Тарихнинг оқармаган сочлари ёки уй-музей очишнинг муздай ташвишлари

  •   Музейлар тарихий сукутдами?
  •   Пушкин ҳалок бўлганида юришдан тўхтаган соат.
  •   40-50 йиллик бўшлиқ…ми?
  •   Музейлар электрон бўлса…(Худо сақласин!)

 

Қуйида музейлар — тарихимиз кўзгуси ҳақида мушоҳада юритилади. Чунки музейларда миллатнинг қиёфаси бор ҳолича акс этади. Биз уни ўзимизнинг хоҳишимизга монанд ўзгартира олмаймиз. Музейлар сабаб жуда олис замонларга саёҳат қиламиз, ўтмишга қайтамиз. Бугун газета ўқиш, кутубхонага кириш, театрга тушиш гўёки “эскирган”, урфдан қолган   бир замонда музейларимизнинг эшигида кимдир борми? Дунёнинг машҳур музейларидан экспонатларини ўғирлаш ҳалиям давом этаётган бир асрда Ўзбекистонда музейларнинг аҳволи руҳияси қандай? Улар ўзларининг тарихий сукутлари ичига чўкиб кетишмаганми?

Қуйида асосан уй-музейлар тўғрисида. “Уй-музей” номи одатда ёдгорлик функциясини назарда тутади. Типологик уй-музейлар фақат 1980 йилларда пайдо бўла бошлади. Россиядаги биринчи ёдгорлик уй-музейи 1726 йилда Нарвада (Луда уйи) Буюк Пётр хотирасига очилган.

1980 йилларнинг охирига келиб Россияда 130 дан ортиқ уй-музейлари бўлган. Музей уйлари хаёлий персонажлар музейлари тури ёки уларнинг прототиплари билан чамбарчас боғлиқ.

Россиядаги энг қадимий уй-музей – машҳур композитор, дирижёр, мусиқа танқидчиси П.И.Чайковскийнинг давлат уй-музейидир. Жаҳондаги илк музей эса эрамизгача 290 йилда Миср подшоси Александр Птолемей томонидан ўқув даргоҳи сифатида яратилган.

Россия-ку, майли, мамлакатимизда бу борада аҳвол қандай? Статистик маълумотларга кўра мамлакатимизда музейлар сони 100 та бўлиб, уларда 2065,7 экспонат ўрин олган. Ўтган йили музейларга саккиз юз мингга яқин томошабин ташриф буюрган, шулардан 3497,4 нафари ўқувчи ва талабалардир. Биз умумий музейлар ҳолати   эмас, балки уй-музейлар ҳақида мулоҳазамизни давом эттирамиз.

Ҳа, бутун дунёда бўлгани каби машҳур инсонларнинг, давлат арбоби, санъаткор ва ижодкорларнинг уй-музейлари Тошкентда ҳам фаолият юритади. Улар нимаси билан қизиқарли ёки давлат ва жамият аҳамиятига молик? Уй-музей очиш машҳурларнинг оила аъзолари учун имижми, буюк инсонлардан қолган буюм ва ашёларни асраб-авайлашми ёки келгуси авлод учун тарихий дарсхонами? Бу саволларга мамлакатимизда фаолият юритаётган музейлар жавоб бера оладими? Бугун   мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Анна Ахматова, Сергей Есенин, Сергей Бородин каби шоир ва ёзувчиларнинг, Мухтор Ашрафий, Тамарахоним, Ўрол Тансиқбоев, Йўлдош Охунбобоев каби тарихий шахсларнинг уй-музейлари бор. Дарвоқе, уларнинг асосий қисми ўтган асрнинг охирги чорагида очилган. Хўш, ундан кейин-чи, ўзбекдан буюклар чиқмадими? Ўтаётган даврга тарихий муҳр вазифасини ўтовчи музейлар нега барпо этилмаяпти? Ёки аср ўз буюк фарзандларини тан олмайдими? Орадаги янги 40-50 йил бўшлиқ палласими? Ўзининг ўзбек адабиёти ва маданиятига қўшган бемисл ҳиссаси билан улуғ кишилар сафида эъзоз­ланишга, ўрганилишга муштоқ ижодкору санъаткорларимизни номма-ном санаб ўтиш мумкин.

ХХ ва ХХI асрнинг машҳур шахсларидан Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Тоғай Мурод, Шукур Холмирзаев, Одил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддиновларнинг уй-музейлари очилса, ҳар бири асрлар учун мангу сабоқ бўлади. Ёки вилоятларда яшаб ҳассос ижод қилган ижодкорларимиз Матназар Абдулҳаким, Садриддин Салим Бухорий, Тилак Жўра, Ибройим Юсупов, Тоғай Мурод, Тўра Сулаймонларнинг қолган қўлёзмалари, китоблари, буюмлари фақат оила аъзолари учунгина қадрли мулк сифатида бир бурчакда қолиб кетмаслиги керак. Бир одамнинг ёки оиланинг мулки сифатида қаралган бойлик бир кун изсиз йўқолиши тайин. Зотан уларнинг ҳар бир ашёси   миллатнинг мулки, миллатнинг бойлигидир. Улар давлат томонидан муҳофаза қилиниши шарт.

Москвада таҳсил олган йилларимиз давомида жуда кўп уй-музейларига ташриф буюрганман. Улар орасида Пушкин, Лермонтов, Горький, Гоголь, Чехов, Есенин, Марина Цветаева, Лев Толстой, Кумуш аср музейлари бор. Эътиборимни тортгани бу музейлар ҳамиша гавжум, экспонатлар ўзига хос. Дейлик, Пушкин уй-музейидаги шоирнинг карта четларига ёзилган шеърлари ғаройиб бўлса, Кумуш аср музейининг символистик кўриниши, Футуристлар музейидаги Шеърият кечасига ташриф буюрганларга бир бокал пиво текин тарқатилиши эълон қилинган афишалар,   Есенин музейида эса экспонат сифатида сақланаётган Эркин Воҳидов таржимасидаги Сергей Есениннинг “Форс тароналари” китоби диққатимни тортган. Марина Цветаеванинг шинамгина уйи, унинг деворлари шеърий сатрларга тўлиб кетганлиги, шоира столи устидаги Наполеон ҳайкалчаси ҳайратга чоғлайверади. Бу эса бутун дунё сайёҳлари ва Россия аҳолисининг маънавий ибодатхонасига айланиб кетган.

Бугун бизда ҳам яшаган, яшаб ўтган шоирларимизнинг турмуш ўртоқлари   ёки фарзандлари ҳужжат кўтариб идорама-­идора сарсон юрганлиги ҳақида бот-бот эшитиб қоламан. Аслида буюк инсоннинг миллат учун улкан бир бойликни қолдириб кетгани камдек яқинлари ҳа уй-музей очиш ҳақидаги ташвиш билан елиб-югурса, идорама-идора саргардон бўлса… Ахир бу музей келажакдаги фақат ўша шоир ёки санъаткорнинг оила аъзолари учунгина асқатмайди-ку.

— Россияда, Киевда, Тбилисида бир-бирига асло ўхшамайдиган музейларни томоша қилганман, — дейди ёзувчи ва таржимаон Маъсума Аҳмедова. – Айниқса, Санкт-Петербургда Пушкин уй-музейи ҳамиша кўз олдимда турибди. Александр Сергеевич оламдан ўтганида унинг соати ўша лаҳзаларда тўхтаган. Сақланаётган бир тола сочи ҳам диққатни тортади. Грузияда машҳур шоир, ёзувчи, таржимон ва сиёсатчи Чавчавадзе уй-музейининг ўзига хос қурилиши, қўрғоннинг муҳташам кўриниши билан ҳозиргина танишгандайман. Хотираларим эскирмаган. Достоевский уй-музейи ғаройиблиги билан эсимда қолган. Муҳими, улар бор, миллат бойлигининг тимсоли сифатида бутун дунёга хизмат қиляпти.

Бугун Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг асарлари жуда кўп тилларга таржима қилинмоқда. Агар кун келиб бош­­қа мамлакатлардан сайёҳлар келса, ёзувчининг мухлислари унинг музейини кўришни истаса, нимани кўрсатишимиз мумкин деб ўйлайман. Музейлар халққа тарихдан гапирувчи энг билимдон, энг доно нотиқ вазифасини ўтайди.

Ҳа, бу музейлар очилишини фақат шоир-ёзувчига дахли бўлганлар эмас, унинг асарларини билган ҳар бир ўқувчи истайди. Бироқ музейлар ҳанузгача очилмаяпти. Ёки шоир Тилак Жўрани ҳаммамиз яхши биламиз. У 1947 йилда Қоракўл туманининг Сайёд қишлоғида таваллуд топган. Шоир атиги 47 йил – қисқа умр кўрган бўлса ҳам, унинг шеърий китоблари, таржималари, илмий мақолалари ўзбек адабиётининг бўлинмас хазинасига айланиб улгурган. Тилак Жўра телеграм каналидаги маълумотларга асосланадиган бўлсак, Қоракўл туманида жами 52 та умумтаълим мактаби фаолият юритиб, уларнинг ўндан ортиғи ўз ўқувчилари билан Тилак Жўранинг Сайёд қишлоғидаги уйига ташриф буюришган, шоирнинг уйи, буюмлари, ашёлари, кутубхонаси ҳақида маълумотга эга бўлишган. Ўқувчилар бориб кўрган уй аслида музей тариқасида фаолият олиб борса ҳамма учун рағбатланарли эмасми?! Унинг уй-музейини очиш учун кимдан ёки қаердан буйруқ кутиш лозим?

Музейлар – тарихнинг оқарган сочларидир, деган эди улуғлардан бири. Бунга қўшимча “Музейлар тарихнинг оқармаган сочи” дейиш ҳам мумкин. Уларда миллатнинг тарошланмаган деворлари, гард юқмаган қалби, озорланмаган ашёлари ва мангу тирик хотираси яшайди. Улар табиий бойлигимиз монанд хазинамиз. Чунончи, тарихий ҳужжатларнинг энг табиийси музейлардир. Биз бугун электрон аср қаршисидаги бир авлодни тарбия қилаяпмиз. Тунов куни ўқиб қолдим. Унда кимлардир ҳатто китоб, газета-журналлар сингари музейларни ҳам электрон шаклга ўтказишни таклиф қилишмоқда. Негадир юрагим бир қалқиб кетди. Худо сақласин! Ахир, янги тарихимиз электрон кўринишда давом этса, бутун тараққиёт инсон қалби, тафаккурига эмас, битта тугмага дохил бўлиб қолишини унутмайлик! Эртага битта тугмача орқали завол топиши мумкин бўлган электрон музейларга кунимиз қолмасин! (Ёқангизга туфлаб қўйинг) Инчунун, уй-музей қилишнинг ташвиш ва машаққатлари муздеккина бўлса ҳам унга бугун эришайлик!

Гўзал БЕГИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 3 =