Тил беги бўлиш осонми?

Тил беги. У нима дегани? Сиз бу иборага биринчи дуч келаётган бўлсангиз, ҳали кўнглингизда унинг нафаси ҳам бўлмагани учун бироз эриш туюлиб, ажабланасиз. Аммо “тил беги” секин дилингизга ўтиради. Энди фикрлай бошлайсиз ва “Тил беги бўлиш осонми?” деган тўхтамга келасиз.

Тил беги.

Икки давра эсимга тушади.

Биринчи даврада ким келяпти, ким кетяпти, биров билан бировнинг иши йўқ, ҳатто зиёлинамо киши даврага кирганда, бошқалар жимиб қолишди. Ҳалиги киши ноқулай аҳволда қолди шекилли, “менга узр” дея чиқиб кетди, ёнимда ўтирган кимса: “ – Кириб нима қилардинг, номард!” деди унинг ортидан кесатиб. Мен ўша кишига ачиндим, ахир у ҳам меҳр истаб киргандир, бир оғиз ширин сўзга муштоқ бўлиб суҳбатга бош суққандир шу даврага! Эҳ, тил, тил беги етишмади шу даврада!

Марғилонга бордик, одамларнинг бир-бирлари билан жуда самимий гаплашаётганларини, қўлларини кўксиларига қўйганча таъзим қилиб, бир-бирларининг ҳурматларини жойига қуяётганларининг гувоҳи бўлдик. Яна ўрниларидан туриб, меҳмонни “хуш, келдингиз!” дея тавозе билан кутиб олаётганларини кўриб, беҳуда Абдулла Қодирий шу ердан Кумушбибини танламаганини ҳам англадик.

Инсон дейилганда унинг кўп фазилатлари қатори тил маданияти ҳам асосий аҳамиятга эга. Одамийликнинг бу дурдонасидан мосуво кимса шону шарафдан ҳам йироқ бўлади.

Тил беги бўлиш катта санъат. Чиройли сўзлаган кишини кўрганингизда унга ҳавасингиз келиб: “ —   оила­сида, жамиятда обрў эътибор топади.

Ҳазрат Навоий бобомиз: “ Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин” дейди. Бундан ортиқ ҳикмат борми?

Тил беги!

Ўзбек тилининг имкониятлари жуда кенг. Дунёда беш мингга яқин тил мавжуд бўлса, ўшаларнинг ичидаги энг нуфузли, энг бой тиллардан бири ҳам шу она тилимиздир. Шу тилнинг беги бўлиш – дунё   тил хазинасини бойитиш, уни янги ибора, мақоллар билан тўлдириш, яъни олам аҳлига эзгуликлар бахш этиш демакдир.

Тилимизнинг жозибаси шундаки, остонага келган одам борки, халқимиз бағрини кенг очиб кутиб олади ва қалбидаги энг нодир сўзлар билан сийлайди, энг тансиқ таомларини унга илиниб, хизматида шай туради. “— Бунча яхши   халқ бу!” — дейди меҳмон ҳам ҳайратланиб.

Момомиз, онамиз: “ — Қизим, келиним, остонани супуриб қўй!” дейди шу тилда. Эрталабдан ёғ тушса ялагудек остоналарни, кўчаларни кўриб, қалбимиз яшариб, вужудимиз яйрайди. Шу тилимизда янграган пок, самимий сўзлар шарофатидан эмасми бу?! Тил бекалари бўлган момо ва оналаримиз ширин сўзларидан эмасми бу?!

Овқат тановул қилиб турсак, “ош бўлсин” дейишади. Бундан танамиз ҳузур қилади. Сув берганга “сувдай сероб бўлинг” деб миннатдорлик билдирадилар. Эрталабдан қарияларимиз: “Дунёда тинчлик бўлсин!” дея дуога қўл очадилар.

Бу шундай тил. Дунёга, инсониятга яхшилик истаган тил. Шу боис бу тил ҳурматга, эътиборга лойиқдир.

Сўрадилар:

— Ўзбекнинг энг яхши сўзи нима?

— Тинчлик! – дея жавоб қилдик.

— Иззат қилгани ким?

— Она!

— Кутгани ким?

— Меҳмон!

— Қадрлагани нима?

— Дўстлик!

— Насиҳати нима?

— Илм ол, ҳунар ўрган, одам бўл!

— Бу буюклик нишонаси! — деди суҳбатдошимиз.

Ҳали бу тил инсониятга кўп эзгуликлар бахш этади. Бугун бешигида улғаяётган болакай ҳам   онасининг алласини эшитиб, мурғак қалбида элининг энг эзгу сўзларини жо этмоқда. У эртага ўз тилининг беги бўлади. Тил беги бўлган инсон яхшиликдан, дўстликдан, тинчликдан сўзлайди, фаровонликни орзу қилиб, шу йўлда меҳнат қилади, “оламга гўзаллик ҳадя этайлик!” дея бошқаларни ҳам яхшиликка бошлайди. Шундай шарафли яшашга ўргатаётган тилни ҳар қанча улуғлашнинг ўзи ҳам катта бахтдир. Тил беги бўлинг, ёш дўстларим!

Абдували МЕНГБОЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − ten =