Гўзаллик чироқлари
Ижодкорнинг умр мазмуни йиллар билан ўлчанмайди. Унинг мазмуни, мезони яратилган ва ўз қадр–қимматини йўқотмаган асарлари билан белгиланади.
Муқаддас опа қўлига қалам тутиб, матбуот саҳифаларида кўрина бошлаганига 60 йилдан ошди. Ҳар бир даврнинг ўз қўшиғи, ўз оҳанги бўлиши табиий, лекин ҳар қандай ижтимоий “об-ҳаво”да ҳам инсон ва инсоний яшамоқлик саодати яхшиликдан бошланади, яхшилик шоҳсупасида қад ростлайди. Яхшилик эса аввало, оилада дунёга келади ва ҳамиша оиладан куч-қувват олади.
Муқаддас Абдусаматованинг публицистик нигоҳи умуртқасини аёл, оила, фарзанд бахт-иқболи ташкил этади. Миллий қадриятимизнинг ўзак-ўзагини ташкил этган оила муқаддаслигини ҳис этиш, унинг табиий ва тасодифий нағмаларига шай туриш ўз-ўзидан рўёбга чиқмайди. Ушбу ҳақиқатни энг, аввало, оила бекаси тушунмоғи зарур, деб ҳисоблайди Муқаддас опа. Шу боис аёл ва она сифатида бўлғуси келинчакларга, оила сўқмоғида қоқилиш хавфи остида қолган ёш уй бекаларига мурожаат этади. Сирлашади. Жоиз бўлса, қулоққа шивирлаб, дардлашади. “Иродалимисиз?” деб савол қотади, “Иродангизни оилангиз пойдеворини мустаҳкамлаш йўлида сафарбар эта оласизми?” дея сўрайди. Покизалик, поклик нақадар сеҳрли кучга эгалигидан суҳбат қуради. Андиша, назокат, таманно, лобарлик-чаққонлик, зеболик-зукколик, одамохунлик, сабру қаноат… ҳа, худди шундай, бахтли оила тилсими шу сингари бир-биридан гўзал туйғулар гулзори ичра пинҳон ҳисобланади. Оила қурган ва қураётган маликаларимизни ушбу гулзор сайри баҳона, ўша синоатларни қунт ила ўрганишга даъват этади.
Пири бадавлатлик мартабасига эришган бобожон-моможонларимиз борки, санаб ўтилган ва саноққа кирмаган туйғулар, фазилатларни ардоқлаш эвазига бахтли — бахтиёр оила қуришга эришганлар. Гўзал миллий-инсоний фазилатларимиз асло қадрини йўқотмаганидек, гўзал — файзли оилалар ибрати ҳам зинҳор эскирмайди, қадрсизланмайди.
Ҳаёт енгилликни кўтармайди, зеро, бахтли яшамоқлик учун ҳам курашмоқлик, зийраклик даркор. Қизиғи шундаки, ҳеч бир инсон бошқасига айнан ўхшамаганидек ҳеч бир оила бошқасини такрорламайди: опанинг “Уч хонадон, уч манзара” мақола-ҳикоясидан шундай хулоса келиб чиқади. Тажрибали қалам соҳибаси бир нигоҳ ила уч оила тутимидаги турфа манзарани кўз олдингизда гавдалантиради ҳамда бир қарашда арзимасдек кўринган лавҳаларда уч оила-хонадон ботинига– маънавий оламига кириб боради. Таниқли адабиётшунос олим, академик Бахтиёр Назаров тўғри таъкидлаганидек, “Муқаддас Абдусаматова ҳодисани эмас, ҳодиса таъсиридаги туйғуларни куйлашга ҳаракат қилади”. Шу боисдан ҳам опанинг мақолалари ҳикоядек ўқилади, ҳикояларида эса реал ҳаёт нафаси сезилиб туради.
Муқаддас опанинг ўз шеърий дунёси бор. Бу дунёнинг ўзига хос ташбеҳлари, тимсоллари бисёр. Марҳамат, мисол тариқасида ўқинг, баҳра олинг:
Алла айтсам айвонингда ухлайди қуёш,
Мустақиллик севинчидан қувнар кўзда ёш.
Ёки:
Чумоли ё маймундан эмас,
Қўғирчоқдан яралган одам.
Шоиранинг шеърда чархланган ҳаяжонлари унинг ҳикояларида давом этади. Хусусан, воқеий ҳикояларда гавдаланган образлар ўқувчининг ёдида қолади — тенгма-тенг ўйлашга, мушоҳада юритишга чорлайди.
Муқаддас Абдусаматованинг бир туркум мақолалари инсон, уруш ва тинчлик мавзусига бағишланган. Бу мавзуда янги гап айтиш осон эмас. Шу маънода “Уйғоқ туйғулар” китобидан жой олган мақола-эсселар ҳаётийлиги, таъсирчанлиги ва айниқса, ўйлаб топилмаган саргузаштлари билан ўқувчига манзур бўлади.
… Чеҳрасидан нур ёғилиб турган, паҳлавонкелбат меҳмон Тошкентга шунчаки сайру саёҳат ниятида ташриф буюрмаган, у Владикавказда ном қозонган қўли гул тадбиркорлардан. Исми —Алан Татаров. Йигирма йилдан ошди, Осетиядаги икки қишлоқ аҳолиси муз кўчкиси остида қолди. Алан қидирув-қутқарув ишларида қатнашди. Беминнат меҳнат қилди. Ўша воқеа сабаб Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган жойида дафн этиб кетилаверган жангчиларнинг шахсини аниқлаш, уларнинг яқинларини топиш, жасад қолдиқларини кўчириш ишларига бош-қош. Ҳозиргача у бошчилик қилаётган гуруҳ аъзолари турли миллатга мансуб 3 мингга яқин жангчи жасади қолдиқларини туғишганлари манзил-масканига етказиб беришга муваффақ бўлди. Шундан 180 нафари ўзбекистонлик жангчилар!
“Бундан сизга нима наф?” деган саволга, “Бизга келадиган наф, бу – савоб” деб жавоб қайтаради Алан Татаров.
Тасаввурларни бойитувчи, маънавият уммони инжуларидан баҳра улашувчи ижод ҳам савоб. Ҳаёт адоқсиз маъно-мазмунларини ҳадя этар экан, уларни саралаб, сайқал бериб, одамларга етказиш ҳам кони савоб. Савобнинг эса ўлчами йўқ — кўнгилларнинг бир зумлик чароғонлиги ҳам савоб.
Муқаддас опа Абдусаматовадек ҳаёт ва ижод майдонида чиниққан адиба ва публицист ижоди намуналари ўз ўқувчилари, мухлислари қалбига гўзаллик чироқларини ёқаверади.
Хуршид Дўстмуҳаммад,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.