Нишаб кўча

Қулман ОЧИЛ

Муаллиф ҳақида: Қулман Очил — 1957 йил Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. 1983 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекис­тон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган. 1999 йили “Ўзбекис­тон Рес­публикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони билан тақдирланган. “Жайдари фалсафа”, “Сой соҳили”, “Баракали йигит” каби китоблари чоп этилган.

– Ия, Эрмат ака, ҳалиям кутиб ўтирибсизми? – деди ойнаванд эшикдан шошилиб чиққан барваста йигит пилдираганча келиб, қўлини саломга чўзган ўрта ёшлардаги бақалоқ одамга қараб. – Қойил! Бир гапдан қолмас экансиз-да.

– Ундай деманг, Туробжон! – шипшиди бақалоқ. – Бирпасгина вақтингизни аяманг, жон ука!

– Бўлмағур гапларни қўйинг, ака, – деди йигит кос­тюми тугмасини қадар экан. – Мен кинначи эмасман!

– Жон ука, ундай деманг. Менинг болаларимам сиздай гуриллаб юрсин. Зўр жойларда ишласин! Жон ука!..

Йигитга ҳаллослаб эргашди бақалоқ.

“Хўп, дей қолинг, укажон!”

Банкир йигит аёл кишининг овозини эшитиб, ортига бурилди ва ясан-тусан қилиб, бўяниб олган жувонни кўрди.

– Оббо, янга, сизам шу ердамисиз?

– Яна қаерда бўлай, укажон! – деди ишва билан аёл. – Биласиз-ку, Эрмат акангизнинг лойи ҳушпиллаккаям ярамайди.

– Эрмат акамдай одам бу дунёда кам, янга, жуда кам! Банкимиздаги шопирларнинг олди.

– Олди бўлганичинам ўн йилдан бери тоғамнинг ҳовлисида сарғайиб ўтирибмиз-да.

Эр ортда қолиб, хотин олдинга ўтди:

– Шопир билан боғча опанинг топгани нима бўларди, укажон.

– Сабр, янга, сабр! Кўрмагандай бўп кетасизлар ҳали.

– Мен-ку, сабрлиман, лекин болаларим одам бўп қолди. Акангизнинг юриши бу…

Аёл завжининг униқиб кетган қалин кўйлагига беписанд қараб қўйди.

Эр тўхтаб, биқинига “Банк – халқ хизматида” деган шиор ёпиштирилган буханкасимон машина томонга қаради:

– Ирисма-ат!

Машинадан ўн икки-ўн уч ёшлардаги икки бола тушиб, отасининг олдига югуриб келди.

– Салом бермайсизларми, беадаблар! – ўдағайлади она. – Лаллайиб туришини қаранг буларнинг.

– Аканг билан қўл бериб кўришинглар, – деди ота. – Устозларинг бўлади… Шу бугундан…

Болалар йигитга баравар қўл чўзиб, баравар хитоб қилишди:

– Ас-сало-ому ала-айкум-м!

– Ваалайкум ассалом! Балли!

– Шугиналаримам сизга ўхшаб топарман-тутарман бўлса, катта жойларда ишласа, дейман-да, укажон.

Жувон аввал банкнинг ҳашаматли биносига, кейин йигитнинг ялтираб турган учдор туфлиси, қоматига ярашиб тушган қора костюм-шими, оқ кўйлаги ва чиройли галстугига ҳам суқланиб, ҳам ҳасрат билан қаради.

– Мен ким бўпман, – деб ишшайди йигит.

– Сиздан… қўл олса девдик, – шивирлади ота.

– Қўйсангиз-чи, Эрмат ака! Одамни уялтирманг!

– Буям бир ирим-да, айланай, – деди аёл. – Ихлос! Ихлосда гап кўп.

– Ихлос – яхши нарса, – деб қизарди йигит. – Яхши ўқиса, бу йигитчалар ҳали зўр одам бўп кетади.

– Йўқ деманг, айланай, – ялинишга ўтди жувон.

– Йўқ, – деб гапни кесди йигит. – Мен биров ихлос қўядиган банда бўлмасам-чи?

– Ундай деманг, айланай!..

– Ўзингизни опқочманг, Туробжон, – деди ота банкирнинг изидан эргашар экан.

– Эрмат ака-а! – деди йигит бирдан тўхтаб. – Мен сиз ўйлагандай яхши одам эмасман, деяпма-ан!.. Нимага бунча ёпишиб олдингиз?..

– Ундай деманг, айланай, – дея ялинди аёл. – Ҳамма сизга ҳавас қилади. Ҳамманинг тилида сизсиз, Туробжон!..

– Янга, – деди йигит астойдил, – сиз ҳам, эрингиз ҳам мени яхши билмайсизлар-ку. Мен… мен Алининг дўпписини Валига кийдириб юрган қип-қизил фирибгар бўлсам-чи! Ўғилларингиз учига чиққан қаллоб бўлишини истайсизми? Айтинг, шуни истайсизми?

Аёл таққа тўхтаб, банкирга бир зум хавотир билан тикилиб турди. Яна дадиллашди:

– Йўқ, укажон, сиз уяляпсиз!.. Бу – ота-боболаримиздан қолган одат, айланай. Сиздан нима кетади. Икки марта туф десангиз, бас.

Йигит костюмининг битта тугмасини бўшатиб, ялтираб турган қоп-қора машинасининг эшигини очар экан, хохолаб кулди.

– Ё, тавба! Мени авлиё деб ўйлаяпсизлар, чоғи!

Бирпас ўйланиб турди-да, буюрди:

– Бўпти, туфласам-туфлабман-да! Машинанинг панасига ўтайлик.

– Ирисма-ат! – деб шошилди ота.

– Ўтинглар, – деб қистади она.

– Машинанинг орқаси видеокамерадан пана, – деди банкир.

Аёл тирноқлари тўқ қизилга бўялиб, астойдил оро берилган қўлларини дуога очди:

– Қани, дадаси! Илоҳо омин, шугина болаларимам Туробжон акасидай топарман-тутарман, бой-бадавлат, ҳамманинг ҳавасини келтирадиган йигитлар бўлсин!

– Омин! – деди дадаси.

Йигит ҳам мийиғида кулганча дуога қўшилган бўлди.

– Ирисмат, оғзингни оч, – деди отаси.

– Нурисматжон, сен ҳам! – деди онаси ҳаяжон билан.

Йигит энгашди ва Ирисматнинг сарғайган қийшиқ-мийшиқ тишлари кўриниб турган оғзига туфлади. Боланинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.

– Ют! – деб ҳайқирди онаси. – Ют-да, “Раҳмат, устоз”, де.

Бола баъзўр ютинди: “Раҳмат, устоз!”

Йигит иккинчи боланинг иягига энгашди. Бунисининг тишлари кемтик экан.

– Нурисмат, оғзингни каттароқ оч! – деди энди ака бўлмиш – Ирисмат ҳиринглаб.

Ука қўрқа-писа оғзини кенгроқ очди. Банкир йигитнинг танглайи қуриди, шекилли, лабидан тупук тушгани сезилмади.

– Ўхшамади! – деди она. – Тузукроқ туфланг, Туробжон! Тортинманг!

Йигит томоғини обдон қириб, росмана туфлади.

– Ют! – деб ҳайқирди боланинг онаси. – Ютгин-да, “Раҳмат, устоз”, де.

Бола норози жирканиб, бурнини жийирди. Ўқчиди:

– Уф-ф! Бунча сассиқ!

– Сенга атирни қаердан топаман, – деди устоз бўлмиш. – Мендан ароқ билан носни сўра…

– Ют деяпман сенга! – асабийлашди она.

Бола ютди:

“Раҳмат, устоз”,   деб ғулдиради ва ёнига бурилиб, тупуринди. Яна ўқчиди.

– Бўлдими? Қутулдимми? – деди йигит.

– Раҳмат, Туробжон! – деди эр.

– Йўқ, ҳали бўлмади, – деди хотин ва йигитнинг тирсагидан тутди. – Яна бир кичкинагина илтимосим бор.

Банкир савол назари билан жувоннинг эрига қаради. Эр елка қисди.

– Энди манавиниям опқўйсангиз, – аёл қалингина конверт узатди. – Акамники. Беш минг. Илти-мо-ос!

– Акамники? – ҳайрон бўлди эр. – Аканг раҳматли бўп…

– Сиз жим туринг! – жеркиб берди хотин. — Аралашманг!..

– Янга, бу нима қилганингиз! – йигит қўлини илкис тортиб олди ва ортига тисланди. – Процентга пул олишни тўхтатганимга бир ой бўлди. Хабарингиз йўқми?

– Хабарим бор, Туробжон! Нима қилай, ёлғизгина акам. Машинасини сотиб эди. Сиз баракали йигитсиз. Акамнинг рўзғоригаям озгинадан томиб турса. Қизини узатмоқчи.

– Янга-а! – бақириб юборди йигит. – Мен бунча пулни эплаёлмайман. Эрта бир кун қайтиб беролмай қолсам, нима бўлади! Фаҳмлаяпсизми? Бир юз олтмиш саккизинчи модда, прим уч. Жэка.

– “Жэка”нгиз нимаси, ўргилай?

– Жиноят кодекси. Ҳазиллашаётганим йўқ.

– Қўрқитманг, айланай. Катта одамнинг ўғлисиз… кимнинг ҳадди сиғади.

– Эсингиздан чиқмасин, янга. Мен сизни огоҳлантирдим. Пулингизни қайтаролмай қолсам…

– Қайтарасиз, укажон! Акангиз берган олти минг ҳар ойда уч юздан туғяпти-ку. Тўғрими?

Йигит пастки лабини тишлади, ерга қаради.

– Бунгаям ойига беш фоизгинадан қўшилиб турса…

Йигит зорланиб бош чайқади.

– Шу ишингиз жуда чакки бўляпти, янга! Ўсал иш қиляпси-из! Бориниям Худо кўп кўриб турган бўлмасин, тағин!

– Сиз баракали йигитсиз, укажон!

Банкир атрофига ўғринча кўз югуртирди ва конвертни жувоннинг қўлидан шартта олиб, костюмининг ички чўнтагига тиқди.

–Лўлидан ҳам баттар экансизлар!

– Мана бу бошқа гап, ўргилай, – деди жувон ўзига ярашмаган истиғно билан. – Ишнинг кўзини биладиган эркакнинг садағаси кетсанг арзийди…

– Минг қилгандаям ўзимизнинг одамсиз-да, Туробжон, – деди эр.

– Бўпти, – деб норози тўнғиллади банкир костюмининг иккинчи тугмасини ҳам бўшатиб, машинасига ўтирар экан. – Обедга кеч қоляпман. Энди ойига беш юз элликдан қўшилади…

Банк ҳовлисидан чиққан машина муюлишдаги нишаб кўча томонга бурилди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × two =