Соат

Отамнинг дўстлари кўп эди. Дўстлар йиғилишиб қолишса бир-бирларига муносабати, ҳурмат-иззатини кузатиб, гурунгларига чин дилдан ҳавасим келарди. Мен ҳам катта бўлсам, албатта, отамга ўхшаб кўп дўстлар орттираман, деб ният қилардим. Дўстлар орасида чинакам дўстнинг ўрни алоҳида бўлишини кейинроқ тушундим.
Кузнинг охирги ойи, сўнгги кунлари. Кузги сабзавотларни йиғиб олиш пайти. Оиламиздаги ёшу кекса далада. Отам бизга тушлик тайёрлаб, хирмон тепасига олиб келди, у жуда пазанда, ҳар қандай таомга уста эди. Тайёрлаган овқатлари шу қадар мазали ва ёқимли бўлардики, еган саринг егинг келарди. Бир куни: “Ота нима овқат пиширяпсиз”, десам, “Грузинча чихахбли”, деди. Шунақа ҳам овқат бўларканми, деб ажабландим. Ўзимизнинг оддий карам ва озроқ картошкани ёғда қизартириб қовуриб лаганга сузди ва “Мана сизларга чихахбли” деди. Шунақа мазали чиққандики, асти қўяверасиз.
Хуллас, ўша куни тушлик далада бўлди. Энди дастурхон атрофига ўтирган эдик, “Ошмисан-ош бўлди, олинглар” деди отам. Бир пайт қўшнимиз ҳаллослаб келиб қолди: “Ғафур амаки, дўстингиз Обидхон ака оламдан ўтибди, асрга жаноза экан”, деди. Отам юзига фотиҳа тортди, кўзлари ёшга тўлди. Ҳаммамиз бир муддат қотиб қолдик.
— Тур, онаси, болалар амаллаб туришар. Бормасак бўлмайди. Отамнинг юзидаги ғамгинликни ифодалаш қийин.
Отам эллик ёшни қаршилади. Қариндош, қўшни, қудалар, дўстлари қўйинг-чи ҳаммага дастурхон ёзилди. Элга ош берилди. Кечга томон дўстларига алоҳида зиёфат уюштирилди. Уйимиз совғаларга тўлиб кетди. Кимдир чинни буюм, кимдир гилам, яна биров тўн кўтариб келган, хуллас, ҳамманинг кайфияти байрамона. Обидхон ака доира шаклидаги соат совға қилди. Соатнинг ойнасида чиройли ҳарфларда: “Дўстим Ғафуржон! 50 ёшинг муборак бўлсин! Сенга оилавий тинчлик, соғлик ва бахт тилайман. Дўстинг Обидхондан!” деб битилган. Соатнинг миллари юриб турарди. Отам совғалар орасидан соатни алоҳида эъзозлаб сақладилар.
Орадан йиллар ўтди. Бир куни онам: “Обидхон ака сизга совға қилган соат бор-ку, ўша тўхтаб қолибди”, деди. Отам “ялт” этиб соатга қаради. Кейин соатни қўлларига олди. “Салкам ўн йил давомида бирор маротаба батареяси алмашмади-я, дўстимни энди йўқотдим”, деди ва кўзларидаги ёшни яшира олмади.
* * *
Оилада саккиз фарзандмиз. Беш қиз, уч ўғил. Отамнинг айтишича етти ёшларидан савдода иш бошлаб, рўзғорга кўмаклашган экан. Шу сабаб ўқишдан анча йироқда бўлган. Шунинг учун фарзандлари ҳаммаси ўқимишли бўлишини ният қилган. Зиёли, ўқимишли инсонларни кўрганида фарзандларим ҳам шулардай бўлсайди, деб ҳавас билан қараган. Ниятлари рўёбга чиқди. Ҳаммамизни ўқитди. Биримиз ҳамшира, биримиз ҳисобчи, биримиз ўқитувчи, яна биримиз миришкор бўлдик.
Маҳалламизда Собидхон исмли илмли инсон бўларди. Бир куни отамни йўқлаб келди. Остонада беш-ўн дақиқа суҳбат қуришди. Онам дарров: “Нима гап экан тинчликми”, деди. “Эртага докторлик ҳимояси экан, шунга маҳалладаги яқинларимни айтиб юрибман. Сиз ҳам боринг, деб чиқибди”, деди отам. Онам: “Сиз ўқимаган бўлсангиз, нима қиласиз уларнинг орасида”, деди ва ўз юмуши билан кетди. Хуллас, отам эртаси куни ҳимоя тадбирига йўл олди.
Собидхон ака билимли инсон эди. “Компьютер” деган тушунча энди-энди юртимизга кириб келаётган пайтлар. Унинг докторлик иши мавзуси компьютер асосида ўзбек тилини ўқитиш тизимини йўлга қўйиш асослари ҳақида экан.
Отам кечга томон бир дунё таассуротлар билан уйга кириб келди. Ўқимишли инсонларга ихлоси баландлигидан ҳимоядаги воқеаларни шундай ҳаяжон билан таърифлаб бердики, ўзимизни гўё оиламиз билан ўша ерда бўлгандек ҳис қилдик. Айниқса, бир воқеани алоҳида ҳаяжон билан сўзлади:
— Собидхон бир ўзи тик турибди. Олдида бир уюм қоғоз. Савол устига савол. Ҳар бирига босиқлик билан жавоб беряпти. Салкам тўрт соат давомида уни саволларга кўмиб ташлашди. Пешонасида маржон-маржон тер. Юракларим сиқилиб кетди. Шартта ўрнимдан турдим-да: “Бу мени қўшним, укам бўлади. Савол бериб чарчамадингларми? Бир ўзига шунча саволми? Бўлди-е. Ҳамма нарсанинг чегараси бўлади-да”, деб ўрнимдан туриб кетдим. Бирдан ғала-ғовур бўлиб кетди. Шунда чиройли кийинган, галстуклари ўзига ярашиб турган одам ўрнидан туриб қарсак чалиб юборди. Унга бошқалар ҳам қўшилиб, Собидхонни бирма-бир бағриларига босишга ошиқдилар. Сўнгра менинг ҳам қўлимни сиқиб олқишлашди. Хуллас, ҳимоя зўр ўтди.
Отамнинг қўлида кичкинагина тўрт бурчак оқ рангдаги соат бор эди. Менга яқинроқ келди-да: “Мана бу сенга. Бунинг қўнғироғи ҳам бор экан. Собидхонга ўхшаган олим бўл”, деди.
Орадан анча вақт ўтди. Соат узоқ йиллар хизмат қилди. Киши кўзини қамаштирадиган соат турларини жуда кўп учратганман. Лекин ўша соатнинг ўрни бўлак. Бу соат йиллар ўтгани сайин илк бор қўлимга олган вақтимдаги хотираларимни қайта жонлантиргандек бўлади.
* * *
Бир куни аёлим ота уйига боришга изн сўради. Қаршилик қилмадим. Кексаларни йўқлаш савоб. Айниқса, онани. Аёлим фарзандларнинг каттаси.
Эсимда: эртага тўй деб турганимизда қайнотамнинг юрак хуружидан вафот этгани ҳақидаги хабар ҳаммамизни эсанкиратиб қўйди. Қайнотам жуда олижаноб, қўли очиқ, кўпчиликка яхшилик қилган инсон эди. Ҳайдовчилик касби юзасидан кўплаб шаҳарларда бўлган.
Бир сафар Москва шаҳрида бўлганида ой шаклидаги катта осма соат олиб келган экан. Соат жуда ҳам антиқа. Ўшанда қайнотам аёлимга: “Сени турмушга берсам шу соатни сенинг сепингга қўшаман”, деб айтган экан.
Кечга томон аёлим қўлида бир тугун билан уйга келди.
— Нима кўтариб юрибсан, — дедим қўлидагига ишора қилиб.
— Соат, — деди кўзларига ёш олиб.
— Шу керакми сенга? Ҳозир бундан зўрлари чиқиб кетган. Бу урфдан қолган бўлса.
— Бу отамдан ёдгорлик. Тўғри, бироз таъмирталаб. Аммо ишлайди. Чунки отам менга ҳадя қилмоқчи бўлган эди. Афсус, армонда кетди.
Соатни соатсозга кўрсатдик. Бинойидек ишлаяпти.
Гоҳида ўйлаб қоламан, кимларгадир арзимагандек туюлган нарсалар бошқалар учун бир умрлик йўлдош энг қадрли буюм бўлиб қолар экан. Буни ҳар ким ўзича тушунади ва талқин қилади.
Асрор СУЛАЙМОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси