Туркий тараққиёт тараддудида

2009 йил кузида Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокида Туркий тилли давлатларнинг ҳамкорлик кенгаши тузилгани эълон қилинган ва унга мазкур тўрт мамлакат аъзо бўлган эди. Гарчи Ўзбекистон энг йирик туркий тилли давлатлардан бири бўлса-да, турли сабаб ва қарашлар боис, бу ташкилотга қўшилмаган.

Ушбу кенгаш сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданият ва спортга оид барча масалада ҳамкорлик қилишни назарда тутади. Ташкилот давлатларнинг раҳбарлари Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши, Катта мансабдор шахс­лари қўмитаси, Оқсоқоллар Кенгаши ва Бокудаги Парламент ассамблеяси, Нурсултонда Турк академияси, Анқарада турк маданияти халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ) ва Котибиятдан ташкил топган.

 

2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон ҳам Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимига қўшилиб, ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланди. Мамлакатимиз Президентининг сиёсий иродаси натижасида Марказий Осиё минтақасида дўстона алоқалар йилдан-йилга мустаҳкамланиб бор­япти ва у барча соҳаларда ижобий натижаларга олиб кел­япти. Чунончи, Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми охирги бир йилда 40 фоиздан зиёд ошганини айтиш кифоя.

Бироқ Ўзбекистоннинг бундай халқаро бирлашмаларда иштирок этишидаги ўзига хослик шундаки, шунчаки аъзо бўлмайди, башарти қўшилса, унинг ишида фаол иштирок этади. Масалан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига киргач, биринчи бўлиб бизда бу ташкилотнинг халқ дипломатияси уйи очилди, ШҲТ мамлакатлари халқларининг эртаклари, мақоллари ва улуғ сиймолари ҳақида уч китоб тайёрлаб, нашр эттирилди, бу ташаббус эндиликда бошқалар томонидан ҳам маъқул топилиб, мазкур китобларни ҳозир хитой тилига таржима қилишга киришилди.

Президентимиз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 2019 йил 15 октябрда Боку шаҳрида ўтган еттинчи саммитида бир қатор ташаббусларни олға сурган эди. Улар орасида қўшма инвестиция фонди ва туркий давлатлар савдо уйларини биргаликда барпо этиш, Кенгашга аъзо мамлакатлар ёшларини тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида Ёш тадбиркорлар форумини таъсис қилиш, йирик транспорт-коммуникация лойиҳалари шарофати билан Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш, “Боку-Тбилиси-Карс” янги темир йўлининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш, сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, маданий-гуманитар соҳада Кенгашга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт хазинаси” номли китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш масалалари бор эди. Ҳозир бу ташаббусларнинг барчаси изчил равишда амалга ошириляпти.

Албатта, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ишини янада жонлантириш, биргаликда тараққий эттириш борасида зарур ишларимиз бисёр.

Масалан, шу давлатларнинг тарихи илмий тадқиқ этилганида ва бу тарих мактабларда, олий ўқув юртларида ўқитилганида муштарак жиҳатларга кўпроқ эътибор бериш, мувофиқ келмайдиган ва шу сабабли турли ихтилофлар келтириб чиқариши мумкин бўлган талқинларга йўл қўймаслик; бир тарихий воқеа икки мамлакатда икки хил ва бир-бирига зид баҳоланмаслигига эришиш, пировардида – Марказий Осиё тарихи, Туркий тилли мамлакатлар тарихи каби фундаментал асарлар яратиш зарур. Чунки ҳозир айрим қўлбола “тарихчи”ларнинг касрига фақат ўз миллатини улуғлаб, қўшни эл ва халқларни камситиш, бизнинг халқ қадимдан то ҳозиргача айни минтақадаги тарихий воқеаларнинг марказида турган, деб даъво қилиш кўп.

Қардошларни янада қадрдонлаштирадиган муҳим омиллардан яна бири таржимадир. Бизнингча, эндиликда рус тили орқали таржима қилиш амалиётидан батамом воз кечиб, туркий тилларнинг биридан иккинчисига бевосита таржима қилишга ўтиш, бу ишни рағбатлантириш вақти келди (илгари бошқа туркий тилдан она тилига бевосита ағдарган таржимонга русчадан ўгирган мутаржимга қараганда икки баравар кам қалам ҳақи берилар эди. Шунинг касрига, масалан, ҳатто қирғиз асарини татарчага рус тили воситасида таржима қилиш авж олган, оқибатда туркона руҳ йўқолиб, узоқ бир эл асарига ўхшаган таржималар юзага келарди). Бевосита ўгиришга ўтишда йирик туркий давлатлар тилларидан таржимани кўпайтириш билан бирга, оз сонли туркий эллар адабиётига ҳам алоҳида эътибор бериш зарур.

Ҳозирги даврда “мутахассислар алмашиш” деган қоида урфга кирган. Аммо бу тартиб, асосан, ишлаб чиқариш ва технология соҳаларига тааллуқли. Ижтимоий-гуманитар соҳаларда эса бунинг учун замин тайёрлаш керак. Бундан қирқ-эллик йиллар илгари олий ўқув юртларида қўллангани каби, бир туркий тилли мамлакатдан бошқа бир туркий тилли мамлакатга талабаларнинг бориб ўқиши амалиётини яна тиклаш кони фойда. Масалан, филология, журналистика ва бошқа соҳаларда ўқиётган талаба биринчи курсни битиргач, ўзаро келишув асосида 2-, 3-, ва 4- курсларда бошқа мамлакатга бориб билим олади, тил ўрганади ва албатта, ўша халқ тилидан она тилига таржима қилишга киришади. Якунловчи курсда эса ўз мамлакатига қайтиб келиб ўқиши, ёинки уч йил таълим олган даргоҳида илм олишни давом эттириши ҳам мумкин. Шу орқали қардош халқларнинг ўзаро дўстлиги ва биродарлиги йўлида хизмат қиладиган мутахассис тайёрланади.

Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тўғаноқ бўлаётган нарсалардан бири – қўшни давлат ўқув юрти томонидан берилган дипломни тан олиш (нострификация) йўлидаги сунъий тўсиқлардир. Бизнингча, бир туркий мамлакатдан бошқасига одамларнинг бориб ишлаши, яшаб қолишини рағбатлантириш учун давлат олий ўқув юртларини битирган мутахассислар дипломларини нострификация қилиш тартибини бекор қилиб, бевосита тан олишга ўтиш айни муддао бўлур эди. Ўз-ўзидан аниқки, малакасиз, савияси паст кадр диплом асосидаги хизмат лавозимида ишлай олмайди.

Туркий халқларнинг энг қадимги тарихи, этнографияси, ҳозирги урф-одатлари, санъати, мусиқа асбоблари, кийим-кечаклари, турмуш тарзини ўрганиш, оммалаштириш, ўзаро яқин ва муштарак жиҳатларни танитиш орқали бир бирини тушунишларига йўл очиш ҳам зарур. Бунинг энг синалган ва самарали йўли – ҳар йили ҳар бир туркий тилли давлатда камида бир туркий элнинг адабиёт ва санъати кунларини ўтказишдир.

“Туркча-русча” ва “русча-ўзбекча” тарзидаги луғатларга ружу қўймай, “қирғизча-ўзбекча”, “қозоқча-туркча”, “озарбайжонча-қирғизча” тарзидаги туркий тиллараро луғатларни тайёрлаб, нашр этиш вақти келди. Бу ўзаро учрашув ва анжуманларда “улуғ оға” забонидан фойдаланишга чек қўяди.

Маълумки, ҳар бир элнинг туб ўзига хослиги, миллий руҳини англатишда ҳеч бир восита унинг фольклори билан танишишга етмайди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда чоп этишга киришилаётган “Туркий адабиёт хазинаси” номли китоблар туркуми билан бирга, туркий халқлар фольклорининг юз жилдлигини олти туркий тилли давлатнинг ҳар бирида, ўша халқ тилига таржима қилиб нашр этилса, жуда ажойиб иш бўлар эди.

Бизнингча, туркшунослик мактабдан бошланиши керак. Ҳар бир туркий давлатда юқори синфларидан бирида камида 10 соатли дарс таълими белгиланиб, унда “Туркий халқлар”, “Туркий халқлар яшайдиган ҳудудлар”, “Туркий халқларнинг тиллари”, “Туркий халқларнинг тарихи, диний эътиқоди ва урф-удумлари”, “Туркий халқларнинг турмуш тарзи”, Туркий халқларнинг этнографияси ва ўзига хослиги”, “Туркий халқларнинг буюк жаҳонгирлари, уламолари, ҳарбий саркардалари, улуғ шоир ва ёзувчилари” каби дарс мавзулари ўтилиши мақсадга жуда мувофиқ бўлар эди. Чунки аксар мактаб болалари туркий халқлар, туркий тиллар нималигидан бехабар. Бу мақсадда юқоридаги мавзулар батафсил ёритилган ихчам бир ўқув қўлланмаси тайёрланса, туркшуносликни кенг омма ичида тарғиб этишга йўл очилган бўларди.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ишининг муваффақияти дунё сиёсий майдонида рўй бераётган турли воқеа-ҳодисаларга муносабат билдиришда бу давлатларнинг позициялари бир-бирига зид келиб қолмаслигига кўп жиҳатдан боғлиқ, албатта. Бунинг учун ушбу Кенгаш қошида Сиёсий масалалар бўйича маслаҳатлашув бюросини тузиш, шунингдек, унга стратегик ҳамкорлик йўлларини аниқлаш вазифасини юклаш керак бўлади. Шу борадаги яна бир гап шуки, туркий тилли давлатларнинг ҳар бирида ўзи аъзо бўлган халқаро ташкилот (МДҲ, ШҲТ, ТТДҲК, ЕОИҲ ва б.)лар билан қандайдир масалаларда тушунмовчилик келиб чиққан ҳолларда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши мавқеини устун деб билиш борасида бир келишув тузилса яхши эмасми?

Энг муҳим омиллардан яна бири – туркий тилли давлатларнинг ҳар бири ҳудудида титул миллат тилидан бошқа туркий тилда таълим берувчи мактаблар сонини қисқартмаслик, бундай мактабларни дарслик ва ўқитувчи кадрлар билан таъминлаш ва бошқа муаммоларни ўша қўшни давлат билан келишган ҳолда, унинг ёрдамида амалга оширишдан иборат бўлади.

Ниҳоят, Ўзбекистоннинг ўзига оид бир масала шуки, она тилимизнинг туркий тиллараро муҳитда марказий ўринни ишғол этиши, унда ўғуз, қипчоқ, қорлуқ лаҳжаларининг ҳар учаласи ҳам мавжудлиги, хусусан – мамлакатимиз тарихан Буюк ипак йўли устида жойлашгани ва янги Ўзбекис­тон бутун дунё, хусусан, қўшни давлатлар билан қалин ижтимоий-иқтисодий алоқага киришаётгани омилидан келиб чиқиб, Тошкентда Туркшунослик маркази таъсис этиш ва унинг илмий-тадқиқий вазифаларини белгилаш; “Турк дунёси” деган номда адабий-илмий журнал очиш; Ўзбекистонни етакчи туркшунослик марказларидан бирига айлантириш ҳам муҳим. Афсуски, ҳозирча бу мавқе Туркия ва Озарбайжонгагина насиб бўлиб турибди.

Пировардида яна бир гап. Биз орзу қилаётган ва йўлчи юлдуз деб белгилаган Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш ғоясини амалда адо этиш ва бу буюк Уйғониш туркий дунёнинг тамаддуни ўлароқ рўй берса, Ўзбекистон эса унинг пешқадами бўлиб тарихга кирса, ажаб эмас. Бунинг учун бизда самимий истак, тарихан шаклланган асослар, илмий салоҳият, ўсиб келаётган қудратли иқтисодиёт, сиёсий ирода ва барқарорлик каби омилларнинг барчаси мавжуд.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 13 =