Навоий – 30

Шундай адиблар бўладики, аҳли мутолаа уларнинг янги асари чоп этилаётганини эшитса, тамом – оромини йўқотади. Топиб ўқимагунича тинчимайди. Топса, беихтиёр қўлма-қўл қилиб ўқийди. Таассуротларини катта-кичик давраларда бир-бирига сўзлаб беришдан чарчамайди.

Таниқли ёзувчи Хайриддин Султон ҳар бир асарини ўқувчилар интизор бўлиб кутадиган ана шундай хассос адиблардан.

Сизга тақдим этилаётган ушбу китобнинг қўлёзмаси ҳали босмахона юзини кўрмасидан газетхонамизга қўнғироқлар бош­ланган эди: “Китобни қандай топсак бўлади?”

“Машҳур пресс” нашриётида куни кеча чоп этилган мазкур асарини адиб “Навоий – 30” деб атаган ва унга “Жанри йўқ китоб” деб ғайриоддий изоҳ берган. Бироқ бизнинг назаримизда, бу ўринда китобнинг жанри муҳим эмас. Муҳими – “Навоий – 30” самимият, меҳр-оқибат, поклик ва ҳалоллик, инсоф-диёнат каби юксак инсоний туйғуларни баланд пардаларда тараннум этадиган, завқу шавқ билан ўқиладиган, ибратли асар эканида.

Китобда ёлғон, тўқима нарсанинг ўзи йўқ. Бир қарашда ичакузди ҳангомаларга ўхшаб кетадиган бадиаларнинг бари — ҳаётий. Айрим ҳикояларда эса машҳур ижодкорлар бошига тушган дарду фожиалар, ҳар қандай одамни ҳам ўйлантириб қўядиган тақдир синовлари чуқур изтироб билан қаламга олинади…

Қолаверса, устоз адиблар — Миркарим Осим, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Сарвар Азимов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ваҳоб Рўзиматов, Машраб Бобоев ва бошқа кўплаб улуғ истеъдодлар ҳаётидан олинган турфа хил ҳикояларни ўқиб, ўзингизни беихтиёр уларнинг даврасида юргандек, гўзал ва файзиёб суҳбатларидан баҳраманд бўлаётгандек ҳис этасиз.

Энг асосийси, китобни ўқиб ҳузур қиласиз, маънавий қаноат ҳосил этасиз. Тўймайсиз. Яна китоб ўқигингиз, ундан бошқаларни ҳам баҳраманд этгингиз келаверади.

Севимли адибимизни янги асар билан самимий табриклаган ҳолда, газетамизнинг 7-саҳифасида муаллифнинг китобга ёзган Сўзбошисини ҳамда айрим ҳи­кояларини ҳукмингизга ҳавола этмоқдамиз.

 

Тошкентнинг қоқ марказида…

(Сўзбоши ўрнида)

Тошкентнинг қоқ марказида Алишер Навоий кўчаси бор. Ўз даврида у Тошкўча, Каттакўча, Шайхонто­ҳур номлари билан аталган. Мана, саксон уч йилдирки, улуғ шоир номи билан шуҳрат топиб келади. Унинг ўртасида эса “Навоий – 30” деган улкан бир бино бор.
XX аср совет архитектурасининг мукаммал тимсоли бўлмиш бу азамат бинонинг баланд пештоқлари, осмон устунидай баҳайбат колонналари, муаззам аркалари, ялтироқ мис қуббали маҳобаткор дарвоза ва эшиклари, кенг-мўл мармар зиналари, вазмин-сипо деразаларидан ўз вақтида чўнг бир салобат ёғилиб турарди.
Бу муҳташам иморатнинг ўрни илгари қандай жой бўлганини бугун камдан-кам одам эслайди. Эслайдиганларнинг кўпи энди йўқ – охират дунёсига қайтмас бўлиб кетганлар, қолганлардан эса афсуски, буни ҳеч ким сўрамайди.
Тарихни умумий тушуниб, умумий идрок этадиган халқимиз нима учундир хусусий тарих ҳақида кўп ҳам қайғурмайди, бунга рағбат ва майл кўрсатмайди.
Ҳолбуки, ўзлигини англаган, ўз қадрини биладиган ўлка ва элларда нафақат мамлакат ва шаҳар, балки ҳар бир кўча, иморату иншоотнинг ҳам ўз тарихи бор ва ана шу тарихни соатлаб завқ билан сўйлаб берадиган қиссагўй-ровийлари ҳам бор.
Майли, нима бўлганда ҳам, ўтган асрда, ўзбек элининг пойтахти Тошканди азимнинг юрагида, эллигинчи йилларнинг охири – олтмишинчи йилларнинг бошларида, Рашидов раҳбарлигининг миёнасида икки улуғ даргоҳ – Марказий телеграф ва Ҳамза театрига ёндош бўлиб, ўз замони тушунчасига кўра буюк бир маж­муа ўлароқ қад ростлаган ушбу бино шунчаки оддий бир иморат эмаслигини аввал-бошданоқ қайд этиб қўймоғимиз жоиз.
Аммо бу сирли даргоҳга етиб бориш учун, аввало, Навоий кўчасини иккига ажратиб турадиган машҳур Ўрданинг кўпригидан ўтишимизга тўғри келади.
Кўприкка қадам қўйишдан олдин эса унинг ажабтовур тарихи ва шуҳрати ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз.
Оқ подшо мустамлакаси даврида Тошкент икки қисмга бўлинган: Ўрданинг кўпригидан юқорида евро­паликлар яшаган, улар учун барча қулайликлар муҳайё, маҳкамаю идоралар шу янги шаҳарда иш кўрган. Кўприкнинг бу томони – аҳли муслим истиқомат қиладиган Эски шаҳар эскилигича қолаверган. Ўрданинг кўп­риги шаҳарнинг икки қисми ўртасида гўё норасмий бир чегара вазифасини ўтаган. Янги шаҳарда кўнгилни хушлайдиган даргоҳлар кундан-кун шуҳрат топиб, аста-секин айрим эски шаҳарликлар дилига ҳам қутқу сола бошлаган. Пулдор мусулмон бойваччалар шаҳарнинг макруҳ саналган бу қисмидаги ресторану томошабоғларга авваллари ўғринча, қоронғилатиб келадиган бўлсалар, кейин-кейин, куппа-кундузи, ошкора равишда Ўрда кўп­ригидан извошда керилиб ўтадиган, қовоқхонаю исловотхоналарга танда қўйиб, маст-аласт думалаб ётадиган бўлганлар. Шу боис, Эски шаҳарда бирор суюқоёқ кимса ҳақида сўз боргудек бўлса, “Э, уми, Ўрданинг кўпригидан ўтган!” деб эслар эканлар.
Етмишинчи йилларда ана шу машҳур кўприкдан ўтиб, Ўрда томондан эниб борганингизда, трамвайлар жарангдор қўнғироқ чалиб, гулдираб ўтадиган кўчанинг ўнг қаноти муаззам ва олий иморатлар билан зийнатланганига, чап тарафда эса илгариги эски жарликлар ўрнида “Ярмарка” деб ном қозонган паст-баланд, омонат фанер дўкончалар мунчоқдек тизилиб турганига кўзингиз тушарди.
Ҳозир бу савдо расталаридан асар ҳам қолмаган, уларнинг ўрнида қад ростлаган беш қаватли “дом”лар “Тошкент Сити”га девор-дармиён қўшни бўлиб турибди.
Қисқаси, собиқ “Болалар дунёси” магазинидан бош­ланиб, Хад­ра майдонига қадар давом этадиган Навоий кўчасидаги ёнбошига “30” рақами зарб этилган бу азим иморат китобимиз қаҳрамонидир.
Эҳтимол, сиз, ҳеч замонда бино ҳам бадиий асар қаҳрамони бўлиши мумкинми, деб сўрарсиз.
Лекин Санъат номли оқсоч момо қалъалар ва қўр­ғонлар, сарой ва қасрлар, масжиду мадрасалар, бутхонаю калисолар ҳақида оташин ҳарорат ва маҳорат билан битилган қанчадан-қанча гўзал асарларга доя бўлгани тарихдан яхши маълум. Лоақал “Биби Марям ибодатхонаси”, “Садди Искандарий”, “Иф қалъасининг маҳбуси”, “Арбат болалари”, “Дарё бўйидаги уй” каби асарларни эслаш кифоя. Шу маънода, Навоий – 30 ўз сиймосида ҳам қалъа, ҳам сарой, ҳам қўрғон, ҳам қасри олийга хос жамики белги-аломатларни мужассам этгани учун, ҳеч шубҳасиз, бадиий асарнинг тўлақонли қаҳрамони бўлишга мутлақо муносибдир.
Унинг тарихи ва таърифини, бу даргоҳ аҳлининг ғаройиб қисматларини тасвирлаш учун “мингта Фирдавсий керак”1. Аммо фирдавсийлар ўтиб кетган, янгилари эса қачон туғилиши номаълум, шунинг учун ҳам “фақат ожиз қаламим маним”2 деб, бу вазифани ўз зиммамизга олишга мажбурмиз.
Пастдан, пойгакдан туриб қараганда, Навоий – 30 қошида одам ўзини қандайдир фақиру ҳақир сезади, бетон ва цемент, мармар ва харсанг тошларнинг ажиб уйғунлиги ила бунёд этилган бу ҳайбатли қалъа қаршисида беихтиёр тизза қалтирайди.
Агар бу бинога тепадан – осмону фалакдан қарасангиз, ниҳоятда улкан “П” ҳарфи кўз ўнгингизда намоён бўлади. Номи бизга номаълум меъмор бу ҳарф ўйини орқали қандай рамзий маънони ифода этмоқчи бўлган экан? Пар­тияга садоқатини изҳор қилмоқчи бўлганми ёки “ишлар пачава” деган қитмир бир мазмунга шаъма этганми – илло, буниси бизга қоронғи.
Эсласангиз, бу муаззам бино бағрида бир пайтлар ҳаёт денгиздай қайнаб, ижодий жараёнлар пўртана уриб ётарди.
Навоий кўчаси томондан кириладиган учта асосий дарвозанинг ён-деворларидаги қоп-қора фонга зарҳал ҳарфлар билан битилган, мақоми ва нуфузига қараб тартиб берилган тиллоранг пешлавҳалар бу улуғ иморат бағрида Маданият министрлиги, Кинематография давлат комитети, Нашриётлар, полиграфия ва матбуот ишлари бўйича давлат комитети, Совет Иттифоқи Телеграф агентлигининг Ўзбекистон бўлими, Журналистлар союзи ва ҳоказо ва ҳоказо бир-биридан нуфузли ва пурвиқор идоралар фаолият юргизишидан далолат берарди.
Бундан ташқари, бу баланд даргоҳ қаърида қатор-қатор нашриёт ва босмахоналар, газета-журналларнинг редак­циялари, мафкура фронтига дахлдор жуда кўп керакли ва кераксиз ташкилот ва муассасалар ҳам қўр тўкиб ўтирар эди.
Уларнинг фаолият доираси бамисоли занжир ҳал­қасидай бир-бири билан чамбарчас боғланган эдики, буни, масалан, муаллифларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган бир ташкилот (ВАПП) билан ана шу ҳуқуқларни поймол қиладиган яна бир идора (Главлит)нинг бир қаватда жойлашиб, апоқ-чапоқ ишлашида ҳам кўриш мумкин эди.
Ижод аҳли, қавми қалам бу даргоҳни оддийгина қилиб “Навоий – 30” деб атар ва бунда фақатгина хос одамлар тушунадиган қандайдир бир маъно, аниқроғи, сирли бир тилсим бордек туюлар эди.
Нафақат Ўзбекистон, балки узоқ-яқиндаги кўп­лаб адабий минтақалардан ҳам ижод дардига гирифтор бўлган минг-минглаб шайдою савдойилар мана шу маконга парвонадек талпинар эди. Барча адабий йўллар Навоий – 30 га элтарди. Барча адабий тақдирлар Навоий – 30 да туташарди.
Бу улуғ бино остонаси не-не инсонларни кўрмаган. “Панорама” киносаройи, Ёш томошабинларнинг рус те­атри, Адабиёт музейи, Шоирлар хиёбони, “Пассаж” китоб дўконлари, Ўзбекистон телевидениеси, Ҳамза театри, Кўкалдош мадрасаси каби масканлар жойлашган Навоий кўчаси бўйлаб қандай буюк зотлар кезмаган.
Бахтим шуки, мен ёшлик чоғларимда Навоий – 30 ва унинг маънавий ҳудудида ана шундай ғаройиб одамларни, беназир истеъдод эгаларини нафақат кўрдим, балки уларнинг дилкаш суҳбатларидан баҳраманд бўлдим, тақдир насиб этган экан, улар билан ижодий ҳамкорлик ҳам қилдим.
Наинки мен, бошқа ўнлаб шоир-адиблар ҳам ана шундай ажиб саодатга мушарраф бўлдилар:
Кўрдим: Шукур Бурҳон “Ҳамза”дан чиқиб,
Аста пиёдалаб кетди бир куни.
Бир ён гавжум кўча, бир ён расталар,
Оломон…
Кўпчилик билмади уни…
(Омон Матжон)
Орадан йиллар ўтиб, Навоий кўчасининг фуқаролари ва қироллари бўлган ана шундай инсонлар шаънига ушбу китобни битдим. Бу китоб Муҳит ва унинг қаҳрамонлари ҳақида. Тўпламдан ўрин олган, Навоий – 30 тег­расида юз берган воқеалар ҳам моҳият эътибори ила ушбу макон руҳи билан йўғрилгандир.
Баъзи андишаларга кўра, айрим қаҳрамонларнинг исм-фамилияларини ўзгартириш лозим топилди. Зеро, адабиёт учун муайян шахснинг ному нишонидан кўра, унинг тийнати, хулқи ва сажияси, қилган ва қилмаган ишлари муҳимдир.
Айни вақтда мен фаришталар тарихини эмас, оддий инсонлар ҳаётини ёзаётганимни, хом сут эмган банда сифатида барчамизнинг нуқсон ва хатолардан холи эмаслигимизни унутмасликка ҳаракат қилдим.
Қўлёзмани китоб ҳолига келтиргач, бундоқ разм солиб, ушбу битикларнинг қайси жанрга ётишини, очиғи, ўзим ҳам билмай қолдим.
Дарҳақиқат, нима ўзи улар – ҳикоя ёки бадиаларми, мақола ёки хотираларми? Битта-яримта билгич одам бўлса, китобни ўқигандан сўнг балки айтиб юборар.
Ҳозирча эса бу паришон саҳифаларни “жанри йўқ китоб” деб аташга ўзимда журъат ҳис этдим.
Бугун чархи кажрафторнинг шеваси билан Навоий – 30- дан, унинг ўтмиш шаъну шукуҳидан фақат олис хотиралар қолди. Фақат кўз ёшидек тиниқ орзулар, ғараз ғуборидан холи инти­лишлар, мастона давралар, дарвешона юришлар, бедор руҳ исёни, оташин инкор туйғулари, севги афсонаси, чигал ишқ изтироблари, самимий табассумлар, ажиб парвоз ва инқирозлар, барбод бўлган ва юксалган тақдирлар – қисқаси, шу жилвагар ҳаёт­нинг ранг-баранг таманнолари баъзан ҳориган юракларни жизиллатиб ўтади, холос.
Бир вақтлар Навоий кўчасини тўлдириб, гуллатиб-­яшнатиб юрган, истеъдод-салоҳияти, азму ғайрати, ҳаётга муҳаббати билан ҳеч қачон қаримайдигандек, ­ўлмай дунёга устун бўладигандек туюлган не-не ғаройиб сиймолар энди ёдномалар қаҳрамонига айланди. Аксариятининг тимсоллари Адиблар хиёбонига кўчиб ўтди.
Уларнинг барчасини Оллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин. Ҳаёт бўлганларининг умрларини зиёда қилсин.
Баъзан маъюс чоғларимда ортга қарайман. Изимиздан янги адабий авлод келаётганини кўриб, кўнглим тас­кин топади. Насиб этса, улар ҳам ўзининг бетакрор ижодий муҳитини – ўз “Навоий – 30”ини яратар, деб умид қиламан.
Ҳурматли китобхон, кимлигингизни, исмингиз ёки ёшингизни билмайман – балки акам ё опам, балки укам ё синг­лим, эҳтимол, фарзанду набирам тенгидирсиз. Лекин гоҳо қувноқ, гоҳо маҳзун оҳанг ила битилган ушбу ёзмиш­ларим сизни ҳам лоақал бир зумгина бизнинг беғубор дамларимизга, умримизнинг армонсиз даврлари кечган Навоий кўчасига, энди қайтмас бўлиб кетган Навоий – 30 деган бетак­рор ломаконга қайтара олса, ҳаёт сўқмоқларида кўп ғурбатларни кўрган бу оқсоч бошим кўкка етган бўлур эди.

Миннатдорлик ила,
Хайриддин СУЛТОН.

 

“ТИРИКЧИЛИКНИНГ АЙБИ ЙЎҚ”

Бу ҳангомани ҳам Эркин ака кулиб айтиб юрарди:

– Бир куни саҳар тонг қоронғисида “Жигули”нинг рулида ўзим, аэропортга кетаётган эдим. “Ғунча” кинотеатрининг олдига етганимда йўл четида қўл кўтариб турган одам шарпасига кўзим тушди. Дастлаб эътибор қилмасдан ўтиб кетибман, беш-ўн метр юриб, ёнбош­даги ойнадан орқага қарасам, эгнига қора чопон, бошига дўппи кийган бир йигит. Ким билсин, бечора жаноза-панозага шошаётгандир, деган хаёл билан изимга қайтиб бордим.

– Ҳа, ука, тинчликми? – деб сўрадим.

– Э, акажон, келинингиз оғироёқ эди, дард тутиб қолди, “тез ёрдам” келмаяпти, – деди йигит бетоқат бўлиб, – шунга…

Бунақа пайтда ўйлаб ўтиришнинг мавриди эмас, албатта.

– Қани, ўтиринг, – деб машинанинг эшигини очдим. – Қаёққа юрамиз?

– Раҳмат, раҳмат, барака топинг, – деб йигит суюниб кетди. – Ҳозир ўнгга, кейин чапга. Яқин ўзи, анави тўққиз қаватли “дом”да турамиз.

Ўн минутлардан кейин аёлини ўраб-чирмаб уйидан олиб чиқди, авайлаб машинага ўтқазди.

Булар Тахтапулдаги туғуруқхонага бириктирилган экан, машинани оҳиста ҳайдаб, ярим соатларда касалхонага етиб бордик. Дўхтир-ҳамширалар аёлни бирпасда тиббий замбилга солиб, ичкарига олиб кириб кетишди.

Машинани буриб ортимга қайтаётган эдим, бояги йигит югуриб олдимга келди.

– Ака, минг раҳмат сизга, умрингиздан барака топинг, – деди қуллуқ қилиб. — Бахтимизга Худо сизни етказди, бўлмаса, тоза қийналиб қолардик.

– Майли, эсон-омон қутулиб олсин, – дедим.

– Ака, – деди йигит узр сўрагандек, – энди мана шуни олиб қўясиз. Оз бўлсаям кўп ўрнида кўрасиз.

Бундоқ қарасам, битта қизил ўн сўмликни узатиб турибди.

Шу пайт денг, миямда бир лаҳза шайтоний қутқу йилт этди, лекин дарров ўзимни қўлга олиб:

– Эй қўйинг-э, ука, уят бўлади, – десам, йигит тушмагур қўлини кўксига қўйиб:

– Эркин ака, олаверинг, тирикчиликнинг айби йўқ, – дейди.

Хайрият-хайрият, шайтоннинг гапига кирмаганим. Бўлмаса, эртага бутун Тошкентда, нима дейсан, Эркин Воҳидов кечаси кира қилиб юраркан, деган гап тарқаб кетармиди…

“СЕН ҚАЁҚДАН БИЛАСАН?..”

– “Ёшлик девони” энди нашрдан чиққан пайт­лар, – деб ҳикоя қилган эди Эркин ака, – мен учун ота мақомида бўлган тоғам Карим Сахибоевнинг уйига бир куни улфатлари меҳмондорчиликка йиғилишди.

Улфатлар ким десангиз, машҳур уламо, сиё­сий арбоб Алихонтўра Соғуний, ака-ука ҳофиз Шожалиловлар, Маъруфхўжа Баҳодиров, шоир Чустий… Ҳаммаси мадраса кўрган эски одамлар. Мен чой ташиб хизмат қилиб турибман.

Бир вақт гап айланиб келиб, “Ёшлик девони”га тақалди. Суҳбатдошлар бири олиб, бири қўйиб китобни таърифлай кетишди. Уларнинг ҳаммаси бир фикрда якдил эди, яъни девонда ишқи илоҳий куйланган, ёр, дилбар, маъшуқа деганда, аввало, Худои таоло улуғланган. Бу эса Эркин Воҳидов ижодида мутлақо янги бурилиш бошланганидан далолат берар экан.

Бошида индамасдан, одоб билан чой қуйиб ўтиравердим. Аммо гап чуқурлашгани сари ташвиш-хавотирим орта бошлади. Нима бўлганда ҳам, партия аъзосиман, комсомол нашриёти бош муҳаррирининг ўринбосариман. Худо кўрсатмасин, агар бу гаплар эртага бирон жойга етиб боргудек бўлса…

Шунинг учун масалага ойдинлик киритмоқчи бўлдим.

– Бу машқлар бир ҳавас, катта баҳо бер­динглар, раҳмат, — дедим, — аммо, муаллиф ундай юксак мақсадларни ўз олдига қўймаган. Бу ғазалларда оддий инсоний туйғулар, ёш йигит-қизларнинг беғубор муҳаббати, севги-садоқати тасвирланган, холос.

Менинг бу гапим бир умр адлия ходими, судья бўлиб ишлаган, Олий суд аъзоси ҳам бўлган тоғамга ёқмади.

— Ёш бола нарса, бу китобда нима ёзилганини сен қаёқдан биласан? — деди қовоғини солиб.

“КЎП НАРСАНИ БИЛИБ ОЛДИМ…”

Навоий – 30 ёнидаги Маҳмуд мўйловнинг ошхонасида бир неча киши тушлик қилиб ўтирган эдик. Тўрда – Саид Аҳмад ака, ҳаммани оғзига қаратиб гап беряпти.

Бир маҳал шоир, тележурналист А.И. билан “Ёш гвардия” нашриётида ишлайдиган шоир Т.И. бошлашиб ошхонага кириб келишди. Икковининг ҳам кайфи чоғ, чунки кеча оқшом телевизорга чиқиб ўзаро адабий суҳбат қуришган, энди таниш-билишларнинг қутлов-табрикларига қуллуқ айтиб юришган эди. У пайтда телевизорга чиқиш ёзувчи учун космосга чиқишдек бир гап эди.

Оғайнилар Саид Аҳмад ака ўтирган бизнинг даврага яқинлашиб, қўллари кўксида, ширин табассум билан салом беришди.

– Ваалайкум ассалом, – деди Саид Аҳмад ака кулимсираб, – аммо-лекин, аканг айлангурлар, телевизорда кечаги суҳбатинглар зўр бўлди. Айниқса, бир-бирингни “мавлоно”, “малик уш-шуаро” деб улуғлашинг, “мустағний”, “дунёву уқбо”, яна нимайди, ҳа, “руҳ ашжорий” деб Навоий замонидек гапиришларинг, ҳай-ҳай… Шахсан мен жуда кўп нарсани билиб олдим.

Икки дўстнинг оғзи қулоғига етиб, жилмайиб туришибди.

– Сир бўлмаса, нимани билиб олдингиз, устоз? – деб сўради Т.И. тавозе билан.

– Икковингнинг ҳам қазои ҳожатга эҳтиёжинг бор экан-у, улгуролмай қолганингни билдим, – деди Саид Аҳмад ака.

Мавлоно А. билан мавлоно Т. турган жойларида қотиб қолишди.

“ДУМИ”НИ ЎЗИНГ ҚЎЙИБ ОЛАРСАН…”

Бир куни Саид Аҳмад ака нашриётга телефон қилиб қолди:

– Абдулла ака (Абдулла Қаҳҳор) ҳақида хотиралар китоби чиқараётган экансизлар, Кибриё опа мақола ёзиб беришимни илтимос қилган эди, қўлёзмани сенга жўнатяпман, ўзинг кўриб чиқарсан.

– Хўп бўлади, – дедим.

– Фақат бир илтимос, – деди устоз, – мен “дум”ли “ҳ” билан “дум”сиз “х”нинг фарқини билмайман, ўзинг қўйиб оларсан.

– Гап йўқ, хотиржам бўлинг, – дедим кулимсираб.

– Лекин Саид Аҳмад акам жуда тупой экан, деб ўйламаслигинг учун у ер-бу ерига “дум” қўйиб қўйдим, яна қарарсан, – деди у киши ва хайрлашдик.

Икки-уч соатдан кейин қўлёзма етиб келди. Очиб қарасам, барака топкур устоз “Аҳмад”, “ҳаво”, “ҳусн”, “ҳолва”, “ҳамшира” каби сўзларнинг “дум”ини олиб ташлаб, “хат”, “харидор”, “хайрият”, “хавотир” деган сўзларга эринмасдан “дум” қўйиб чиққан экан.

“ҚАНИ, ТЎРНИ БЎШАТИНГ…”

Профессор дўстимиз Ҳасан Бўриев қиз узатаётган эди, наҳорги ошга Саид Аҳмад ака билан бирга бордик. Ош тарқагунча тўй эгасининг ёнида “ҳассакаш” бўлиб турдик. Одам оёғи тинганидан кейин бизни ҳам дастурхонга таклиф қилишди. Саид Аҳмад аканинг ёнида Бўриев домланинг қишлоқдан келган, оппоқ соқоли кўксини қоплаган нуроний қариндоши турарди. Устоз у кишига ҳурмат кўрсатиб, қўймасдан тўрга ўтқазди, кейин ўзи унинг ёнига ўтирди. Биз ҳам жой-жойимизни эгалладик.

– Қани, бобо, фотиҳа қилинг, – деб Саид Аҳмад ака оқсоқол меҳмонга қаради. Оқсоқол қўлини фотиҳага очиб:

– Илая, яшлар ўвали-жўвали бўлсин, сиз ҳам менинг жашимга жетиб журинг, – деб қўнғиротча шевада дуо қилди.

Фотиҳадан сўнг устоз нуроний бобога ихлос ва ҳавас билан тикилиб:

– Отахон, сўраганнинг айби йўқ, нечага чиқдингиз? – деди.

– Менма? Худайим умр берса, шу жил олтмиш экига чиғаман, – деди мўйсафид бамайлихотир чой ҳўплаб.

Бу гапни эшитиб Саид Аҳмад ака бирпас ҳайрон бўлиб турди-да, кейин:

– Э, сизнинг дуоингиз ижобат бўладиган бўлса, мен бундан ўн олти йил бурун ўлиб кетишим керак экан-да! Укахон, менинг ёшим етмиш саккизда, билиб қўйинг. Қани, давай, тўрни бўшатинг, – деди ёлғондакам жаҳл қилиб.

“ЙЎҚ, МЕНИКИ ИТАЛЬЯНСКИЙ”

Коронавирус пандемияси қанчалик даҳшатли бўлмасин, одамзот барибир шу ваҳимали мавзуда ҳам ҳазил-мутойиба қилишга ўзида куч ва журъат топа олди.

Мана, қулоққа чалинган баъзи ажойиб гаплар.

Пандемия бошланган дастлабки кунларда қизиқчи Аваз Охун телевизорга чиқиб айтаяпти:

– Биродарлар, қўрқманглар, бу коронавирус Хитойдан чиққан экан, ҳадемай йўқ бўлиб кетади. Нега дейсизларми? Негаки, Хитойда чиққан нарса узоққа бормайди.

Катта идорада ишлайдиган танишим гапириб беряпти:

– Ишхонамизнинг эшиги олдида иккита дўхтир биттаси фонарчасини ёқиб олиб, ҳар бир ходимнинг томоқ-бурнини текширади, иккинчиси тўппончага ўхшаган асбобини пешонангизга тираб, иссиғингизни ўлчайди. Хуллас, тартиб-интизом жуда қаттиқ. Бир куни хизмат сафаридан қайтиб ишхонага тушлик пайти кириб келдим. Қарасам, дўхтирларнинг қора-қураси ҳам кўринмайди. Ҳайрон бўлиб, вахтёр амакидан сўрадим: “А, бу дўхтирлар тушлик вақтида текширмайдими?”.

Вахтёр бўлса илжайиб: “Ака, бу вирус ҳам соат бирда обедга чиқиб кетар экан”, дейди.

Касаллик энди тарқала бошлаган кўклам ойлари. Вирус Хитойда пайдо бўлиб, Италияда, айниқса, ўлим ҳолатлари авж олган кунлар.

Иккита аёл телефонда гаплашяпти:

– Вой, ўртоқжон, сизга ўхшаб мен ҳам “ковид” бўлиб қолдим, қуриб кеткур ёмон экан, – деса, дугонаси ҳамдардлик билдириб:

– Сизда қанақаси, китайскийми? – деса, буниси оғзини тўлдириб:

– Йўқ, ўртоқжон, меники итальянский, – деб мақтанар эмиш.

Донишмандлар “Инсоният ўз ўтмиши билан кулиб хайрлашади”, дейдилар. Илоҳим, аҳли башарни ҳам куйдириб, ҳам кулдириб ўтаётган пандемия билан тезроқ хайрлашиш барчамизга насиб этсин.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 2 =