Матбуотнинг “Тамарахоним”и

Тамара Тошматова бир қарашдаёқ кибор аёлларни эслатади: қўл ҳаракатлари, қадни тик, бошни мағрурона тутишлари, қадам олишларию равон ва дадил нутқ, юксак маданият…

Оддий одамлардан мутлақо ажратиб турувчи бу хислатлари боис ҳар гал суҳбатлашганда, “Бу аёлда олий насабларнинг қони борга ўхшайди” дея кўнглимдан ўтказардим. Ота-онаси ҳақида кўп тўлқинланиб гапирувчи Тамара опанинг: “Онам – Екатерина Амелина, асли россиялик дворянлардан, отам эса Яйпанда туғилиб ўсган журналист, ёзувчи Шерали Тошматов”, деганларидан сўнг, амин бўлдимки, чиндан ҳам улардаги маданият, билим, юксак дид – туғма, зодагонларга хос.

Етти фарзанднинг ўртанчаси бўлган Тамара Тошматова опа-сингил, ака ҳамда уканинг меҳри муҳаббатини ҳис қилишдек бахт билан сийланган. Болалигидан китоб ва мусиқа, назм­хонлик, беқиёс илм ичида ўсган. Пойдеворига пишиқ, сара санъат асарлари қатма-қат қўйилган бу аёлнинг “интеллект” аталмиш биноси ҳавас қилар даражада гўзал. Шу боисданми мусиқа, назм, наср, қўйингки, санъат ва адабиётнинг ҳар бобида инжиқ. Саралаб-саралаб ўқийди, танлаб-танлаб эшитади.

— Мусиқа менга, қўпол ўхшатиш бўлса ҳам айтай, гиёҳванд модда каби таъсир қилади. Турли кўйга солади: йиғлашим, кулишим, яйраб ўйнашим мумкин. Дадам Мос­квада ўқиганида, 30-йилларда, япониялик бир скрипкачи қизнинг концертига борган экан. Шу қадар гўзал ижро бўлган эканки, баргларнинг шитирлашию ёмғир томчиларини эшитган эканлар. Мусиқа менинг ҳам кўз олдимда гавдаланади, қулоғим билан эшитмайман, хаёлан тасаввур қиламан, — дейди Тамара опа. Болалигида дадаси билан ҳар куни соат 10 да эфирга узатилувчи “Шарқ тароналари” радиоконцертини қолдирмай, интиқиб эшитишларини кулиб хотирлайди. Мусиқага муҳаббати ҳануз ҳар тонг янги куртак очади. Моцарт, Эннио Морриконе мелодиялари, туркча-­эронча сокин-ўйноқи куйлардан таскин, ором, ҳаловат топади. Александр Блокнинг қисқа-лўнда шеърлари шайдоси бўлса, Есенин, Миртемир, Султон Акбарий, Муҳаммад Юсуфнинг халқчил, санъаткорона асарларини севиб мутолаа қилади.

Тамара опанинг она сифатида ҳам иқболи кулган, ёлғиз ўғли бўлишига қарамай ҳамиша унинг инсоний фазилатлари, ҳуснихулқи ва гўзал тарбияси ортидан раҳмат эшитган. Ҳозирда Москвадаги холдинг компаниясида ижрочи директор бўлиб ишлайди. Тамара опа ўғли, келини ва набираси ҳақида доимо севиниб, мамнун сўзлайди. Ҳасрат қилмайди. Аммо ойда бир ё икки марта “Бугун набирамга кийимчалар жўнатдим” ёки “Ўғлимга “посылка” юбордим” дейишларидан дилининг туб-тубига чўккан соғинчи кўтарилгандек туюлади. Яқинларининг дийдорига шунчалар ошиқадики, қишдаёқ ёзда таътил олиб, Москвага боришининг режасини тузади…

Асли Тамара опанинг саёҳатга, табиатга, одамларга муҳаббати баланд. У хоҳ дунёнинг сўлим гўшалари бўлсин, хоҳ Фарғона қиш­лоқлари – юрсам, одамларнинг ҳаёти билан танишсам, янги мавзу, янги билим топсам, дей­ди. Мана, олтмиш йилдан зиёдроқ вақт ўтибдики, шу қоидага амал қилиб яшамоқда.

Бу аёл қайси соҳадан гап очманг, маррани илиб кетади. Илмга, янгиликка ўчлик уни журналист қилган. Мутахассислиги асли инглиз тили ўқитувчиси бўлишига қарамай, бир муддат тер тўккан даргоҳи — мактабни ташлаб, таҳририят остонасига қадам қўйганининг боисини шундай шарҳлайди: “Худдики бўйнимдан нимадир бўғаётгандек, ичимдан бир нидо отилиб чиқиб “Ёз!” деяётгандек бўлаверарди”.

Шу тахлит 1977 йили Тамара Тошматова Фарғона туманидаги “Шонли меҳнат” газетасида мусаҳҳиҳ сифатида ишлай бошлайди. Тўрт йил мобайнида секин-аста таржима, таҳрир, хабар ёзиш, ҳатто саҳифалашни ҳам ўрганади. 1981 йилнинг сентябрида Охунжон Ҳакимовнинг очеркини рус тилига таржима қилиб, “Ферганская правда” газетаси муҳаррирларининг синовидан муваффақиятли ўтгач, умрининг асосий қисмини мана шу даргоҳга бағишлайди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Ферганская правда” газетаси мухбири Валентина Шмигена, Алексей Алябьевни ўзига устоз деб билган ёш журналист улардек пухта-пишиқ, одамлар ҳаёти учун манфаатли мақолалар ёзишга интилади.

Жумладан, Тамара Тошматова қаламига мансуб “Холодное лето тридцать седьмого”, “Не всегда “как в аптеке”, “Гаджеты – не лучшие увлечение”, “Сколько можно призывать к бдительности?”, “Қўқон болалар темирйўли изидан бориб”, “Сиёсий сусткашлик – бефарқлик демакдир”, “Фарғона чинорлари касаллик қўзғатармиди?”, “Зичлаштириб қуриш – қонунга хилоф”, “Боғчалардаги ночор таомнома”, “Ўзини оқламаган ширкат ёки унинг вориси ҳақида”, “ЎзСаламан: Ривожланиш ҳақида қайғуриш пайти келди” сингари мақолалари билан нафақат ҳамкасблари, фарғоналиклар ичида ҳам обрў-эътибор қозонган. Тамара опа кўтарган муаммолар кўпинча тегишли идораларгача етиб бориб, ўз ечимини топган. Журналистик фаолияти давомида ўн йилча Фарғона ўқитувчиларининг нашри бўлмиш “Устоз” газетаси ҳамда “Region Inform” ахборот агентлигида ҳам ишлаган. Бугун бундан қирқ йил аввал ҳадиксираб қадам қўйгани – “Ферганская правда” газетасининг бош муҳаррири ўринбосари, не-не даврларни, неча-неча журналистлар, бош муҳаррирларни кўрган ягона тарих. Аммо шиддати, шижоати кеча университетни битириб келган ёшларникидан ўтаман, дейди. Баъзан ҳайратланиб сўроққа тутсак, “Ёшларни ичида ишлаб, сизлардан куч оламан-да”, дей­дилар кулиб.

Тамара Тошматова – ниҳоятда ҳақиқатпарвар, ҳалол. Бу сифатлари мақолаларида ҳам ўз аксини топган. Мазлум, бечораларнинг ҳамиша оғирини енгил қилиш па­йида бўлган. Порахўр, фосиқ одамларга эса ҳеч қачон бўйин эгмаган, бировнинг йўлига юрмаган, виждони буюрган ишдан қолмаган. У ҳануз дунёнинг зеб-зийнатлари, ялтир-юлтирига қизиқмайди, шон-шуҳратга интилмайди. Гарчи касби журналист бўлса-да, ўткир, залворли танқидий-таҳлилий мақолаларни қўлини ўйнатиб ёзиб қўйса-да, ўзини, меҳнатини кўпам кўз-кўзламайди. Ҳар пайшанба почтадан “Аргументы и факты”, “Мир новостей”, “Тасвир” сингари газеталарни сотиб оларкан, ўша куни ундан бахтиёр одам бўлмайди.

— Аввал турмуш ўртоғим ёзганларимга муносабат билдирмасди, мени ҳаволаниб кетади, деб ўйларди балки. Яқиндан буён ҳар бир мақоламни бошидан-охиригача ўқиб, холис фикр билдиради, баъзан мақтаб қўяди. Қанчалар ноқулай бўлмасин, ақлли, истеъдодли эканимни тез-тез эътироф этади, — дей­ди Тамара опа.

Тамара Тошматованинг олийжаноблиги шундаки, у ҳеч қачон ўз манфаатлари, истак­ларини бошқаларникидан устун қўймайди, ҳатто армонлари ҳам ўзига тегишли эмас. Ҳар не бўлмасин, ҳаётидан, касбидан миннатдор Тамарахонимнинг кечинмаларини Зулфияхонимнинг қуйидаги сатрлари ифода этгандек:

 

“…Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим,

Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:

Суйдим,

Эркаландим,

Айрилдим,

Куйдим,

Иззат нима – билдим.

Шу-да бир яшаш!..”.

Севара АЛИЖОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × five =