Ақлнинг ҳужжати

  • Китоб ўғрисими ёки коллекционер?
  • Библиоклептомания – нима у?
  • Банк ё қимматбаҳо буюмлармас, ўғирланган китоблар…
  • У китобга қарам эди…

Халқ орасида “Китоб ўғриси ўғри эмас”, “Китоб ўғирлаган савоб” деган бироз ғалати гаплар юради. Аслида китоб ўқимайдиган, унинг маънисини тушунмайдиган одам ўғирлаб ҳам ўтирмайди. Аввал фақат одамларнинг хотирига, кейинроқ тошларга ва ундан кейин терию қоғозга чоп этилган китобларнинг тақдири ҳар доим қизиқ кечган. Дунёнинг энг катта кутубхоналаридан ўғирланиб, жуда қимматбаҳода сотилган, бир мамлакатда ёзилиб, тамоман бошқа бир мамлакат кутубхоналарида асли сақланаётган китоблар   бунинг исботидир. Чунончи, китоб ақлнинг, тафаккурнинг, савиянинг ҳеч вақт эскирмайдиган ҳужжатидир. Қуйида биз айнан китоб қароқчилиги билан шуғулланган, ашаддий библиоман Стивен Блум­берг ҳақида фикр юритмоқчимиз. Хўш, маълумотлар тасдиқлагани каби Стивен Блумберг чиндан ҳам руҳий касалми, қароқчими ёки шизофрения касаллиги хуружи боис бу иш билан муттасил шуғулланадими? Гарчи биз таянган рус ва инглиз тилидаги маълумотлар кўпроқ уни руҳий касал инсон сифатида талқин этса ҳам уларга тўлиқ қўшила олмаймиз. Чунончи, ашаддий китобхонгина китоб ўғирлашга жазм этади, деган қараш бизни таъқиб қилаверади. Қолаверса, Блумбергнинг буюм, латта-путта ёки банк эмас, айнан кутубхоналарни ўмаргани ғоятда қизиқдир.

Дунё илм-фани китоб ўғрисига ном қўйиб улгурган. Библиоклептомания дейишади, бу кенг тарқалган руҳий касаллик бўлиб, улар орасида чемпионлари ҳам бор.

Дунёдаги энг машҳур библиоклептоман — Стивен Блумберг икки юз олтмиш саккизта кутубхонадан йигирма уч мингдан ортиқ китобларни ўғирлаган. Блумбергнинг “ўғирланган китоб коллекцияси” (ва у асосан нодир ва қиммат нашрларни ўғирлаган) мутахассислар томонидан 20 миллион AҚШ долларига баҳоланган. Ҳар бир жилд китобни ўғирлаш учун Стивен Блумберг турли усуллардан фойдаланган, шамоллатиш тизими, лифт шахтаси ва бошқа йўллар орқали ҳам кутубхоналарга кўтарила олган.

Стивен Керри Блумберг 1948 йилда АҚШнинг Миннесота штати, Сент-Пол шаҳрида туғилган, библиоман номи билан машҳур. Aйова штатининг Оттумва шаҳрида яшайди. У Aмерика Қўшма Штатлари тарихидаги энг муваффақиятли китоб ўғриси деб тан олинган.

Блумберг йилига 72 минг доллар даромад оладиган оилада яшаган. Китоблар йиғишга бўлган иштиёқи болалигида, у мактаб йўлида жойлашган Санкт-Пол шаҳридаги кўплаб чиройли, аммо хароба Виктория уйларига қизиқиб қолганида пайдо бўлган. Блумберг китоблардан ташқари, юзлаб нарсалар тўплаган. Виктория архитектурасига бўлган дастлабки қизиқиши уни Миннесота университети нодир китоблар жамланмаларига олиб келди.

1990 йил 20 март куни тунги соат 2.00 да Стивен Блумберг 45 штат, Канаданинг икки вилояти ва Вашингтон шаҳридаги 268 ва ундан ортиқ университет ва музейлардан 23600 дан ортиқ ноёб, қимматбаҳо ва бошқа турли хил китобларни ўғирлаганлиги учун ҳибсга олинган. Уларнинг қиймати тахминан 20 миллион AҚШ доллари деб тахмин қилинганлигини юқорида айтиб ўтдик. 1991 йилда Блумберг айбдор деб топилиб, 71 ойлик қамоқ ва 200 минг доллар миқдоридаги жаримага маҳкум этилди. 1995 йил 29 декабрда қамоқдан озод қилинди. Умрини бахш этган хазинани эса “Блумберг коллекцияси” деб номлади.

1991 йилда ўтказилган Блумберг суди давомида Меннингэр клиникасининг ҳуқуқ ва психиатрия бўйича директори, суд-психиатрия бўйича таниқли вакили доктор Уилям С. Логан Блумберг шизофреник хуружлар учун психиатрик даволанишдан ўтиши кераклигини аниқлади. У ўспирин пайтида кўп марта касалхонага ётқизилган, у ерда ўн икки психиатр унга турли хил ташхис қўйган, булар — шизофрения, алданганлик, параноид ва бошқа касалликлардир. Блумберг ҳукумат оддий одамларнинг нодир китоблар ва ноёб материалларга эга бўлишига йўл қўймаслик учун фитна уюштирган, шу сабабли ҳукумат фитнасининг олдини олиш учун китобларни озод қилиш керак деган фикр билан ҳаракат қилган. Блумберг ўзини китоб қароқчиси эмас, балки   коллекционер деб билади. Китобларни ҳеч қачон сотмаслигини айтади, чунки буни ҳақиқатга хилоф деб ҳисоблайди. Библиоман ўлимидан кейин ўғирланган китоблар қонуний эгаларига ёки ҳеч бўлмаганда ишонч­­ли омборларга қайтарилади деб тахмин қилади. Блум­берг 1991 йилда руҳий носоғлом ва айбдор деб топилиб озодликдан маҳрум этилган бўлса ҳам тўрт йиллик қамоқ жазосини ўтаб, озод бўлди, йиғиш ва ўғирлаш ишларини эса тарк этгани йўқ.

Блумберг томонидан ўғирланган баъзи қимматбаҳо буюмлар орасида Гарриет Бичер-Стоунинг “Том амакининг кулбаси” нинг биринчи нашри нусхаси, 1710 йилда Коннектикутда нашр этилган биринчи китоб, “Эътиқодни эътироф этиш”, Орегон штатининг дастлабки тарихини қамраб олган 25 қутидаги ноёб материаллар, Инжил ҳам бор. Блум­берг уч йил ичида фил суяги, бузоқ терисидан тўқилган 1493 та Нюрнберг хроникаларини тўп­лаганини айтади. Шунингдек, у Калифорниянинг биринчи ношири Дон Aвгустин Заморано номидаги Лос-Aнжелес китоб клубида 1945 йилда тузилган нодир китоблар рўйхати — Заморано 80 ни тузди.

Блумберг шизофрения ва китобларга қарамликдан азият чекади. У ҳужжатларни ўғирлаган ва қалбакилаштирган, кутубхона ходимларининг ишончига сазовор бўлган, касса калитларини олган. Мутахассислар у қандай қилиб бундай нодир китоблар ва қўлёзмаларни қўлга киритганини ҳали ҳам тушуна олишмаяпти.

Блумберг ўғрими, коллекционерми ёки руҳий касал, бу савол барибир очиқлигича қолмоқда. Нима бўлганда ҳам халқни ёки миллат бойлик­ларини эмас, ақл ва тафаккур либоси бўлган ки­тобларнинг ўмарилиши ҳайратланарли. Блумберг агар ўша нодир   китобларни ўқимаганида эди, унинг қийматини эҳтимол, билмасди, била олмасди. Бугунги кунда китобдан тобора олислаб бораётган авлодларга ушбу ғаройиб ҳодиса ҳақидаги мақолани тақдим этар эканмиз, китоб севгувчи, ўқигувчи ҳеч қурса уни тўплагувчи бўлинг, дегимиз келди. Зотан дунёдаги энг гўзал ҳолат бу — китоб ўқиётган одамнинг ҳолатидир.

Гўзал БЕГИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =