“Журналистика — югуриб бораётган адабиёт”

Мана, 15   йилдирки, “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлови ижод аҳли орасида ўз иқтидори, давр силсиласига ҳозиржавоблиги, ўз касбига масъулият билан ёндашадиган, ўзига талабчан журналистларга юксак рағбат — мукофотларни тақдим этиб келяпти. Хўш, ўтган давр мобайнида мукофот соҳиблари фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлди? Рағбат сабаб янада юқори ютуқларга эришдиларми? Қуйида ўтган йиллар давомида “Олтин қалам” мукофотини қўлга киритган айрим юртдошларимизга юзландик.

 

Гулназ НУРБЕКОВА, 2011 йилда “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиби, Қорақалпо­ғистон Республикаси Телерадиокомпанияси режалаштириш ва эфирга узатиш бўлими бош­лиғи:

— “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлови бизнинг соҳадаги энг катта эътироф. Шубҳасиз, ғолибликни қўлга киритган ҳар бир журналист янада илҳомланиб ижод қилади. Ўзимдан қиёс, танловда биринчи ўрин соҳиби бўлишим кейинги фаолиятим давомида катта ютуқларга эришишимга асос бўлди.

Масалан, кейинги фаолиятимга масъулият билан киришганим боис 2011 йил МТРК совриндори, 2016 йил “Шуҳрат” медали соҳиби, 2017 йил Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Академияси қошидаги истиқболли кадрларни тайёрлаш институти тингловчиси бўлдим.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий телерадиоканалида қорақалпоқ тилида тайёрланадиган “Маурит” эшиттиришининг муаллифи бўлишим ҳам айнан “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловида ғолиб бўлганимдан сўнг менга ишониб топширилган.

Ҳар йили меҳнати, истеъдоди ва фидойилиги эвазига шу мукофотга сазовор бўлган ҳамкасбларимизни кўриб яна бир бор ижод аҳлига берилган катта ишонч ва эҳтиромдан хурсанд бўламан.

Муродбек AТАЖАНОВ, 2018 йилда “Олтин қалам” XIII Миллий мукофоти учун халқаро танловининг телевидение йўналиши совриндори (Хоразм):

— “Олтин қалам” мен каби ёш журналист учун энг катта рағбат ва энг юксак эътибор эди. Бу мукофот изланишга, янада фаол бўлишга, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ободлик ва бунёдкорлик, айниқса, халқимиз онгидаги ўзгаришлар ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрлашга ундаган.

Радио ва телевидение юзлаб, балки минг­лаб журналист ва сухандонларни, муҳаррирларни кашф этди. Миллионлаб тайёрланган материаллар дунё юзини кўрди ва бу касб эгалари халқимиз қалбидан муносиб ўрин эгаллади. Охирги йилларда Ўзбекистонда ОAВ вакиллари учун очилган эшик ҳар бир журналистни янгича имиж билан ишлашга ундамоқда. Aна шундай даврда чин дилдан меҳнат қилган ҳар бир қалам аҳли “Олтин қалам”га лойиқ, деб ўйлайман.

Мастура ҲАМРОЕВА, 2016 йилги “Олтин қалам” XI Миллий мукофоти учун халқаро танлови совриндори:

— Кечадагидек эсимда, кўп иккиланишлар билан “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловига ҳужжат жўнатдим. Бу жуда катта танловлиги боис ғолибликни умуман кутмагандим. Аммо апрель охирларида ишга келганимда устозим Норқувват ака хушхабар билан мени қарши олди. Танловда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан эълон қилинган “Энг яхши ёшлар интернет сайти” номинациясида ғолиб бўлибман. Ўша кезлари туйган ҳаёжонни ҳозир сўз билан ифодалай олмайман. Зеро, бутун республика миқёсида муаллифлигимдаги MASTURA.UZ блог сайтим ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди.

Бу ютуқлар мени доим янада олдинга қадам ташлашга ундайди. Келгусидаги ниятим ушбу мукофотнинг асосий   интернет журналистикаси йўналиши бўйича ҳам ғолиб бўлиб, устозларим ишончини оқлаш.

Нилуфар УТАГАНОВА, 2018 йилги “Олтин қалам” XIII Миллий мукофоти учун халқаро танловининг махсус номинацияси ғолиби:

— Аввало, жамиятимизда журналистнинг сўзи салоҳияти ҳамда фаолият салмоғининг ортиб бораётганидан мамнунман. Қалам аҳлининг тезкор жараёнда ҳаётга ҳамнафас, ҳамқадам бўлиб, ўз айтар сўзи, холис ёндашуви ва адолатли муносабати намоён бўлмокда. Демак, бу йил ҳам “Олтин қалам” ўз эгаларини адашмай топади. Бунга ишончим комил!

Буюк немис адиби Гётенинг: “Журналистика бу — югуриб бораётган адабиётдир”, деган сўзлари айнан журналистлар учун топиб айтилган деб ўйлайман.

Негаки журналист — бугуннинг нафаси билан яшаб, жамиятнинг энг илғор вакилига айланиши, эришилган ютуқлардан кўз юммай, камчиликларни ҳам баралла айта олиши керак. Бу масъулиятни зиммасига олган журналист ўз вазифасини бажарган бўлади.

Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Одамлар ислоҳотлар самарасини, давр ўзгаришларини эртага эмас, бугун кўриши керак”. Шундай экан, бунда қалам аҳли асосий воситачи бўлиши даркор.

Носир ЭРКАБОЕВ ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 4 =