“ARTEL” сув чиқарди, энди йўлни ким таъмирлайди?
Жиззах вилояти, Зомин туманининг олис ҳудудларидан Ўртақишлоқ аҳолиси қарийб 50 йилдан буён тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекарди. Ўртақишлоқликлар мазкур масала юзасидан турли мутасаддиларга, хусусан, туман ҳокимлиги ва туман “Сув-оқова” давлат унитар корхонасига, ҳатто Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, турли ҳукумат идораларига ҳам мурожаат қилишди. Бу мурожаатлар нафақат ўзбек сегментидаги ижтимоий тармоқларда, балки хориж интернет нашрларида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Натижа эса…
— Болаларимиз олис масофадан эшак араваларда сув таширди. Электр қувватининг пасайиши, ундаги узилишлар сабаб маълум соатдагина ишлайдиган артизан қудуғи сувидан олиш жуда қийин эди. Турнақатор навбатлар сафи кун сайин узайиб борди. Ахир, сув — тириклик, сувсиз ҳаёт йўқ! Бир-бир ярим ойда келадиган ариқ сувидан ичишга мажбур эдик. Фарзандларимиз тонг саҳарлаб сувга кетарди. Навбат катталиги сабаб мактабга кечикарди, дарсдан қолишга мажбур бўларди, — дейди қишлоқ аёлларидан Карима опа Абдукаримова.
Бу ҳудудда аҳолининг асосий даромади чорва моллари ҳисобланади. Сув танқислиги, унинг яроқсизлиги сабаб чорва молларида ҳам касалликлар кўпайганди. Бу эса халқнинг турмуш тарзига сезиларли зарар етказган. Ахир, юқумли касалликларнинг 80 фоиздан ортиғи ичимлик суви сифатининг пастлиги ҳамда сув таъминотида санитар-гигиеник қоидаларнинг бузилиши билан боғлиқлигига исбот шарт бўлмаса керак? Зеро, ҳар бир киши санитария меъёрларига амал қилиб, соғлом ҳаёт кечириши учун кунига 50 литр сувдан фойдаланади.
— Қишлоғимизда 70 хонадон бор. Жами 1500 дан зиёд фуқаро истиқомат қилади. Сув бизда доимо муаммо бўлиб келган. Ҳатто ўтган вақт ичида 68 нафар бола ичимлик сувининг талабга жавоб бермаслиги оқибатида сариқ касал бўлиб, вафот этди. Касалгарчилик кўпайди. Мурожаатларимиз амалий натижа бермади. Сўнг “Artel” компанияси “Шарқ тонгги” туман газетасига ҳомийлик қилаётгани, тумандаги 3-мактабни жорий таъмир этгани-ю ночор оилаларга беғараз ёрдам кўрсатаётганини эшитдик. Қишлоқ аҳли маслаҳатлашиб, компания мутасаддиларига мурожаат қилдик, — дейди мактаб ўқитувчиси Илҳом Худойбердиев.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 31 май куни ўртақишлоқликлар “Artel” компанияси раҳбариятидан мазкур масалада ёрдам сўрашган. Зомин туманидаги “Artel” корхонасига қарашли “Trust Electronics” МЧЖ раҳбарияти эса мазкур ҳолатни ўрганиб, артизан қудуғи қазиш учун 140 метр масофадан электр симлари тортиб келади. Қисқа муддатдан сўнг, қарийб 350 миллион сўм маблағ эвазига 200 метр чуқурликдан ичишга яроқли сув чиқа бошлади. Ва бугун бу артизан қудуғи аҳолининг сувга бўлган эҳтиёжини тўла қондирмоқда!
— Ёшим 95 да. Тракторчи бўлганман. Эсимни таниганимдан буён қишлоғимизда сув муаммоси бўлган. Артизан қудуғидан отилиб чиқаётган роҳатбахш, ҳаётбахш зилол сувни кўриб, тўғриси, теримга сиғмаяпман. “Artel” компанияси сув чиқариб берди, энди қанийди, ҳокимлик ҳам ҳадеб ваъда беравермасдан, йўл муаммосини ҳал қилиб берса… — дейди Ботир бобо Худойбердиев.
БМТ маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи яшайдиган жойда тоза ичимлик суви етишмайди. Афсуски, бу муаммо Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмагани рост. Имкон қадар бу масалани бартараф этиб, хайрия тадбирларини кўпайтириш зарур. Ахир, халқимизда “Сув келтирган элда азиз”, деган нақл бор. Ҳамма замонларда ҳам йўл ва кўприк қурган, қолаверса ичимлик суви чиқарган инсонларнинг одамлар орасида қадри баланд бўлган.
Қишлоқ аҳли энди абгор ҳолатда, ўйдим-чуқур қишлоқ йўлларига ҳам эътибор қаратилишидан умид қилиб яшаяпти. Аммо Зомин тумани мутасаддилари кутилганидек сукутни яхши кўришмоқда…
Абдулазиз АҲМЕДОВ