ТОШКЕНТ ДАЪВАТИ

У умумпланетар моҳият касб этмоқда

Тобора кучга тўлиб, умумсайёравий масалаларни ҳал қилишда фаол иштирок этаётган Ўзбекистон минтақавий ва умумсайёравий барқарорликни таъминлашда яна бир муҳим қадам ташлади. Шу йилнинг 16 июль куни Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида Халқаро конференция бўлиб ўтди. У Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида тинчликни мус­таҳкамлаш, афғон можаросини ҳал қилиш орқали умумдунё­вий тараққиётни таъминлашга даъват этган ўзига хос сиё­сий ва ижтимоий ҳодиса сифатида тарихга кирди.
Ўзбекистон Президентининг Тошкент форумида сўзлаган нутқи нафақат Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси тақдири, балки, бутун Ер шари, инсониятнинг истиқболи билан боғлиқ бўлган ғоят долзарб, ҳозиржавоб даъват бўлиб майдонга чиқди. Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ушбу форум яна бир бор дунё диққатини бир нуқтада жамлади. Улкан минтақанинг йирик сиёсат ва давлат арбоблари, дипломатлари, олимлари ва мутахассислари Ўзбекистон билан жўровоз бўлиб ҳозирги дунёнинг бугуни ва истиқболи юзасидан фикр алмашишди.
Ўзбекистон раҳбари форумда қилган маърузасида минтақа ва дунё­вий тараққиёт билан боғлиқ бўлган ўнта жиддий ҳар томонлама асосланган, ҳар бир инсон тақдири ва келажаги билан боғлиқ бўлган муаммони кўтариб чиқди. Бу бевосита Марказий Осиё давлатларининг анъанавий бирлиги, уларнинг этногенетик келиб чиқиши, қадриятлари ва турмуш тарзининг муштараклигидан келиб чиқадиган ва олис истиқболга қаратилган ҳамкорлик, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан боғлиқ.
Улкан минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоси эканлигини алоҳида таъкид­лади ва “Бизнинг хавфсизлигимиз бўлинмасдир. Уни фақат конс­труктив мулоқот ҳамда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали таъминлаш мумкин” деган қатъий хулосага келди. Бу ўта жиддий минтақавий ва умумдунёвий аҳамиятга эга бўлган масала бевосита Афғонистон, унинг бугуни ва истиқболи, бир неча ўн йиллик можаролар билан боғлиқ бўлган ҳодисадир.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар ҳар икки мамлакат халқларининг истиқболига, шунинг­дек, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга йўналтирилган ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, тарихан бир маконда яшаб келаётган икки халқ ўртасидаги қардошлик ва яқин қўшничилик муносабатларини янада чуқурлаштириш ғоясини илгари сурмоқда. Юқори даражадаги Тошкент халқаро конферен­цияси ана шу муаммоларнинг ечимини топишда янги босқич бўлди дейиш мумкин.
Жумладан, унда Афғонистондаги мавжуд сиёсий келишмовчиликлар, қарама-қарши кучларнинг манфаатлар пойгасини тугатиш, Афғонистон ҳукумати ҳамда қуролли мухолифат ўртасида соғлом, шарқона муносабатлардаги ақл устуворлиги тамойилига амал қилиш ва музокаралар йўли билан мамлакатда тинчликни таъминлаш ғояси илгари сурилди.
Мамлакатимиз раҳбари Афғон муаммосининг генетик асосларини, унинг келиб чиқиш илдизларини катта сиёсий адолат тамойилига суянган ҳолда изоҳлаб берди. Аслини олганда Президент 2018 йил Тошкентда бўлиб ўтган конференцияда ушбу масалага ўзининг баҳосини берган эди. Жумладан, “Афғонистондаги қуролли қарама-қаршилик ва зўравонлик пайтида бутун бир авлод вояга етди. Лекин бу айрим экспертлар андишасизларча таъкидлаётганидек “Бой берилган авлод” эмас. Улар уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар, холос. Улар ўзаро низоларга чек қўйиб, тинч ҳаётда ўз мамлакатини тараққиёт ва фаровонликка олиб борадиган бунёдкор меҳнатга қайтишни хоҳлайди ва шунга интилади. Мен қатъий аминман: Афғон халқида ўз фарзандлари ва келажак авлоднинг бахт-саодати йўлида янги, тинч ҳаётни бошлаш ва барпо этиш учун куч-ғайрат, донишмандлик, мардлик ва матонат етарли”, деган эди. Нотиқ афғон халқининг узоқ йиллик қуролли тўқнашувларга, қон тўкишларга, юз минглаб одамларнинг қурбон бўлишига айбдор эмас, демоқчи.
Ўзбекистон раҳбари таъкидлаганидек, афғон халқи буюк цивилизацияларни кўрган, инсоният тараққиётига жуда катта ҳисса қўшган маҳобатли тарихга ва маданий меросга ворислик қилаётган халқ. Тақдир тақозоси билан маълум бир тарихий даврда йирик давлатларнинг (АҚШ ва СССР) ўзаро сиёсий ва қуролли пойгаларининг қурбонига айланди. Ҳудудий жиҳатдан иккита Японияга, учта Буюк Брита­нияга тенг келадиган Афғонистон сиёсий рақобат майдонига, қуролли тўқнашув полигонига айлантирилди. Аслини олганда ҳар бир инсон миллатидан, элатидан, диний эътиқодидан ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар тўлақонли яшашга ҳақли. У, албатта, битта тирик жон сифатида катта орзу-умидлар билан яшайди. Салкам 50 йилдан буён давом этаётган узлуксиз хунрезликлар афғон халқини руҳан майиб-мажруҳ, қалбан кемтик, мақсадлар ва орзулардан мосуво бўлган элатга айлантириб қўйди. Улар ҳам ҳамма қатори тўкис, фаровон ва бахтли-саодатли яшагиси, уйим, бола-чақам деб умргузаронлик қилгиси келаётган халқ. Фақат уларга тинчлик керак, холос. Тошкент конференциясининг бутун моҳияти ва унда кўтарилган масалаларнинг умуминсоний қадрияти ана шу билан ўлчанади. Зотан, анжуманда айтилган ҳар бир гап, илгари сурилган ҳар бир фикр афғон халқининг тақдири, бугуни ва истиқболи билан боғлиқ бўлган ғоят инсонпарвар ва тараққийпарвар ҳайқириқ эди.
Ўзбекистон раҳбари жаҳон ижтимоий-сиёсий жараёнларини чуқур таҳлил этди. Жумладан, яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги мураккаб жараёнлар туфайли Афғонистон ва унинг халқининг тақдири, ҳаёти эсдан чиқариб қўйилди, жаҳон ҳамжамияти эътиборидан четда қолди. Афғонистонда эса вазият кескинлигича, можаролар тобора чуқурлашганича қолаверди. Яқин қўшни сифатида, азалдан бир маконда яшаб келаётган халқлар сифатида бугун ўзбеклар афғон халқи тақдирига бефарқ эмаслигини, ҳар қандай шароитда ҳам қўшнининг хонадонида тинчлик, осойишталик, фаровонлик ва бахт-саодат барқарор бўлишини истайди. Ана шу нуқтаи назардан Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурати қуйидаги омиллар билан боғлиқ. Биринчидан, бизнинг ташаббусимиз Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепциясига тўла мос келади. Бу концепцияда, аввало, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Иккинчидан, Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари асрлар давомида ягона маданий-цивилизацион маконда яшаб келган. Азал-азалдан Амударёнинг икки томонида ўзаро ўхшаш тиллар, умумий муқаддас дин ва муштарак маънавий қадриятлар бирлаштириб турадиган халқлар яшаб келмоқда.
Амударё биз учун ҳамиша тириклик манбаи бўлиб келган, аммо одамларнинг эркин ҳаракат қилишига, савдо алоқаларини яқиндан ривожлантиришга, илм-фан соҳасидаги ютуқлар билан ўртоқлашишга ва бир-бирини маданий жиҳатдан бойитишга ҳеч қачон тўсқинлик қилмаган. Афғон заминида Марказий Осиё Уйғониш даврининг Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Фирдавсий, Рудакий, Абдураҳмон Жомий, Лутфий, Умар Хайём, Мирзо Бедил, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк намояндалари ва бошқа кўплаб улуғ аждодларимиз яшаб ижод қилганлар.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида яқин сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар йўлга қўйилган. Афғонистонда миллионлаб ўзбеклар яшайди. Афғонистон Конституциясига мувофиқ ўзбек тили мамлакатнинг расмий тилларидан бири ҳисобланади.
Учинчидан, барчамиз қатъий ишонамизки, хавфсизлик ягона ва бўлинмасдир ва уни фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан таъминлаш мумкин. Биз хавф-хатарларнинг баъзи бирларини “ўзимизники”, бошқасини эса “бировники”, деб қабул қилмаслигимиз керак, аниқроқ айтганда, бундай қилишга ҳаққимиз йўқ.
Афғонистон хавфсизлиги — бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётининг гаровидир. Айни пайтда бу улкан ҳудуд Ер шари тақдирини ҳал қилади, инсоният истиқболини белгилайди. Чунки, бу маконда салкам 4 миллиардга яқин аҳоли яшайди. Жуда катта илмий, техникавий ва ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган, Ер ости ва Ер усти бойликлари чексиз бўлган маҳобатли минтақа Ер шари тақдирини белгилаши шубҳасиз. Ана шу нуқтаи назардан халқаро террористик ташкилотлар Афғонистонни ўзининг доимий маконига айлантириб олишига йўл қўйиб бўлмайди.
Президент Шавкат Мирзиёев афғон муаммосини жаҳон ҳамжамияти жиддий равишда кузатиб бораётганини ва ушбу масала халқаро миқёсда кенг муҳокама қилинаётганлигини алоҳида таъкидлади. Жумладан, Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий инқирозларни ҳал этиш йўлларини топиш мақсадида ташкил этилган Кобул жараёни, Москва формати, Халқаро мулоқот гуруҳи, “Осиё юраги” деб номланган Истанбул жараёни, “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи ва бошқа қатор ташкилотлар Афғонис­тонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш бўйича кўпдан-кўп таклиф ва мулоҳазаларни баён этмоқдалар. Жумладан, “Ўзбекистон Кобул жараёни доирасидаги иккинчи мажлис иштирокчиларининг Афғонистон ҳукумати билан “Толибон” ҳаракатининг “Олдиндан шарт қўймаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик тамойилига асосланган тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни бошлаш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлайди”. Ана шу жаҳон ҳамжамиятининг якдиллик ва фикрдошлик асосидаги ғояларини маъқуллаган ҳолда Президентимиз Ўзбекистон биргаликдаги саъй-­ҳаракатларининг асосий мақсад ва вазифаларини қуйидагилардан иборат деб белгилаб берди:
“биринчи — афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш ва улар бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсус – муросага эришиш;
иккинчи — Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида музокараларни бош­лаш механизмини ишлаб чиқиш;
учинчи — Афғонистонда миллий келишув жараёнига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш. Ва ниҳоят, барча манфаатдор ташқи кучларнинг қуролли мухолифатдан Афғонис­тон ҳукумати билан музокаралар столига ўтиришини, қарама-қаршилик ва зўравонликка чек қўйишни қатъий ва бир овоздан талаб қилиши беқиёс аҳамият касб этади. Бундан бош­­қа йўл йўқ.”
…Афғон фожиаси бугуннинггина маҳсули эмас. Буни бот-бот такрорлашга эҳтиёж сезилмоқда. Бироқ бунга эскирган, мадда бойлаб даволаш қийин бўлган касалликка айланган ҳолат деб қараш ҳам нотўғри. Бугунги муаммони ҳал қилиш учун унинг пайдо бўлиш омиллари, манбалари ва ҳомийлари қарашларига жиддий эътибор бермоқ, уни бутун моҳияти билан ўрганмоқ лозим. Ана шу ҳақда фикр юритар экан, таниқли сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков Афғон можаролари илдизларини қуйидаги аянчли ҳолатлардан излайди: “Айрим расмий маълумотларга кўра, ҳар йили афғон заминида 180 минг гектардан то 240 минг гектаргача бўлган ҳосилдор ерларга қора дори экилар экан. Қанчалик аянч­­ли бўлмасин, мана бу рақам ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди: “ҳар йили афғон заминида 9 минг тоннадан 15 минг тоннагача заҳри қотил йиғиб олинар экан. Шундан тахминан 5-7 тоннаси опий ва героиндир. Расмий маълумотлар шундан далолат берадики, Афғонистонда етиштирилаётган қора дорининг қарийб 90 фоизи Европа қитъасига етиб бормоқда. Табиийки, бу ачинарли ҳолат нафақат Осиё ёки Европа қитъасининг, балки, бутун жаҳоннинг глобал муаммосидир”.
Ўзбекистон бугун биргина Афғонистоннинг келажаги учун эмас, балки, бутун Ер шари хавфсизлиги – терроризм, фанатизм ва зўравонликдан холи бўлган дунё учун курашмоқда. Куни кеча бўлиб ўтган Тошкент конферен­цияси жаҳон ҳамжамиятини ўтмишдаги хатолардан сабоқ чиқаришга, умумий хонадонимиз бўлган, жаҳон ҳамжамиятининг муқаддас ва мўътабар маскани ҳисобланган Ер шарида тинчлик барқарор бўлишига даъват этади. Айтиш мукинки, Тошкент халқаро конференциясининг ўтказилиши очиқ ва ошкора, юксак ақл-­идрокка таянган мунозара ва музокара, самимий ва дўс­тона мулоқот тарзида ўтганлиги, бутун дунё ҳамжамиятининг диққат-марказида бўлди. Ушбу анжуманда кўтарилган, илгари сурилган муҳим, узоқни кўзлаб ташланган қадамлар шак-шубҳасиз Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг юксак хизматлари деб жаҳонда ҳақли эътироф этилмоқда.

Нарзулла ЖЎРАЕВ,
сиёсий фанлари доктори, профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + 16 =