101 ўғлон “Матонат”и

Тарих. Бундан 80 йил муқаддам айни ҳозирги кунлар, июнь ойининг охири. Иккинчи жаҳон уруши бошланган палла. Сир эмас, бу машъум воқеа чин маънода жаҳонаро умуммиллий фалокатга айланган эди. Гарчи Ўзбекистон фронтдан бир неча чақирим олисда бўлса-да, уруш ўчоғидан таралаётган совуқ хабар юртимиздаги ҳар бир уйга кириб келганди. Маълумотларга кўра, меҳнатга лаёқатли ҳар иккинчи киши жангга отланган. Урушга кетган ўзбекистонликлардан 538 минг киши ҳалок бўлди, 158 минг киши бедарак йўқолди, минг­лаб инсонлар эса оғир жароҳат оқибатида вафот этди ёки майиб-мажруҳ, ногирон бўлиб қолди…  

Кинематография агентлигида “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК томонидан суратга олинган “Матонат” ҳужжатли фильми айни шу қаҳрамонлар ичида Ватан озодлиги йўлида бедарак йўқолган самарқандлик 101 нафар ўғлонларнинг тақдири ҳақида. Жорий йилнинг 22 июнь куни фильмнинг ўзбек ва рус тилларидаги намойиши бўлиб ўтди.

Премьера аввалида, Агентлик бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, фильм режиссёри Шуҳрат Маҳмудов, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Владимир Юриевич, Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов, “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК директори Баҳодир Одиловлар сўзга чиқиб, фильм ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди, ижодкорларни қутлашди.

“Матонат” фильми Кинематография агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда суратга олинган. Унда II жаҳон урушида қатнашган 101 ўзбекистонлик юртдошимизнинг урушда ғалабага қўшган ҳиссаси ҳамда Голландиянинг Амерсфорт шаҳрида жойлашган концлагерларда ҳалок бўлган ўзбек аскарларининг тақдири ҳақида ҳикоя қилади.

— Фильм режа бўйича ўтган йили якунланиши керак эди. Пандемия сабабли бироз кечикдик. Москвадаги архив ҳужжатларини кўтардик, Смоленскда жойлашган уй-музейдаги материалларни ўргандик, мутахассисларнинг фикрини олиб, ўша даврни томошабин кўз олдида жонлантиришга ҳаракат қилдик.

Фильмда таниқли актёрлардан деярли фойдаланилмади. Биз янги чеҳраларни изладик, иқтидорли талабаларга имкон бердик. Чунки 101 қаҳрамонлар айнан бўз йигитлар эди, мард ва жасур ўғлонларимиз умрида қурол тутмаган бўлса-да, она Ватан ҳимоясига ошиқди. Ижодкорларимиз айни шу жиҳатдан ўзига берилган ролга масъулият билан ёндашишди, — деди фильм режиссёри Шуҳрат Маҳмудов.

Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан юртимизнинг барча ҳудудлари сингари Самарқанд вилоятида ҳам жуда кўп сафарбарлик пунктлари ташкил қилинган эди. Бу пунктларга ёшлар чақирилган. Қизиғи, улар қўлига қурол ушламаган, рус тилини яхши билмайдиган ёки рус тилига умуман тушунмайдиган бўз йигитлар эди. Уларни икки ҳафта — бир ой давомида тайёрлаб, урушга сафарбар қилишган. Фильмда ушбу жараёнлар ҳаққоний ва жонли тарзда ёритиб берилган. Фильм қаҳрамонлари бошидан ўтган қийинчиликлар, очликдан силласи қуриган, оғир меҳнатдан толиққан, йиғидан бошқасига мажоли қолмаган ўзбек ўғлонларининг тимсолини кўз олдингизда гавдалантиради. Ижодкорлар хўрликка учраган инсонлар, уруш ва тутқунлик азобини тортган ва айни кунда орамизда яшаётган қаҳрамонларни, ўлим лагерларида бўлиб, у ердаги даҳшатни ўз кўзи билан кўрган тирик гувоҳларни-да қидириб топишибди. Фильм қаҳрамонлари очиқ-ойдин, рўй-рост бошидан ўтган ҳақиқатларни гапириб беришади…

Премьерадан сўнг ижодий жамоа ва тадбирда иштирок этган журналистлар ўртасида суҳбат, ўзаро фикр алмашув ташкил этилди. Таассуротлар шундан бўлак, ўзгача: фильм халққа яқин, дилга яқин, чунки ҳақиқий ижод, меҳнат маҳсули бўлганлигини айтиш жоиз.

Абдулазиз Аҳмад.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 11 =