Турмушнинг оғир мушти

Бутун бошли ўрмон ёниши учун кичик учқун ҳам етарли. Баъзан ҳаётда ҳам шундай фожиаларнинг гувоҳи бўламизки, сабабига қарасангиз — арзимас…

Ҳаммаси бошқача бошланганди. Абдуқаҳҳор Назирага кўнгил берди. Икки томоннинг розилиги билан тўй бўлди, Абдуҳаким ака яхши ниятлар билан қизини Абдуқаҳҳорга узатди.

Келин қайнонаси билан тезда тил топишиб, иноқлашиб кетди. Бир йил ўтиб Абдуқаҳҳор ва Назира ўғил фарзандли бўлдилар, исмини Рустам қўйишди. Бола билан келиннинг ташвиши кўпайиб қолди. Қайнонаси айтган ишларнинг бирига улгурса, бирига улгурмайдиган бўлди. Вақт ўтиб, Назира қайнонасининг танбеҳларига эътироз билдириб, юзига тик гапира бошлади. Бу эса табиийки, қайнонага ёқмасди. Бу ҳол бир бўлса, икки бўлса, майли эди. Уйдаги гап девор ошиб, қўни-қўшнилар қулоғигача етди. Айтишади-ку, “Ёмон гап етти маҳалла ошади”, деб. Ҳаёт йўли равондир, деб ким айтган. Турмушнинг паст-баланди, ўру қири бўлади…

Назира чидолмади. Отасига қўнғироқ қилди. Қайси ота боласини мушкул аҳволда ташлаб қўяркан? Қолаверса, “Ҳаётнинг яхши-ёмони, оқу қораси бор. Бу кунлар ҳам ўтади, сабр қилган муродига етади”, дегувчилар ҳам камайиб кетган. Худди кутиб тургандек, Назиранинг отаси ҳам келди-ю, қизини олиб кетди.

Орадан уч кун ўтди. Абдуқаҳҳор бу уч куннинг ҳар кунини бир йилдек ўтказди. Боласини соғинди, ёрини соғинди, чидаб туролмади. Қайнотасиникига келди, аёли ва фарзандисиз уйи ҳувиллаб қолганини, уларсиз яшолмаслигини Назиранинг ота-онасига тушунтирди.

Абдуҳаким ака кўп ўйлади, узоқ ўйлади қизининг бахти, тинчлиги, келажаги ҳақида. Лекин бағридаги чечагини бериб юборгиси келмади. Куёвига ўзининг ҳовлисида яшашни таклиф қилди. Абдуқаҳҳорнинг аёли ва фарзандига бўлган муҳаббати кучли эканки, бу таклифга “йўқ”, демади. Ичкуёв бўлди. Буни ор билмади, қабул қилди.

Меҳрибон қайнота куёви ва қизи уй-жой қуришлари учун ўзининг еридан улуш берди. Янги уйга пойдевор ташланди. Абдуқаҳҳор қайниси Жамолиддин билан фермер хўжалигида ишларди. Вақт топди дегунча янги қурилган уйининг чаласини битиришга тиришарди.

Бир куни тонгдан Абдуқаҳҳор билан Назира янги уйнинг лойсувоғини қилиш учун ҳозирланишаркан, аёл эрига танбеҳ бера бош­лади. “Тезроқ ишламаяпсиз, қиш яқин. Бу аҳволда қачон янги уйга кўчиб чиқамиз?”, — деди. Бу гаплар эркакка алам қилди. “Бундан ортиқ қандай ишлаш керак?”, — деди жаҳл билан. Шу пайт Назира ҳам шу ерда ётган кетмоннинг даста томони билан эрининг елкасига тушириб қолди. Абдуқаҳҳор аёлидан бундай хатти-ҳаракатни кутмаганди, эркаклик ғурури қўзғаб кетди. Абдуқаҳҳор Назиранинг қўлидаги   кетмонни тортиб олди-да хотинининг пешонасига туширди. Назира гурсиллаб ерга йиқилди. Абдуқаҳҳор шундан кейин ҳам аёлининг дуч келган ерига яна бир неча зарба берди. Сўнг аёлини ўша ерда қолдирди-да, қайнотаси уларга ажратиб берган хонага борди.

Кийимларини алмаштириб кўчага чиқиб кетди. Самарқанд шаҳрининг кўчаларида мақсадсиз кезиб юрди…

Ҳеч нарсадан хабари бўлмаган Назиранинг онаси уларни тушликка чақиргани борганда, не кўз билан кўрсинки, қизи тупроққа беланиб қимирламай ётар, набираси Рустам унинг атрофида эмаклаб йиғлар эди.

Абдуқаҳҳор Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ички ишлар бўлимига ўз ихтиёри билан бориб, хотинини урганини айтганида, ҳали Назиранинг вафот этганидан бехабар эди.

Суд 30 ёшли Абдуқаҳҳорни 18 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм ўқиди.

Қайнона-келин келишмовчилиги, арзимаган маиший муаммолар ўлим билан, кимнингдир жиноятчи бўлиши, кимнингдир фарзандсиз, гўдакларнинг ота-онасиз қолиши билан тугайдиган ҳолга қандай тушилади? Наҳотки, бу фожиа юз бермаслиги мумкин эмас эди?! Бу бугун атрофимизда бўлаётган бахтсиз ҳодисалардан биттаси, холос. Ёшгина оилаларнинг бу қадар аянчли равишда барбод бўлиб кетишига ким сабабчи? Оиланинг қадрига етмаётган, ёши каттагина бўлса ҳам, оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган, оила тўғрисидаги диний ва ижтимоий билимлари кам бўлган, иродасиз, ғазабига, қўлига, тилига эрк берган ёшларми? Фарзандларига турмуш қийинчиликлари олдида иродали бўлишни, оғир вазиятларни матонат ва аҳиллик билан енгиб ўтиш кераклигини, оила муқаддас эканини тушунтиролмаган ота-оналарми? Ёш оилаларнинг туриш-турмушидан, оғир енгилидан хабар олмаётган маҳалла аҳлими? Ижтимоий-маънавий жиҳатдан қуйилашиб бораётган жамиятми?

Бу саволларга жавоб топилиб, фожиаларнинг олди олингунга қадар яна қанча арзимаган кўнгилсизликлар катта фожиаларга айланади экан?..

Хонбиби ҲИММАТ қизи,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 1 =