ЎЗГАРТИРИШЛАР ТЎСИҚ БЎЛМАСИН

Мана олий таълим муассасаларига қабул жараёни ҳам якунланди. Кимлардир имтиҳон кунлари яқинлашиб, тезроқ талаба бўлишга ошиқаётган бўлса, кимлардир неча йиллардан буён орзу қилиб келаётган режалари чилпарчин бўлганидан хафа. Сабаби ҳар бир ўғил-қиз болалигидан қайсидир касбга меҳр қўйиб, ана шу касбни эгаллашга ҳаракат қилади. Бу йўлда анча илгарироқ ўқиш ва изланишни бош­лаб, пухта тайёргарлик кўради. Аммо энди мақсадга эришдим деганда қандайдир “Янгилик” сабаб ҳаммаси чиппакка чиқса-чи? Бу қайси одамга таъсир қилмайди дейсиз?

Сўзни очиқроқ давом эттирадиган бўлсак сўнгги вақтларда олий таълимдаги ўқишга қабул қилишдаги ўзгаришлар, ёшлар учун енгиллик ҳамда янада яхшилик бўлишини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳаммани ҳам бирдек қувонтираётгани йўқ. Қайтанга бир неча йиллардан буён қунт билан ўқиб-ўрганаётган бир қатор ёшларнинг тақдирининг буткул ўзгариб кетишига, қатъий норозиликларга сабаб бўлаётгани тўғрироқ.
Ўтган шу мавсумда журналистика йўналишига ҳужжат топширган абитуриентлардан пандемия сабабли деб амалий имтиҳонлар олинмади. Ҳайриятки, бундан ҳеч қандай йўқотишлар кўрмадик. Сабаби тест топширадиган фанларимиз аввалдан маълум бўлганлиги боис бу томондан ҳам яхшигина тайёргарлик кўргандик. Аммо айрим йўналишлар бўлдики имтиҳонга қисқа муддат қолганда синов ўтказиладиган фанлар тамомила ўзгариб кетди.
Бир дўстим Тошкент давлат юридик университетига талабалик ёшига етишидан 2-3 йил илгарироқ тайёргарликни бош­лаган эди. Бу ерга кириш имтиҳонлари она тили ва тарих фанларидан бўлганлиги учун шуларни ўқиб юрарди. Кейинроқ синов фанлари ўзгариб, инглиз тили ва она тилидан ўтказиладиган бўлиб қолди. Ҳа майли деди-ю, анча ўзлаштириб олган тарих фанининг ўрнига инглиз тилидан тайёргарликни бошлади. Вақт кам қолганлиги боис янги фанни шунақанги берилиб ўрганардики, кўриб ҳавас қилардингиз. Ёшлигидан ҳаммага “прокурор бўламан” дердида, ахир. Аммо “саргузаштлар” ҳали тугамаган экан. Шу десангиз, синов фанлари яна тарих ва инглиз тилига ўзгариб дўстимнинг бу билим юртида ўқишга бўлган қизиқиши буткул совиди. Тўғрида, қайсидир тўсиқдан ўтишга жон бериб тайёрлансанг-у, шартлар ўзгараверса, кимнинг ҳафсаласи пир бўлмайди. Шу бўлди дўс­тимиз ўзимизнинг вилоятимиздаги ФарДУнинг тарих йўналишида ўқишга қарор қилди. Тарих ва она тили фанларини ўрганишни яна давом эттирди. Аммо қабул жараёни бошланишига яқин аниқроғи олти ой қолганда, яъни декабрь ойида бу йўналиш синовларида ҳам ўзгариш бўлиб тарих ва география фанларидан олинадиган бўлди. Бунга нима дейсиз энди, атайлаб абитуриентларнинг устидан кулгандек қилинаётган бу ўзгаришлар кўпчиликни қийин аҳволга солиб қўйишини наҳот ўша таълимдаги ислоҳотчилар ўйлашмаса? Майли, ўтган йилги гапни қўйинг энди, дерсизлар. Аммо бу каби “ғамхўрлик­лар”га жорий йилда ҳам дуч келинмоқда. Юқоридагидек ечимсиз йўлга кириб қолган абитуриентлар вазирликка мурожаат қилсалар-да бирор жавоб бўлмаётганидан дили хуфтон бўлиб, арз-додини кимга айтишни билмаяпти. Келинг, сўзимизни қуруқ қилмайликда магистратура бўйича ўқишини давом эттирмоқчи бўлган ёшлардан бирининг мурожаатидаги сўзларни ўзингиз ўқиб кўринг:
Жамшидбек ШАВКАТОВ ФарДУ география йўналиши битирувчиси: Ассалому алайкум! Менинг мурожаатим турдош йўналишларнинг янги ўзгартирилган жадвали бўйича. Мен география йўналишини битирдим. Аввалги йилда бу йўналиш турдош­лари кўп бўлган эди (2019-2020 йилда). Бу йил янги тасдиқланган турдош йўналишларга кўра амалий география (соҳалар бўйича), география (ўрганиш объектлари бўйича) ҳамда аниқ ва табиий фанлар ўқитиш методикаси (география) бўйича этиб белгиланибди. Биз таълимнинг бакалавр турини ўқиш жараёнида геология, геодезия ва картография, гидрология, мелиорация каби фанларни бир-бир ярим йил давомида мутахассислик фани сифатида ўргандик. Энди бу соҳаларга топшира олмаймизми? Нима учун бундай янгиликларни, ҳамма ўз соҳасини танлаб бўлгандан кейин, ўқишга топшириш пайтида чиқариладими? Уч кундан сўнг ўзгартириш­лар киритилади деганда, умидим уйғонганди деярли ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Бундан кейин бундай янгиликларни беш йиллик ёки бундан ҳам кўп йилга этиб қабул қилинса, кейингилар ҳам аросатда, нима қилишини билмай ўтиришмасди.
Тўғри, айрим соҳалардаги эскирган қонун-қоидаларни бугунги кунга мослаб қайта кўриб чиқиш замон талаби. Бироқ яна айрим йўналишлар борки уларда йилнинг исталган вақтида ҳам ўзгартиравериш ярамайди. Жумладан, таълим тизимида ҳам. Фикри ожизимизча бундай ўзгаришлар ўқув йили бошларида амалга оширилса ҳар томонлама фойдали бўлар эди. Шундагина ёшлар учун енгиллик бўлсин деб қилинаётган ишлар уларга тўсиқ каби кўринмайди.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 1 =