ҚУРБОНЛИК КИМЛАРГА ВОЖИБ?

Қурбонлик қилиш ушбу сифатларга эга кишиларга вожибдир:

  1. Мусулмон;
  2. Ҳур;
  3. Муқим;
  4. Бой.

Бойликнинг мезони асл ҳожатидан ташқари 20 мисқол (84 грамм) тиллага ёки 200 дирҳам (640 грамм) кумушга ёхуд шу миқдордаги маблағга, тижорат молига эга ҳар бир мусулмон, ҳанафий мазҳабига кўра, қурбонлик қилиши вожибдир. Бундай нисобдаги бойликка эга кишининг моли устидан бир йил ўтиши шарт эмас.

Бой кишидан мақсад фитр садақаси беришга қодир киши назарда тутилади. Қурбонлик фақат эркакларга вожиб эмас. Қурбонлик ақлли, балоғатга етган, мусулмон, ҳур, муқим, қурбонлик қилишга қодир эркагу аёлга вожибдир.

Шофеий, моликий ва ҳанбалий маз­ҳабларига кўра, қурбонлик қилиш суннати муаккададир. Ҳанбалий мазҳабига кўра, қайтариш имконига эга киши қарз олиб бўлса-да, қурбонлик қилиши лозим (“Ал-Фиқҳу алал мазаҳибил арбаъа”).

Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ қурбонлик сўйишнинг ҳукмини Қуръон ва суннатга таяниб вожиб деган. Бошқа мазҳаблар соҳиблари суннати муаккада деганлар.

Олим ёки илм аҳли бўлмаган кишилардаги китоблар аслий эҳтиёж ҳисобига ўтмайди. Уч бош сарподан зиёд кийим, зарурий эҳтиёждан ортиқ бўлган уй, ортиқча ер ва уй нисобга киритилади.

Бир кишининг дала ери бўлса ва у даласидан ўзининг ва оиласининг бир йиллик нафақасини таъминласа, унга қурбонлик вожиб бўлади. Агар даладан йиғиштириб олинган маҳсулот бир йилга етмаса, у киши фақир ҳисобланади (“Раддул мухтор”, “Дуррул мухтор”, 6-жилд, 312-бет).

Камбағал ва мусофир қурбонликларини сўйишгандан сўнг, ҳайитнинг учинчи куни тугамасдан бой ва муқимга айланса, аввалги қурбонлиги кифоя қилади. Саҳиҳ қавлга кўра, яна қайта қурбонлик қилиши шарт эмас (“Раддул мухтор”, 6-жилд, 316-бет).

Ўзига қурбонлик вожиб бўлган киши балоғатга етмаган фарзандларига ҳам қурбонлик қилиши мустаҳабдир (“Жавҳара”, “Раддул мухтор”, 6-жилд, 241-бет).

Қурбонликни фақат оила бошлиғи эмас, балки оиладаги моли нисобга етган барча кишилар сўйиши вожибдир. Айрим кишилар: “Мен ҳар йили қурбонлик қиламан. Бу йил аёлим қурбонлик қилса бўладими?” деб сўрашади. Бу хато. Агар аёлга ҳам қурбонлик вожиб бўлса, ҳар йили эру хотин биргаликда қурбонлик қилаверишади.

Қурбонлик қандай ҳайвонлардан қилинади?

Қурбонлик уч хил ҳайвондан қилинади:

  1. Кичик мол (қўй, эчки);
  2. Қорамол (сигир, ҳўкиз, қўтос);
  3. Туя.

Эчкининг бир ёшлиси, қўйнинг бир ёшга тўлгани ёки 6 ойлик бўлса-да, бир ёшлидай семириб, катта бўлгани қурбонлик қилинади.

Туя камида 5 яшар бўлиши, қорамол эса камида 2 ёшга тўлган бўлиши керак. Ушбу ҳайвонларнинг эркагини ҳам, урғочисини ҳам қурбонлик қилиш жоиз. Агар қурбонлик қилинадиган ҳайвонларда шу шартлар бўлмаса ёки жониворнинг бирор аъзосида нуқсон бўлса ёхуд чўлоқ бўлиб, қурбонлик қилишга ярамаса, бундай жониворларни қурбонлик қилмаган маъқул.

Ваҳший ҳайвонлар, товуқ ва курка каби паррандалар қурбонлик қилинмайди. Товуқ, хўроз ва курка каби паррандаларни қурбонлик ниятида сўйиш мажусийларнинг одати бўлгани учун таҳримий макруҳдир.

Қўй ва эчки қанчалик катта бўлмасин, фақат бир киши учун қурбонлик қилинади. Қорамол ва туя етти ва ундан кам кишилар учун сўйилади. Қиймати тенг бўлса, бир қўй сўйиш бир қорамол ва бир туянинг еттидан биридан афзалдир. Агар йирик ҳайвон (туя ёки қорамол)нинг еттидан бири қийматлироқ бўлса, у афзалдир.

Қурбонликка аталган ҳайвон сўйилишидан аввал болаласа, унинг боласи ҳам биргаликда сўйилади (“Сунани Абу Довуд” 10/455).

Айримлар боласи сўйилмайди, садақа қилинади, дейишган. Боласини тириклайин садақа қилиш мустаҳабдир.

Қурбонликка аталган ҳайвон шохли ёки шохсиз бўлиши, шохининг синганлигида ҳеч қандай монелик йўқ, қурбонлик қилинаверади. Чунки шох ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Айрим фақиҳлар шохнинг бири ёки иккаласи ҳам тубидан синса, жоиз эмас, дейишган. Ёшлигида шохлари атайлаб синдирилган ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз. Сунъий урчитилган ҳайвонни ҳам қурбонлик қилса бўлади.

Қурбонликка аталган ҳайвон ғилай, қўтир бўлиши, қорни тўйгандан сўнг ўйноқлаши, қийшайиб қолиши, йўтал, қисир, қулоқлари тешилган, эн солинган, жунлари қирқилган бўлишининг зарари йўқ. Лекин бундай нуқсонли ҳайвонларни қурбонликка сўйиш макруҳи танзиҳийдир.

ҚУРБОНЛИК МАЪЛУМОТХОНАСИ

Арафа – Қурбон ҳайитидан аввалги кун.

Жазаъ – олти ойлик қўй ёки эчки.

Забҳ – туядан бошқа барча ҳайвонларни сўйишдир.

Зуҳо – чошгоҳ. Қурбонлик ҳайитига ҳам “Зуҳо” дейилади.

Мудобара – қулоғининг учи кесилган ҳайвон.

Мусинна — туядан беш ёшли, қорамолдан икки ёшли, қўй-эчкидан бир ёшли бўлган ҳайвон.

Муқобала – қулоғининг бир томони кесилган ҳайвон.

Назр – аташ, назр қилиш. Наҳр – туя сўйиш. Яъни ҳайвоннинг тўшига уриб йиқитиб, кейин уни бўғизлаш тушунилади.

Нисоб – қурбонлик қилишга қодир киши. Яъни, асл ҳожатидан ташқари 20 мисқол (84 грамм) тиллага ёки 200 дирҳам (640 грамм) кумушга ёхуд шу миқдордаги маблағга эга киши.

Раъй – фикр.

Саний – бир ёшли қўй ва эчкига, икки ёшли молга ва беш ёшли туяга айтилади.

Тарвия – ёлғон Арафа куни, яъни арафадан аввалги кун. Бу кун шак куни бўлгани учун шундай номланган.

Ташриқ такбири – Арафа куни бомдод намозидан бошлаб байрамнинг тўртинчи куни аср намозигача ҳар фарз намози ортидан айтиладиган такбир.

Харқо – қулоғи эн солиш учун йиртилган ҳайвон.

Шарқо – қулоғи ёрилган ҳайвон.

Қурбонлик – луғавий маъноси: “яқинлик”, “қурбат ҳосил қилиш” маъноларини англатади. Қурбонлик билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш, яъни яқинлашиш тушунилади. Истилоҳий маъноси: Аллоҳ розилиги учун ибодат нияти ила муайян кунларда жинс, ёш ва васфларини динимиз белгилаб берган.

“Қурбонлик рисоласи”

китобидан.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − four =