Қарз юки қояга ҳам оғир ботади

Албатта, ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаё­тида, турмушида тўкинлик баробарида етишмовчилик бўлган кунлар ҳам туради. Айтиш мумкинки, баъзида одам оила эҳ­тиёжи сабаб кимдандир қарз олса, баъзида тезроқ бойиш илинжида тадбиркорлик қилиш мақсадида қарз кўтаради. Аммо…

 

— Биласизми, бундан икки йил олдин қўшнимга уч минг доллар пул бергандим, — дея гап бошлади танишим Саодат Ботирова. — У ўртага баравар сармоя ташлаб, тадбиркорлик қилишни маслаҳат берган эди. Аммо қўшни дугонам қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб кетди. Ҳеч қандай тадбиркорлик қилмадик. Орадан йиллар ўтаяпти, на берган пулимни ололаман, на тадбиркорлик ишимиз жо­йидан силжийди. Қачон сўрасам, эрта кел, индин топиб бераман, деб орқага суриб юрибди. Нима қилишга бошим қотган. Участка нозирига хабар берай десам, ҳар ҳолда қўшнимиз, бунинг устига дугонам, қадрдон эдик. Ҳозирча унга ҳам инсоф кириб қолар деб юрибман…

Бундай асаббузар воқеалар кейинги пайтларда жуда кўп. Аслида, қарз бериш ёки қарз олишнинг ўзига яраша масъулияти, жавобгарлиги бор. Бу ҳақда Ҳадиси Шарифларда пайғамбаримиз шундай деган: “Қарз олиб, қарз бериш ишини яхшилик билан бажарингиз. Агар тарафлардан бирини ранжитсангиз, хафа қилсангиз катта гуноҳ орттирган бўласиз!”. Шундай экан, қарз олиндими уни вақтида қайтариш ҳам лозим, аммо биз ўзлигимиздан, масъулиятлилигимиздан анча узоқлашдик…

Аммо С.Ботирова қарз деб пул бермаганди, балки иккаласи келишиб, ўртага пул ташлаб тадбиркорлик қилиб, бойлик орттирмоқчи эди. Афсус­ки, унинг ниятлари амалга ошмади. Бунинг ўрнига берган пулини ҳам қайтиб ололмаяпти экан.

Демак, бирор ишни бошлашдан аввал пухта иш кўрмоқ зарар қилмайди.

Баъзи ҳолатларда кимдир ўйламай-нетмай бирор танишидан катта миқдорда қарз олади. Лекин қайтариш муддати келганда маблағ тополмай, оқибатда турли жиноятларга қўл уради. Бу ҳақда ижтимоий тармоқлар ҳам турли хабарларга тўлиб кетган. Аммо атрофимизда бўлаётган воқеаларни, ҳодисаларни кўриб-билиб турсак-да, нимагадир яна қарз уммонига шўнғийверамиз.

Шу ўринда, уламолар: “Уч ҳолатда қарз олиш мумкин, яъни бахтсиз воқеа содир бўлса, кундалик эҳтиёжлари учун ёки оиладаги камчиликларни бартараф қилиш учун уйланиш ва турмушга чиқиш олди қариндошлар ё танишлардан ёрдам олиш, албатта, қайтариш шарти билан, зарарсиз”, дейишган.

Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, ке­йинги пайтларда чекка қишлоқлар ҳудудларида антиқа қарз олиш усули урчий бошлабди. Масалан, рўзғорга керак бўлган маҳсулотни ёки ўз эҳтиёжи учун егулик ёки ичимлик олгани дўконга борган одам сотувчига: “Ёзиб қўйинг, ойлик пулим тушса тўлайман”, деб насияга олиб кетишаверар экан. Аммо кўпинча ойлик маошини олганда қарзи эсидан чиқиб қолиб, қарз миллион сўмларга айланиб кетаркан.

Шу ўринда айтиш мумкинки, рўзғор тўрвасига келиб тушган оила бюджети маблағини тўғри тақсим қилиш ўта муҳим масала ҳисобланади. Борига қаноат қилиб, оз-оздан маблағ жамғариб борилса, қарз олишга эҳтиёж қолмайди.

Энг ачинарли ҳолатлардан яна бири, айрим инсонларнинг пул маблағига муҳтожлиги борлигини олдиндан билган айрим “топармон” одамларнинг “судхўрлик” билан шуғулланиши бўлиб қолмоқда. Улар фоизга пул бериб, мўмай даромад топишни одат қилиб олишган. Бунинг ёмон оқибати шундаки, эҳтиёжманд одам олган пулини вақтида қайтариб беролмаса, кун сайин қарз фоизи билан ошиб бораверади. Оқибатда қарз ботқоғидан чиқолмай қолаётган шахслар ҳам ҳаётда кам эмас.

— Ҳар бир инсон қарз олиши табиий ҳол. Бунинг салбий ёки ёмон томони йўқ, — дейди Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Тепа-Жоме” масжиди имом хатиби Акбарали Маматов. — Энг асосийси, қарзни ўз вақтида узиш шарт. Аслида уламолар агар иложи бўлса, қарз олмаган маъқул, дейишади. Агар олинса ҳам, белгиланган муддатда қайтариш шарт. Сабаби, агар қарзни узишнинг уддасидан чиқолмаса, қарз қиёматгача қолиб кетади. Бунинг учун Аллоҳнинг даргоҳида жавоб бериш бор, ана шуни ёддан чиқармасак бўлгани. Яна бир муҳим масала, ваъда қилиндими, у албатта, бажарилиши керак. Чунки ваъда лавҳул-маҳфузга ёзиб қўйилади. Унинг ҳам сўроғи бор.

Буни қарангки, айрим пайтларда бойиб қолган қўшнисига ёки қариндошига ҳасад қилиб, ундан атайлаб қарз олиш ҳолатлари ҳам учраб турар экан. Энг ачинарлиси, унинг молига кўз тикиб, алдов йўли билан бойлигини бир қисмини қўлга киритиб, мол-дунёсидан айириш мақсадида қарз олган баъзи кимсалар ҳақида расмий телеканалларда, ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалиб қолади. Бу аслида кечириб бўлмас катта гуноҳлардан бири.

Ваҳоланки, Пайғамбаримиз шундай деганлар: “Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига толафот етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига толафот етказади”.

Аслида, гуноҳнинг катта-кичиги бўлмайди д­е­йишади. Энг кичик ёмонлик ҳам гуноҳдир. Шундай экан, қарз олиб, уни қайтармаслик банданинг ўзига энг оғир юклардан бири бўлиб қолмасин.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =