Улуғвор дастур

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобини ўқиб

 

Президентимиз китобларида ало­ҳида таъкидлаб ўтганларидек, Янги Ўзбекис­тонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-ирода эмас, балки халқимизнинг орзу-интилиш­ларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив зарурат бўлиб, уни юзага келтиришда халқимизнинг давлатчилик салоҳияти ва маънавий имконияти етарли даражада эканлиги ҳаммамизга яхши маълум.

Чунончи ҳар бир халқнинг ўзига хос туб янгиланиш даврлари бўлганки, уни юзага келишида муайян миллат даҳоларининг ташаббуси, йўл-йўриқлари, аниқ мақсадлар кўзлаган дастурил- амаллари муҳим қўлланма сифатида хизмат қилган.

Хусусан, бу тўғрида Абу Наср Форобий бобомиз “Эҳсо ул-улум” китобининг бешинчи бобида қимматли фикрларни аниқ баён этган:

“Эзгу ва муносиб, савоб ишлар шаҳарларда (мамлакатда) доимий равишда тараққий этиб одамлар орасида кенг тарқалса, бу сифатларни эгаллашга интилиш кучаяди. Ва бу эса ўз шаҳри (жамиятида) эзгу хулқ, одатларни тарқатувчи фозил раҳбарсиз амалга ошмайди. Бундай ҳукмдорнинг пайдо бўлиши фақат фозилликка хизмат қилади ва у   халқ томонидан қабул қилинади ва у кишиларни қонунларга итоат этишга мажбур этади”.

Янги Ўзбекистон учун ҳам узоқ уфқларни кўзловчи стратегик дастур зарур эди, бинобарин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекис­тон” нашриёти томонидан чоп этилган “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби айни даврда биз кутган муҳим дастурли китоб бўлди.

Мазкур асарнинг долзарблиги яна шу билан изоҳланадики, унда Янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишнинг барча йўллари, жабҳалари муфассал баён этилган ва ёруғ истиқбол йўли кўрсатиб берилган. Шу боисдан ҳам, уни улуғвор дас­тур, дейишга асослар бор. Муқаддима ҳамда етти бобдан иборат – “Янги Ўзбекистон стратегияси”, “Халқпарвар давлат”, “Миллий иқтисодни ривожлантириш”, “Адолатли ижтимоий сиёсат”, “Маънавий тараққиёт”, “Хавфсизлик ва ташқи сиё­сат”, “Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар” сингари бўлимларни ўз ичига олган мазкур китобни ҳар томонлама ўқиб-ўрганиш, ОТМларда очиқ дарс шаклида тавсия қилиш ва ундаги кўрсатмалар асосида саъй­ҳаракат қилиш жуда катта ижобий натижалар беради, албатта.

Халқимизнинг ўтмишига боқсак, худди шу эзгу орзулар туфайли ота-боболар, улуғ аждодларимиз бир эмас, икки маротаба Уйғониш даврини юзага келтира олган эдилар. Ватан озодлик ҳисси эса афсонавий Широқни, жасур Тўмарис момони, шерюрак ватанпарвар Жалолиддин Мангубердини, Иккинчи Ренессанс, Темурийлар   Уйғониш даврига асос солган буюк Соҳибқирон Амир Темурни тарих саҳнасига олиб чиққан эди.

Халқимизнинг маънавий орзуси Абу Райҳон Беруний, Хожа Аҳмад Яссавий, Имом Бухорий, Маҳмуд Замахшарий, Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд, Мир Сайид Барака, Мирзо Улуғбек, Занги ота, Хожа Аҳрор Валий ва бош­­қа улуғларимиз тимсолида жаҳонга бўйлади.

Китобда алоҳида қайд этиб ўтилганидек, узоқ ўтмишдан ҳозирги давргача миллий тафаккуримиз негизида шаклланиб келган, турли ғоя ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топган эл-юртимизнинг орзу-умидлари бугунги кунда Янги Ўзбекистон тушунчасида жамулжам эканлигини кўрамиз.

Аввалроқ яқин ва ўрта истиқболда Янги Ўзбекистон стратегияси қандай бўлиши керак,   кейинги ўн йиллик­лардаги фаолиятимизни белгилайдиган тараққиёт тамойиллари ва вазифаларнинг қай бирлари энг устувор ва долзарб бўлиб ҳисобланади, деган саволларга жавоб излайдиган бўлсак, бугунги кунга келиб “Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ғояси қандай мақсад-муддаоларни ифодалайди”, деган савол кўпчиликда қизиқиш уйғота бош­лаганини ҳам кўриб-билиб турибмиз. Жонажон Ватанимиз — Ўзбекистонни энг ривожланган давлатлар қаторида кўришни ўзимизнинг энг шарафли ва айни пайтда ниҳоятда масъулиятли вазифамиз, деб биламиз. Бундай масъулиятли иш бизнинг бурчимизга айланганидан, албатта, юксак ғурур туйғуларини ҳис этамиз. Таъкидлаш жоизки, қадимги юнон файласуфи Суқротнинг “Ўзгаларни ўзгартирмоқчи бўлган инсон, аввало, ўзини ўзгартириши лозим. Бунинг учун эса аниқ мақсад, толмас ирода ва доимий изланиш керак” деган ҳикматли ибораси ҳаммамиз учун асосий мезон бўлиши керак, деган фикр Президентимизнинг мазкур китобида бежиз келтирилмайди.

Бугун Янги Ўзбекистон орзуси амалиётга, реал воқеликка айланмоқда. Аммо бу осон иш эмас, елкамизда катта масъулият, олдинда эса улкан довонлар турибди. Ва бу йўлда жипслик, ҳамжиҳатлик, бир ёқадан бош чиқариш муҳим эканлигини ҳам теран англаш жоиз, албатта.

Бугунги кунда олиб борилаётган демократик, шаффоф кенг кўламли ислоҳотларда давлат органлари халқнинг оғирини енгил қилаётгани, Президентимизнинг шахсий иродаси ва қатъий талаби асосида юзага келган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилининг ҳаётимиздаги ўрнини яққол кўрсатмоқда. Албатта, “халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”. Жамиятимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи, бизни   боқадиган, миллат сифатида дунёга танитиб турган ҳам шу танти, меҳнатсевар халқимиз эмасми?! Президентимиз кўп бора таъкидлаб айт­ганларидек, халқни рози этиш, унга муносиб фарзанд сифатида хизмат қилиш энг олий бурч, вазифамиздир.

Иқтисодиёт жамият ҳаётининг танаси ҳисобланади. Президентимиз жаҳон бозоридаги иқтисодий вазият мураккаблашган бир даврда мамлакатимиз иқтисодиётининг мунтазам такомиллашиб боришини таъминлайдиган механизмларини жорий этиш,барқарор иқтисодий тараққиёт билан боғлиқ вазифаларни пухта белгилаб олиш масаласи долзарб аҳамият касб этаётганини алоҳида қайд этиб ўтган. Демак, амалий натижадорликка кўра, инсон манфаатлари иқтисодий ислоҳотларимизнинг ўзак масаласи эканлиги ҳам ойдинлашади.

Китобда Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий стратегияси 2030 йилга қадар глобал инновацион индекс рейтингида дунёнинг 50 та етакчи давлати қаторига кириш ва бу улкан мақсадга эришишда инсон капиталини ривожлантиришни назарда тутади, дей­ди Президентимиз.

Янги Ўзбекистон модернизациялашган иқтисодиётга таяниши, бундай иқтисодиётни шакллантириш учун ундаги давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унинг ролини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган инс­титуционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш зарурлиги ҳам белгилаб берилган.

Булардан келиб чиқадиган вазифаларни ҳал этиш хусусида ҳам аниқ ва лўнда жавоб мавжуд: чунончи ушбу мақсадларга эришиш учун, аввало, хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва кафолатларини ишончли ҳимоя этишни таъминлаш, барча турдаги тўсқинлик ва чекла­нишларни бартараф этишни устувор вазифа, деб ҳисоблаш ҳам кўзда тутилган.

Инвестиция муҳитини такомиллаштириш тармоқлар ва соҳалар кесимида инвестиция сиёсати самарасини ошириш, хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан 2022-2026 йилларда амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳаларини аниқлаштириш, иқтисодиётда давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш эътиборимизда бўлади, дея мазкур ислоҳотларнинг қонуний кафолатлари санаб ўтилади.

Мана, давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш соҳасидаги қатор тизимли муаммоларни олинг. Президентимиз бу тўғрида алоҳида тўхталган, чунки мазкур соҳа муаммолари ишларнинг сифати ва самарасини пасайтираётганини ҳеч ким рад этолмайди.

Энг муҳими, давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш соҳасида ҳам қатор тизимли муаммолар мавжудлиги эътироф этилган ва улар бирма-бир санаб ўтилган.

— Давлат мулки республика ва муниципал мулкка таснифланмаган, давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштиришни шаффоф механизмлар орқали амалга оширишни назарда тутувчи тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунчилик ҳужжатлари мавжуд эмаслиги очиқ айтилган.

— Давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш мезонларининг мавжуд эмаслиги сабабли хусусий сектор муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ва рақобат ривожланган соҳаларда давлат иштирокидаги корхоналарнинг фаолият юритиши ҳамда хусусийлаштиришда тизимли ёндашув амалга оширилмаганлиги натижасида давлат иштирокидаги корхоналарнинг иқтисодиётдаги иштироки юқорилигича қолаётгани ҳам танқидий қайд этилиб, мазкур соҳадаги яна бошқа муаммоларни ҳам тезда ҳал этиш лозимлиги кўрсатиб ўтилганлиги муҳим аҳамиятга эга.

Иқтисодий стратегиямизнинг муҳим банди — 2030 йилга қадар муносиб ҳақ тўланадиган 10 миллионта янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни бартараф этиш, ишсизлик даражасини 2030 йилда 5,2 фоизга, инф­ляцияни эса 15,2 фоиздан 4,3 фоизга пасайтиришга эришамиз, дея қайд этилиши аниқ ва кўзланган улкан мақсадлар сари интилишимизга асос бўлиб хизмат қилади, — дейди Президент Шавкат Мирзиёев.

Юқорида айтганимиздек, жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Дунёда кечаётган мураккаб глобал вазиятлар мамлакатимизнинг маънавий-маърифий соҳадаги бугунги тараққиёт ва истиқболини белгилайдиган стратегик тамойиллар ҳамда амалий фаолият дас­турларини яратиш ва уларни ҳаётга татбиқ этишни тақозо этаётгани-ю, буларга қарши таҳдид ва хатарларнинг ортаётганини ҳам Президентимиз жуда чуқур ва теран таҳлил этади. Хусусан, ёшларимиз онгини заҳарлашга, уларнинг кучидан ғараз манфаатлар йўлида фойдаланишга ҳаракат қилаётган кучларнинг найрангларидан огоҳ бўлиш, коррупция, таъмагирлик, бюрократия оёғимизга болта ураётганини эсдан чиқармаслик, шу ўринда узлуксиз таълим тизимида маънавий тарбия   асосларини кучайтириш, ёшларга муқаддас динимиз моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, “ақл марказлари”ни ташкил этиш зарурлиги ҳам баён этилади. Айниқса, мамлакатимизнинг ке­йинги давр­­га мўлжалланган тараққиёт стратегиясида, албатта, маънавий-маърифий ислоҳотларга алоҳида бўлим ажратилиши даркор эканлиги ҳам ёдда тутилганлиги ғоят қадрлидир.

“Ишонч билан айтиш керакки,   юксак салоҳиятли халқимиз, бугунги ва келажак авлодлар Янги Ўзбекистонни – Учинчи Ренессансни, албатта, бунёд этадилар. “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сафида эканимдан беҳад бахтиёрман”, — дейди Президент.

Ҳеч бир муболағасиз, ушбу китоб Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимизнинг фаровон турмушини яратиш, мамлакат тараққиётини юксалтириш йўлидаги ғоят улкан ижод маҳсулидир. Таж­риба ва беқиёс салоҳият маҳсулидир.

Унда мустақиллик йилларида босиб ўтилган оғир ва машаққатли, тарихий йўлимиз, бугун амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг мазмуни ва мантиғи файласуфона тарзда ёритиб берилган.

Китобда иқтисодиёт жамият ҳаётининг танасига менгзалган бўлса, эркин ва очиқ фуқаролик жамияти, мустақил ва одил суд тизими ҳамда эркин оммавий ахборот воситалари демократик жамиятнинг асосий устунларидан бири эканлиги эътироф этилади. Ана шу йўлда таълим ва тарбия йўналишидаги янги имкониятлар, илм-фан инновацион тараққиёт асоси эканлиги билан бирга, маънавий янгиланиш, маънавий ислоҳотлар баркамол авлод тарбиясида нақадар муҳим омил вазифасини ўташлиги ўткир нигоҳ билан тавсиф этилади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур китоби давримизнинг глобал муаммоларидан тортиб Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги барча йўналишлар, барча тармоқлар, жамики соҳаларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш билан бирга, олдимизда турган муҳим вазифалар хусусида йўл-йўриқ кўрсатади. Шак-шубҳасиз, мазкур асар бугунги кунда ҳар бир катта-кичик раҳбар учун улкан дастур вазифасини ўтайди.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + two =