Очиқ осмон остида кичик кутубхона

Дунёда ҳар қайси давлат, қайси бир халқ борки, биринчи нав­батда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратли ҳисобланади. Бундай енгилмас куч манбаи эса ҳеч шубҳасиз инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти бўлмиш китоб ва кутубхоналардадир.

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий номидаги маҳаллада электрон кутубхона ва миникутубхона ташкил этилди. “Очиқ осмон остидаги мини кутубхона – мутолаа ҳамда тиббий маданиятни юксалтиришнинг янги усули” номли тадбирда иштирок этган Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бош­қариш бўйича Парламент комиссиясининг раиси Адҳам Шодмонов парламент комиссияси томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда жамоат уюшмаларининг эътиборга сазовор, эл-юртга муносиб хизмат қилаётгани ҳақида тўхталди. Шунингдек, янги лойиҳа ва ташаббуслар ҳамиша қўллаб-қувватланаётгани, юртимизда маънавиятга бўлган эътибор бугун ҳар қачонгидан ҳам юксаклиги ҳақида фикр билдирди.

— Миникутубхона лойиҳаси болалар ва катталарни 24 соат китоб билан таъминлаш имконини беради. Бугун бу лойиҳа натижасида АҚШ давлатида йилига минглаб кишилар ўзаро китоб алмашиб мутолаа қилади. Энди бу тажриба бизда ҳам мавжуд. Фуқаролар миникутубхонадаги бирор китобни уйига олиб кетса, ўрнига бошқа китоб ташлаб кетади. Олган китобини ўқиб бўлганлар яна жойига қайтаришади. Шу тариқа одамлар бир-бирига зиё улашишади, — деди Адҳам Шодмонов.

Эътиборлиси, миникутубхона Яккасарой туманининг тўртта туман кесишган жойида, соя-салқин анҳор бўйидаги болалар майдонига жойлаштирилди. Фаввора, ўриндиқлар ва турли арғимчоқларга бой бу маскан бугун оналар ва болалар билан гавжум.

Қулай томони, миникутубхонада QR-кодли китоблар афишаси ҳам жойлаштирилган, уни телефон ёки ноутбукка юклаб олиб, уйда бемалол ўқиш имкони ҳам мавжуд.

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − nine =