НАВОИЙНИНГ МОЛИЯВИЙ ИБОДАТИ

Молиявий ибодат тушунчаси ва унинг турлари ислом маърифатида қадимдан мавжуд бўлган муҳим тушунчадир. Бу борада маълум маънода таҳлил ва талқинлар бор, бунга мисол сифатида Темурийлар Уйғониш даврининг йирик мулкдори, нақшбандия тариқатининг буюк мутасаввуф олими, шайх Хожа Аҳрор Валийнинг жилд-жилд вақф ҳужжатларида ёзиб қолдирилган молиявий ибодати ҳақидаги тадқиқотни эслаш кифоя. Аммо навоийшуносликда эса Алишер Навоийнинг мо­лиявий ибодати ҳақида мақола муаллифи томонидан илк марта тадқиқ қилинмоқда. Алишер Навоий ўз асарларида молиявий ибодатнинг вақф, закот, фитр, ушр, фидя каби турлари ҳамда иш, меҳнат ҳаққи ёки банда ҳаққи, тўлов ҳақида жуда муҳим маълумот, изоҳ ва шарҳлар битган, ибратга йўғрилган поэтик лавҳалар талқин қилган.

Вақф унинг асосий молиявий ибодатларидан бири саналади, бу хусусида даҳо сўз санъаткори ўзининг “Вақфия” асарининг бир фаслида алоҳида шарҳ битган.

Маҳдудот (бирлиги маҳдуд ) – Навоий “Вақфия” асарига ёзган бир фаслнинг махсус номи. Амири кабирнинг ўзи бу хусусида асарда “Муқаддима туганди ва келди маҳдудот” деб битган эслатмасида ҳамда ушбу фаслнинг ўзига хос мухтасар хулосасида таъкидлаб кўрсатган. Муҳими, ушбу бобда у вақф, вақф ҳуқуқи каби ўзининг молиявий ибодати билан яқиндан таништиришга ҳаракат қилган. Бироқ маҳдудот сўзига тилшунослик фани нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, маҳдудот иқтисодий атама, тушунча бўлиб, чегараланган, атрофи ўралган, атрофи аниқланган жойлар, ер-сув ва бошқалар, мулклар, деган луғавий маънони билдириши луғатларда айтилган.

Маълумки, Алишер Навоий Темурийлар Уйғониш даврининг нафақат даҳо сўз санъаткори, шунингдек, мазкур шонли даврнинг йирик мулкдори, тенгсиз даражадаги мураббий ва муқаввийси сифатида ҳам унинг шарафли номи тарих зарварақларида юксак эътироф билан битиб қолдирилган. Бу тўғридаги муҳим маълумот ва тафсилотлар Навоий даври тарихий ва адабий манбаларида, вақф ҳужжатларида ҳамда ўзининг ўқишли асарларида жуда яхши ёритилган. Айтмоқчи бўлганимиз, Навоийнинг “Вақфия” асарида ёзган маҳдудот фасли ҳам тадқиқотчилар учун ниҳоятда муҳим манба ҳисобланади. Чунки улуғ Навоий маҳдудотда ўз қалами билан вақф қилинган барча кўчмас мулкларининг рўйхатини, мулк турларини, жойлашган ҳудудлари номини бирма-бир, тартиб билан ёзиб қолдирган. Билишимизча, Навоий маҳдудотда ўзига қарашли бўлган, қози муҳри билан тасдиқланган вақф ҳужжатлари асосида атрофи аниқланган ва белгиланган жойлар, экин майдонлари, даромадли ерлар, бинолар, коризлар каби кўчмас мулклар(кўчар мулклари ҳақида маълумот айтилмаган – Б.Р.)ини вақф қилганлиги ҳамда унинг шарт-шароитлари хусусида мухтасар маълумот берган.

Фаҳмимизча, ушбу маҳдудот Навоийнинг вақф мулклари тўғрисида форс тилида битилган вақф ҳужжатларига қўшимча манба ҳисобланади. Бу хусусида муаллифнинг ўзи маҳдудотда шундай хабар битган. Чунончи: “… вақф қилинган маҳдудларким, шаҳр ва тавобиндадур, мужмалан (қисқа) мазкур бўлур ва тафсили форси вақфномалардаким, муқаррар айтилибдур.” Қизиғи шундаки, у ўз маҳдудотларидан олинган даромад, тушумни ўз даврининг тенгсиз мураббий ва муқаввийси ва сахий, ғаний мулкдори сифатида ўз маблағлари ҳисобидан қурдирган масжид, мадраса, шифохона, работ, хонақоҳ ва шу каби юзлаб ижтимоий характердаги бинолар таъминоти учун белгилаб қўйган ҳамда ватан, юрт ободлиги, халқ манфати йўлида оғишмай сарфлагани билан боғлиқ ибратли жиҳатлари, биринчидан, унинг молиявий ибодати ҳам ниҳоятда мукаммал бўлганлигидан хабар беради. Иккинчидан эса Султон Ҳусайн Бойқаро ва раиятнинг чексиз ҳурмати, ихлоси, эътирофининг рамзи бўлиб янграган Макорим ул-ахлоқ, Шамс ул-миллат каби унвонларини эсга солади.

Ўрганишимизга кўра, “Вақфия”нинг маҳдудот фасли айнан расмий услубда битилган бўлиб, бу ҳолат даҳо адибнинг мазкур ҳужжатли фаслда вақф қилинган кўчмас мулк турларини шарҳлашда қўллаган ифода ва баён тарзида яққол кўринади.

Маҳдудот фасли “Вақфия”нинг бошқа фаслларидан қуйидаги хусусиятлари билан фарқ қилади. Биринчидан, улуғ амир ўзининг темурийлар бошқарувида бўлган Хуросон давлатининг, яъни подшоҳ ва шоир Бобур ибораси билан айтганда Темурбекнинг юрти қаторидан бўлган фозил шаҳар Ҳиротда ва шаҳар ташқарисида жойлашган ҳамда вақф қилингани кўчмас мулклари хусусида мухтасар тарзда қимматли маълумотлар битган. Иккинчидан, Навоийнинг маҳдудотда битишича, унинг вақф қилинган барча турдаги кўчмас мулклари қонуний, яъни “шаръ тариқи” ва қонун ҳимоясида бўлиб, кўчмас мулкларининг барча тафсилоти вақф ҳужжатларида форс тилида аниқ ёзилгани ҳамда гувоҳлар иштирокида қози муҳри билан тасдиқлаб қўйилгани айтилган. Учинчидан, у мулк ишларини, хусусан, вақф ишларини юритишда ҳам очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилган бўлиб, мазкур маҳдудотлардан вақт ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқародан тортиб, то оддий одамларгача хабардор бўлганлиги “… сойир халойиқ подшоҳдин гадоға дегинча элнинг муҳр ва тонуғ(гувоҳ)лиғи билан мукаммал бўлубдур ва коффан аном (ҳамма, барча) ҳузурида кофаға ҳукм топибдур, мазкур ва мабсут (кенг ёйилган, шарҳланган) воқеъдур,” деб яхши очиқланган. Шунингдек, шариатга хилоф бўлган яширин йўллар билан даромад топиш ёки кўчмас ва кўчар мулк орттириш йўллари, умуман, хуфиёна иқтисодиёт турлари йўқлигига ишора қилган ва унинг шарт-шароитлари қонуний эканлиги аниқ кўрсатилган.

Муаллиф томонидан маҳдудотда ёзилишича, унинг Ҳирот шаҳрида мавжуд бўлган, вақф қилинган барча кўчмас мулклари тим ва дўкон каби бинолар шаклида бўлиб, адади ўттиздан ортиқ эканлиги бирма-бир санаб кўрсатилган ҳамда унинг муҳим бўлган шарт-ша­роитлари таништирилган. Яна Ҳирот шаҳридан ташқарида вақф қилинган кўчмас мулклари, яъни Олинжон булуки, Фаррошон мавзеси, Инжил булуки, Боғи Мурғон, Сиёвушондин Хожа Шиҳоб маҳалласи, Сабғур булукининг Сабада Равон кенти, Сифлий маҳалласи, Ҳиротруд вилоятининг Гул кентида жойлашган бўлиб, улар экин майдони, даромадли ер, боғу боғот, сарой боғча кўринишида ва кориз, ариқ каби вақф мулклари эса Бодғис вилоятида Тудаги коризи, Гумбуроқ булукида Парагач коризи жойлашган бўлиб, мазкур жойлар ва ер бўлаклари ўз даври ўлчов бирлиги бўлган жериб билан адади, ҳажми аниқ битилган.

Маҳдудот ўзига хос хулоса қисмга эга бўлиб, улуғ Навоий маҳдудотнинг хулосасини “Бу жамиъ маҳдудотким, ҳудуди вақфияларда муқаррар мазкур бўлубтур дағи бу вароқта мужмал (жуда қисқа) битилди, юқори мазкур бўлғон биқоъға вақфи саҳиҳи шаърий қилилди” деб қисқа тарзда баён қилган.

Мақоланинг маҳдудот хусусида битган хулосамиз шуки, Навоий “Вақфия” асарида ёзган маҳдудот фасли, биринчидан, унинг вақф қилинган кўчмас мулкларидан ва уларнинг вақфи саҳиҳилигидан бизни хабардор қилса, иккинчидан, ҳамма давр мулкдорлари учун мулкдор Навоий сиймосини ҳамда унинг молиявий ибодатини намуна, ибрат қилиб кўрсатишга хизмат қилади, учинчидан эса Янги Ўзбекистонда қайтадан ташкил қилинаётган вақф ишларини ташкил қилишда ва иш юритишда очиқлик, ошкоралик ва шафофлик тамойилларига қатъий амал қилиш зарурлигини эслатиб туради.

Молиявий ибодатининг турларидан яна бири закотдир. Дастлаб мазкур атама хусусида қисқача тўхталсак. Закот(тозаланиш, садақа бериш) – мол-мулк, даромаддан бериладиган садақа, хайр-эҳсон. Исломнинг беш асосий талабларидан бири. Шариатга мувофиқ, муайян бойликка эга бўлган мусулмон закот беради. Закот берувчи кишининг маблағи ўзи ва қарамоғидагиларнинг зарурий эҳтиёжларидан ортиқча бўлиши лозим. Бу маблағга кишининг жамғармаси, дўконда сотиладиган нарсалари, сотаман деб олиб қўйган нарсалари, бировга берган қарзи киради. Қуръони каримнинг айрим сураларида закот намоз билан ёнма-ён зикр этилган. Закот йилда бир марта берилиши шарт бўлган хайр-эҳсон (садақа қаторига киради ва айни вақтда ибодат ҳисобланади. Закот миқдори маблағларнинг (1/40 улуши (2,5 фоиз)га тенг. Закотни закот бера олмайдиган мусулмонлар олишга ҳақли. Закот аввал қариндошлар орасидаги муҳтожларга, бундай қариндошлар бўлмаса, камбағал, қарздор мусофирларга берилади. Умуман, молиявий ибодат саналмиш закотнинг асл ҳикмати фақир ва муҳтожларнинг ҳожатини чиқармоқдир.

Алишер Навоий муқаддас ислом динининг беш рукнига шеърий усулда бағишлаб битган “Сирож ул-муслимин” асарининг “Исломнинг учинчи рукниким, закотдур баён қилмоқ”1 — деган алоҳида фаслида мусулмонларнинг молиявий ибодати – закотнинг хусусиятлари ҳақида қуйидагича лирик лавҳа ёзган:

Закот ўлди учинчи рукн билгил,

Нечукким, амр қилмиш Тенгри қилғил.

Киши соҳибнисоб ўлгунча маъмур,

Эмаским, Ҳақ тутубтур ани маъзур.

Нисоб ўлса киши молиға зоҳир,

Айирмоқ фарз келди қирқдин бир.

Ёки:

Чун юди кўзлар саводин ашк ёрут

юз очиб

Ким, дирамсиз элга бой эл фарздур

бермак закот.

Алишер Навоий 770 нафар шайхлар кароматига бағишлаб ёзган “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида шайх Абу Абдуллоҳ Дуний қ.с. ҳақида битган фиқрада авлиёнинг закот билан боғлиқ бўлган молиявий ибодати хусусида қуйидагича ибратга ва ҳайратга йўғрилган қизиқарли хабарни ўқиймиз: “… Дуний кўп Қуръон ўқур эрди. Ҳар қачон закот ёки садақа оятига етса эрди, хушҳол бўлуб эгнидин бир нима чиқориб берур эрдиким, эшикдин ташқари чиқориб қўюнг, ҳар киши етса, олсун!”

Алишер Навоий ўз танбеҳларида ҳам закот билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратган. Масалан, 107 мактублардан ташкил топган “Муншаот” асарининг валиаҳд шаҳзода Бадиъуззамон Мирзога қарата ёзган 57-мактубда унга куйиниб қуйидагиларни таъкидлаганидан воқиф бўламиз.

Чунончи: “Яна улким, девонийларға ҳукм бўлсаким, атрофдин келган бозургонларнинг жонибин риоят қилсалар. Ул вилоятда “тамғо” лафзи мазкур бўлмаса. Закотни шаръ ва ҳукм йўсуни била закотчилар алардин мустахлас қилсалар. Закотчилар ишидин тавочи моҳ-бамоҳ, балки ҳафта-баҳафта вуқуф топиб, арзға еткурсалар. Жузвий жарима қилғонни куллий сиёсат қилилса, бок йўқдур, то ружум кўпрак бўлса.”

Ёки ибратли умрининг сўнгги кунларида якунлаган “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг йигирма олтинчи фасли бўлган “Тижорат аҳли зик­рида” ҳам бу хусусида эзгуликка чорлаб айтган танқидий руҳдаги фикрлари билан танишамиз: “ … риоятдин номуродлари иши кушоди бўлса шаръий закот бўйнида қолмаса, фуқаро ҳаққин ўз бўйниға олмаса, йўқки, молин азиз асраб, ўзини хор этган ва ўз молин тамғодин ўғрулаб ўзига мазаллат етгай ё вориссипор учун йиғингай, ё ҳодиса қўзғар учун қовғонғай. Мундоқ киши хожа эмас, муздурур ва ўз разиллиғидин ҳамиша ранжурдур.”

Умуман, Навоий закот сўзини ўз асарларида умумий бойликнинг қирқдан бири миқдорида ҳар йили олинадиган диний солиқ, молиявий ибодат маъносида ишлатади, лекин шеър­лари матнида эса закотнинг бадиий талқини ҳам бор. “Ғаройиб ус-сиғар”девонида ўқиймиз:

Закот ўлур эрди юзунг жамоли нақдиға меҳр,

Тажаммул аҳлиға юздин бир ўлса эрди закот.

Закот қоидаларига ўзи ҳам қатъий амал қилгани ва бор мулки халқ манфаати йўлида тикилгани боис қўлида закот солиғи бериши учун мулк, маблағ, захира бўлмагани ҳақида “Вақфия”да тўлқинланиб, фахрия усулида шундай битган: “Жоним нақди ул Тенгрига закотким, кўнглумга насабқа еткунча мол захира қилмағаймен, солмади ва насабқа етган мол закотин айирғунча илкимда қолмади”.

Навоийнинг закот ҳақидаги маълумотларидан, поэтик талқинларидан унинг мазкур мо­лиявий ибодатнинг муҳим сиру асроридан амир сифатида яхши хабардор бўлгани сезилади. “Одамий эрсанг, демагил одамий, Оники йўқ халқ ғамидин ғами”, деб ёзган Алишер Навоий доимо одамларнинг ҳожатини чиқариш, ёрдам бериш, дарду аламини енгиллаштириш ҳаракатида бўлган, аммо ҳожатбарорлиги учун одамлардан музд талаб қилмаган. “Вақфия”да бу ҳақда шундай қимматли маълумотларни ёзган: “Бу ишлар муқобаласида музд тилаб миннат қилмадим, балки муздпарварға миннат дағи туттилар қабул этмадим.

Рубоий

Элдин манга гарчи ғайри заҳмат йўқ эди.

Айб эрмас, агар музд ила

миннат йўқ эди.

Эл бердилар, аммо манга рағбат йўқ эди.

Шаҳ давлатидин буларға ҳожат йўқ эди.”

Музд — иш ҳақи, хизмат ҳақи, тўлов сингари луғавий маъноларни билдирувчи тарихий-иқтисодий атама бўлиб, Навоий даври адабий тилнинг ёзма ва оғзаки шаклида кенг истеъмолда бўлган ва даҳо шоирнинг дурдона асарлари матнида ҳам шу маъноларда маҳорат билан қўлланган.

Ўрганишимизга кўра, унинг молиявий ибодати маълум маънода шахсий муҳрида ҳам акс этган. Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева Навоийнинг шахсий муҳри ва муҳрга битилган жумлалар ҳақида қуйидагича маълумот беради ва биз Навоийнинг молиявий ибодати билан боғлиқ фикрларимизни мазкур олтин битик билан хулосалашга ҳаракат қилдик: “Кун, оша фи-д дунё к-ал ғариб-ал-фақир Алишер” яъни, “Дунёда фақир ва ғариб Алишердек ҳаёт кечир.”

Буробия РАЖАБОВА,

Ўз ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклор

институти етакчи илмий ходими.

1Алишер Навоий. Сирож ул-муслимин. МАТ. 16-жилд. – Тошкент: Фан, 2000;

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 13 =