ЗУЛФИЯхонимнинг ёшулли оғаси
Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари
Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним халқимизнинг фахри. Шу боис, унинг номи ҳамиша эъзозу ардоқда. Бироқ камсонли тарихчи ва адабиётшуносларгина шоиранинг акаси Нормат Исроиловнинг қатағон даври қурбони бўлганини билишади. Эътиборингизга ҳавола этилаётган ушбу мақолада 1934-37 йилларда Хоразм округига раҳбарлик қилган ва “Катта террор” даврида “халқ душмани” дея ноҳақдан айбланган ана шу инсоннинг ҳаёти ҳақида сўз юритилади.
1934-37 йилларда Хоразм округи партия комитетининг биринчи котиби бўлган Нормат Исроилов тарихнинг энг қийин даврларида округга фидокорона раҳбарлик қилганига қарамай, ўша замонда авж олган қатағон сиёсати даврида “халқ душмани” дея айбланган.
Қадимий Тошкентнинг Дегрез, Ўқчи маҳаллаларида яшаган Исроил дегрез ва турмуш ўртоғи Хадича аянинг Исмоил, Қодир, Нормат, Аҳмад исмли ўғиллари ва иккита қизи бўлган. Академик Наим Каримовнинг “Зулфия” номли монографиясида ёзилишича, “Исмоил Исроилов 1920 йилларда тузилган ёшлар ташкилотида фаолият кўрсатган, кейинроқ эса Москвада таълим олган. Ўзбекистонга қайтгач, масъул вазифаларда хизмат қилган. Шоиранинг иккинчи акаси Қодир Исмоилов Каттақўрғон шаҳридаги ёшлар ташкилотининг раҳбари бўлган. Нафақага чиққунига қадар Тошкентдаги заводларнинг бирида, қуювчилик цехида хизмат қилган. Учинчи акасининг исми шарифи Нормат Исроилов Хоразм вилоятида раҳбарлик вазифасида ишлаган. Тўртинчи акаси Аҳмад Исроилов. У ҳам Норматнинг изидан кетиб Москвада ўқиган ва партия идораларида хизмат қилган. (Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2015 йил, 15-16-бетлар).
1934-37-йилларда Хоразм вилоят партия комитетининг биринчи котиби вазифасида ишлаган Нормат Исроилов 1904 йилда Тошкентда туғилганди. Москвадаги шарқ меҳнаткашлари коммунистик университетини тугатган ва ўз даврининг жўшқин ёшларидан саналган Нормат Исроилов меҳнат фаолияти давомида турли раҳбарлик вазифаларида ишлаган.
1931 йилда эса Жалалқудуқ район партия комитетининг биринчи котиблигидан Ўзкомпартия марказқўми тарғибот ва ташвиқот бўлими мудири бўлиб ишга ўтади. Нормат Исроилов Акмал Икромов билан ёшликдан таниш бўлиб, улар бир маҳаллада истиқомат қилишган.
Тўрт ака-укалар ичида Нормат Исроилов табиатан ижод ва илмга ҳавасманд киши бўлиб, Зулфиянинг ўзи акалари ҳақида адабиётшунос Адҳам Акбаровга берган суҳбатида: “мен ҳаётимда рўй берган кўп воқеалар учун акаларим олдида қарздорман. Улар менинг катта ёшдаги ўртоқларим, дилкаш дўстларим бўлиб, дилимдаги энг эзгу ўйларни уларга айтардим. Нормат акамнинг дастлабки шеърларимни бошқаларга қандай қувонч билан кўрсатгани асло ёдимдан чиқмайди”, дея фахрланиб айтган экан.
Ҳамиша ишчанлик билан ғайрату шижоат ила фаолият кўрсатадиган Нормат Исроилов орадан вақт ўтиб шоира синглисининг тўнғич фарзанди (1937 йил 19 январда) туғилганида ҳам Хоразмда бўлса-да, ойиси Хадича аяни, Зулфияни телеграмма ёзиб қутлаган, Тошкентга йиғилишга келганидаям бир-зум Ҳулкарни кўриб севинганича унга совғалар берган экан.
Зулфия ая журналист Ислом Усмонов билан қилган суҳбатида “акамни биз жуда кам кўрардик. Унинг бемалол юргани, биров билан бамайлихотир чой ичиб, суҳбатлашганини асло эслай олмайман. Гоҳ Москва, гоҳ Андижон дейсизми, хуллас, уни партия қаерга йўллаган бўлса, шу ерда бўларди. Хоразмда ишлаган кезлари кечагидек ёдимда. У ҳар гал тиним нималигини билмасди. Бутун вужуди билан ишга киришганди. Чарчашни бутунлай унутганди. Шундай беҳаловат бир шароитда ягона фарзандидан ҳам айрилди. У эса бутун дард-аламини меҳнатдан олди. Ҳар қадамда ўзини юртдошларига керак, деб ўйларди…”, дея хотирлаган экан.
Шу боисдан шоира кейинчалик ёзган шеърларида:
…Ака, кўзингизда оташ бор эди,
Ака, жонингизда қуёш бор эди,
Султонликка лойиқ келбат, лаёқат,
Сардорники янглиғ бардош бор эди… деб ёзган эди.
Маълумки, Нормат Исроиловнинг синглиси Зулфияхоним ўз даврининг машҳур шоираси бўлишдан ташқари, турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжон ҳам таниқли ижодкорлардан бўлган. Шу боис Хоразм ўлкаси раҳбари сифатида Нормат Исроилов воҳага келган ижодкорларни ўзининг яқин биродарларидай кутиб олади.
Ана шундай ташриф ва адабиёт байрамларидан бири 1935 йилнинг апрель ойида ўша даврнинг энг машҳур шоирларидан Усмон Носир ва Абдулҳамид Мажидий, Ҳасан Пўлатлар воҳага келиши билан боғлиқ. Улар билан биргаликда Тошкентдан келган театр актёрларидан Тамарахоним, Зуҳур Қобулов, Охунжон қизиқ ва Пўлатжон Раҳимовлардан иборат санъат аҳли ҳам бор эди. Адабиёт ва санъат байрами ўтказиладиган Хоразм аҳли эса Нормат Исроилов ва Назирқул Ҳасановлар бошчилигида уларни севинч билан кутиб олди. Чунки, санъаткорлар ичида Тамарахоним, ижодкорлар орасида эса Усмон Носир ўз даврининг энг машҳур инсонларидан эди. Бу пайтда эндигина 31 ёшга тўлган Усмон Носир ўзининг муҳаббат мавзусидаги лирик шеърлари билан халқ, айниқса, ёшлар орасида кенг шуҳрат қозонганди.
Шу тариқа адабиёт ва санъат аҳлидан иборат ижодий гуруҳ 19 апрелгача Хоразм театрида, “Инқилоб қуёши” таҳририятида, педагогика институтида ва бошқа маданий муассасаларда бўлиб учрашувлар ўтказишади. 19 апрель куни бўлса гуруҳ Хивага — Ичан қаъла музей қўриқхонасида бўлишади.
20 апрелда эса шаҳар клубида хивалик шоир Саид Назарнинг ижодий кечаси ўтказилади. Кечада Ҳасан Пўлат ва Усмон Носирлар ёш шоирнинг ижодидаги муваффақият ва камчиликлар тўғрисидаги фикрларини билдиришади. Кечанинг иккинчи қисмида Абдулҳамид Мажидий, Усмон Носир, Ҳасан Пўлат, Матёқуб Абдуллаев, Лочинхон, Саид Назарлар шеърхонликни давом эттиришади. Тадбир сўнггида бўлса тошкентлик ва округ театри актёрлари иштирокидаги концерт қўйиб берилади.
Эртаси куни Хивадаги “Қизил аскар” колхозида адабиёт ва санъат байрами давом эттирилади. Усмон Носирдек жўшқин ва эҳтиросли шоир ана шу кечанинг ўзида “Хоразм қизига” дея номланган шеърини ёзиб, қишлоқ аҳлига ўқиб беради.
Ижодий гуруҳ шундай ҳолда учрашувлар ўтказаётган кунларда Тошкентдан Қурбон Берегин бошчилигидаги “Қизил Ўзбекистон” ва “Правда востока” газеталари ходимлари ҳам келишиб, адабиёт ва санъат кечалари деярли ҳар бир туманда давом этади. Округ газетасининг май сонида Усмон Носир “Яна бир катта вазифа” номли мақола ёзиб ижодкорларни давр руҳи асосида ижод қилишга даъват этган.
Ўша даврда 5 май Матбуот куни сифатида нишонланиб, бу сана ва “Инқилоб қуёши” нинг 15 йиллиги Урганчда катта байрам сифатида нишонланади. Ушбу байрамдан ва Хоразм таассуротларидан руҳланган ҳолда Усмон Носир воҳа ҳаётидан “Ойимжон” номли достон ёзади. Достоннинг биринчи бўлими “Инқилоб қуёши”нинг май сонларида чоп этила бошланди.
Шу тариқа бир ой давом этган турли учрашувлар Усмон Носир ҳаёти ва ижодида катта янгилик бўлди.
Ўтказилган бундай учрашувлар Нормат Исроиловнинг ташкилотчилигида ўтказилади.
Бундай тадбир ва ташкилотчилик ишлари воҳада айнан шу даврда кўплаб ташкил қилинган.
— Нормат Исроилов новча ва қотма бўлиб, округ раҳбарлиги пайтида солдатча бош кийим кийиб юрарди, — дея эслаганди кекса журналист Маткарим Худойберганов, — у киши ҳамиша “Инқилоб қуёши”ни ва районларда ташкил этилган газеталарни ўқиб, унда кўтарилган муаммоларни округ бюросида кўриб чиқишни, танқид қилинган раҳбарни, шу соҳани доимий назоратига олиб, муаммоларнинг ечимини изларди.
Ўзбек археологиясининг забардаст вакилларидан Яҳё Ғуломов археологияда маълум бир тажриба, кўникма орттиргач, жонкуяр дўсти Турди Мирғиёсов ҳамда касбдоши Рашид Набиевлар билан 1936 йилда Хоразмда ўзининг мустақил тадқиқотларини бошлаб юборади. 1937 йилдан бошлаб, улар сафига археолог А.Тереножкин ҳамда архитектор Б.Засипкинлар қўшилди. Айнан Яҳё Ғуломов ва уларнинг археолог сафдошлари воҳага келишганида округ раҳбарлари сифатида Нормат Исроилов ва Назирқул Ҳасановлар уларни кутиб олиб, тадқиқотлар ўтказиши, фаолият кўрсатишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб беришади.
Тарихдан маълумки, 1937 йилда Москвада ўзбек санъати ва адабиёти кунлари декадаси ўтказилиши муносабати билан унга тайёргарлик эрта бошланиб кетади. 1937 йилнинг баҳорида Москвада ўтказилган декадада Хоразмдан Мадраҳим Шерозий, Раҳим Оллаберганов(Раҳим масхарабоз), Матёқуб Отажонов, Худак ота(буломончи Худойберган ота) каби санъаткорлар ўз маҳоратларини намойиш этиб қайтишади. Табиики, улар эришган муваффақиятларда округ раҳбарлари сифатида Нормат Исроилов ва Назирқул Ҳасановларнинг ўрни катта эди.
Зулфия ая шогирди Муҳтарама Улуғова билан қилган суҳбатларида акасини хотирлаб, — Хоразмда ишлаган кезлари кечагидек ёдимда. У ҳар гал тиним нималигини билмасди. У киши Тошкентга йиғилишларга келганида бирровгина уйга келардию яна Хоразмга равона бўларди. Ҳамон афсусдаман, акам бизнинг Ҳамид Олимжон билан бўлажак никоҳ тўйимизда қатнаша олмаганлар, — дейди.
Аммо ана шундай ўз даврининг шижоаткор раҳбари Нормат Исроилов Хоразм округида ишларни шу тариқа муваффақиятли олиб бораётган 1937 йилда қатағон сиёсати бошланиб кетди.
— У киши Ўзкомпартиянинг 1937 йилдаги пленумидан кейин таътилга чиқиб дам олиш учун Тошкентдан Қримга юборилган ва ўша ерда ҳибсга олинган. Қримдан эса Тошкентга келтирилиб тергов ишлари бошлаб юборилган. Биз унинг ҳибсга олинганидан хабарсиз Қримда дам олаётибди деб юрардик. Фақат кейинроқ қамалганини эшитиб суриштирдик. Шундай кезларда акамдан мактуб олдик. “Мен шу ердаман, аҳволим бир нави. Ўзларинг яхшимисизлар. Синглимнинг оиласи омонми? Менга иссиқ кийим киритиб юборинглар”, дейилганди хатда.
Шундан сўнг Зулфия акасининг илтимосига кўра бозорга тушиб, кийимлар харид қилади-да, уни бежирим жойлаб, онаси орқали қамоқхонага йўллайди. Акасидан олган жавоб унинг дилини хуфтон қилади. “Ҳали ҳам мени дам олишда деб ўйлайсизларми? Бу ерда аҳвол оғир. Мен сизлардан этик ва иссиқ кийим бош сўраган эдим”.
Шундан сўнг ҳам бир неча вақт Нормат Исроилов билан алоқа қилиб турилди. Аммо бир йил ўтгач, олиб борган нарсани қабул қилишмай она қўлига аллақандай қоғоз тутқазишди. Яъни, ИИХК ўзларининг қилмишларини ниқоблаш мақсадида, Нормат Исроилов хат ёзиш ҳуқуқи ман этилган ҳолда 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва ИИХКнинг узоқ лагерларидан бирига жўнатилган эмиш… Аслида эса 1938 йил 8 октябрдаги олий ҳарбий суд ҳайъати қарорига кўра отишга ҳукм қилинганди…
“Хотира синиқлари”да Она образи ҳам бўлиб, унда Хадича аянинг ўғли Нормат Исроилов тақдиридан куюниб дарду ҳасрат тўккани ҳам битилганди…
Академик Наим Каримов шундай ёзади: “бу сатрларда мустабид шўро давлатининг ўз халқи бошига туширган бало-қазолари бир оила мисолида шундай ҳаққоний ва таъсирчан очилганки, гўё шоира даврнинг ана шу мудҳиш манзарасини сўз билан эмас, балки кинокамера ёрдамида кўрсатаётгандек бўлади. Сўз достоннинг қатағон даври тасвирларига бағишланган лавҳаларида ёрқин визуал образларга айлангандек бўлади”.
1957 йилнинг 28 февралида собиқ иттифоқ олий суди ҳарбий ҳайъати ўзининг 1938 йил 8 октябрда чиқарган ҳукмини бекор қилиб, Нормат Исроиловни ўлимидан сўнг оқлайди.
Умид БЕКМУҲАММАД