Саркаш саволларга жавоб излаб…

“Билмаганларимиз тўғрисида билганларимиз” (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2021.) китобида ҳаёт, унинг маъно-моҳияти, яшашдан мақсад нима эканлиги тўғрисида фикр юритилган бўлиб, инсоннинг моҳияти айнан фикр юритишда эканлиги турли ракурсларда ёритилган. Инсон – коинот гултожи, сабабки, барча яратиқлар ичида фақат унгагина ақл, фикр юритиш, яхши ва ёмонни, ҳалол ва ҳаромни фарқлаш, танлаш имкони берилган. Ана шу ақлдан оқилона фойдалана олган инсон фариштага монандлашиб, аксинча, нафсига тобе одам ҳайвонга яқинлашиб боради. Инсоннинг даражасини кўрсатувчи ягона мезон – соғлом ақл-идрок ва унга нечоғли амал қилишида.

Бугун китоб ёзишдан кўра китоб “ясаш” тобора оммавий тус олганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай бир даврда яшаяпмизки, кўпчилик бировни чин дилдан эшитишни истамайди, ҳамма ўзининг фикрини маъқуллайди, бир нарсани жиддий ўқиб, мулоҳаза юритишдан кўра ўзи кўпроқ гапиришни, бошқалар диққат-эътиборини ўзига қаратишни, ҳеч кимни тан олмасликни афзал кўради. Бу иллат гарчи ҳаммага тааллуқли бўлмаса-да, кундан-кун чуқурроқ илдиз отиб бораётганлиги ҳам айни ҳақиқат. Бу сўзларни айтишдан мурод нима? Таниқли публицист, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддиновнинг мазкур китоби бошқа кўпгина асарлардан самимийлиги, мус­тақил фикрларга тўлалиги, муаллифнинг ўқувчига айтмоқчи бўлган ўз сўзи борлиги билан ажралиб туради. Китоб саҳифалари ортгани сари муаллиф сизнинг суҳбатдошингизга айланади, уни чуқур изтиробли ўйларга толдирган муаммолар аслида сизга ҳам тегишли эканлигини ҳис қиласиз.

Аслида, одамнинг ҳаётида жавоб эмас, савол кўпроқ муҳим-да, деб ёзади муаллиф ва яна давом этиб дейдики: Ҳар бир одам бу дунёга катта ё кичик бир савол бўлиб келар экан. Жавоб бўлиб… эмас. Бу фикрга қандай муносабат билдириш мумкин? Муаллифнинг бундай хулосага келишига сабаб бўлган омиллар нимада? Ростдан шундай, дейди ички бир овоз, ҳар бир одам аслида бир савол, фақат бу саволнинг жавоби унинг ўзи. Худди мутафаккир Алишер Навоийнинг “Ўз вужудингга тафаккур айлагил, Ҳар не истарсен ўзингдан истагил”, файласуф Имманиуэл Кантнинг “Нарса ўзида”, шоир Махтумқулининг “Ҳар бир нарса ўзгаради ўзидан”, деган ғояси сингари. Дунёдаги энг қийин нарса — виждонли одамнинг ўзига берган саволи. Чунки бу саволнинг жавоби унинг ўзи устидан чиқарган ҳукмдир. Бу ҳукм унинг бутун ҳаётига, ти­риклиги мазмунига, яшаш тарзи ва моҳиятига тегишли бўлганлиги учун ҳам жуда залворли ва мураккаб.

Нариги дунё, жаннатдаги ҳаёт, дўзах, мангулик билан фонийликнинг нисбати, билим ва унинг даражалари, ёруғлик йили, Абадий вақт, органик ва ноорганик дунё, Эйнштейн, Фридлман, Румий, Дарвин, Хорун Яҳъё, Правдин билан келтирилган фактлар, далиллар бир қарашда китобхонни шошириб қўяди. Маълум бир муддатдан сўнг китобхон ўзи сезмаган ҳолда муаллиф билан баҳсга киришади. Аслида китобдан кўзланган мақсад ҳам шундай бўлиши керак эмасми? Китобхонни фикрлашга, баҳсга, ўзининг олам ва одам ҳақидаги қарашларини тафтиш қилишга, айни чоғда ўзи танишаётган фикрларга қўшилиш ёки инкор қилишга, агар рад қилмоқчи бўлса уни илмий жиҳатдан асос­лашга қаратилган асар ўқувчининг интеллектуал даражасини оширади. Уни ўз устида ишлаш, ўрганиш, изланишга ундайди. “Билмаганларимиз тўғрисида билганларимиз” китобининг энг катта ютуқларидан бири ҳам ана шунда.

Китобга муаллифнинг мақоласига жавоб тарзида ёзилган физика-математика фанлари доктори, профессор М.Тоировнинг “Савол муҳимми ёки жавоб”, А.Эркаевнинг “Фан билан динни бирлаштиришга эҳтиёж борми?” мақолалари ҳам киритилган. Бу ноодатий китоб ўз­-ўзидан баҳс-мунозара тусини олиб, фикрлар хилма-хиллиги юзага келган. Ушбу мақолалар билан танишиб чиққан китобхон ақлини бирмунча чархлаб, муаллифлар билан фикр “жанги”га киришади.

Китоб сўнгида фалсафа фанлари доктори, профессор Виктор Алимасовнинг “Билмайдиганларимиз кўп…” номли мақоласи келтирилган, айтиш мумкинки, бу мақола гўё ҳар учала муаллиф фикрлар жангида ҳакамлик вазифасини бажаргандек туюлади. Жумладан, В.Алимасов ёзади: “З.Исомиддинов мақоласида эклдетик ёндашув ҳам йўқ эмас. Мақола бошидаги умр маъноси ҳақидаги фикрлардан хотиралар, ҳикоятлар, дин, оламнинг яратилиши, дарвинизм, антропогенез масалаларига ўтилади… Лекин мақола муаллифи мутаасибликка эмас, изланишга, догмачиликка эмас, диалектикага ён босади, илм-фанни ҳам, диний ёндашувни ҳам мутлақлаштирмайди, уларни уйғунлаштиришга интилади”. Файласуфнинг якуний хулосасига кўра, муаллиф мудроқ тафаккурни уйғотадиган, уни беҳаловат изланишларга ундайдиган муаммоларни муҳокамага қўйган. М.Тоиров ва А.Эркаевнинг жавобларидан кўриниб турибдики, мазкур масала бир шахсга тааллуқли бўлибгина қолмай, фанга алоқадор бўлган долзарб мавзуларидан биридир.

Жамият тараққиёти, илм-фан ривожига хизмат қиладиган мана шундай “саркаш саволлар” ҳар биримиз жавоб қайтаришимиз керак бўлган ич-­ичимизда жавобини кутиб ётган сўроқлардир. Келинг, бу саволларга ҳар биримиз муносиб жавоб ахтариб кўрайлик.

Илҳом Ғаниев,

филология фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 5 =