар ҳам кечаги одамлар эмас.

 Дарҳақиқат, шундай. Юртимизда кейинги 4 йил давомида олиб борилган ишлар, саъй-ҳаракатлар натижасида жамиятимизда катта ўзга­ришлар юз берди.

Биринчи навбатда, уйилиб қолган муаммолар, адолатсизлик ва қонунсизликлар каттаю кичикнинг азобини бергани, қаерга бош уришни биров билиб, биров билмаслиги эди. Шу боис, Президент қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Мурожаатлар эшитила бошланди. Миллионлаб! Ишқилиб, имкон қадар кўп­лаб арзу шикоятлар ҳал бўлаяпти.

Яна энг ёмони, айниқса, ўтган йигирма йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасида саноқли одамларгагина оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, судга борган “дело”ларнинг барига адолат бўлса, бўлмаса айб қўйилиб, жазога тортилган. Бу оғир, қора кулфат эди.

Лекин кейинги 4 йилда кўплаб фуқароларга суд идоралари оқлов ҳукмини чиқарди. Тўғри, бу борада ҳалиям муаммолар йўқ, деб бўлмайди. Адолат, холислик мезони бузилаётган ҳоллар кам эмас. Лекин олдинги йиллардагидан кўра ўзгаришлар катта.

Тошкентга — Ватан пойтахтига келган ўз юртдошларимизни “нега келдинг, прописканг борми?”, дея қувиб юришлар-чи, бу халқпарвар милициямизнинг деярли кундалик машғулоти бўлган. Булар барҳам топди. Йўлларда керак-нокерак постлар қўйилиб, ҳаммани гаранг қи­лишлар ҳам йўқ бўлди.

Пулинг бўлса, марҳамат, бўлмаса, банклардан ол-да, пойтахтдан ҳам уй-жой сотиб олавер дейилаяпти. Бу эса юртдошларимизга ҳеч қачон берилмаган имконият.

Сўз эркинлиги. Бугун айниқса, ижтимоий тармоқларда кимлар, нималар деб ётибди. “Ҳа, у сайт-да, тармоқ-да”, дерсиз. Унда 5-6 йил аввал нима учун ҳамма “ақлли” ва “тартибли” эди? Матбуотга ҳам жон кирди. Бу бўлаётган, санасак уззу кун ҳам етмас, ўзгаришлар шубҳасиз бугунги сиёсат туфайлидир.

Лекин яна бир энг асосий масала борки, бу борада ўзгариш, янгиланиш, шу эл-юрт, Ватан тақдири учун жон куйдириш туйғуси афсуски, оловланмаётир. Бу катта-кичик раҳбарларнинг Президент айт­маса, койимаса “ўзини қийнамаслиги” бўлса керак. Ҳамон “давринг келди сур бегим” қабилида ишлаш, хўжакўрсинга ўзини кўп ишлаётгандек кўрсатиш касаллиги. Буни найранг десаям бўлаверади, аслида. Афсус, аммо нега шундай? Ахир бутун бошли туман ё вилоят ҳокимига мамлакат раҳбари ишонч билдириб, ҳудудлар тақдирини унга ишониб топширган бўлса, биринчи навбатда, ҳалоллик ва виждон билан тиниб-тинчимай ишлаши керак эмасми?

Мана ўйлаб кўрайлик, Президентимиз кейинги пайтларда Фарғона ва Наманган вилоятларига қилган сафарлари давомида нега сафар режасида кўзда тутилмаган ва кутилмаган маҳаллаларга кириб боряпти? Ва ушбу маҳалла аҳли, вакиллари билан учрашиб, ҳақиқий аҳволни, яъни қишлоқларимизда оддий одамлар қандай яшаётгани билан танишмоқда.Негаки, халқ ичига кириш, қишлоқ одамлари ҳаёти билан танишиш, улар муаммоси билан яшашни қуйи маҳаллий раҳбарларнинг кўпи “унутиб” қўйишган эди.

Аммо мамлакатнинг ҳам ички, ҳам ташқи қанчадан-қанча ташвишлари, юмушлари зиммасида бўлган ҳолда, давлат раҳбарининг вақт ажратиб ўзи шахсан маҳаллалардаги муаммоларни бориб, кўриб айтмагунича, туман, вилоят мутасаддилари жим юрмоқда. Гўё бутун олам гулистондек. Намангандаги “Бунёдкор” маҳалласи мутасаддиларидан бири бекорга “шу пайтга қадар маҳалламизга катта лавозимдаги кишилар умуман келмаган эди”, демади.

Қизиғи, бугун кўплаб туманларда маҳаллий амалдорлар МФЙ жойлашган идораларни чиройли қилиб таъмирлаш, янги мебеллар келтириб жиҳозлаш билан машғул. Бу ҳам керакдир, аммо масаланинг моҳияти бошқа ёқда эмасми? Биринчи навбатда, ана шу маҳаллаларда яшаётган халқ қандай яшаяпти, улар ишлайдиган бирон-бир корхона борми?

Йўлларнинг аҳволи қандай? Бу ердаги мактаб, болалар боғчаси не аҳволда?

Сув, газ, электр каби ҳаётий эҳтиёж масалаларини яхшилаш учун нима ишлар қилинаяпти? Юртимизда Махалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Бу вазирликнинг вилоят, туман бўлимлари ўз ваколатларини қандай бажармоқда?

Ана шу масалалар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддиларидан муносабат сўрадик. Мазкур вазирлик Ахборот хизмати раҳбари Сао­дат Боймирзаева шундай деди:

— Бугун   Республикамиздаги барча мутасадди вазирлик ва идоралар, масъул шахслар аҳоли яшайдиган пунктларга – маҳаллаларга сафарбар қилинди. Мақсад эса кундай равшан – маҳаллада яшовчи аҳолини қизиқтираётган, қийнаётган муаммоларни барча мутасаддилар ўз зиммасидаги вазифасидан келиб чиқиб ҳал қилсин. Ахир маҳаллаларнинг энг муҳим муаммоси бугун – газ ва иссиқлик таъминоти бўлса, буни Республика “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва унинг ҳудудий мас­ъулларисиз ҳал қилиб бўлмайди. Худди шунинг­дек, электр энергиясидаги узилишлар дейсизми, ичимлик суви муаммоси дейсизми, бандлик масаласими? Буларнинг барчаси фақат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ечиладиган масалалар эмас, албатта. Вазирлик ўзини ўзи бошқариш органларига ана шу муаммоларини давлат сиёсати даражасига олиб чиқувчи, уларнинг ечими учун давлат қарорларини ишлаб чиқувчи ва керакли маблағларни таҳлил қилиб, давлат сиёсатини юритувчи давлатнинг махсус органи сифатида ташкил қилинган. Бу жиддий вазифаларни бажариш йўлида вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз фаолиятларини доимий равишда танқидий таҳлил қилган ҳолда амалга ошириб келмоқда.

Дарҳақиқат, республикамизда   9168 та МФЙ мавжуд. Уларнинг камида ярмида муаммолар сероб бўлса серобдир, аммо кам бўлмаса керак. Лекин энг оғир аҳволдагилари қайси? Нима ишлар қилиниши керак?

Тўғри, узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган бундай муаммоларни бирданига ҳал қилиш жуда қийиндир. Лекин Президентимиз масалани кўндаланг қўйиб, айнан “маҳалла”, деб айтмаса, нима бўлади? Аҳвол ўзгарадими? Ҳокимлар қишлоқ аҳли муаммолари билан қачон шуғулланмоқчи эдилар? Ҳа, ҳамма гап айнан шунда. Фақат махсус топшириқ ва буйруққа ўрганиб қолганликларида бўлса не ажаб?!

Назаримизда, Наманган вилоятига яқинда ҳоким этиб тайинланган Шавкат Абдураззоқовнинг Президент борган маҳаллада: “Энди мен шу ерда яшайман”, деган жонкуярлиги тушунарли. Лекин вилоят марказига унча узоқ бўлмаган бу “Бунёдкор” маҳалласидан ташқари, яна Наманганда 700 дан зиёд маҳаллалар бор-ку! Ўнлаб туманлардаги юзлаб маҳаллаларда-чи, аҳвол “Бун­ёдкор” маҳалласидан яхшими? Шундай экан, масъул раҳбар қаерда яшашидан қатъи назар, аввало барчасига ўзини мас­ъул, керак бўлса жавобгар деб билиши шарт эмасми?

Давлатимиз раҳбари барча маҳалла, қишлоқ ва овулларда ҳам халқ фаровон, яхши яшаши керак, деган ниятда кўплаб фармон, қарорларга имзо чекяпти.

Шу йўлда жуда катта маблағлар йўналтирилмоқда. Энди ана шу эзгу ишларнинг ижросини таъминлаш, одамлар дарди билан яшаш ҳар бир катта-кичик раҳбарнинг, юрт фаолининг виж­доний бурчи, вазифасига айлансагина мақсадга эришилади.

Шубҳасиз, бу йўлда бундан минг йиллар аввал яшаб ўтган бобомиз Юсуф Хос Ҳожиб айтганидек, “Адолат керак”. Зеро, адолат элни яшнатади.

Абдирасул ЖУМАҚУЛОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 4 =