“Билган одамга Ватан Онадир!” Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири, устоз Абдулла Ориповни ёд этиб

Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги

 

(ЭССЕ)

Тун… Чиноз туманининг адоқсиз пахта далалари… Баракнинг бир чеккасида чарсиллаб ёнаётган гулхан… Самодаги йирик-йирик юлдузлар   кўкка ўрлаётган оловли юлдузларга ҳавасманд   боқади. Гулхан тег­расидаги давра — устозлар, мактаб ўқувчилари — орзу-умидлари қийғос гуллаган навраста қизалоқлар, ўсмир ўғлонлар… Сўз сеҳридан ларзага тушган, ўзлари ҳам шоир бўлишни орзу қилган болалар   сукутда. Ўртада қорачадан келган, сочлари майда ўрилган қиз нолага айланиб шеър айтади. “Неча кунки, йўқ оромим, келолмайман ҳушимга, Кечалари онажоним кириб чиқар тушимга…” Қизнинг кўнгли ўксик, кўнг­­ли ярим. У туғилиши билан онасини йўқотган. Узун киприкларидан қу­йилаётган томчилар гулхан ёлқинида ялтираб кетади. Кун бўйи пайкалларга эгилавериб толиққан дунё бирдан сергак тортиб, қаддини ростлайди. Унинг кўзларида ҳам ёш йилтирайди. Илоҳий оҳанглар, тафаккур ёлқинлари энди руҳият иқлимларини забт эта бошлайди.

 

Кеч куз эди… Мен сени кўрдим

                 Деразадан боқарди биров.

                 У — сен эдинг, о, деҳқон юртим,

                 Турар эдинг ялангтўш, яёв.

               

                   — Ташқарида изиллар ёмғир,

                   Кир, бобожон, яйрагил бироз.

                   Дединг: — Пахтам қолди-ку ахир,

                   Йиғиштирай келмасдан аёз.

                  

                   Кетдинг, умри маҳзаним маним,

                   Ўзбекистон — Ватаним маним!

Бийдай пахта далалари эшитади бу оҳангларни. Самога юлдузларни сайрга олиб чиққан Оймомо тинглайди бу оҳанг­ларни. Пахта теравериб, қўллари қадоқ бўлиб кетган дунё тинглайди бу оҳангларни. Ҳавода учаётган мезонлар қанотида титрайди бу оҳанглар. Ўзбек халқининг — деҳқон юртнинг асрий оғриқли қисматидан туннинг кўзлари янада қораяди. Қалбларни азобли оғриқ кемиради. Миллионлаб эгатларга сочилган ўзбек халқи тақдири уйғониш азоби бўлиб қалбни пармалайди. Сўздан дил уйғонади, тил уйғонади, шеър қуёш нуридай қалбларни шуълалантириб юборади… Шивалаб ёғаётган ёмғир, бостириб келаётган тун, ўчаёзган гулхан — ҳеч нарса одамларни жойидан қўзғатолмайди… Шеъриятнинг илоҳий нафаслари борлиқни қамраб олади… Йигирманчи аср тўлғоғида ўзбек халқининг яна бир улуғ шоири, уйғотувчи шоири замон ва макон билан юзма-юз бўлади.

 

Туркистоннинг болалари,

Туркистоннинг болалари,

“Пуф” деганда тўзғигудек

мўъжазгина лолалари.

Чинор бўлиб, илдиз отинг,

қоя бўлиб тиклангиз қад,

Улуғ-улуғ аждодларнинг хавотири

Сиздан беҳад…                                                              

* * *

Қашқадарё… Некўз. Дўппидеккина қишлоқ. Ўзбек адабиётига улуғ Абдулла Орифни берган мўъжизавий макон. Кўз ўнгимда Некўз кенгликларида яланг­оёқ бўлиб чопаётган, дунёни ёлғиз Онадан иборат деб билаётган ушоққина, тиниб-тинчимас болакай. Она меҳр билан унинг, “кузда ўс(аёт)ган райҳондай маъюс сингил”нинг бошини силайди, гилам тўқийди, кундузи қўшиқлар, тунда эртак­лар айтиб беради. Фарзандларига қараб: “Сизлар осмонда учиб кетаётган қушларнинг сувратини шу заҳоти гиламга кўчира олмайсизлар-да, мен бўлсам тушира оламан”, — дейди эркаланиб.

 

Қуюндайин чарх урардик доим тўзонда,

Чанг нелигин билмас эдик ўша маҳали.

Онамизни тушунардик инсон деганда,

Аммо она танҳолигин билмасдик ҳали…

 

Шоир билан бирга унинг муҳтарама онаси миллионлаб қалбларга кириб келади ва ўзимизга айланади. Онани йўқотмоқ — оламни йўқотмоқ қадар оғирлигини шоир бизга куйган юрак билан, кўз ёшларидан ҳўл бўлган қалам билан англатади ва ЎЗБЕК ОНАСИ руҳиятига сўздан тикланган ҳайкал қўяди. Улуғ Алишер Навоийнинг донишманд волидаси нафаслари бўлиб руҳимизни аллалайди. “Ҳаж дафтари” туркумида Она образи ривожлантирилиб, сўзда ўзининг олий ифодасини топади.

“Муқаддас Ҳаж сафарида Макканинг улуғ шайхи амри маъруфларида иштирок этдим, — хотирлаган эди бир суҳбатимизда устоз шоир. — У киши шундай дедилар:

“Аё, аҳли муслим, сизга икки йўл кўрсатилгандир: сажда қилинг Аллоҳга ва яна Аллоҳга. Саждага яна бир йўл бордир, у эса Онага ва фақат Онага. Шайхнинг гап­лари бундоқ давом этди: — аё, аҳли муслим! Расули Акромнинг ўгитларини так­рор қиламизки, шул икки ҳилқатдан ташқари ҳеч бир мавжудот саждага лойиқ эрмас. Пайғамбарларимизга, падари бузрукворимизга ҳам сажда қилинмайди, улар зиёрат қилинади”.

 

Мана, Онага берилган баҳо.

Ҳикмат шарҳини ўйладим узоқ,

Ростдан Она эрур қиблаи олам.

Гарчи барчамиз ҳам падармиз, бироқ,

Онадан туғилган пайғамбарлар ҳам.”

 

“Билган одамга Ватан   Онадир,” — дейди шоир хаёлчан суҳбат асносида…

* * *

Шеър — асли нима? Нега у инсон қисматини белгилайди ва асрлар силсиласи шоир орбитаси атрофида айланади? Нега унинг овози темир тўсиқларни ҳам кесиб ўтиб, халқ дарди билан вобаста бўлади? Нега унинг овози дунёларни ҳайратга солади?

“Абдулла Орипов шеърларида мен фикрнинг салмоқдорлигини, образларнинг пишиқ ва янгилигини, китобхонни зериктирадиган тор маъноли қизилсўзликдан холи эканини кўрдим. Ёш шоир сўзнинг ифода кучини бехато сезади, ҳаётни ўз бўлишича, уни ўзига хос янги назар билан кўради. Ўзбек поэзиясини янги катта истеъдод билан табрикласа бўлади”, — деб ёзади Қайсин Қулиев.

Мен шоирман,

Истасангиз шу,

Ўзимники эрур шу созим,

Бировлардан олмадим туйғу,

Ўзгага ҳам бермам овозим, —

деб баралла айтади шоир унинг номи устидан чизиқ тортмоқчи бўлганларга. “Тилла балиқча”нинг Ватани уммон, “Митти юлдуз”нинг маскани само эканлигини таъкидлаб. Шоирнинг бор бойлиги шу она замин, шу она Ватан. “Ватан, менинг бор қисматим шу бир сўзда ҳал, Лозим бўлса бахш этарман унга жон-танни,” — деб шивирлайди шоир ва шивири юлдузларгача етиб боради. “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” деб ўз олдига савол қўяди ва унинг жавобини киндик қони томган Ватан илдизларидан излайди. Шу маънода “Билган одамга — Ватан онадир” деганларида нақадар ҳақ эрур шоири замон. Бироқ шоир умри олов ичида порлаётган гул, қуюн ичида ўсаётган дарахт.

Шайдо бўлиб юрганда бирдан

Хаёлимга ташламанг каманд.

Мижғов ва паст, ғийбат гаплардан

Жажжи шеърим қўюрман баланд.

Хаёл каби кенг эрур олам,

Майда гапни кўтармагай шеър.

Керак бўлса менинг учун ҳам

Жавоб берар бобом Алишер.

Абдулла Ориф шеърияти эса сўзнинг миллий оҳорида дунёга Ватанни танитган улуғ шеъриятдир… Фақат ўзигагина хос бўлган ўқиш услуби билан ўзининг деярли барча   шеърларини ёддан биладиган, қалбларни сеҳрлаб олган ва бир лаҳзада ўзининг шоирига айланган, одамларнинг қон томиридаги карахтликни уйғотиб юборишга қодир бундай истеъдод эгасида ўзбек халқи миллий ўзлигимизнинг жон томирларигача сева олган, уни асраётган, улуғ Навоий бобомиздек ҳазратларнинг Масиҳ нафасли шеъриятини бизга яқинлаштираётган қудратли, сўз билан ифодалаш қийин бўлган кучни кўраман. Бу куч халқ, миллат қалби билан ҳамоҳанг уради. Тафаккур қудрати, фалсафий маъно ва мазмунга бойлиги, беҳад самимияти билан ўқувчини лол қолдиради. “Ўзбекистон” қасидаси эса Абдулла Орипов қалб чашмасидан отилиб чиқиб, бир фарзанд сифатида она Ватанни қандай фахр ва оғриқ билан сева олиш мумкинлиги ҳақидаги ҳақиқат сабоқларининг эътирофига айланади.

 

Америка сеҳрли диёр,

Ухлар эди Колумб ҳам ҳали.

Денгиз ортин ёритди илк бор,

Берунийнинг ақл машъали.

Колумбда бор аламим маним,

Ўзбекистон, Ватаним маним…

* * *

Тарихий илк Зомин семинари… Ўрик­лисой…Ям-яшил арчалар билан музайян виқорли тоғлар салтанатидаги нафис мажлислар… Устоз Абдулла Ориповнинг ёшлар шеъриятига бўлган алоҳида меҳри-муҳаб­бати… Бугунги куннинг ёш тоғлари бўлган авлодлар ташрифидан, кўз очган булоқларнинг замзамасидан қанчалар қувонганлари… Қўллаб-қувватлаганлари… Дан­тенинг “Илоҳий комедия” асарининг бир қисмини таржима қилганларидан кейин негадир тўхтатиб қўйганларида биз бу ҳақда Зомин семинарида сўраганимизда, тоғларга қараб, узоқ сукут сақлаб туриб, жавоб қайтармаган эдилар. Бошқа сафар “умидим ёшлардан, биз улгуролмаган ишларни улар амалга оширади”, — деган эдилар. Халқнинг кўз ўнгида давлат ва жамоат арбоби сифатида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг жонкуяр раҳбари сифатида ҳам узоқ йиллар фаолият олиб борганларида ҳам зоҳир ва ботинида бирор-бир ўзгаришсиз шу миллатнинг азиз ва камтар фарзанди бўлиб қолаверди. Чунки, шоир ёзганидек:

Ҳамма нарса ўтади, мансаб, шону шавкат ҳам,

Шириндан ширин қолур, талхдан эса қолур талх.

Бир куни тупроқ бўлур тенгсиз шамси талъат ҳам.

Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ…

* * *

Қушни икки қаноти асраганидек, инсонни муҳаббат, покиза муҳаббат суяб туради. Йиллар ва йўллардаги ишончли, вафодор дўст… бу меҳрибон Аллоҳнинг бандасига буюк туҳфаси… Биз ҳар сафар табаррук хонадонда бўлганимизда шоир рафиқаси ўстирган гулларни ички бир мамнуният билан кўрсатардилар. Хоҳ соғ, хоҳ бемор ҳолатларида ҳам рафиқаси улуғ шоир учун нажот фариштаси, шеър­ларининг биринчи ўқувчиси эди.

 

Ҳаётда беморнинг ўзидан кўра,

Унинг боқувчиси тортгай кўп азоб.

Буни рафиқамдан яхшиси сўра,

Бунга ҳамшира қиз бергайдир жавоб…

Гардун айланади Инсон бошида,

Лекин мартабаси ҳамиша кушод.

Ёвузлик олдида, Иблис қошида,

Тор-мор бўлмаслиги шартдир, одамзод.

 

Устоз Абдулла Орипов феномени… Руҳия­ти ҳикмат билан қоришиб кетган Шарқнинг улуғ шоири. Улар босган қадамларни она Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшаси соғинади. Зомин, Паркент тоғлари “улуғ шоиримиз яна бир бор келармиканлар”, — деб йўлларига кўз тикади. Ўзбекис­тон Қаҳрамони бўлган шоирнинг қўлларига она Ватан чечаклари яна юзларини босгиси келади. Тоғ чашмалари товушларини тинглагиси келади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан улуғ шоиримизнинг 80 йиллигини нишонлаш ҳақидаги қарорга имзо чекилиши халқимиз кўнглидаги муддао, гуррос саф тортиб келаётган ёшларимиз билан шоир шахсини янада яқиндан таништириш йўлидаги қутлуғ қадам бўлди. Мутафаккир шоирнинг адабиётимизга қолдирган улкан хазинаси Вақт, Замон, Макон тушунчаларидан илгарилаб кетади. Миллат тили ва дилининг тарбиясида сўз улуғлари билан биргаликда жидду жаҳд айлайди.

Устоз билан сўнгги суҳбатимиз узоқ давом этган эди. Биз дўстлар билан биргаликда олис сафар олдидан тўрт соат мобайнида улуғ шоирни тинглаш бахтига муяссар бўлган эдик. Телефонда сўнгги видео тасвир қолган. Бир дақиқалик. Бироқ бу дақиқалар мангулик муҳридай… Гўё шоир олис уммон ортидан туриб:

 

Мен бугун мусофир, саргашта сайёҳ,

Балки қумликларга сингмиш сўзларим.

Сен ҳам соғиндингми, эй она даргоҳ,

Мени кутгайсизми, хумор кўзларим, деяётгандай…

 

Нафақат Дўрмон боғлари, бутун Ўзбекис­тон интиқ бўлиб кутаётган эди ўз шоирини. Машъум хабар келганда, Дўрмон боғларида куз эди. Олтинранг япроқлар ер билан битта бўлиб, дилни эзарди… Ҳавода эса гўё улуғ устознинг:

 

Бир вақт ватанимдан кетдим кўп узоқ,

Келдиму, заминга эгилдим шу чоқ.

Орада қандайин мулоқот бўлди,

Битта мен биламан ва билгай тупроқ,  

деган мисралари чарх ураётгандай эди…

 

Шарифа САЛИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

шоира

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 4 =