“Фарғона қизи” фильми нега танқидга учраган эди?

Ўзбек киноси тарихидан

 

Наби Ғаниев суратга олган “Фарғона қизи” бадиий фильми “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида нега танқидга учраганди? Албатта, ўша давр тақозоси билан! Хайриятки, фильмга тегишли муҳим ҳужжат — режиссёр сценарийси сақланиб қолинган.

Режиссёрнинг “Насриддин саргузаштлари” кинокомедияси ҳам собиқ иттифоқнинг ўша вақтларда бош нашри бўлган “Правда” газетасида чоп этилган мақолада қаттиқ эътирозга учраганди. Биз фильмнинг миллий маънавият булоғидан суғорилганини “Хўжа Нас­риддин Шайхонтоҳурда” номли китобимизда батафсил ёритгандик. Аммо “Фарғона қизи” юртимизда ойлар давомида намойиш этилганига қарамай, мунаққидларнинг эътиборидан четда қолиб кетди.

Етмиш уч йил муқаддам ёзилган, муҳим тарихий аҳамиятга эга мазкур “режиссёр сценарий”­­си ёзилган қоғоз сарғайиб кетган, 127 бетдан иборат, матн рус тилида, ўзбекча сўзлар учрамайди. Ҳатто қаҳрамонларнинг исму шарифлари ҳам русча: Дильбар, Алимджан, Сабир, Джалал-ака, Джабар ата… Сценарийнинг биринчи варағига негадир икки фамилия ёзилган: Н.Ғаниев, М.Мелкумов. Аслида адабий сценарийнинг бундай режиссура имкониятлари назарда тутилиб ёзиладиган кўринишни режиссёрнинг ўзи тайёрлайди, ёзади ва бадиий кенгаш муҳокамасига қўяди. “Тоҳир ва Зуҳра” фильмига асос бўлган режиссёр сценарийга ҳам биргина Наби Ғаниевнинг имзоси қўйилган.

Бу тафсилотни келтираётганимизнинг сабаби шуки, эндигина топилган кино ёдгорлиги синчиклаб ўрганилганида муҳим ахборот олгандек бўлдик. Унинг ёзилиш услуби, баён мўллиги, экранда намоён бўлиши назарда тутилиб, таърифланадиган тас­вир камбағаллиги, ахборот даражасида қолгани ҳамда овоз воситалари билан боғланишида юзакиликка йўл қўйилгани эътироз уйғотади. Шундан сўнг, Наби Ғаниев эмас, унга адабий-сценарий бўйича шерик-муаллиф Михаил Мелкумов тайёрлаганмикин, деб ўйладик. Ўша йиллари сценарийлар фақат рус тилида ёзилиши ва 3000 км. наридаги “Марказга” тасдиқ учун юбориларди-да.

Биринчи саҳифадаги ёзув диққатимизни тортди: “тов. Кайдалову. Союз Советских художников. Пушкинское. 25”. Фильм титрларида бу рассомнинг исми шарифи келтирилмаган. “Рассом В.Саньченко” деб кўрсатилган. Демак, режиссёр мусаввирлик санъатини Москвада (ВХИТЕМАС)да ўрганиб, ижодини рассом сифатида бошлаган. Алишер Навоий портретини чизиб танилган (1940 й.) Владимир Кайдаловни суратга олиш гуруҳига киритиш ниятида бўлган. Кейинчалик (1957) Ўзбекистон халқ рассоми унвонини олишга муяссар бўлган бу санъаткор “кадр ортида” қолган кўринади — фильм учун ишланган бирорта эскиз ҳозирча топилмади. Сабаби нимада экан? Кимнидир режиссёр сценарийсининг бадиий савияси қониқтирмаганмикин? Унда Фарғона водийси ёки 40-йиллардаги Тошкент кўриниш­ларига етарли драматургик “юк”, ҳис-туйғу берилмаганиданмикин?

Фарғоналик қиз – Дилбар ролини ўйнаган Юлдуз Ризаеванинг қиёфаси, ижроси яна бир рассом — Чингиз Ахмаровни қизиқтирган-ку! Чингиз ака ўттиз беш ёшида ўн тўққизга қадам қўйган Юлдузхонни излаб Шайхонтоҳурдаги кино ширкатига борган, актрисани зўр-базўр кўндириб порт­ретини чизган. Ҳозирги кунда машҳур актрисанинг ўша портрети хонадонининг тўридан ўрин олган.

Биз варақлаётган муҳим ҳужжатнинг биринчи бетига “На крутом повороте” (“Кескин бурилиш дамларида”) 1947 й. деб ёзилган. Тагига чизиб қўйилган… Ўша пайт­лари қишлоқ хўжалигида кескин бурилиш содир бўлаётганини режиссёр сценарийси, фильмда, сарлавҳада таъкидлаши зарур эди. Асар давр силсилалари “мутлақ ҳақиқат” эканлигининг бадиий ифодасини таъминлаши талаб этиларди. Кино тарихида, умуман, бадиий ижодда тўқима ҳақиқат ўзининг бадиий ифодасини топган ҳоллар ҳам бўлгандир, муштарий қайд этар.

Аммо 1947 йилнинг куз ойи­­да пахта режаси бажарилган бўлиши, қурултой ўтказилиши ва бу тантаналарда Дилбар — Ю.Ризаева иштирок этиши жараёнлари суратга олиниши мўлжалланган. Пахта режаси тўлмайди. Қурултой А.Навоий номидаги ҳашаматли бинода эмас, Хадра даҳасидаги “Родина” кинотеатрида ўтказилади. Шунинг учун аслида йўқ “ютуқлар”ни кўрсатиши талаб этилган сценарийга оддий ахборот узатадиган кадрлар ҳам кириб қолди. Н.Ғаниев эса бадиийлик қонуниятларидан келиб чиқиб, воқеаларни “пардозлаб”, зиддиятларни “текислаб” кўрсатишга кўнмагани фильм­­да кўзга ташланди.

“Режиссёр сценарийси” деб аталган, лекин режиссёр Н.Ғаниев суратга олмаган, умуман воз кечган кадрлар ўлчами юз метрдан ортиқ кино тасмани ташкил этади. Тасмадаги сохталик билан танишганимизда фильмга ажратилган метраж (манбада 1-6-бетлар) фаб­рика ва заводда, енгил ва юк ташувчи автомобиллар, текстиль комбинат биноси, темир йўл (!) арғимчоқ учаётган қизалоқ, шаҳар кўчаси (Тарас Шевченко), ҳашаматли турар-жойлар, болалар ўйин­гоҳи, истироҳат боғи (М.Горький номидаги), афишаларни елимлаётганлар, Тошкентнинг марказий хиёбони ва бонг ураётган улкан соат, Пушкин майдони, универмаг витриналари, пионерлар саройи, ҳайкаллар, осмондаги самолёт, фавворалар — буларни барчасини қўшиқ айтиб, онасига савол бериб, кузатиб бораётган Фарғона қизи — Дилбар нигоҳида акс этиб бориши керак бўлган.

Тошкентнинг ўша 40-йиллардаги бирорта каттароқ биноси, бирорта узунроқ кўчаси, стадиони четда қолмаган. Аммо энг қизиғи, буларнинг бирортасини ҳам режиссёр фильмга киритмаган. “Қаҳрамон”лар Дилбар ва унинг онаси усти очиқ “Вилис” машинасига ўтириб, тўғри меҳмонхонага олиб борилади. Экспозиция ихчамланди. “Социалистик турмуш афзаллик­лари”ни кўрсатиш ниятида сценарийнинг бу кўринишига киритилган кадрлар (уларни юзаки чизилган плакат десак тўғри бўлади)дан маълумки, назорат ўта кучли бўлган оғир дамларни тасаввур этса бўлади.

Кейинги эпизодлар ҳам адабий жиҳатдан анча бўш, пахта терим машинаси ишлаб чиқарилиши технологияси, бу соҳада бўладиган экспериментлар, ниҳоят, қиш­лоқ қизи Дилбарнинг қурултой тантаналари ўтадиган бинога кириш истагини таърифловчи кадрлар “режиссёр сценарийси” деб аталган 127 саҳифадан иборат, қалин муқовали, биз учун кўпроқ маълумотнома хизматини ўтаган манбада батафсил ёзилган.

Бу “эпизодларни” аёвсиз қис­қартирган Наби Ғаниев воқеани далага, пахта етиштириладиган маконга кўчиради. Тасвирда тракторчи Полвон (артист Раҳим Пирмуҳамедов) ашула айтиб, дала-даштнинг ўртасидан ўтиб боради. Кетмон чопаётган деҳқонлар орасидаги звено бошлиғи Дилбархон ва ҳазилкаш Полвон ака ўртасида ҳазил-мутойиба бўлиб ўтади. “Хабар келди: чиройли қизларга 1000 сўм мукофот, ўртачаларига 500 сўм бериш, кампирларга жарима солинар эмиш”, (давр эмас, одатлар ўхшаш) деган иборасига: Дилбархон: “Тилини тиймаганларга каттароқ жарима солиниши ҳам ёзилгандир”, дейди.

Режиссёр конфликт вазиятга тезроқ ўтиш ниятида Полвон ва Жаббор ота орасида келишмовчилик вужудга келишини таъминлаш йўлидан боради. Дилбарнинг отаси Жабборали ўзининг бригадаси ерини ҳайдашга ундайди. Полвон эса тўққизинчи бригадага юборилганини айтади. Даҳанаки жанг бўлади. Дилбар хўжалик раиси — онасини бошлаб келиб, масалани ҳал қилмоқчи бўлади. Бу ўринда Жаббор ота (арт. Асад Исматов) қайсар, ўз билганидан қайтмайдиган шахс сифатида намоён бўла бошласа-да, бартараф этилиши осон бўлган конф­ликт узоқ давом этиши, хўжалик мажлисида, ҳатто уйда ҳам (Жаб­бор ва раис) эр-хотин ўртасида ҳам давом этиши зерикарли кўринади, актёрлар учун ажратилган материал оз кўринади. Бамисоли бўрон сувга тўла пиёлада бўлаётгандек қабул қилинади.

Янги топилманинг 1-31-кадрларидаги баён, қайдлар бадиийликдан йироқ бўлгани сабабли, режиссёр мавзу чегарасида образли ифодаларга ўрин излагани сезилади. Ўтган асрнинг 40-50-йиллари долзарб мавзуни фильмда ёритиш нақадар оғир бўлганини, социалистик тузумнинг “афзалликларини ҳатто комедия жанридаги фильмларда ҳам кўрсатиш талаб этилгани, бу талаблар даражасида асар яратиш қаттиқ назорат қилингани, бадиий ижодни қолипга солиш бежизга бўлмагани, балки “оға”миз бош қаҳрамон қилиб олинмаган фильмлар тақиқлангани аёнлашади.

Буни “марказнинг” кўрсатмаси билан бўлгани туфайли кино амалиётига ҳамда бу жараённи ёритадиган ОАВга таъсир кўрсатганини сценарийлар ва фильмлар муҳокамалари стенограммалари, матбуот саҳифаларидан ўрин олган “тақриз” ва танқидий материаллар билан танишганимизда ҳам кўриш мумкин.

Энг қизиғи, “Насриддин саргузаштлари” ёки жаҳон кино оламида ҳалигача қадрланиб келинаётган “Тоҳир ва Зуҳра” фильмидан ҳам нуқсон изланган. (Москвада фильм муҳокамаси ўтказилиб қатор камчиликлар тилга олингани стенограммаларга муҳрланиб қолинган. Жумладан, “Тоҳир ва Зуҳра” севги ҳақида, лекин фильмда севги очиқ-ойдин кўрсатилмаган, деб даъво қилинган). Бу нотиқнинг Шарқ фольклорида ахлоқ, ҳис-туйғу ифодаси ниҳоятда нозик, пардали бир тарзда таърифланишидан бехабар эканлигини кўрсатади.

Бундай фожиали воқеалар юртимизда содир бўлгани фақат ижод жараёнига эмас, муайян шахсларнинг фаолиятига, умрига завол бўлганидан хабардормиз.

Наби Ғаниев маслакдош дўс­ти Абдулла Қодирий сингари бирорта танқидий чиқишларга ўзининг муносабатини билдирмаган. Чидам, ирода ила бардош берган. Араб алифбосида чоп этилган “Ер юзи” журналида “Соябонли арава” (1927 й.) номли овозсиз ўзбек фильмини суратга олиш жараёни ҳақида ҳикоя қилинган. Ўн саккиз йилдан кейин ўша мақоласидаги воқеани эслаб, “Тоҳир ва Зуҳра” фильмига актёрларни излаш енгил бўлмагани ҳамда тарихий афсонанинг аҳамияти ҳақида фикр юритган. Бу мулоҳазаларнинг рус тилидаги нусхасини “Миллий кутубхона”нинг (Россия, Москва) фондида сақланган “Хроника советского кино” (“Совет киноси солномаси” журнали саҳифаларидан топдик). Наби ака қолдирган бу жуда муҳим ахборот, орттирилган тажрибанинг таъриф ва тавсифи, суратга олиш майдонида содир бўлган воқеа­ларга бўлган муносабати миллий кинематографиямизнинг йигирманчи ва қирқинчи йиллардаги муҳитини идрок этиш, англашда асосий омиллардан бири бўлди.

Етмиш уч йил муқаддам яратилган асарни хаспўшлаш, давр талаблари, зиддиятларини ҳисобга олиб “сийлаб” баҳолаш ниятида эмасмиз. Худди шу талаб­ларга риоя қилинмай, сценарийдаги баландпарвоз гаплардан воз кечиб, суратга олинган бир қатор эпизодлар режиссёрнинг малакасини, сезгирлигини, техниканинг қудратини тасвирларда ҳамда Полвон — тракторчи, чойхоначи — актёр Соиб Хўжаев ва агроном Олимжон (М.Юнусов), Тоҳир ролини ўйнаб шуҳрат қозонган актёр Ғулом Тожиаълоев (Собиржон) иштирокида эпизодларда ҳал қилинади.

Наби ака ҳамкасб дўсти Эргаш Ҳамраев билан 30-йилларнинг машҳур “Чапаев” фильмидан мамнун бўлгани матбуотда эълон қилинган эди. Буни эслаганимиз бои­­си мазкур асар таъсирида бўлган ўзек режиссёрига катта ва кичик чойнаклар “ғўза”, “трактор”, “тракторчи” сифатида хизмат қилганида кўринади. Яна бир муҳим   тафовут – чапаевдагидек бир киши – афсонавий қаҳрамон эмас, уч персонаж – ҳажв усталари Соиб ака ва Раҳим ака билан бирга саҳнада роллар ўйнаб танилган Махсум Юсупов ҳам иштирок этади.

Бундай эпизодлар орқали режиссёр яна бир ўринда Юлдуз Ризаева ўз қаҳрамони Дилбарнинг самимиятини, ёшлик ғурурини, лирик кайфият устун келганида эрка, нозик табиатли қиз, жиддий ҳолатда катта ишларга қўл уришга қодир пахтакор эканлигини кўрсата олган. Йиллар ўтиб Юлдуз опа бетоб бўлганларида қизлари Шаҳноза:

— Кўнглингиз нимани истайди, айтинг, бажо келтираман, — деб сўраганида она кўзларига ёш олиб:

— “Фарғона қизи”ни кўрсам дейман… Шиддат билан ўтиб кетди ўша бахтли дамлар. Она юртим Фарғонада олинганиданми, ҳар қалай, жуда эркин тутганман ўзимни. Ёнимдаги қадр­дон актёрларни айтмайсанми! Фильмдаги онам — Хадича опа, Асад ака — падари бузрукворим, дугонам — Иродахон, барчамизга раҳнамо Наби ака…

Ўша кезлари тасвир ва овозни видеотасмага кўчириш эндигина йўлга қўйилмоқда эди. Мен ҳамиша ардоқлаб келган Юлдуз, яъни Зуҳра ва Дилбарни истагини бажаришда қизлари Шаҳнозахонга кўмаклашганимдан хур­санд­ман. Лекин ўша кунларни эслаб: видеотасмани нега Юлдуз опамиз билан бирга кўрмаганман? — деб ўзимдан хафа бўламан. Ҳар кадр, эпизод қадрли бўлган, ижод жараёнини эслагандир. Ёзиб олмайманми?

Иккинчи жаҳон урушидан кейин суратга олинган, долзарб мавзуга бағишланган бу биринчи ўзбек бадиий фильми шаҳримизда ойлар давомида Хадра даҳасидаги “Ватан” (“Родина”) кинотеат­рида кўрсатилганига гувоҳман. Бугун бу асарни қайта кўриб, синчиклаб таҳлил қилганимизда, суратга олиш жараё­­ни қаттиқ назорат остида бўлганини, социалис­тик тузумнинг фақат ютуқлари кўрсатилиши талаб этилгани, сценарийга ахборот даражасидаги эпизодлар киритилгани, аммо хонадонларда кам учрайдиган радиоприемникда “Ушшоқ”нинг Юнус Ражабий ижросида янграши, шаҳримизнинг Маданият ва истироҳат боғида танҳо юрган Дилбар “Тановар” ашуласини айтиб юриши кимларгадир ёқмай қолгани ҳам маълум. “Қизил Ўзбекис­тон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида мазкур асар ижтимоий-сиёсий талаблар даражасида эмаслигини қаттиқ танқид остига олиб, ўз саҳифасида мақола чоп этган.

Газетадаги айрим даъволарни эслаб ўтайлик: “Аввало, шуни айтиш керакки, фильмга совет санъатининг руҳига сингиб кетган партиявийлик принципи етишмайди. Колхоз қишлоғи социалистик хўжалигининг мисл­сиз даражада ривожланишига бевосита раҳбарлик қилувчи партия ташкилоти ва қишлоқ ком­мунистларининг роли авторларнинг эътиборидан четда қолган. Партия раҳбарлигини асарнинг руҳига сингдириш совет санъатининг асосий бурчидир… Фильмда комсомол бригадаси бор, аммо уни бошқарувчи комсомол ташкилоти, унга раҳбарлик қилувчи колхоз партия ташкилоти кўринмайди. Бу эса фильмнинг энг катта нуқсонидир… “Фарғона қизи” фильмида ўзбек деҳқонларига рус халқи ва шунингдек, шаҳарнинг ёрдами жуда юзаки, сийқаланган приём орқали берилган… Бу талабларнинг ҳаммаси, бир сўз билан айт­ганда, санъат асари ғоявий, партиявий асар бўлиши, халқимизни коммунизм руҳида тарбия­лашда қудратли қурол бўлиши керак… “Фарғона қизи” фильми анчагина муваффақиятларга қарамай, партиямизнинг бу муҳим талаби нуқтаи назаридан қараганда жид­­дий тан­қидга сазовордир. Фильм­­ни яратган ижодий коллектив бундан зарур хулосалар чиқариб олишлари керак” (“Қизил Ўзбекистон”, 1948 йил, 20 ноябр).

“Қизил Ўзбекистон”да чоп этилган мазкур каттагина мақоладан яна икки жумлани келтирамиз: “Авторлар томонидан катта эътибор ва ихлос билан яратилган колхоз раиси Жамол опа ролида Ўзбекистон халқ артисти Хадича Аминова бу соддадил, аммо ишнинг кўзини биладиган донишманд, тажрибакор ўзбек аёлининг ҳақиқий характерини тўла очиб беролмаган. Тўғри, у баъзан эркин, мароқли ўйнайди. Аммо ҳозирги кундаги колхоз раиси ролини ижро этаётганини (!) кўп жойда унутиб қўяди”. Аслида бу образнинг сценарийдаги таърифи юзаки кўринади.

“Қор ҳақида капалак мулоҳаза қилар эканда!” — Наби ака айтган бу сўзлар бизга фикр йўналишини белгилаб берди. Баъзида у гап фақат ўтмишда ҳукм сурган кино муҳитига тегишлимикин, деб ўйлаб қоламан. Бугун-чи, миллий киномиз аҳволи қандай? Кино кўчасига адашиб кирганлар кинога майл қўйиб, кинофильм қилиш ҳоллари учрамаяптими ҳозир? Сиз нима дейсиз?..

Ҳамидулла АКБАРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + nine =