“Эҳ, домла, содда одамсиз-да!” ёки БИЗНЕС + “ман”ми?

Ҳаёт оқими ва борлиққа муносабатлар, айниқса, кишиларнинг меҳнат ҳақидаги тасаввурлари ғалати тарзда ўзгариб бормоқда. Илгари биз шахсни бирор касб-корсиз, меҳнат фаолиятисиз тасаввур қилолмасдик. Биров билан танишмоқчи, дўст тутинмоқчи бўлсак, унинг касб-кори билан қизиққанмиз. Қизимизни узатмоқчи бўлсак, бўлғуси куёвнинг иш жойини, меҳнатга муносабатини, жамоа ва маҳалласидаги мавқеини суриштирганмиз. Энди барча этнотасаввурларимиз “бизнесмен” деган бир сўзга жо.

“Бизнес” сўзининг моҳияти иш, машғулот, тадбирни англатади. Ғарб либерализми уни юксалиш ва фаровонлик иложи, эркин меҳнат деб тавқирлайди. У ёрқин мерканталистик хусусиятга эга, шунинг учун бизнинг этнотасаввуримиздаги меҳнат эмас. Ёзувчи Томас Манн “Будденброклар” романида либерал Европанинг бизнесни қандай тасаввур этишини тасвирлаган. Ўйи, ташвиши пул орттиришга қаратилган қаҳрамонларнинг бирор аниқ меҳнат билан шуғулланишини билолмайсиз, лекин пул, маблағ топишга, енгил, аслзодаларча тўкин-сочин яшашга интилиши ғалати таассурот уйғотади. Максим Горький “Клим Самгиннинг ҳаёти” ва “Артомоновлар иши” асарларида эса капитал орттиришга, бизнесга қурилган дунё тартибларининг кишини қандай маънавий таназзулга етаклаши мумкинлигини, талафсифатлигини очиб берган.

Собиқ Совет даврида шаклланган авлод меҳнат деганда, асосан, кетмон билан ер ағдаришни, елкасида пахта ёки сомон тиқилган қопни ташиш, енгини шимариб ғишт қуйиш ёки домна печи ҳовурига чидаб, металл-прокатлар чиқариш каби жисмоний зўриқишни тушунган. Алишер Навоий асарлари изоҳли луғатида меҳнат деганда азият чекиш, тўсиқларни бартараф этиш кабилар тушунилиши келтирилади. Бу ўша даврлардаги меҳнат тарзининг ифодаси эди, албатта. ХХ аср, айниқса, бугунги либерализм, узоқни яқин, оғирни енгил, мураккабни осон қилаётган илмий-техник ихтиролар, инновациялар меҳнат ҳақидаги этнотасаввурларимизни ўзгартирмоқда. Уларнинг меҳнат самарадорлигига ижобий таъсир этаётганини инкор қилиш мумкин эмас. Жамият тараққиёти илмий-техник ихтироларга боғлиқлиги — аксиома. Тафсил шарт эмас. Бироқ шаҳар ёшлари орасида “будденброклар”, “артомоновлар” қатлами шаклланаётгани ҳам бор нарса.

Шогирдларимдан бири ёшларнинг маънавий идеали, қаҳрамонлик, фидойилик ва альтруизм ҳақидаги фикрларини ўрганиш мақсадида улар ўртасида сўровнома ўтказган. Унинг келтиришича, ёшларнинг 13 фоизи ҳаётий мақсадини юқори маошли касб эгаллаш, чет элларни бориб кўриш, 3 фоизи кўпроқ пул топишда деб биладилар. Қизиғи шундаки, уларнинг деярли барчаси “Ватанга хизмат қилиш”ни ўзининг ҳаётий мақсади деб билади. Демак, кўпроқ пул топиш, улар назарида, ватанга хизмат қилишнинг акси, зиди эмас. Ёшлар ичида бизнес билан шуғулланишни истовчилар 14 фоизни ташкил этади. Кўпроқ пул топишни ва бизнес билан шуғулланишни истовчилар бир-бирларига яқин. Бизнинг фикримизча, кўпроқ пул топиш ниятини қоралаб бўлмайди. Бизнес олами пулга қурилган, у ўзининг барқарорлигини, жамият учун кераклигини пул орқали идрок этади. Йирик магнатлар, тадбиркор ва бой кишилар (Билл Гейтс, Р.Кийосаки, Д.Трамп, Н.Хилл, Г.Форд, Рокфеллерлар) пул топиш, уни йиғиш ва сарфлашни “энг завқли машғулот, санъат” деб атаганлар. Бозор иқтисодиёти, бизнес, аввало, молиявий саводхонликни тақозо этади. Пул топиш, барча фаолиятлар каби, ноёб усул, мавжуд маблағни фаоллаштириш, активга айлантириш сирини билмай, ўзлаштирмай омадли ишбилармон бўлиш мушкул. Агар биз бозор иқтисодиёти тарафдори бўлсак, бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватласак, кўпроқ пул топиш ния­тини қоралай олмаймиз. Маълумотларга кўра, аҳолимизнинг деярли 10 фоизи бой-бадавлат қатламга мансуб. Демак, бизда кўпроқ пул топиш истагида яшаётган аҳоли қатлами шаклланиб бораяпти.

Мен “кўпроқ пул топиш” деган молиявий иборани беҳуда келтирганим йўқ. Айнан ушбу ибора бизда   этимологик мазмунига кўра ҳам, ижтимоий англанишига кўра ҳам нотўғри, шахсий манфаат маъносида қўлланилади.

Яқинда бир сабаб билан Чирчиқ шаҳридаги нотариуслардан бирига бордим. Турли одамлар ўз юмушлари билан кириб чиқаяпти. Мен ҳам навбатга турдим. Олдимда турган уч йигитча очиқ гаплашишаяпти.

— Қанчага узатдинг?

— Саккиз минг икки юзга. Фақат кредит орқали. Оғайнимнинг фирмаси бор, у орқали.

— Ёмон эмас, бир минг етти юз қолса.

— Ўтган ойда иккита “Спарк” ва битта “Жентра”ни пулладим. “Жентра” эгасига срочний пул керак экан. Ундан уч минг икки юз қолди. Умуман, беш минг уч юз ишладим. Бизнеснинг шу тарафлари зўр-да, оғайни!

Нотариусдан чиққанда ҳовлига кўчиб кетган қўшнимга рўпара келдим. У мени яп-янги, қоп-қора “Жип”ига миндирар экан, ҳалиям домлалик қилаяпсизми, деб сўради.

— Эҳ, домла, содда одамсиз-да! Келинг, ёнимга, бизнес қилинг, одамга ўхшаб яшайсиз. Бир маошга оила боқиб, бирор важ орттиб бўлармиди, десам кўнмадингиз ўшанда. Ҳовлини қайта, уч қават қилиб қайта қурдим. Келинглар меҳмонга…

Ҳаётимдан, қўшнимдан ҳам, хафа эмасман. Ҳамма бизнесмен бўлса, фарзандларимизни ким ўқитади, саводли қилади, уларда ҳаётий идеални ким шакллантиради? Ким уларни “ижтимоий мавжудот”(Аристотель)га айлантиради? Аммо юқоридаги ҳаётий мисоллар бизда бизнесни қандай тушуниш шаклланганини кўрсатади. Биламан, бир-икки мисол   бутун ҳолатни ифода этмайди, “буғдой курмаксиз бўлмас”.

Криминалистикадан бир-икки мисол келтирсам, айтмоқчи фикрим ойдинлашади. Расмий хабарларга кўра, 2021 йилнинг биринчи ярмида Республикамизда 5 миллион 700 минг нафар истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари поймол қилинган. Уларнинг 52,5 фоизи уй-жой коммунал ва транспорт, 20,5 фоизи савдо ва озиқ-овқатланиш, 13,6 фоизи алоқа, молия ва ижтимоий хизматларга, 13,4   фоизи эса реклама ва бош­­қа соҳаларга тўғри келади. Иқтисодий жиноятлар йилдан-йилга ошиб бормоқда. Айнан ушбу соҳалар бизнес қўлида эканини асослаб ўтиришга тафсир шарт эмас.

Яна бир мисол. Тегишли идоралар томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг олти ойида тендерлар ўтказишда давлат бюджетига 19,6 млрд. сўм зарар етказилган. Андижон вилоятида 18 та, Жиззах вилоятида 11 та, Навоий вилоятида 7 та тендерларда ғайриқонуний ҳаракатлар содир этилган.

Албатта, барча жиноятлар ва ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни бизнес билан боғламоқчи эмасман. Республикамизда ҳалол меҳнати ва ишбилармонлиги туфайли ном чиқарган, таваккал қилиб, янги корхоналар очган, маҳсулотларини чет элларга чиқараётган чин маънодаги тадбиркорлар борлигини биламан. Улар ичида ўз мулки ва ҳуқуқини ҳимоя қилиб, бюрократия ва монополияга қарши тураётганлар ҳам талайгина. Уларнинг янги иш жойлари яратаётгани, кам таъминланганларга моддий ёрдамлар кўрсатаётгани ибратлидир. Лекин аксарият ҳолларда бизнеснинг “ман” манфаатларидан иборат бўлиб қолаётганини пайқамаслик ҳам мумкин эмас. Юқорида тилга олган шогирдим респондентларига “Агар Сиз омадингиз келиб, лоторея ўйинида   миллион доллар ютсангиз уни нималарга сарфлаган бўлардингиз?” деган савол билан мурожаат этган. Респондентларнинг 67 фоизи “фарзандларимга тўй қилардим”, 21 фоизи “янги уй қурардим”, 4 фоизи “даволанишга сарфлардим”, 3 фоизи “фарзандларимни ўқитардим”, 2 фоизи “бизнесимни ривожлантирардим” ва “чет элларга борардим” деб жавоб берган. Жавоблардан маълум бўладики, рес­пондентларда ҳамма нарсани ўз манфаатлари билан боғлаш истаги кучли. Гоҳо уларни вазият (масалан, саломатликни тиклаш) шундай қилишга ундайди. Ижобий маънодаги бизнесни атиги 2 фоизи атрофидаги респондентлар ҳаётий мақсади сифатида қабул қиладилар ва улар, миллион доллар ютса, уларни ўз бизнесини ривожлантиришга сарфлаши мумкин. Бу ўринда бизнес ҳақидаги тасаввур бизда ҳали етарли даражада шаклланмагани аён бўлади. Шунинг учун аксарият ёшлар “кўча бизнеси” (илмий адабиётларда у “ёввойи бизнес”, “ғайриқонуний бизнес” деб аталади) билан шуғулланишади. Тўғри, бунинг ижтимоий боислари ҳам бор.

Бизнеснинг нафақат молиявий, ташкилий-ҳуқуқий, шу билан бирга этикавий жиҳатлари ҳам мавжуд. Уларга ўғирлик қилмаслик, алдамаслик, умумий тартибни бузмаслик, нафсга берилмаслик, ахлоқий императивларга риоя этиш кабилар киради.

Бизнес ҳар доим ҳам ушбу этикавий талабларга бўйсунавермайди. Бизнеснинг прагматик хусусияти этикавий талаблардан ўзгача. У сахийликни, режадан чиқишни, исрофгарчиликни ёқтирмайди, ақлни қув ва зиқна бўлишга ундайди. Бизнесмен пул топиш осон эмаслигини билади-да! Худди мана шу жойда бизнес билан этика ўртасида зиддият мавжуд. Бизнес “мен” тарафдори, этика — “биз”, бизнес “тежамкор бўл, пулни сочма” дейди, этика эса сахийликка, топганини бошқалар билан баҳам кўришга ундайди, бизнес қаттиққўлликни, талабчанликни ёқтиради, этика мулойимлик, кечиримлилик тарафдори. Бизнеснинг ўз сири бор, этика ҳаммага очиқ. Ушбу зиддиятлардан бехабар ахлоқшунос бизнесмендан қусур қидириши кенг тарқалган.

“Мен” ва “мен манфаати” — бизнеснинг юраги. Бизнесменнинг ижтимоий-ахлоқий императивларга, этикавий талабларга мувофиқ яшаши учун унинг ушбу “юраги”ни шакллантириш, яъни гуманизм томон йўналтириш даркор. Шунда ҳам бизнес олами шахсда пулга, мулкка ўчликни авж олдириши мумкинлигини унутолмаймиз. “Кўча бизнеси”ни тўла бартараф этган давлат йўқ, бозор иқтисодиёти қарор топган мамлакатларда ҳатто унинг коррупция ва криминал тизимлар билан уйғунлашиб кетиши кузатилади. Демак, легал бизнесни қўллаб-қувватлаш (минг ваҳки, биз ҳозир шундай   қилаяпмиз) камлик қилади, уни социал гуманизм, яъни “ман”дан “биз” томон йўналтириш ҳақида бош қотириш керак.

Виктор АЛИМАСОВ,

фалсафа фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =