Қум ва тошдан иборат кўмирлар мактабларни иситадими?

Кўчаларда кўмир савдоси қизигандан қизиган пайт ҳозир. Қоратошни қоплаб олиб, тўғри келган жойда уни бизнесга айлатираётган шоввозларнинг ошиғи олчи, шу қировли кунларда. Сараланган тошкўмирлар мўмай даромад топишнинг асосий манбаига айланган. Бир килоси бир ярим минг сўмгача. Ким ва қаердан олиб, кайси нархларда, қандай кафолат билан бу эҳтиёжи баланд ёқилғи маҳсулотини сотяпти? Ҳозирча буниси сирлигича қолмоқда.

Улар сотаётган “қора олтин”га айланиб бораётган кўмир маҳаллаларга ажратилган ва аҳолига тарқатилиши зарур бўлган жамғарма эмасмикин? Аммо ҳамма ўзи билан ўзи оввора, ҳамманинг парвойи палак. Лекин, тан олиш керак, сифати яхши. Чунки, шу тирикчилик ортидан яхшигина “соққа” қиляпти-да. Қишлоқларга кирсангиз, ҳамма кўмир қидирган, маҳалладан нажот кутган. Аммо…

Яқинда, аниқроғи, жорий йилнинг 16 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалалари танқидий таҳлил қилинди.

Бу йил кузда кескин совуқ тушиб, об-ҳаво аввалги йилларга нисбатан эртароқ пасайди. Электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда иссиқлик таъминотида тез-тез узилишлар бўлди, — деди давлатимиз раҳбари. Бу вазият тармоқлар ва ҳудудларнинг қиш мавсумига тайёр эмаслигини яққол кўрсатиб берди.

— Менга баландпарвоз гаплар ва рақамлар керак эмас. Жойлардаги раҳбарларнинг ишлари натижасига ижтимоий тармоқларда халқимиз ўзи холис баҳо бермоқда, — деди Президентимиз.

Аҳолига кўмир етказиб бериш муаммоси кун тартибининг марказида бўлди. Жойларда кўмир билан боғлиқ эътирозлар ҳам борлиги рўй-рост айтилди. Аҳоли ва ижтимоий объектлар учун ажратилган маҳаллий кўмирнинг 60 минг тоннаси ҳали эгаларига етказиб берилмагани кўрсатиб ўтилди.

Энди, бир мулоҳаза қилайлик. 60 минг тонна бу кўпми, оз? Мутахассислар кўп деган хулосада.

Мен, қуйида анчадан буён ҳамюртларимизни ўйлантириб келаётган, аниқроғи таълим тизими вакиллари, ўқитувчи ва шу соҳага масъул бўлган раҳбарларни изтиробга солиб, энг ачинарлиси, мактаблардаги болажонларни совуқ синфларда ўтиришларига бош сабаб бўлаётган ва ушбу илм даргоҳларига ажратилаётган “кўмир” деган кукуннинг ҳолатига эътибор қаратмоқчиман.

Бир неча кун давомида Олий Мажлис депутати сифатида сайлов округимда бўлдим. Бир нечта мактаблардаги кўмир таъминоти масаласини ўргандим ва шундай дегим келди:

“Кўмир қани?” Ижтимоий объектларга ажратилган кўмир, не кўз билан кўрингки, 60 фоизи қум ва тошдан иборат экан. Бу нимаси? Болаларни совуқда қолдираётган кўмирфурушларга чора кўрилиши керак! Улар кимнинг соясида? Шу соҳага мутасаддилар қани? Қаранг, 15 тонна дея олиб келиб, ташлаб кетилган кўмир 7 тонна чиқса-я… Сифати жуда ёмон. Энг ачинарлиси, ҳеч ким ўлчаб олмайди, ҳужжатлар бош бухгалтерлар сейфида…

Вақти келиб, сен, 20 тонна олгансан, деса мактаб директори мажбур шу миқдорга рози бўлиб, ҳужжатга имзо қўйиб беради. Биз кимни алдаяпмиз? Ўз халқимизними?! Албатта, ўз элимизни!

“Катта”лар ко-отта, ҳовли қураяпти, ниманинг эвазига? “Маҳбуб”   “маҳбуба”сига қимматбаҳо Каптива олиб бераяпти, қани адолат?.. Агар вазият шундай давом этса, мактабларда қум кўмирни гувала қилиш бўйича ўқувчилар етук мутахассис бўлиб етишсалар, ажабмас…

Бунда таълим тизимидаги муаллим, директор ёки туман раҳбарини айблаш хато бўлади. Улар нима қилсин? Молиявий “ўйин”лар белини синдирган бу фидойилар борига шукур қилишдан бошқа иложи йўқ. Акс ҳолда шугина кўмирдан ҳам қуруқ қолиши мумкин. Мана, мушоҳада қилинг. Бир туман мактабларига кўмир ташиган автомашиналарга 350 миллион сўмгача давлат бюджети маблағи ўтказиб берилган ҳолатлар мавжуд. Юк машинаси бир икки “рейс” қилган. Лекин 4-5 марта қатнади, деб расмийлаштирилган.

Энди кўмирнинг миқдорини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг. Ахир ортиқча “рейс”ни ёпиш керак-ку. Шунинг учун ҳам 15-20 тонна дейилган бу маҳсулот нари борса 10 тоннадан ошмайди.

“Давстатқўм”нинг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 3 134,1 минг тонна кўмир ишлаб чиқарилган.

Жумладан, 2020 йилнинг январь-март ойларида 1 048,2 минг тонна, апрель-июнь ойларида 461,4 минг тонна ва июль-сентябрь ойларида 1 126,3 минг тонна кўмир қазиб олинган.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 53,8 минг тоннага ошган ёки ўсиш суръати 101,7 фоизни ташкил этган.

Яна бир қизиқ маълумот, Ўзбекистон 2020 йилнинг январь-октябрь ойларида хорижий давлатларга 1,3 минг тонна ёки 86,1 минг АҚШ долларилик кўмир маҳсулотини экспорт қилган.

Ўз навбатида, республикага хорижий давлатлардан 2 200,7 минг тонна ёки 75,4 миллион АҚШ долларилик кўмир маҳсулоти импорт қилинган.

Экспорт қиламизу, яна импорт нимаси? Бу қоидага қанчалик тўғри келади?

Президентимиз куюнчаклик билан аҳволни яхшилашга ҳаммани чорлаяпти, ибрат бўлаяпти. Келинг, “кўмирчилар” сиз ҳам инсоф ва диёнат йўлига ўтингда! Ахир ҳар бир сўм давлатнинг ғазинасидан ажратиляпти. Бюджет ҳам уммон эмас. У ҳам солиқлардан, одамларнинг йиғимларидан таркиб топади. Унинг бир сўмини сарф қилиш учун Парламентда молия вазирлиги қанчадан-қанча саволларга жавоб беряпти. Қолаверса, давлат ўз халқи, ўз фарзандлари учун қайғуряпти. Ҳукумат нима қилиб бўлсада қуйи бўғинда, узоқ қишлоқлардаги мактабларни истишни ўйлаяпти.

Менимча саволлар кўп. Қани, депутатлик назорати, қани масъуллар ва ҳоказо… Бу саволларга жавоб топиш ва муаммони ҳал этишнинг фурсати етган кўринади. Бу бедодлик барчамизни уйғотиши керак.

Бугун бор бойлигимизни пулга чақиб, ўз юртдошларимизни алдашдан уялайлик энди, биродарлар.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятидаги мутасаддилар бундай кўзбўямачиликларга изоҳ беринг!

Наврўз РИЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 5 =