Дарахт меваси билан гўзал

ёхуд болалик “мамлакати”га саёҳат

Баъзан болалигим ўтиб кетди ёки болалик қайтмайди, деган ибораларни ишлатамиз. Аслида эса у ҳеч қаерга кетмас экан. У мактабларимизда яшаяпти! Катта танаффусда шўх-шодон қийқириб ўйнаб юрган, дарс пайти жажжи қўлчаларини кўтариб, бурро-бурро сўзлашга уринаётган, беш олганда беғубор кўзларига олам-олам хурсандчилик тўлган болаликнинг бор бўй-бастини, сийратию суратини мактабларда кўриш мумкин. Вақт ўтяпти. Одамзот ўзгаряпти. Аммо болалик ҳамон беғубор, ҳамон гўзал, ҳамон умид-­ишончларга тўла…

Касб тақозоси билан пойтахтимиздаги 159-мактаб дарвозасидан кирарканмиз, шундай хаёллар чулғаб олди. Таълим маскани шинам кўринишга эга. Атрофи сим тўсиқлар билан ўраб олинган ҳовли ўқувчилар билан гавжум. Ўқувчиларнинг яхши маънодаги шовқини бутун мактабни тутиб кетган. Хуллас, англашилдики, биз катта танаффус маҳали мактабга кириб борибмиз. Эшикдан кирганимиз ҳамоно адрас нимча кийган аёл кутиб олиб, “Йўл бўлсин” қилдилар. Мақсадимизни билгач директорнинг хонасига кузатиб қўйдилар. Шинамгина йўлаклар анвойи хонаки гуллар билан безатилган. Деворий газеталарда таълим маскани ҳаётидан лавҳалар берилган. Мактаб директори, олий тоифали ўқитувчи Ҳамида Мансуровадан эса бу ердаги таълим жараёни, ўқувчиларнинг иштиёқию истеъдоди ва устоз-мураббийлари ҳақида ҳам тўлиқроқ маълумотга эга бўлдик:

— Мактабимизда таълим рус тилида олиб борилади. Аслида масканимиз 960 ўринга мўлжалланган бўлса-да, 1518 нафар ўқувчи таҳсил олади. Шунинг учун уч йилдан буён биринчи синфга бола қабул қилмаяпмиз. Ваъда қилинганидек, яна қўшимча бино қуриб берилса, кейинги ўқув йилидан яна қамровимиз кенгаяди, Худо хоҳласа. Фахрланиб шуни айтишим мумкинки, бу йил олий таълимга қабул қилинган битирувчиларимиз ҳозирча 40 фоиздан ошди. Ҳозирча дейишимга сабаб бизнинг ўқувчиларимизнинг кўпчилиги хорижий университетларга ҳужжат топширишган. Уларнинг айримларида ҳали имтиҳонлар давом этмоқда. Умид қиламанки, битирувчиларимизнинг 50 фоиздан кўпроғи олий таълимга қамраб олинишига эришамиз. Болаларимизнинг чет давлатлар олийгоҳларига бўлган қизи­қишларини ҳисобга олиб, учта синфни инг­лиз тилига ихтисослаштирдик.

Ниятимиз ўқувчиларимиз чет тилларини янада пухтароқ ўрганиб, ўзлари орзу қилган олийгоҳларда таҳсил олишсин. Ахир, айтишадику, ёшликда олинган билим, тошга ўйилган нақш кабидир.

Дарҳақиқат, дарахт меваси билан гўзал.

Ўқитувчилар эса истеъдодли, иқтидорли ўқувчилари билан фахрланишади.

— Аслида болаларнинг ҳаммаси илмга чанқоқ, китобсевар, янги маълумотларга муштоқ. Уларнинг ҳар бирида қайсидир йўналишда истеъдод бор. Уларни вақтида илғаш, тўғри йўналтириш эса биз ўқитувчиларнинг ва ота-оналарнинг вазифаси, — дея сўзини давом эттиради Ҳ.Мансурова. — Бизда фан олимпиадаларида ғолиб бўлганлар билан бир қаторда спортнинг стол тенниси, волейбол, шахмат каби турларидан совриндорларимиз кўп. Ҳатто бешинчи синфда таҳсил олаётган ўқувчимиз Шаҳноза Ҳасанова шахмат бўйича Осиё чемпиони ҳисобланади.

Директор опанинг қулфи дили очилаётганини кўриб биз ҳам асосий саволларимиздан бирини бердик: ”Тўғри, истеъдодларни тарбиялашнинг ҳам ўзи бўлмайди. Бунинг учун шарт-шароит керак. Яхши, билимли устозлар керак. Шундай эмасми? Президентимизнинг шахсан ўзлари муаммоларни, камчиликларни рўй-рост айтишдан чўчимаслик кераклигини таъкидлайдилар. Сиз ҳам айтаверинг, опа, мактабингизда қандай ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар бор?”

— Ҳа, муаммолар бор. Энг оғриқли нуқтамиз — кадр масаласи. Аниқ фанлар: математика, физика, химиялардан ўқитувчи етишмовчилиги бор. Мана, ҳозир ҳам университетлар деканларининг телефон рақамларини топиб, битта-битта қўнғироқ қилиб ўтирибман. “Бизга битирувчи курс талабаларингизни ишга юборинг” деб илтимос қиляпман. Мактабимизда таълим рус тилида олиб борилаётгани учун кадр масаласи муаммо бўлса керак, деб ўйлардим. Яқинда туман халқ таълими бўлимида бўлиб ўтган директорлар йиғилишида амин бўлдимки, пойтахтдаги, балки бутун республикадаги ҳамма мактабларда аниқ фанлар бўйича кадрлар муаммоси бор экан. Балки ҳукумат даражасида шу масалага эътибор қаратиб,   олийгоҳларга аниқ фанлар йўналишларида қабул квоталарини ошириш керакмикан? Эсингизда бўлса, 4-5 йил аввал инглиз тили ўқитувчиларига эҳтиёж катта эди. Бугун бу талаб деярли қондирилди. Энди аниқ фанларга ҳам худди шундай эътибор қаратилса, яхши бўларди, — дейди мактаб директори Ҳ. Мансурова.

Албатта, Ҳамида опа айтган муаммо кўплаб мактаб директорларини ҳам ўйлантираётган бўлса, ажаб эмас. Ўйлаймизки, масалага эътибор қаратилади ва ечими борасидаги қадамлар ташланади. Зотан, таълимга қилинган ғамхўрлик самарасиз бўлмайди.

Айтишларича, сентябрь халқ таълими тизимида бошланғич синф ўқувчиларига алоҳида эътибор бериладиган ой экан. Шу ойлик муносабати билан республика бўйича мактабларда турли тадбирлар, мусобақалар, очиқ дарслар ва олимпиадалар ўтказилаётган экан. Биз ҳам жажжи билағонлар билан учрашиш ниятимизни айтдик. Директор опа бизни бошланғич таълим бўлими раҳбари, ўқитувчи Дилором Бўтаева билан таништирди. Устоз узоқ йиллардан бери шу мактабда мурғак болажонларга таълим бераётган экан. Суҳбатимиз аввалиданоқ жажжи шогирдларини мақтай кетди:

— Мана, бугун 4-“Б” синфида ўқийдиган ўқувчим Азамат Раҳимжонов туман бўйича “Ёш магистрлар” танловида биринчи ўринни эгаллади. Кеча эса ҳуснихат, яъни чиройли ёзиш танловида икки ўқувчимиз совриндор бўлиб келган эди. Худога шукур, ҳамма болаларимиз истеъдодли.

Устознинг охирга гапига тўлиқ қўшилдим. Чиндан ҳам, софлик тўла кўзларини ўқитувчисига тикиб, ҳар бир сўзига диққат билан қулоқ солиб турган бу болакай ва қизалоқларнинг ҳеч бирини лоқайд деб бўлмайди. Ҳар бирининг нигоҳида учқун бор. Келажакка умид-ишонч бор. Ахир, бизнинг бор орзуларимиз, эртамиз шуларнинг қўлидаку аслида. Уларни фақат мурғак ёшида эмас, ўспиринлигида ҳам, ёшлигида ҳам ва ундан кейин ҳам илмга, китобга муҳаббат руҳида тарбиялаш эса катталарнинг елкасидаги вазифа. Бекорга маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир” демаган.

Кенг, ёруғ, барча зарур технологиялар билан жиҳозланган ўқув хонасидан чиқарканмиз, устоз ва болалардан дарсга бироз халал берганимиз учун яна бир бор узр сўрадик. Бошланғич синф ойлиги ҳақида тўлиқроқ маълумотларни эса ҳамроҳимиз директор опадан сўрадик:

— Бу ойлик доирасида мактабимизда турли хил танловлар, очиқ дарслар, спорт мусобақалари ўтказиляпти. Айниқса, куни кеча бўлиб ўтган асфальтга сурат чизиш танлови болажонларимизга катта қизиқиш ва хурсанд­чилик берди. Қолаверса, барча фанлар бўйича кичик олимпиадаларимиз ҳам қизиқарли ўтяпти. Бу болаларимизга ўқишга, интилишга бўлган иштиёқни янада кучайтиришга хизмат қилади, — деди Ҳ. Мансурова.

Йўл-йўлакай замонавий кутубхона, турли фанларга ихтисослаштирилган ўқув хоналари, спорт заллари ҳам эътиборимизни тортди. Мактаб кичик майдонда жойлашган бўлса-да, болаларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан улғайиб бориши учун шарт-шароитлар яратилган.

Бошланғич синф ўқувчиларига берилаётган билимларнинг нечоғли пухталигини ихтисослаштирилган ёки Президент мактабларига имтиҳондан ўтиб, таҳсил олаётган болалар ҳам исботлашади. Шундай экан, директордан шу ҳақда ҳам сўрадик:

— Ҳа, энг нозик нуқтамиздан гапирдингиз. Чиндан ҳам кўплаб иқтидорли, билимга жуда чанқоқ ўқувчиларимиз бошланғич синфни тамомлагач, турли махсус мактабларда ўқишни давом эттиришяпти. Бу бир томондан биз учун хурсандчилик бўлса, иккинчи томондан бироз аламли. Яъни, энг яхши ўқувчиларимиз кетиб қолишаяпти. Агар улар ҳам ўн бир йил ўзимизда таҳсил олиб, олийгоҳларга киришганда эди, бизнинг олий таълимга кираётган битирувчиларимиз сони анча-мунча ошган бўлар эди. Лекин хурсанд қиладиган жойи, демак, бизда бошланғич таълим яхши берилаётган эканки, болаларимиз имтиҳонлардан муваффақиятли ўта олишаяпти.

Суҳбатимиз сўнгида эса болаларнинг адабиётга, маънавиятга меҳрлари ҳақида билмоқчи бўлдик. Шунда Ҳамида Мансурова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ишлашаётгани, мактабда маънавият тарғиботчиси сифатида фаолият юритаётган ижодкор турли тадбирлар уюштираётгани, шоир-ёзувчилар, ижод аҳли билан учрашувлар болаларда катта таассурот қолдираётгани ҳақида ҳам сўзлаб берди.

— Мактабимизда таълим-тарбия ишлари шундай йўлга қўйилганки, ҳар бир ўқувчимизга эътибор қаратилади. Ота-оналарнинг мактабимизга келиб туриши, фарзандларининг қандай билим олишаётгани, таълим-тарбияси ҳақида қизиқишлари эса бизга катта кўмак беради.

Ўқувчи ёшларнинг маънавий-маърифий даражасини ошириш мақсадида уларнинг бўш вақтларини самарали ва мазмунли ўтказиш мақсадида турли тўгараклар ташкил қилинган. Айниқса, мас­канимизда таниқли ёзувчи-шоирлар, олимлар, эл ҳурматидаги инсонлар билан ташкил этиладиган учрашувлар ўқувчиларимизда катта таассурот ва қизиқиш уйғотади, дейди таълим даргоҳининг маънавий ишлар бўйича директор ўринбосари Шоира Шерназарова.

Мактаб бўйлаб саёҳат қиларканмиз, танаффус учун қўнғироқ чалинди. Беихтиёр яна атрофни болажонларнинг қийқириқлари тўлдириб юборди. Худди болалик мамлакатига тушиб қолгандаймиз гўё. Ҳа, бу мамлакатнинг фуқаролари қаришмайди. Улғайиб қолганлари эса бошқа маскан — ҳаёт мактабига кузатиб қўйилади. Бу мамлакатнинг одамлари эса йиллар, даврлар оша ҳамиша бола бўлиб қолаверишади. Болаликка эса ҳамма нарса ярашади. Гоҳ қувнаб ўйнаш ҳам, гоҳ жиддий тортиб сабоқларни пухта эгаллаш ҳам. Энг муҳими эса бу мамлакатда қўйилган пойдевор катта ҳаётдаги баланд иморатларга замин яратади.

Шундай қилиб, гўзал Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 159-умумтаълим мактаби фаолияти билан танишувимиз мароқли кечди. Чунки бу даргоҳда муаллим деган улуғ номга муносиб устозлар меҳнат қилишаётган экан.

Ситора ТОЖИДДИНОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + three =