Синалаётган руҳият ёки шифохонада ёзилган қайдлар

  • Коронавирус… ким айбдор: одамми ёки кўршапалак?
  • БМТ хулосасига кўра, пандемия Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик синовдир.
  • Пандемия мавжуд экан, хотиржам бўлолмаймиз.
  • “Умидни узманг, умидни ўлдирманг, шунда вирус сизни енголмайди”.

 

Олимларнинг изланиш натижаларига кўра кўршапалаклар ер юзида 50 миллион йилдан ортиқроқ яшаб келишар, уча оладиган ягона сут эмизувчилар бўлиб, ҳашарот еб кун кўришар, экинларга етадиган зарарни камайтириб, айтайлик, биргина АҚШ фермерларига йилига 3,7 миллиард доллар наф келтирар, 500 дан ортиқ ўсимлик тури кўршапалаклар ёрдамида чангланар экан. Демак, атиги бир грамм вазнга эга бўлиб, айни пайтда дунё давлатларини таҳликага солиб турган коронавируснинг биз билмаган сирли томонлари бисёр экан-да…

“Deutsche Bank” эрамизнинг юз мингдан ортиқ ўлимга сабаб бўлган барча маълум пандемия ва эпиде­мияларини таҳлил қилди ва тадқиқотга кўра, 24 пандемия орасида коронавирус энг хавфли йигирматаликка киришини маълум қилди.

Хавф бутун дунёни қамради. Ҳаёт ва мамот, яхшилик ва разолат, нур ва соя ўртасида кураш бошланди. Қалблардаги хотиржамлик ўрнини хавотир эгаллади. Нуҳ кемаси лопиллаган тўлқинлар устида бешикдек тебранди. Бу йўлда жасорат кўрсатган не-не фидо­йилар шу яшил курраи замин учун боқий дунёга юз тутди.

Халқимизда “Ҳар ким бошига ёққан қорни ўзи курайди”, деган мақол бор. Пандемиянинг дастлабки куниданоқ ҳукуматимиз унинг олдини олиш учун қатор амалий чора-тадбирларни амалга оширди.

Зудлик билан республикамизда жами 159 та муассасада 25 минг 200 та шифо ўринлари, шу жумладан 2 минг 500 та реанимацион ўринлар ташкил этилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қисқа муддатларда Тошкент вилояти Зангиота туманида коронавирус беморларини даволаш учун 3600 ўринли махсус шифохона қуриб битказилди ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, фойдаланишга топширилди. Ҳомиладор она-болалар муҳофазаси учун бўлимлар ташкил қилинди.

Ана шундай махсус шифохоналар Нукус, Самарқанд шаҳарлари ҳамда Термиз ва Поп, Юқори Чирчиқ туманларида ҳам барпо этилди.

Буларга қўшимча ҳолда 58 та саралаш-тақсимлаш марказларидаги 15 мингта ўриннинг, жумладан, 1225 та реанимация ўринлари ташкил этилиши, уларни беморларини даволаш ишларига Хитой, Россия, Корея, Туркия ва Германия давлатларидан келган 140 дан ортиқ мутахассислар иштирок этиши ҳаётга умид кўзларини тикиб турган ҳар бир беморнинг тиббий ва руҳий хотиржамлиги йўлидаги зарур қадамлар бўлди.

Коронавирусга қарши кураш мамлакат миқёсида шиддат билан давом этяпти. Бутун дунё катта умид билан нажот йўлларини изламоқда. Хитой давлатининг Ухан шаҳридан сирғалиб чиқиб, сон-саноқсиз қурбонлар ҳам нафсини қондирмай, йўлида жадал одимлаётган бу юҳонинг ҳалокат чоҳига тезроқ тушишини оқкўнгил халқимиз дуо­лар ва қалб нидолари билан Яратгандан сўраяпти.

Мен кўнглимдан кечган бу ўйларни Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида, тўғрироғи, вақтинчалик коронавирус касаллигини даволашга ихтисослаштирилган масканда қоғозга тушираяпман.

Бир оиладан бир пайтнинг ўзида беш киши бемормиз. Куёвим, ҳали икки ёшга тўлмаган ўғилчаси бор, ҳомиладор қизим Зангиотада. Жой танқислиги учун турмуш ўртоғим ва мен Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган касалхонада… Вирус жон-жаҳди билан бизга қарши курашади. Нафас олиш ускуналари бир дақиқага ўчирилмайди. Ташхис: коронавирус, икки томонлама пневмония. Овқат ейолмаймиз, кўнгил беҳузурлиги жонни суғуриб олгудай… Шифокорлар вужудимиздаги қўшимча касалликларнинг ковид қутқуси билан юзага чиқиб қолишидан хавотирда. Тўхтовсиз муолажалар… Ўн етти йил ҳарбий врач бўлиб ишлаган шифокор Ҳасан тинмай таъкидлайди: умидни узманг, умидни ўлдирманг, бу вирус шунда сизни енголмайди. Кўзим ярқ этиб очилади, дунёнинг умид дарахт­лари ҳали ям-яшил, ўзимга ўзим гапираман. Улар ҳеч қачон қуримайди.

Очиқ деразадан тоғ ҳавоси оқиб киради. Угом ва Чирчиқ дарёларининг мусаффо эпкинлари… Бу муассаса 1950 йилда қурилган экан. 2010 йилда таъмирдан чиқарилган. Асли саксон ўринга мўлжалланган бўлиб, вирусли гепатит ва бошқа касаллар учун қирқ ўрин, шундан ОИВ билан оғриган беморлар учун ўн ўрин   ва ўткир ичак инфек­цияси ва бошқа инфекциялар билан оғриган беморлар учун қирқ ўрин ажратилган. Орқа ҳовлида қурилган кислород станцияси тинимсиз ишлайди. Ушбу кислород станциясидан 100 ўринга кислород нуқталари киритилиб, Боброва аппаратлари ўрнатилган. Ҳозиргача 743 та мурожаатлар бўлиб, ҳолатига кўра 576 та бемор жонлантириш бўлимида, сўнг­­ра палатага ўтказилган, 427 таси бўлимларда даво топган, 167 тасига амбулатория йўналиши бўйича ёрдам кўрсатилган. Касалхона издиҳомни эслатади. Кечаси тонг ёришгунча “тез ёрдам” машинасининг ўзига хос сигнали, кимдир отасини, кимдир боласини, кимдир синг­лисининг хаёлида мурожаат этаётганларнинг сон-саноғи йўқ. Улар тунни тан олмайди. Ёлғиз ўтинчи – жигарини мудҳиш вируснинг қўлидан суғуриб олиш. Шифокорлар, тиббиёт ҳамширалари соат механизмига ўхшаб ишлайди. Бош шифокор Баҳодир Ходжиевнинг қўл телефони бир дақиқа тинмайди. У босиқлик билан мурожаат қилувчиларга жавоб қайтаради, маслаҳат беради, ҳар бир беморнинг ҳужжатларини кўздан кечириб, зарурат бўлса касалхонага жойлаштиради. Бош шифокорнинг ушбу муассасада иш бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ. У 1999 йили Тошкент Педиатрия тиббиёт институтини тамомлаган.

Тонг ёришаётганда ҳаммаёқ бироз тинчигандай бўлади. Узоқдан кўриниб турган тоғлар ҳалқасининг кунгираларига қизғиш нур толалари ипакдек ўрала бошлагач, яна дарё тўлқинларининг энтикишлари каби кўҳна ҳаёт бошланиб кетади. Биз ётган бўлимда болаларнинг гоҳ йиғлаётган, гоҳ кулаётган овозлари деворларга, шифтларга урилиб кетиб, яна қуйига энади. Болалар турли ёшда. Олти ойлик, бир ва икки ёшлик… оддий тил билан айтганда ҳали она сути оғзидан кетмаган болалар. Ниҳолдеккина оналар тунда ухламагани учун боласини зўрға кўтариб туради. Олти ойлик Даурбой ва онаси коронавирусни тўйда юқтириб олган. Қолган оналарнинг кўпчилиги ҳимоя ниқобини вақтида тақмаган. Айримларига кўчадан ниқобсиз келган турмуш ўртоқлари юқтиришган. Яна бир келинчак қўлида қизчаси билан жовдираб кўз ёш тўкади. “Турмуш ўртоғим Қозоғистонда. Касал бўлдик, пул юборинг, дори оламиз, — десам, —онангдан сўра, сенга берадиган пулим йўқ, деб хафа қилди. Шундоқ ҳам тинмай онам қарашадилар”.

Қизиқ дунё. Келинчакнинг кўз ёшларига қараб, дунё бир сомон парчасига илиниб турган пайтида ҳали ҳам хулоса чиқаришга шошилмаётган айрим кимсаларнинг бағритошлигидан юрагим эзилади.

Аслида кўз ёш тўкаётган келинчакми? У бугун минглаб фарзандларини йўқликка, ажал комига бериб, жигар бағри хун бўлган дунё эмасми?

Бош шифокорнинг фикрича, келаётган беморларни уч тоифага ажратиш мумкин. Биринчиси, ўзича даволаниб, вақтида шифокорга учрамай, вақтни ўтказиб юбораётганлар. Иккинчи тоифадагилар, айниқса аёллар, ёш болалик келинчаклар қайнонасининг раъйига қараб, харажатдан қочиб, охири боланинг ўпкасига ўтиб кетгач, шифо изловчилар. Учинчи тоифадагилар пандемияни умуман тан олмайдиган кимсалар: “бу бор йўғи гриппга ўхшаган ҳолат, ўтиб кетади”, деб теварак-атрофидагиларга вирус ташувчи инсонлар. Ҳар уч ҳолатда ҳам улар ҳаёти қил устида турганини англаб етмайдилар. Ваҳоланки, коронавирус дунёнинг барча давлатларига кириб борди. Ер юзида 194 миллион инсон азоб чекди ва 4 миллион 160 минг ҳолатда ўлим қайд этилди.

Бу вируснинг мураккаблиги шундаки, у бир неча бор ўз шаклини     ўзгартирди. Ҳозиргача унинг еттидан ортиқ тури бор эмиш.

Шифокорлар, тиббиёт ҳамширалари, озодалик учун жавобгар ходималар тиним билмайди. Палаталар тўхтовсиз хлорли сув билан артиб чиқилади. Махсус кийимда фақат кўзи кўринадиган тиббиёт ходимлари худди туғишганингизга ўхшайди. Қундузхоннинг учта фарзанди бор. Ўн беш кундан бери дам олмай ишлайди. Дилоромнинг фарзанди иккита. Ўзлари энди ўттиз икки ёшдаги сулув аёллар. Болаларини оналарига бериб юборишган. Секингина: “Улар бизни соғинишибди”, — деб қўйишади. Кун бўйи туз тотмай ишлашади. Ниқобларни ечиш мумкин эмас. Дилсўз унаштирилган. Октябрь ойида тўйи бўлади. Миннатдорчилик билдирсангиз, “Фақат дуо қилинг”, деб чиройли кафтларини очиб туради. Менинг эса уларнинг риёдан, таъмадан узоқ нигоҳларига боқиб қалбимда ғалати, шаффоф ҳиссиётлар мавж уради. “Мана Янги Ўзбекистонимнинг тоза куртаклари”, — деб ўз-ўзимга гапираман.Ҳаётини ҳеч иккиланмасдан инсонлар қувончи, соғлиғи учун нисор қилмоқчи бўлган бу фидойиларнинг томирларида халқимизнинг асллигини кўраман.

Бош шифокорнинг ўз олдига қўйган режалари бир дунё. 2022 йилда касалхона капитал таъмирдан чиқарилади. Унга режага биноан беш миллиард сўм маблағ ажратилган. Беморларга янада сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун бактериологик лаборатория ташкиллаштириш, стационар рентгени олиш, айни пайтда касалхона ҳудудларини жаннатдек қилиб ободонлаштириш масалалари ҳам ўз ечимини кутиб турибди. Шифокорлар хоналарига ҳужжатлар ва интернет билан ишлашда тезкорликни йўлга қўйиш учун компьютер ускуналари билан таъминлаш ҳам кечиктириб бўлмайдиган вазифалар сирасига киради.

Шу ўринда Президентимизнинг Чирчиқ шаҳрида бўлган пайтларидаги сўзлари хаёлимдан ўтади. Келгусидаги Чирчиқнинг истиқболи, табиийки, кўзларни қувонтиради. Маҳаллалар, йўллар янада обод бўлади. Чотқол тоғларининг қуюқ арчазорлари, дарёларидан эсган шифобахш шабадалар халқимизнинг юз-кўзларини эркалаб силайди. Сиҳат-саломатлик, руҳий хотиржамлик тилайди. Коронавирус номи ер юзидан абадул-абад ўчсин, илоҳим!

“Мол-дунёни қанча тўпламайлик, у тугайди, озаяди. Китоб ёзилса-чи?!”

Ўз касбининг билимдони, шифокорлик касбини умрининг мазмуни, деб билган оддий, камтар инсон Баҳодир Ҳожиев муолажа сўнгида бир китобчани тутқазди. У “Уч буюк табиб” деб номланган. “Биринчи буюк табиб – бу поклик”, дерди китоб менга. — Иккинчиси — парҳез. Учинчиси — бадантарбия”. Китобчанинг муаллифи эса шифокор Баҳодир Ҳожиев эди.

Шарифа САЛИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими, шоира

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − three =