“Бир бор экан, бир йўқ экан…” ёхуд болаларимиз учун сифатли китоблар ҳам эртак бўлиб қолмасин

— Бу меники, тегма! — дея Зиёдахон укасининг қўлидан китобни олиб қўйди.

— Менгаям опамникига ўхшаган китоб беринглар, — деди укаси Ойбекнинг усти силлиқ, юмшоқ муқовали “Болалик” қиссасини кўрсатиб.

Бундай ҳолат сизга ҳам бегона бўлмаса керак.

Карантинда зерикиб қолмаслиги учун жиянларимни мутолаага жалб қилдим. Китоб жавонимни обдан титкилаганимда, Алишер Навоийнинг “Хамса”сини топ­дим. Карантин чоралари кучайтирилган бир пайтда ундан-бундан суриштириб, ўнтача китоб топдик. Муқоваси ўта юпқа, варақлари ҳам хира, кўзни чарчатадиган бўлгани учун, табиийки, болаларнинг эътиборини тортмасди. Жияним чиндан зериккан эканми, китоблардан бирини олиб, овоз чиқариб ўқий бошлади. Жимгина қулоқ тутсам, жуда ҳам ажойиб эртак. Қувонарлиси якунида буюк алломаларимиз асарларидан, ўгитларидан иқтибослар келтирилган эди.

Китобларнинг сифатсизлигига, эҳтимол, нашриётларимизнинг иқтисодий муаммолари, балки, аҳоли харид қобилиятининг пастлиги сабабдир. Аммо бизнингча, яхши асар учун қилинган ҳар қанча харажат фойдали. Хўш, бу борада юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари қандай?

Маҳфуза Имомова, шоира: — Болалар нашрларининг сифати ва савия­сидан кўнглим тўлади, деб айтолмайман. Тўғри, ҳозир бизда болаларни қизиқтирувчи энцик­лопедиялар, телефонга уланган программалар асосида расмлар ва товушлар ўрнатилган ёки кўргазмали шакл­даги китоб­лар бор. Лекин буларнинг аксарияти рус ё инглиз тилидан таржима эртаклардан иборат. Бироқ бу жуда кам, болажонлар учун етарли эмас. Улар янада яхши асарларга муносиб. Бизнинг “Академнашр” нашриётимиз болалар учун энг сара асарлар чоп этишга эътибор қаратади. Асосий эътибор китобнинг дизайни, сифати ва савияга қаратилади. Шунинг­дек, иқтисодий имкониятдан келиб чиқиб, ҳар хил қоғоз танлаймиз. Тиниқ расмли китоблар бироз қиммат. Қоғоз нархи қиммат, нашриётлар 15 фоиз қўшилган қиймат солиғи ҳам тўлайди. Шунинг учун ноширлар арзон йўлни танлайди. Табиийки, кўпчилик учун ҳамёнбоп бўлгани маъқул.

Умсиной Ҳусанбоева, шифокор: — Биз фарзандларимизни ўзимиз эриша олмаган орзуларга етишишини, яхшироқ шароитларда яшашини истаймиз. Илмли, маърифатли бўлсин, дея турли ки­тоблар олиб берамиз. Баъзан савиясига қараб танласак, сифатини кўздан қочирамиз. Айрим ҳолларда эса кўринишига кўпроқ эътибор берамиз. Мен шифокор бўлганим учун, асосан, ҳарфларнинг жойлашуви, шрифтига, суратларининг сифатига аҳамият қаратаман. Қоғозлари хира, сифатсиз ки­тоблар болаларда турли кўз касалликлари қаторида гижжа ва ошқозон-ичак, ҳамда аллергик хасталикларига олиб келади. Болалар ривожланиши ортда қолади, хотираси сусайиб, уйқуси нотинч бўлади.

Яқинда “Бўғирсоқ” номли эртак китоб сотиб олдим. Расмлари сифатли, бироқ нархи қимматроқ. Фарзандларимизнинг саломатлиги учун, албатта, хасислик қилмаймиз. Фақат харид қилган китобимизнинг “усти ялтироқ, ичи қалтироқ” бўлмасин.

Шифокор сифатида болаларга китоб танлашда қуйидагиларга амал қилишни тавсия этаман: ҳаддан ташқари катта китобларни танламаслик керак. Бола уларни варақлашга ва ўқишга қийналади. Кичик китобчалар эса гўдакнинг кўриш қобилиятини ёмонлаштиради. Ота-она аксарият ёзувнинг ҳажмига эътибор қаратмайди, чунки бу китобни болага ўзлари ўқиб беради, лекин болалар ниҳоятда қизиқувчан. Улар китобни кўздан кечиришади, нафақат расмларига, балки матнига ҳам эътибор беришади, ўзига таниш ҳарфларни излашади. Шу боис матни катта-катта берилган, ҳарфлари аниқ кўриниб турган китобларни сотиб олиш мақсадга мувофиқ.

Гавҳар Рустамова, психолог: — Доим ҳам болаларим учун кўнгилдагидек китоб топа олмайман. Кўпинча   расмли, мазмундор асарларни қизиқиш билан қидираман. Ҳозир нашр этилаётган эр­такларда “севги”, “жанжаллашиш”, “ўлдириб қўйиш” каби воқеалар кўп учрамоқда. Биз фарзандимизни “Нега бунча жаҳлдор, қайсар, гапга кирмайдиган бўляпти?” — деб, айбни тарбиямиздан қидиряпмизу, буларни ҳисобга олмаяпмиз. 4 ёшли қизим “Зумрад ва Қиммат”, “Бўйноқ”, “Тўғривой ва Эгривой” каби миллий мультфильмларимиздан кўра “Маймоқ ва қизалоқ”, “Халк”, “Том ва Жерри” кабиларни яхши кўради. Билиб-билмай болалар руҳиятига жангари мультфильм, киноларни сингдириб қўяяпмиз, назаримда. Болаларимиз учун яратилаётган асарлар: эртак, шеър, қўшиқлар уларнинг маънавий ривожига хизмат қилсин. Кичкинтойларимизга аталган китоблар сифати уларнинг саломатлигига хавф солмасин. Ана шунда биз ота-оналар китоб сотиб олаётганда “Нархига арзийди”, дея мамнун бўламиз.

Дилноза Aҳмедова, уй бекаси: — Болаларимизни мутолаага қизиқтиришда эртакларнинг ўрни беқиёс. Мен кўпроқ китобнинг мазмунига эътибор қаратаман. Нархи ва қоғознинг сифати муҳим аҳамиятга эга эмас. Яқинда боламга “Олтин бешик” номли китобдан эртак ўқиб бердим. Афсус, баъзи жойларини ташлаб ўтишга, ўзгартиришга мажбур бўлдим. Ундаги бир эртакнинг мазмунида болани онасига нисбатан душман сифатида кўрсатадиган ўринлари бор. Мен фарзандларимни чиройли хулққа эга, билимли, дунёқараши кенг инсон бўлишини истайман. Бунинг учун, албатта, китоб ўқиб бериш ёки ўзларини мутолаага ўргатишни зарур, деб биламан. Китоб дўконларида эса танлов имкониятининг камлиги биз ота-оналарни қониқтирмайди. Дидимизга мос китоб аксарият ҳолларда анча қиммат. Миллий қаҳрамонларимиз акс этган эртаклар, фарзандларимиз соғлиғи учун хавф солмайдиган китоблар кўпайишини хоҳлайман.

Китобсизлик оқибатида миллат келажаги таназ­зулга учраши мумкин. Бу масалани эртага қўйиб бўлмайди. Мутолаа болани ақлий меҳнатга ўргатади, тасаввурини кенгайтиради. Экран томошаси унинг тасаввурини ўлдиради. Тайёр тасвир бола тасаввурини торайтириб, танбалликка етак­лайди. Фикрлаш у ёқда турсин, ўйлашдан ҳам йироқлаштиради.

Мадинабону Абдуллаева, ўқитувчи: — Бир ярим яшар қиз фарзандим бор. Турмуш ўртоғим карантин даврида масофадан туриб ишлагани учун қизим ҳали 7-8 ойлигиданоқ компьютер, китоб ва қоғозларга қизиқа бошлади. Шу каби муҳитда ўсаётган болалар 1 ёшга тўлганида   китобларга чинакам қизиқиш билдира бошлайди. Улар нафақат эртак тинг­лашни яхши кўришади, балки саҳифаларни варақлайди, расмлар томоша қилишади. Бир ёш атрофидаги болаларга катта ва ёрқин расмли ки­тоблар жуда мос келади. Болалар матнни тинглаш ва идрок этишни ўрганиши учун китоб содда ва тушунарли бўлгани маъқул.

Қизимга муқоваси қалин, сифатли, 1-3 ёшли болалар учун мўлжалланган, расмлари йирик ва ёрқин китоблар қидиришни бошладим. Маҳаллий нашриётлар томонидан чоп этилган китобларнинг нархи арзонлиги учун, аввало, уларга қизиқдим, аммо истаганимдек китоб топилмади. Муқоваси ва варақлари юпқа, расмлари йирик бўлса-да, фақатгина эртак сюжети тасвирланган китоблар бор, холос. 1-3 ёшли болалар учун деярли китоб йўқ. Охири Россияда нашр этилган китобларни олишимга тўғри келди.

Кўриб турганингиздек, бизда болалар учун мўлжалланган сифатли, қониқарли китоблар эртаклардаги каби “бир бор экан, бир йўқ экан-да…” — деб ўйлаб қолдим.

Шоҳиста ЮНУСАЛИЕВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + four =