Йўлни излаб ўтар кунларим

Муаллиф ҳақида: Карим Баҳриев — 1962 йил Ургут туманида туғилган. 1985 йил Москва давлат университетининг журналистика факультетини тугатган.

У бугунги кунда “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси “Мерос–ньюс” ахборот хизмати раҳбари ва Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессоридир.

К.Баҳриев “Сабр косасининг синиқлари”, “Томчидил” шеърий китоблари, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари”, “Журналистнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулияти”, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари” номли илмий-оммабоп китоблари, “ОАВ ва сайловлар” ҳамда “СМИ и выборы” номли ўзбек ва рус тилидаги қўлланма, “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” номли ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги сиёсий-ижтимоий тўплами ҳамда қатор танқидий-таҳлилий мақолалар муаллифи.

Бундан ташқари маҳоратли таржимон сифатида Сенека, Платон, Вольтер, Монтен, Паскал, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюйер сингари дунёга машҳур донишмандларнинг фалсафий асарларини, Генри Форлнинг “Менинг ҳаётим”, Жорж Оруэлнинг “1984” ва “Молхона” романларини ва Малколм Гладуэлнинг “Даҳолар ва уддабуронлар” асари, Чингиз Айтматов, Дино Буццати, Жованни Папини, Коррадо Алваро, Марчелло Вентури каби адибларнинг ҳикояларини, уйғур шоири Темур Давоматнинг шеърий китобини, озар шоири Ромиз Равшаннинг шеърлари ва достонини, А.Авторхоновнинг “Кремл салтанати” китобини ўзбек тилига ўгирган.

 

                ИЛТИЖО

Руҳим, энди шу саҳар тирил,

кўзим, тоза гулларга қара –

улар ҳозир байроқдай қизил,

юрагимдай бағри қон, яра.

 

Руҳим, энди шу тонгда қўлла,

ўтиб кетар бошимдаги ғам,

қара

ўтиб кетмасдан гуллар,

учиб кетмай баргдаги шабнам.

 

Пок нурларни тўйиб симиргин,

ўтиб кетар дайди шаббода,

кўриб қолгин:

бир қатим ёғду

бир сен учун ўйнар ҳавода.

 

… Тўхтанг, гуллар, шуълалар, сабо,

учиб битма баргдаги шабнам –

ўтиб кетар, ахир,

сизларга боқиб

йиғлаётган ана шу одам.

 

         ТИЛСИМЛИ ДУНЁ

Бунда тунлар энг митти терак

ўсавериб юлдузга етар;

қувончига чидолмай куртак

новдаларда ёрилиб кетар.

 

Бунда сувлар шилдираб мангу

қучиб ётар тупроқни хушбахт;

бир тонг зангор гулбарг бўлар-у,

шовуллайди шамолда дарахт.

 

Бунда бари дилбар ва ширин,

тирикликка тўймас – дил ярим…

Юртдошларнинг қалбига яқин

йўлни излаб ўтар кунларим.

 

Фақат оқшом жимирлаб само

хаёлимга қуяди бир ғам –

мен севган шу тилсимли дунё

кирмас сенинг тушларингга ҳам.

 

                 ЭВРИЛИШ

Турғун даврга чизги

Бугун Азон эмас, уйғотар Гимн,

Масжидга киришга патта керакдир.

Совутларни қўйдик йўлакка тўшаб,

Куллиётни қозон тагига ёқдик.

 

Энди ўт тулпорлар югурмас кишнаб,

Отни сўйиб едик, шунақа ишлар.

Жанггоҳларга пахта экиб ташладик,

Музейларга тушди кескир қиличлар.

 

Кесилиб қоғозга айланди изсиз

Шоирлар “сарвқад” деб ёзган чинорлар –

Уларга битилди дунёқарашни

Шакллантирувчи илғор шиорлар.

 

Демак, сиз бекорга турибсиз ҳуркиб,

Ҳеч ким уйғонмади биз айтган сўздан.

Бугун ўлтирибмиз чивинни қўриб,

Энди қўрқмаса ҳам бўлади биздан…

 

         СОЧИМГА ОҚ ТУШДИ…

Чийрон сочларимнинг илдизи куйди,

Безовта шовуллар. Севгилим, боқ-чи:

Уч тола оқ тушди – қоп-қора юртга

Хуфиёна кирди уч оқ айғоқчи.

 

Қоракўз, силагин, тароқ қил қўлни,

Уйғот, қулоғимга сўзла уйғонч сўз –

Бўлмаса ҳар куни қорасоч элни

Бир-бир йўлдан урар бу учта жосус.

 

Сочлар қаролигин охир унутар

Ва мангу юмилар сўздоннинг лаби –

Ястаниб ётади оқ-оппоқ бошим

Батамом енгилган мамлакат каби…

 

УШШОҚ

Яқинда тонг чоғи тўсатдан ноаён бир дард умримда илк бор тўшакка ётқизди. Сочимдан тирноғимгача сирқирайди, қўл-­оёғимда мадор йўқ, фақат тийра кўзларим жовдираб дунёга термулади… Дард-ку бир кечада ўтиб кетди. Қалбда бир оғриқ қолди: мени ҳам бу дунёга боғлаб қўймаган экан…

 

Шамоллар уйғонди. Барг – ҳаяжонда…

Ҳатто ер тагида қўзғолди илон.

Дунё тирилаётган шу тоза тонгда

Ўлгим келмаяпти, онажон.

 

Ўнгирларда кезар муздай ҳаволар,

Ишқалаб қобоғин кўтарар осмон.

Дунё кўзларини очаётганда

Мен кўз юмайинми, онажон?!

 

Қайдадир силкинар томчидил ўтлар,

Баргида чумоли кезади ҳайрон.

Ҳали мен кўрмаган боғлар бор экан,

Ўлгим келмаяпти, онажон.

 

Қизларнинг овози жаранглар мунис,

Ишқ десам – дафтарга сачраб кетди қон.

Севмаса севмабди мени битта қиз,

Дунёда қиз камми, онажон?!

 

Қаёққа қочади бу иссиқ қоним,

Қўлларни соғиниб сочларим ғужгон.

Кимга керак бўлди менинг ёш жоним,

Ўлгим келмаяпти, онажон.

 

Бегуноҳ биттадир – у ҳам осмонда,

Қўлга чивин қўнди, қувмоққа йўқ жон.

Чивинлар, чумчуқлар юрган жаҳонда

Менга жой йўқмикан, онажон?!

 

Қуёшга термулдим – кўзим қамашди,

Киприкдан шабнамдай ёш оқди маржон.

Нурларни соғиниб қақшар қовурғам,

Ўлгим келмаяпти, онажон!

 

Гарчанд мен қайғули шеърлар тўқидим,

Гарчанд азоб кўрдим мудом бепоён –

Мен ҳали дунёга тўйган йўқ эдим,

Дунё тўйдимикин мендан, онажон…

 

      1962 ЙИЛ. 2 ЯНВАРЬ

Мен туғилдим. Кимдир қувонди.

Кулбасида ғаюр чекди ғам.

Энди юртга тўй бераман, деб

Кўкрагини кўтарди отам.

 

Замҳарир қиш тиш қайраган чоғ

Бир кишига кўпайди дунё –

Йўқ, ўрнидан қўзғолмади тоғ,

Ўзанидан чиқмади дарё.

 

Отам – хурсанд, уялар онам,

Мен йиғлардим, ҳамма куларди –

Тоғ ўрнидан қўзғолмаса ҳам,

Бир силкиниб қўйса бўларди.

 

Кўзларимни ҳайрат-ла очдим:

О, поёнсиз, нотаниш олам!

Бахтни севиб ортидан чопдим,

Мени эса севиб қолди… Ғам.

 

Йўқ, ҳаётга ҳали қонмадим,

Англанмасдан ётибди олам.

Бахтни излаб мен тополмадим,

Лекин мени излаб топди Ғам.

 

Мен кетганда йиғлар куртаклар,

Тунги боғлар, қушлар билгайлар.

Шохи бешик бўлган теракнинг

Бир шохидан тобут қилгайлар.

 

Мен ўлганда кимлардир куяр.

Тоғ қуламас. Тошмагай дарё.

Бу тун бўлар… Ё жим-жит саҳар…

Бир кишига камаяр дунё.

 

         ДАНГАЛ ХУЛОСА

Вақт нимадир –

бир дамлик омад

ё ажалнинг вақтинча раҳми;

бу тилсимни тушуна олмай

ўтиб кетди умрнинг ярми.

 

Вақт кетди деб чекмагин афсус,

афсус чекиб ажрагайсан нақд.

Вақт нимадир – мана шу шеърни

ўқигунча ўтиб кетди – вақт.

 

            ҚЎРИҚХОНАДА

Сим деворнинг қошида туриб,

қалқиб кетди кўзларимдан ёш:

мана шу боғ, мавжудот, гиёҳ

ҳозир жуда мададга муҳтож.

Бугун йитди йиртқич бўрилар,

Йўлбарсларнинг таҳдиди – хаёл…

Бу ёнда – мен, у ёнда – ана,

жониворлар юрар бемалол.

Лол турибман –

қаршимда тўсиқ,

мумкин эмас ўтмоқ шу симдан –

бу оламни асрашар кимдан?!

… Қўлларимга боқдим уялиб,

нафратланиб кетдим ўзимдан.

 

                              УЗР

Майлими, ой чиққан шу ойдин кеча

нафас олаверсам ютиниб, хурсанд,

майлими, дунёнинг битта бурчида

мен ҳам васлингизни қўмсаб ўтирсам.

 

Кеча сиз ўтганда ҳарир кўйлакда

эргашган шамолнинг боши айланиб,

телбадек увиллар ҳануз йўлакда –

мен ҳам шу йўлларда юрсам майлими?!

 

Майлими, соғинсам ва тошса кўнглим,

йиғласам майлими, майлими кулсам?!

Ўкситмайманмикин сизни, севгилим,

агар мен шу кеча бехосдан ўлсам…

1986

 

          ГЎЗАЛЛИК ҲАҚИДА ШЕЪР

Қиз ўйнар.

Кеманинг елканларидек

Унинг этагидан бўронлар қўпар.

Ўйнар –

Куйлагининг шаббодасида

Қулаб кетмасайди бу қадим шаҳар.

Оҳанги титрайди ўтлуғ қўшиқнинг,

Шош – Қўқон йўлига арава тушди.

Қовурғам остида бедор ошиқнинг

Қафасга урилиб қонайди мушти.

Мана, Оғриётган юракни тутдим,

Сузяпман,

Келяпти оқ-ойдин шеърлар.

Елкам,

Кўзларимга урилиб синар

Бир менга аталган ғанимат нурлар.

Раққоса рақсга тушяпти.

Гўё

Қаҳқаҳа уради бир шода ўрик.

Нега йиғламайман, нега кулмайман,

Нега куйламайман шу қизни кўриб?!

Одамзод ўзини англаса шояд,

Севолса соф, сулув аёлларини,

Қувиб юборарми эди

Бошидан

Турфа қилвир, фосиқ хаёлларини…

Дунёдан нолима,

Бағрим,

Нафас ол,

Эсяпти бир дамлик покиза шамол.

Ана,

Шоҳмашрабнинг оҳангларида

Силкиниб ўйнайди сен севган аёл.

У ўйнар,

Минг йиллар наридан келган,

Ўйнар

Оҳу каби ҳуркак, омонат;

Шу соғлом чеҳрага муносибмисан,

Қандай яшаяпсан,

Шоири бебахт?!

 

Қўрқаман,

Тутмаса унинг уволи,

Сўнг излаб юрмасак йиллар, замонлар…

Ўйнар,

Чўнг кеманинг елканларидек

Қизнинг этагидан қўпар бўронлар.

1985

 

                     УЙҒОНЧ

Ситамгар шом. Қора самонинг

юзларини ювар пок сувлар.

Шу поёнсиз, чексиз дунёнинг

бир четида бўрилар увлар.

 

Шу поёнсиз, чексиз дунёнинг

бир четида уйғоқман, борман –

бу кеча ҳам дилхунман, жоним,

яширмайман, мен сизга зорман.

 

Бу кеча ҳам бўрилар увлар,

чирилдоқлар чириллар бир-бир,

қурбақани сувилон қувлар,

юваверар дунёни ёмғир.

 

Ғамангиз шом. Дарахт шохлари

ой нурида сутдай йўғрилар –

бундай тунда уйғоқдир фақат

ё шоирлар ва ё ўғрилар.

 

Бораяпман яланг, лой кечиб,

сизга зорман, қоши қийғочим.

Юлдузларга боқдим дилпарчин,

ой нурида қуриди ёшим.

Қоп-қора шом. Биламан, гулим,

бу йўлларда бевақт юрмайсиз.

Келмагайсиз, майли, севиклим,

тушларимга нега кирмайсиз?

1986

 

               ИШҚ МАРСИЯСИ

Нега кулай десам, сизиб чиқар ёш,

нега оҳ чекканда, сачраб кетар қон –

ахир топганим йўқ, сизни, қаламқош,

йўқотганим ҳам йўқ, демак, ҳеч қачон.

 

Сиз ўзга кулбага бўлганда меҳмон,

фалак ёмғир қуйгач гувиллаб, бирдан,

қонсираб кўчани кезганим ёлғон,

кўйлагим ивиди шунчаки тердан.

 

Йўқ, севган эмасман сизни, чилвирсоч,

фақат бир нарсага бўларман ҳайрон –

нега кулай десам, сизиб чиқар ёш,

нега оҳ чекканда, сачраб кетар қон…

1989

 

                     ТАҚҚОСЛАР

Сизнинг келишингизни эшитганда

отиш ҳукми бекор қилинган

маҳбусдай қувонаман,

рост.

Бошқалар учрашганда

тилло топган қашшоқдек

бахтиёрдир,

биламан.

Биз учрашгач,

оғир аравага қўшилган отлар мисол

ҳорғинмиз,

нега?

Сиз кетдингиз,

тўшакда ётибман

сувга чўкиб кетган одамнинг

қирғоқда қолдирган кийими каби

эгасиз,

оқлов қоғозини йўқотган

маҳбусдай

маҳкум.

1989

 

СЕВГИ ЙЎЛЛАРИДА…

Ҳамма унга кўз тикар беор,

у – ҳеч кимга боқмайди, мағрур.

кўзи – қора, юзи – шуълакор,

ўзи тоза – бамисоли нур.

Қамиш каби шовуллаётган

сочларига қўл теккан эмас.

У гул каби бўй сочиб ётган

тўшагига ҳўл теккан эмас.

Дилидадир муқаддас сўзи,

кокилини ўйнар шаббода –

шундай гўзал,

шундай покиза…

Қиз бормикин ўзи дунёда.

1979

 

                           УЯТ

Бу юртда чинорлар кўкка чўзилган,

Ҳаттоки юлинган ғўзалар тикка.

Узилган,

Ичимда недир узилган –

Барибир, кўз тикдим мен юксакликка.

 

Бу заҳил тупроққа бир чўп қадасанг,

Осмонга талпинар, тик ўсар яккаш.

Дарахтлар аскардай тик турган юртда

Инсонга уятдир эгилиб яшаш.

 

Далалар бепоён, саҳролар сўнгсиз,

Адоқсиз, ҳадсиздир бу ер, бу борлиқ.

Бу чексиз оламда, бу кенг дунёда

Уят – дили танглик, юраги торлик.

 

Чўққилар азалий, турар жойида,

Турар салобатли тоғлар минг йиллик.

Вазмин, оғир чўккан тоғлар пойида

Уят – ҳовлиқмалик, уят – енгиллик.

 

Уятдир эзилиб минг йилки шундоқ

Далада тупроқдай сарғайган, ҳайрон

Халқ кўзига боқиб ёлғон сўзламоқ…

Ҳеч ким билмаса ҳам, уятдир ёлғон.

 

Бир дон эксанг, униб ёзади япроқ,

Гулларнинг атридан булбуллар сайроқ.

Тош ҳам гуллаб ўзин англатган юртда

Уятдир зулм кўриб, сассиз яшамоқ…

2010

                                                     Карим Баҳриев

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − two =