Ғижимланган қоғозлардан кўчирма

Эслайман:

— Ёзганларимизни барибир ўқишмайди, деб қолди қирқлардан ошган журналист.

— Нега ёзасиз унда? — дея пешонасини тириштирди шериги. У   соддалик билан:

— Э, тўлиб кетганимиздан ёзамиз-да, тўлиб кетганимиздан, деб жавоб берди.

Ҳали-ҳали кичик бир лавҳа каби кўз олдимдан ўтиб туради бу суҳбат. Мен ҳам ўзимча тўлиб кетаман. Қоғоз қоралаш пайи­­га тушиб қоламан. Хаёллар тарқоқлик қилади, билим озлик қилади. Суҳбатдош ахтараман…

— Нима қилиш керак-а?! Жадидлар каби бир кўтарилиб чиқиш учун, омма­­ни халқ қилиш учун, дейман, ўзимча.

— Фойдасиз, дейди суҳбатдошим қуруққина қилиб. — Нари борса, сени жадидлар каби ора-чора эслаб-эс­лаб қўйишади, холос. Тамом!

У худди боласига насиҳат қилаётган отадек гапиради.

Фойдасиз… Қулоқларим остида эмас, нақ миямнинг ичида ерга тушиб кетган сирли идишдек жаранглаб кетади бу сўз. Кейин эса Шарқ дидактикасининг ўзим билган умидсиз бўлмаслик ҳақидаги пандлари қуйилиб келаверади ақлимга.

Бир пайт ҳамхонам бўлмиш ўсмир йигитнинг баланд овози эшитилди:

— Юнусобод теннис кортига бориш керак-да. Қанийди, ҳозир пул бўлса, эҳ…

— Нимадир бўларканми?

— Ҳа, концерт. Россиядан Жонй, Элман, Андролар келади. Фақат 400 минг, 600 минг сўмлик билетлар қолибди.

У айтган номларни эшитганим бор. Россиянинг замонавий қўшиқчиларидан. Бизнинг ёшлар жуда севиб эшитишади. Қўшиқлари маъносини тушунишмаса-да.

Мен яна ўйларга ғарқ бўламан: Одамни одам қилган эҳтиёжларини қондириш йўлидаги ҳаракатларидир. Инсонда ҳар доим эҳтиёж бўлади, моддий, маънавий, жисмоний ва ҳоказо. Бир нарсадан кўнг­­ли тўлмадими, ундан яхшисига интилади. Масалан, замонавий ўзбек эстрадаси маъқул бўлмадими, русларни эшитади, инглизларни, туркларни эшитади ёшлар. Ўзбек кино, сериаллари хуш келмадими, “Hollywood”, форс, турк кино ва сериалларини томоша қилади. Да Винчи, ван Гог, Пикассолар чизган суратларнинг муҳибларига айланади… Кейин улардан қайси менталитетга хос тафаккурни кутиш мумкин?!

Шарта қоғоз-қаламни оламан-да, катта ҳарфлар билан ёзиб қўяман: “Чин маънодаги санъатни ривож­лантириш керак. Уни рағбатлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтариш зарур. Авлод тарбиясида таълимнинг ўрни нечоғли муҳим бўлса, санъатнинг таъсири ҳам шу даражада”.

Орадан икки кун ўтиб, ҳалиги ҳамхонам ҳовлиқиб гапириб қолди:

— Жонйларнинг концертига 7 минг­­га яқин одам кирибди. Зўр-а!

Дарров чипталарнинг нархи ёдимга тушади, 400, 600 минг сўмлик…

Икки кун аввал катта ҳарфлардаги матн ёзганим қоғозни ёстиғимнинг остидан суғириб оламан-да, ғижимлайман.

— Фойдасиз, дейман пичирлаб. — Тўлиб кетганингнинг аламига қоғоз тўлдирганинг фойдасиз. Тепасида герби бор қанча-қанча қоғозлар тўлдирилаётгани ҳам етарли.

Амалий иш бўлмаса, ҳаммаси бесамар!

Шаҳзод Қаҳрамон ўғли

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 7 =