Шудгордаги қуйруқ ёхуд маънавий жиноят илдизлари қаерда?

Бугунги воқелигимизнинг шиддатли оқими ҳар қандай ҳозиржавоб, тезкор мухбирни ҳам шошириб қўяётгани сир эмас. Шунга қарамай, ахборот майдонида “жавлон ураётган” айрим журналистларнинг қўл учидагина ёзаётган, минг бор узрку-я, тузсиз, нурсиз, самарасиз, “хўжакўрсин” мақолаларини ўқиб (очиғи ўқиб бўлмайди, бирров кўз югуртирсангда. М.П.) асабинг қақшайди. Чунки, уларнинг газетадан газетага “кўчиб” юрган сарлавҳаларини кўрибоқ, ўқишга бўлган иштиёқ йўқолади.

Атоқли Доғистон шоири Расул Ҳамзатов таъбирича: “Менга мавзу эмас, кўз беринг!”, дейдиган пайт келмадимикан?! Ўзбекистонда бугунгидай эврилишлар, улуғвор қурилишлар, одамларнинг кайфиятидаги ўзгаришлар қачон, қайси даврда бўлган? Журналист ҳаётнинг энг қайноқ жабҳаларида бўлиши, ислоҳотларни янада жадаллаштирилишида кўмакчи, “тишли-тирноқ”ли мақолалар ёзиши, энг муҳими, халқ дардини, муаммосини кўтариб чиқиб, амалий натижага эришиш йўлида ҳаракат қилмоғи керак. Шундай журналисти бор матбуот воситасинигина халқ ўқийди, ҳурмат қилади.

Яхши нарсалар ёзиб, эл оғзига тушишни ният қилган матбуот ходими қилни қирқ ёришни биладиган, мантиқий фикрлашга одатланган, қаламга олаётган соҳани атрофлича ўрганган бўлса, бу — катта ютуқ.

Афсуски, бизда ҳамон ахборот етказишнинг алмисоқдан қолган усуллари зўр бериб қўлланилаверади. Таҳлил қолиб, таърифу тавсифга, натижа, самара қолиб, юзаки сон кўрсаткичларига урғу бераверамиз.

Келинг, шу ўринда кичик бир мисол. Айтайлик, бир фермер хўжалиги ёки деҳқончилик кластери шартнома режасини икки ҳисса бажарди. Бу албатта, матбуотда чиқишга лойиқ кўрсаткич. Лекин ўша фермер ёки кластер режани икки ҳисса бажариш учун икки ҳисса кўп сарф-харажат қилган бўлса-чи? Уруғлик, ёқилғи-мойлаш материаллари, техника ишлатиш ва бошқа кўрсаткичлар бўйича давлатга, банкка катта миқдорда қарздор бўлиб қолган бўлса-чи? Энди ўзингиз айтинг, зарар ҳисобига шартномасини икки ҳисса бажараётган жамоани ибрат қилиб ахборот майдонига чиқариш тўғри бўладими?

Ҳозирги пайтда “босма ахборот воситалари керакми ўзи?” — деган фикр ҳатто айрим журналистлар орасида ҳам “болалаб” кетди. Бу саволга жавоб битта: керак! Газета-журналлар шак-шубҳасиз давр йилномасини яратаётган, улуғ мақсадлар йўлида бел боғлаган халққа маънавий мададкор бўлаётган, камчиликларни ўз вақтида очиб бераётган қудрат манбаи. Улар барча ҳокимият тузилмалари йўлидаги ҳақиқат ва адолат маёғи бўлмоғи зарур. Демак, шундай қутлуғ даргоҳда ишлайдиган биз, журналистлар ҳозирги мавқеимизни яна ўн чандон юқори кўтаришимиз, янги даврга, янги воқеликларга мос ишлашимиз, халқимизга давр нафасини етказишда ҳозиржавоб бўлишимиз шарт.

Аммо… нима дейсиз, бунинг учун матбуотимизни, аввало, бир элакдан ўтказадиган, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратадиган давр келмадими? Қайсики ўзида саводдан асар ҳам йўқ бир шоввоз (таассуфки, улар бир эмас бугун ўнлаб, балки юзлабдир. М.П.) қандайдир МЧЖ ташкил қилиб, унинг қошида турли номдаги газета-журналлар очиб (қаранг-а, бундайларга лицензия олиш ҳам “шест секунд”), турли ташкилоту корхоналарга, асосан, бюджет ташкилотлари (халқ таълими, соғлиқни сақлаш бўлимлари ва ҳоказо)га от суриб, улардаги айрим таъмагир одамларни топиб, хуфиёна келишувлар қилиб, “чўтали”ни бериб, юз миллионлаб, ҳатто миллиардлаб маблағни ҳеч ким ўқимайдиган, тўғрироғи ўқиб бўлмайдиган номи “газета” ёки “журнал” деб аталадиган сариқ чақага арзимас ойда бир-икки бор нашр этиладиган ва ғирт саводсизларча чоп қилинадиган матоҳларга обуна ташкил қилиб, ксеронусха — матоҳларни пачкалаб бюджет ташкилотларига олиб бориб ташламоқда. Бу макулатурадан фарқи йўқ “нашр”лар эса ана шу ташкилотларда талай вақт чанг босиб ётади ва борадиган, ярайдиган жойи… яна қайта ишлаш корхоналари бўлади. Бунинг отини эса бизнес деб қўйибди! Агар ростини айтсак, бу бизнес ҳам эмас, аслида маънавий жиноятдир! Чунки бундай олғирларнинг мақсади халққа маънавият, ахборот улашиш эмас, аксинча биринчи навбатда пул йиғиш, нима қилиб бўлса-да, мўмай даромад орттиришдан иборатдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йили юртимиз зиёлилари билан учрашувларида “Матбуотнинг ҳеч қачон бизнес воситаси бўлишига йўл қўйилмайди”, деган эди.

Бугун минг афсуски, савдогар, маълумотининг тайини йўқ қатор МЧЖчилар аллақачон матбуотни ҳам бизнес воситасига айлантириб улгуришди! “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур”, деганларидек, ҳа, уларга матбуот эмас, пул керак.

Хўш, бундайлар билан ким шуғулланади? Ким назорат қилади ва қачон тегишли чора кўрилади? Ўйлаймизки, бундай кўзбўямачилик ва бетамизликнинг олдини олмоқ керак. Матбуотнинг обрўси борган сари ер билан битта бўлиб бораётганининг асосий сабабларидан бири шундадир. Мана нима учун ташкилот ва корхоналар, муассасалар обуна деса зор қақшайдиган, афтини буруштирадиган бўлиб қолишган! Демак, биринчи галда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг жойлардаги бошқармалари бўлган-бўлмаган МЧЖларга газета-журнал очиб беришни тўхтатиши лозим. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги керак, албатта. Бироқ дунёнинг ҳеч бир мамлакатида газета-журнал очиб олиш бизнинг юртдагидек ўйинчоқ бўлмаса керак. Бу кетишда эшакбозорнинг ҳам “газет”и бўлмаслигига кафолат қолмади!

Мунаввар ПАРДАЕВ.

Гулистон шаҳри

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − one =