Экспресс тест ва чўнтакларимиз…

(Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

махсус комиссия аъзолари эътиборига!)

 

Яқинда қўшни Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан сим қоқиб, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг 80 йиллигини бу ерда ҳам нишонлаш мақсадлари борлигини  айтиб, бизни таклиф этишди. Бир гуруҳ ижодкорлар бажонидил рози бўлдик ва сафарга чиқдик. “Дўстлик” чегара пунктига етиб борганимизда кун асрга яқинлашиб қолган эди.

— Кечанинг бошланишига яна бир соат вақт бор, улгурамиз,   — деди гуруҳбошимиз, саксон тўрт ёшли таниқли режиссёр. Ва бизни  қадимий Ўш томон етак­лади…

Чегаранинг биринчи дарвозасига етганимизда аскарлар тўхтатиб, ҳужжатларимизни сўрашди. Барчамиз паспортларимизни чиқардик. Шу пайт аскар бола гуруҳбошимизга қараб:

— Сиз четроққа ўтиб туринг, — деган сўзларини эшитиб қолдим…

— Бу қонун қачон чиқди? – сўради йўловчилардан бири.

— Қонунмас, Вазирлар Маҳкамасининг қарори, — деди аскар савол берган йўловчига. – Бу жойдан ўтиб, Қирғизистон дарвозасига яқин борсангиз, чап томонда лаборатория бор. Ўша жойда коронавирусга тест топшириб, кейин ўтасиз…

 

Келинг, биз чегарадан эмас, мақсадга ўтақолайлик. Бугунги кунда тож­дор вируснинг мамлакатимизга кирмаслиги ва тарқалмаслиги учун давлатимиз томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу борада ҳукуматимизнинг қатор қарорлари, йиғилиш баённомалари мавжуд. Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Рес­публика махсус комиссиясининг 60-сонли йиғилиш баёни, шу комиссиянинг 65-сонли ва 55-сонли йиғилиш баённомалари шулар жумласидан. Уларда мамлакатга коронавируснинг кириши ва тарқалиши олдини олиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб қўйилган. Жумладан, махсус комиссиянинг 2021 йил, 25 январда бўлиб ўтган 60-сонли йиғилиш баённомасида шуларни ўқиймиз: “Ўзбекистонга кириб келувчи шахсларга арзон ва сифатли коронавирусга антиген экспресс тест текширувларини ташкил этиш мақсадида ўн кун муддатда танлов асосида, жамоатчиликка эълон қилган ҳолда лабораторияларни қайта жалб этиш чораларини кўрсин; … кўрсатиладиган хизматлар нархлари арзон ва сифатли бўлиши таъминлансин”. Махсус комиссиянинг 2021 йилнинг март ойида деб кўрсатилиб, аммо ўтказилган куни ёзилмаган 65-баённомасида эса шундай дейилади: “1. Рес­публика махсус комиссиясининг 2020 йил, 18 декабрдаги 55-сон баёни 11-банди билан жорий этилган Ўзбекистон Республикасига ҳаво, темирйўл транспорти ҳамда чегара пунктлари орқали ташриф буюраётган барча шахслардан ўз ҳисобидан аэропорт, темирйўл вокзали ёхуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекцияси антигенини аниқлаш экспресс тест олиш тартиби жорий йилнинг 15 мартидан бекор қилинсин…

…автойўл чегара ўтказиш пункт­лари орқали Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар томонидан сўнг­­ги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига ПЗР (полимера занжирли реакция) орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деган маълумотнома тақдим этилганда ёки ПЗР натижаси бўлмаган ҳолларда чегара ўтказиш пунктларида фаолият юритадиган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекис­тон Республикаси ҳудудига киритилади”.

Кўриб турибсизки, давлатимиз мамлакатга коронавирус кириб келиши ва тарқалиши эҳтимолини ҳар жиҳатдан олдини олмоқда. Шуни ҳам айтиш керакки, бу эҳтимолий чора харажатлари бир қисми нафақат Ўзбе­кистонга кираётган чет эл фуқаролари, шунингдек, чет давлатларга чиқаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳисобидан ҳам амалга оширилмоқда. Бу —   “маблағингиз бўлса, четга чиқинг, акс ҳолда уйда ўтиринг”, деганидир. Аммо инсоннинг бошида ҳар хил ташвиш, кўзда тутилмаган юмушлар, ўзаро борди-келдилар, ўлим-итим, тўй-тўркинлар борки, ҳамиша ҳам “уйда ўтириш”нинг иложи бўлмай қолади. Эгнидаги тўнини сотиб бўлса ҳам чегарадаги экспресс тест текширувидан ўтишга мажбур. Ёки бўлмасам, “Эссиз, чўнтагим кўтармас экан”, дея чегарадан ортига қайтиб кетади.

— Э, ака, шу тестга тўлайдиган пулга Тошкентга бориб, қайтаман, — дейди чегарадан ортига қайтиб кетаётган бир йигит йиғлагудек бўлиб.

— Акам касалхонада бетоб бўлиб ётибди. “Дўстлик”дан ўтмоқчи бўлган эдим, тестнинг нархи 150 минг сўм экан, “Маданият”да эса 140 мингдан оляпти. Чегарага кираверишда эса айрим “воситачи”лар 100 минг сўмга қилдириб берамиз, деб туришибди. Қайси бирларининг “тести” ҳақиқий билмайман. Амалдор бўлсам экан, тадбиркор бўлсам экан, шунча пул киссамнинг бир чеккасидан чиқиб кетса, билинмайди. Аммо мен оддий мардикорман. Ҳар куни эрталаб Тошкентнинг турли жойларидаги мардикор бозорларида иш қидираман. 20 минг, 30 минг, ана боринг 50 минг сўм десин, 140 минг сўм менга ўхшаган мардикоргагина эмас, бошқаларга ҳам оғирлик қилади.

Мардикор йигит билан суҳбатимиз устига бир оқсоқол келиб қолди.

— Қирғиз чегарасидан ўтарканман, “тест” деганлари ҳақида сўрашмади ҳам. Бу ёққа ўтсам, анави ерга учрайсиз, деб қўлбола лабораторияни кўрсатишди. Андижонга, невараларимни кўргани боряпман. Уларга бир-икки кило гўшт оламан, деган пулимни шу “лаборатория”га ташлаб чиқяпман. Шунча пуллик тўлов давлат томонидан жорий қилинганми ёки… Ундай десам, муҳрига “FARM STANDART LUKS m.CH.J.”деб ёзиб қўйибди. Ҳа, айтиш­ларича, сафарим уч кундан ортиб кетса, яна шунча пул тўлаб, қайта тест топширар эканман. Акс ҳолда қирғизлар (ўзимнинг юртим) киритмайди… Буям пул. Тест топширсанг ҳам пул, топширмасанг ҳам пул. Мамлакатлар ўртасидаги алоқалар яхшилангунга қадар (у пайтлар тождор вирус йўқ эди) қирғизларга нақдини бермасангиз муҳр босмасди. Энди ўзбеклар “тест”га деб оляпти. Ёшлигимизда уйим­-жойим деб ҳеч қаерга чиқмаган эдик. Энди нафақага чиқиб, бир дунёни кўрайлик десак, бунақа тўловлар, касалликлар чиқиб турибди. Кондан бош­­қа жойни кўрмай ўлиб кетамиз, шекилли…

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида бугун юқоридаги каби эътирозларни ҳар қадамда эшитасиз. Бехос хаёлдан қарор баённомасида битилган: “…кўрсатиладиган хизматлар нархлари арзон ва сифатли бўлиши таъминлансин”, деган сўзлар ўтади. Ана шулар ҳақида ўйлаб тургандим,   бояги оқсоқол гапини улаб қолди.

— Ёдимда, ўтган йили куз ойларида Ўзбекистонга боришдан олдин коронавирусга тест топширганимизда, натижасини икки кундан сўнг олган эдик, — деди у кулимсираб. – Ҳозир эса   “Маданият” чегара ўтказиш пунктидаги лабораторияда ўтирган ёш аёллар (бошқа чегара пунктларида ҳам. Ё.Х.) “манфий” натижани икки минутга қолмай чиқариб беряпти. Қойил қолмасдан илож йўқ. Тождор вирус дегани фан-техникани шу даражада ривожлантириб юборибдики, атиги тўрт-беш ой ичида “манфий” натижа олиш нақд 48 соатдан 2 дақиқага тушибди…

Юқоридаги тушунмовчиликлар, агар тушунмовчилик деб ўйласак, оддий халқнинг сўзлари. Сирасини айт­ганда, бу ишларнинг тагига биз ҳам етолмадик. Биз ҳам тушунмадик. Балки, “чегара пунктларида экспресс тест олиш тартиби ва уларнинг арзон нархларда   бўлиши лозимлигини” хатга туширган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги махсус комиссия аъзолари изоҳлаб беришар?

Қолаверса, чегара постларида тест топшириш ўзи неча пул? Ва улар нима учун ҳар хил нархда? Бу ҳукумат қарори ва бугун сиёсат даражасидаги юмушлар экан, нега бу нарх-наволар бирон жойда очиқ-ойдин эълон қилинмайди?

Ҳа, айтганча, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг ижодига бағишланиб Ўш шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган кеча нима билан тугагани ҳақида айтиш сал бўлмаса, ёддан кўтарилибди. Ижодий кеча номаълум муддатга қолдирилди. Биринчидан, кечани ўтказишга масъул бўлган режиссёримиз чет элга чиқадиган паспортини расмийлаштирмаган экан (шу боис аскар бола уни йўлакдан бир четга чиқариб қўйган эди. Ё.Ҳ.). Табиийки, ижодий гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам Ўшга кирмай Тошкентга қайтишди… Албатта, уларнинг қайтиши ўз йўлига… Аммо “экспресс тест”нинг қимматлиги боис бир-бирларига етолмаётган икки мамлакат фуқароларининг борди-келдилари ҳақида эса ўйлаб кўриш керакка ўхшайди…

Ё.Хўжамбердиев,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + eight =