Маънавий бой бўлиш қийинми?
Тезкор, глобаллашув даври одамларнинг тинч, фаровон яшаши баробарида, уларнинг бир-бирига меҳр-оқибатли, катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўлишдек асл қадриятларимиз, маданият ва маънавият эгаси бўлишимизни ҳам талаб этаяптики, аслида ҳам бу кундалик ҳаётимиз, турмушимиздаги одатий эҳтиёж ҳисобланади.
Одатда ҳар қандай жамиятда инсон қадри, шаъни, обрўси баланд туради. Биз — ўзбеклар учун эса илиқ муомала, яхши гап ҳамма нарсадан устувордир. Айни вақтда жамиятда оддийгина инсоний муносабатлар ҳар биримизда ҳам мужассамми? — деган савол пайдо бўлаяпти. Чунки кейинги пайтларда одоб-ахлоқ, маданий ва маънавий онгнинг сусайгани, фойдасиз баҳс-мунозаралар, бир-бирини ҳақорат қилиш одатий ҳолга айланиб қолаяпти. Аҳил-иноқлик ҳар қандай жамиятда керак. Айниқса, ижтимоий тармоқларда ҳоким, раҳбар билан жамоа ўртасидаги муносабатлар борасида турли хил фикр- мунозаралар бўлаяптики, буларнинг туб илдизини суриштирадиган бўлсак, ҳар биримизда оддийгина тарбия, ички маданият, маънавият қанчалик етишмаётганини ҳис қилишимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 19 январида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари: “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси — бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси — аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, деб алоҳида таъкидлаб ўтди.
Бизнингча, бу гапнинг замирида катта маъно борлиги, буларни ҳаётга татбиқ қилишда, айниқса, педагог, мураббий, шунингдек, бевосита соҳага дахлдор кишиларнинг зиммасида янада катта масъулият юкланганлигини илғаб олиш қийин эмас.
Бугун, айниқса, ёшлар тарбияси, маънавияти борасидаги хавотирли ўй-фикрлар бутун жамиятни, қолаверса, ҳар бир ота-онани безовта қилаётгани ҳам бор гап. Четдан “оммавий маданият” кўринишида кириб келаётган турли видео, клип, диск ва яна бошқа воситалар ёшларнинг маънавиятига салбий таъсир кўрсатаётганини ҳар куни кўриб, билиб турибмиз. Очиғини айтганда, телеканалларимиз орқали намойиш этилаётган баъзи хориж сериаллардаги ахлоқсизлик, худбинлик, енгилтаклик, андишасизлик каби иллатлар ёшларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. “Ёмон иллат юқумли бўлади”, деган гап бежиз айтилмаган.
Ёшлар, албатта, сериал “қаҳрамонлар”ига тақлид қилади, уларга ўхшагиси келади. Оқибатда ана шу салбий омиллар миллий маънавиятимизни таназзулга олиб келиши, фикр қарамлигини юзага келтириши мумкин. Маънавий кемтикликни эса ҳар қанча маблағ билан ҳам қоплаб бўлмаганидек, фикр қарамлиги ундан ҳам оғир оқибатларга олиб келиши энг ёмонидир. Президентимиз таъкидлаганидек, “Иқтисодий камбағалликни қисқартиш бўйича катта ишлар олиб бораяпмиз. Лекин маънавий қашшоқликни қандай қисқартирамиз? Фикр қарамлигидан қандай қутуламиз?
Ислоҳотлар учун маблағ ва инновацияларни топяпмиз, лекин маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш учун руҳий ресурсни қаердан топамиз?
Бу саволлар ҳар биримизни ўйлантириши зарур”.
Дарҳақиқат, юртбошимиз биздан бугунги ёшлар тарбияси билан боғлиқ муаммоларни ҳар биримиз, ҳаммамиз биргаликда ҳал қилишимизни талаб этаяпти. Уларнинг маънавиятини юксалтириш, маданиятли бўлишини таъминлаш учун миллатимизга хос урф-одатларимиз, қадриятларимизга асосланган азалий тарбия воситалари ва ҳозирги, янгича шаклдаги усуллардан фойдаланган ҳолда иш олиб бориш лозим. Назаримизда, ёшларга кундалик сабоқ, маслаҳат берганда, биздан олдинги авлод вакилларининг энг яхши хислатлари, ибратли ишлари ҳақида мисоллар асосида гапирилса, бу усул ёшларнинг қалбига яхшилик, эзгулик ғояларини сингдиришга хизмат қилиши табиий.
Мана бир мисол, ўшанда Ўзбекистон Миллий университети (собиқ ТошДУ)нинг ёш ўқитувчисиман. Оилам билан аспирантлар уйида яшаймиз. Уй масаласида университетимизнинг ректори академик Саъди Сиржиддиновнинг қабулига кирдим. Домла мени илиқ кутиб олди, аризамни диққат билан ўқиди, баъзи жумлаларнинг остига чизиқ тортди, бир- пас ўйга чўмди-да, кейин менга юзланди:
— Ўғлим, Москвадаги нуфузли университетда ўқиган экансиз, — дея гап бошлади домла. — Менга ҳам сиз таълим олган университетнинг аспирантурасида ўқиш ва бир муддат профессор лавозимида ишлаш насиб этган. Сиз каби ёш, билимли мутахассислар бизга жуда керак. Ҳеч ўйламасдан бошлаган илмий ишингизни давом эттираверинг. Биз албатта муаммоингизни ижобий ҳал қиламиз, — деди.
Тўғриси, кимсан, дунё тан олган, Ўзбекистонда эҳтимоллар назарияси мактабини яратган академик, мамлакатимизда етакчи университет ректоридек одам бир ёш ходимига шунчалик мулозамат кўрсатаяпти-ю, айтинг-чи, бундан мамнун бўлмасликнинг иложи борми?!
Саъди Сирожиддиновдек камтар, маънан юксак, олижаноб, одамларга фақат яхшилик қилишдек эзгу ишларга доимо шай турадиган раҳбар ҳозир ҳам кам бўлса керак. Биз ёшлар иш жараёнида устознинг вазминлик, хушмуомалалик, бағрикенглик каби хислатларига ҳавас қилар эдик. Аллома, донишманд устозимизнинг чин инсонийлик, одамийлик, раҳбарнинг маънавияти, масъулияти ҳақидаги ҳаётий мисоллар билан айтган ибратли гаплари, ўгитлари, маслаҳатлари ҳали-ҳануз қулоқларимиз остида жаранглаб туради.
Идорами, ташкилот ёки ўқув даргоҳи бўладими, унинг раҳбари маънавиятли инсон бўлса, жамоаси аъзолари билан яхши муомалада бўлиб, ҳалоллик, тўғрилик, холислик доимий шиори бўлса, жамоа ҳам хотиржам ишлайди, иш ҳам унумли бўлади, албатта.
Энг муҳими, маънавиятни ҳеч нарса билан сотиб олиб бўлмайди. Пул, мол-дунёни эҳтимол кўп-кўп тўплаш мумкин. Аммо улуғ донишмандлар айтганидек, зару гавҳарларнинг ўзигина бахтли бўлишга камлик қилади. Инсон ҳар қанча тўкис, бой-бадавлат бўлса бўлсинки, унга маънавий бой бўлиш насиб қилмаса, бари бекор. Файз ва саодат калити юксак тарбия, баркамоллик биландир. Демак, маънавий бой бўлиш айримлар ўйлаганчалик “иккинчи даража”ли иш эмас. Аксинча, нафақат бугунимиз, балки эртамизнинг ҳам муҳим таянчи.
Юсуф ҲАМДАМОВ,
Ўзбекистон Миллий университети доценти