Учинчи Ренессанс ёлқинлари ёки жаҳон билан бўйлашаётган лицей
Германиялик таниқли туркийшунос, профессор Ингеборг Балдауф 1993 йилда юртимизга келган — ўшанда танишганман. Хоним икки мингинчи йилнинг октябрида ЎзМУ ўзбек филологияси факультетида талабаларга дарс ўтган. У ўзбек тилида шундай чиройли гапирардики, маҳлиё бўлиб қолардингиз. Истеъмолда кам қўлланадиган “зариф” сўзини ҳам кўп ишлатарди. Хуллас, суҳбатларимиздан бирида: “Германиялик талабалар жуда кучли бўлса керак. Уларга тенглашмоғимизга анча бор” дедим. Ингеборг: “Менимча, сизларнинг талабаларингизнинг даражаси баланд. Лекин уларга қулай шароитлар яратиб берилмаган”, деди. Мен эса ҳайратландим. “Қанақасига, ўзбек талабалари ҳали жаҳон миқёсида бирон натижага эриша олмаган-ку?” дедим.
Бу суҳбатни бежиз эсламаяпман.
Куни кеча қўлимга бир маълумотнома тушиб қолди. Унда қайд этилишича, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ўқувчилари 2008-2021 йилларда жаҳон ва халқаро фан олимпиадаларида қатнашиб, 82 та медални — 13 та олтин, 24 та кумуш, 45 та бронза медални қўлга киритган эканлар. Чунончи, мазкур лицей ўқувчилари Россия, Туркия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Сингапур, Дания, Индонезия, Швейцария, Вьетнам, Озарбайжон, Грузия, Таиланд, Беларусь, Эрон, Словакия, Чехия, Венгрия, Франция, Португалия, Япония каби мамлакатларда ўтказилган фан беллашувларида муваффақиятли иштирок этганлар. Ана ўша зафарлар боис лицей директори биология фанлари доктори, профессор Ортиқбой Эшонқулов “Фидокорона хизматлари учун” ордени ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” фахрий унвонига сазовор бўлган.
Мазкур маълумотномани ўқиб жуда ҳаяжонландим. Боиси, улкан муваффақиятлари тугул пойтахтимизда Тошкент Педиатрия институтининг академик лицейи мавжудлигидан ҳам воқиф эмасдим. Саксонинчи йилларнинг охирларида дўстимнинг иши юзасидан СамПИга кўп борганман, Баҳромжонов деган врач билан суҳбатлашганман ҳам. Аммо бугун лицей баҳонасида яна ўша кўчаларда кезишим хаёлимга келган эмас.
…Ўтган шанба куни эди. Ортиқбой домлага сим қоқиб, ўзимни таништирдим; мақсадимни айтдим. “Душанба куни учрашсак бўлмайдими?” деди домла. “Биласизми, мен руҳан тайёрланиб ўтирибман. Дам олиш кунида атайлаб шу режани хаёлда пишитган эдим”, — дедим. “Ишхонангиз қаерда?”. “Навоий метросининг ёнида”. “Ҳа, анча узоқ экан. СамПИ (олий ўқув юртининг эски номи. Б.Р.)ни биласизми?”. “Биламан. Авваллари шу институтга кўп қатнаганман”. “Ундай бўлса келақолинг”. “Бир юз ўн бешинчи автобусга ўтириб бораман. Бир соатлар чамасида…”
“Автобус” сўзига атайин урғу бердим. Чунки, кўп домлалар, журналистларнинг машинаси бор, деб ўйлашади. Камина автоуловга умуман қизиқмаганман.
…Автобус деразасидан қараб борар эканман, болалик даврларимда математика фани бўйича туман олимпиадасида қатнашганим эсимга тушди. Қишлоқ болалари соддароқ, тортинчоқроқ бўлишади. Қалъалик (туман марказидаги мактабларда ўқийдиганларни “қалъалик” дер эдилар) тенгқурларимиз мағрур алпозда кўкракларини кериб юрганларини кўриб, нафасим ичимга тушиб кетган эди. Уларнинг телпаклари ҳам бошқача шаклда… “Сен қайси мактабдан?” деганди бир гердайган бола. “Навойи…”. “Ҳа, Навойи” деди-да, мактабга кириб кетди.
Ўша пайтларда фан олимпиадалари Шовот тумани марказидаги Стрельков номли ўрта мактабда ўтказиларди.
Қаттиқ ҳаяжонланганимдан масалаларни кўнгилдагидай еча олмадим. Кейинчалик “олимпиада” сўзини эшитишим биланоқ қалтирайдиган бўлдим. Бу атамани ёқтирмасдим. Еттинчи синфда ўқиётганимда физика фани бўйича туман олимпиадаси ғолиби бўлдим. Сўнг эса тарих фани бўйича туманда биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичида қатнашдим. Ўшанда ёнимда ўтириб, ёзаётганларимга қиё боқиб, мендан кўчирган қиз ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичига ўтди. Алҳол, баъзан таниш-билишчилик воқеликка кўчишини тусмоллаганман. Лекин халқаро, жаҳон олимпиадалари… Бу бутунлай бошқача даража, нуфузга эга. Ривожланган мамлакатларда холислик қоидаларига амал қилиниши барчага маълум.
Хуллас, ана шундай хотиралар таъсирида борар манзилим — лицей бўсағасидан қандай хатлаганимни ҳам сезмай қолдим. Бир одам пешвоз чиқди ва мени буфет сари бошлади: директор қаҳва ичиб, мени шу ерда кутиб ўтирган экан. Биз худди эски қадрдонлар каби суҳбатга киришдик. Чунки, Ортиқбой домла ҳам шоир табиатли инсон экан. Гап-сўзларимиз тезгина қовушди. Мен йўлда хаёлимдан ўтказганларимни гапирдим. Олимпиада ҳаяжонлари хусусида… “Ҳа, шундай бўлади ўзи”, — дея фикримни қувватлади домла. “Бир гал Саудия Арабистонидан ташриф буюрган муаллимлар, ота-оналар, ўқувчилар билан дуч келдик. Ҳаммаси гердайган, қўлларида қимматбаҳо телефонлар… Бизларники оддийгина. “Ада, булар ҳамма медалларни илиб кетсалар керак. Юришларига қаранг, юришларига…” дея ташвишланди ўғлим Жаҳонгир. “Болам, гап юришдамас, гап — каллада!”, дея тасалли бердим. Худди айтганимдай бўлди. Беллашувлар якунида уларнинг ўқувчилари аудиториядан йиғлаб чиқиб кетдилар. Бизнинг ўқувчилар эса жуда яхши натижаларга эришдилар…”
Домла чиндан ҳам самимий, хушчақчақ инсон экан. “Ичимдагини топ” хилидан эмас. Журналист қавмига шуниси асқотади-да! Матбуот кўчаларида бу “оқарган бош” нималарни кўрмаган, дейсиз. Айрим зиёлилар мухбирлар билан суҳбат қуришни ҳам истамайдилар.
“Суҳбатнинг давомини кабинетга қолдирсак”, — деди домла. Сўнг, бир мақтаниб қўяй, дея кулимсираб стендлар сари бошлади. Стендларда олтин, кумуш, бронза медаль олган ўқувчиларнинг суратлари, улар ҳақидаги маълумотномалар жойлаштирилган экан. Иккинчи тарафда эса диплом ва сертификатларнинг нусхалари… Яна бир тарафда турли мамлакатлар вакилларининг байроқ ушлаб тушган суратлари. Энг қудратли мамлакатларники қаторида бизнинг байроқ алоҳида ярақлаб турибди. “Худди спортга оид олимпиадалар манзараларига ўхшар экан!” дедим ҳаяжонланиб. “Шундай. Фан олимпиадаларида ҳам байроқлар кўтарилади. Биз Ўзбекистон номидан борганмиз, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилганмиз”.
Гапнинг рости, бутун журналистлик фаолиятимда бу қадар ҳаяжонланмаган эдим. Токио олимпиадаси совриндорлари ҳақида ҳам мақола ёзганман. Унда телевидение, интернет хабарларини олдиндан эшитганмиз, воқеликка руҳан тайёр эдик. Бу галгиси эса бошқача… Қизиқ, негадир спортга оид олимпиадалар ахборот воситаларида такрор-такрор тарғиб қилинади-ю, фанга доирлари бобида қарийб сукут сақлайдилар; фандаги зафарлар спортдаги муваффақиятлар билан қачон тенглаштирилади ахир?!
Кабинетга чиққанимиздан сўнг домла бир альбомни кўрсатди. Муқовасидаги ёзувларни ўқидим: “Тошкент Педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ўқувчиларининг 2008-2020 йилларда жаҳон ва халқаро фан олимпиадаларида эришган ютуқлари”. Сўзбошидан бир шингилини шу ондаёқ дафтаримга кўчириб олдим: “2008-2020 йилларда Тошкент Педиатрия тиббиёт институти академик лицей ўқувчилари дунёнинг турли давлатларида бўлиб ўтган фан олимпиадаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, жами 72 та — 11 та олтин, 20 та кумуш ва 41 та бронза медалига сазовор бўлди. Шундан охирги 3 йилда 35 та медаль — 6 та олтин, 12 та кумуш, 17 та бронза”.
— Уч йилда ўттиз бешта медаль. Жуда катта натижа-ку? Бунақасини эшитмаган эдим…
— Йигирма биринчи йилги натижалар ҳали бунга киритилмаган,— дейди Ортиқбой Эшонқулов кулимсираб. Сўнг гурунгда давом этди:
— Шу турдаги альбомларни рус, инглиз тилларига ўгиртириб, тайёрлатиб қўйибман. Хорижга олимпиадаларга борганимизда асқотади-да! Масалан, 2019 йилда Парижда ташкил қилинган 51- Жаҳон олимпиадасида альбомларни тарқатдим. Кўпчилик қизиқиб ўқиб чиқдилар. Сўнг… ғаройиб ҳодиса рўй берди. Кимдир биров “Ўзбекистон, Ўзбекистон” деб келаверди. Ўзини таништирди. У киши Францияда машҳур шахс, Нобель мукофоти совриндори Жеан- Пиерре Сауваге экан. Инглизчада гапириб, “Сизларнинг лицейларингиз медаллар жабҳасида нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳонда ягона экан” деди. Буюк олимнинг эътирофи бизга янада куч бағишлади…
— Инглизчани биласизми?
— Тушунаман. Суҳбатлашиш даражасида биламан. Ўғлим Жаҳонгир инглиз, корейс тилларини ўзлаштирган. Хорижга чиққанимизда тилмочлик ҳам қилади.
Таққослар учун ажабтовур фактлар. Дарҳақиқат, тиббиёт асослари ўргатиладиган академик лицей ўқувчилари қўлга киритган совринлар ғаройиб туюлади.
Профессор Ортиқбой Эшонқулов 1997 йилда лицей ташкил этилишида қатнашган экан. Шундан бери директорлик лавозимида ишлаб келмоқда.
— Жиззах вилоятида, деҳқон оиласида туғилиб, ўсганман, — дейди домла.
— Мактабимиз саккиз йиллик эди. Биноси жудаям хароб аҳволда эди. Тўққизинчи синф ўқувини туман марказидаги мактабда давом эттирдим.
Бу мактабда барча фанлардан аъло баҳоларга ўқидим. Раҳматли устозим Собир Раҳматуллаев билимдон, меҳрибон ва қаттиққўл устоз эдилар. Зафарларга эришувимда у кишининг ҳиссалари кўп.
Ортиқбой ака ТошМИни тамомлаганидан сўнг 1972-1973 йилларда Жиззах шаҳар санэпидстанцияси (ҳозирда санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг Жиззах шаҳар бўлими) врачи вазифасида фаолият кўрсатди. Жамоада ўз ўрнини эндигина топаётганида ҳаётида кескин бурилиш ясалди. Устози Атаулло Оқилов хизмат тақозоси боис Жиззахга бориб қолади. “Эшитдим. Ишни яхши бошлабсан. Лекин сен олим бўлишинг керак. Ўзим устозлик қиламан!” деди.
Алалхусус, у 1973-1995 йилларда Тошкент Педиатрия тиббиёт институти биология кафедраси ассистенти, катта ўқитувчиси, профессори бўлди. Энди бу эртак эмас. Боиси, тинимсиз меҳнат, интилишлар ўз самарасини кўрсатди.
1997 йилнинг ёз ойлари. ТошПТИнинг ўша даврдаги ректори Дамин Асадов изланувчан домлани кабинетига чақиради: “Ортиқбой, ТошМИ бир, ТошМИ икки… яна кўплаб олийгоҳларнинг лицейлари бор. Нега бизники йўқ? Биз улардан каммизми?”. “Албатта, кам эмасмиз, Дамин Абдураҳимович!”. “Кам бўлмасак, лицейни ўзингиз ташкил этасиз. Сизга рухсат — истаган олийгоҳларингиз лицейлари фаолиятини ўрганиб чиқасиз. Гап тамом. Вассалом!”.
Бу ҳақда ҳикоя қиларкан домла жиддий тортади: “Худди елкамга оғир бир тоғ ўрнашгандек бўлди. Бу ахир улкан масъулият! Ва яна ишонч ҳам…” Машаққатдан ҳайиқмайдиган домла мутасаддилар билан алоқа боғлаган. Лозим пайтида илтимос қилган. Уларни бўлажак лицей келажагига ишонтира олган. 1997 йилнинг 2 сентябрида Ортиқбой Эшонқулов ТошПТИ қошидаги лицей директори рутбасида фаолиятини бошлайди. “Дастлаб 50 нафар ўқувчи йиғдик”, дейди домла.
Худо хоҳласа, келаси йилнинг сентябрида мазкур академик лицей ўзининг чорак асрлик юбилейини нишонлайди. Айни даврда илм даргоҳида тўрт юз нафарга яқин талаба таҳсил кўраётир. Бугун педагогик жамоа етмиш беш кишидан иборат. “Битирувчиларимизнинг тўқсон-тўқсон тўрт фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирадилар. Россия, Туркия каби давлатларда таҳсилини давом эттираётган шогирдларимиз ҳам бор” дейди Ортиқбой ака.
…Йилномани варақлашга киришаман. 2008 йил. 42-Халқаро Менделеев олимпиадасида лицей талабаси Анвархўжа Мақсудхўжаев олтин медални, Равшан Мирзаев кумуш медални қўлга киритади. Тошкент шаҳрида. Илк совринлар. 2011 йил. 45-Халқаро Менделеев олимпиадасида Дилафруз Ғаниева кумуш, Ҳамидулла Тўхтаев бронза медалига лойиқ кўрилади. Москва шаҳрида. 2012 йил. Қозоғистонда ўтказилган 46-Халқаро Менделеев олимпиадаси. “Бронза”чи Ҳамидулла бу гал “олтин”га эга чиқади. Суннатулла Оллоёров кумуш, Нодиржон Баҳодиров бронза медали билан тақдирланади.
2013 йил. Беҳзодбек Болтаев кумуш медаль соҳиби бўлади. Жавлонбек Муҳсимов ҳам кумуш, Нодира Алакбарова, Шоҳидбек Раҳматиллаев, Давид Календаревлар бронза медалларига муносиб деб топиладилар. Худди шу йили “кумушчи” Беҳзодбек Болтаев Москва шаҳрида ўтказилган 45- Жаҳон кимё олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлади ва унинг “Шуҳрат” медали билан тақдирланиши академик лицейда тантанага айланиб кетади. 2014 йил. Москва. “Кумуш”чи Жавлонбек Муҳсимов 48-Халқаро Менделеев олимпиадасида олтин медални қўлга киритади. 46-Жаҳон кимё олимпиадасида Беҳзодбек Болтаев бўйнида яна “олтин” ярақлайди. Худди шу ўринда “олтин медал”чилар рўйхатини давом эттирмасак бўлмас: Жалолиддин Ҳамидуллаев, Исломжон Каримов, Дилшодахон Исаева, Мирумид Миракбаров, Саида Валижонова. Дарвоқе, Саида Валижонова 2020 йилда Япониянинг Нагасаки шаҳрида ўтказилган 31-Жаҳон олимпиадасида биология фани бўйича олтин медаль соҳибаси бўлган.
Энг қувончлиси, 2021 йилда Россияда ўтказилган 55-Халқаро Менделеев олимпиадасида лицей ёшлари 2 та кумуш, 1 та бронза медалига сазовор бўлишди. Шунингдек, жорий йилда ўқув маскани ўқувчилари Япония ва Португалия давлатларида бўлиб ўтган Халқаро кимё, биология фан олимпиадаларида қўшалоқ олтин медалларни қўлга киритдилар.
Кумуш ва бронза медаллари соҳиблари ҳозирча биздан хафа бўлмасинлар — сабаби, режалаштирилаётган китобимизда бу хусусда батафсил ҳикоя қиламиз.
Бир гап. Камина олтмишдан ошган. Туман, вилоят, мамлакат миқёсидаги кўплаб лицейларга қадам ранжида қилганман — аммо, муболаға эмас, бу мақомдаги “суперлицей”га илк бора рўбарў келиб туришим. Унча-мунчага ҳис-туйғуга чулғанмайдиган юрагим ҳаяжон ичида билсангиз!
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев муаллимлар ва талабалар билан суҳбат ўтказганларида мазкур академик лицейнинг кимё фани ўқитувчиси Лазизбек Зайлобов сўзга чиқиб, бугун замонавий лабораторияларга эҳтиёж сезилмоқда. Агар қулай шарт-шароитлар яратиб берилса, “бронза”ларимиз “кумуш”га, “кумуш”ларимиз “олтин”га айланган бўлур эди, деди. Яна айтдики, авваллари совриндорларга “Фахрий ёрлиқ”ларгина бериларди. Эндиликда совриндор талаба ва унинг устозига ҳам пул мукофотлари тақдим қилинмоқда. Бу талаба ва устозларни юксак натижалар сари янада руҳлантиради.
Шунингдек, академик лицей “юлдуз”ларидан бири Мирумид Миракбаров оташин нутқ сўзлади. Президент: “Сизда нимага ишонч туйғуси мана шундай жўш уриб турибди? Билимингиз бор. Ҳеч ким, ҳеч қачон бу билимни тортиб ололмайди” деди. Юртбошининг эътирофи, талабаларнинг ота-оналарига билдирган ташаккури ҳар недан улуғдир.
Мен Лазизбек домланинг гапларини эслаб қолдим. Шу лаҳзаларда профессор германиялик Ингеборг Балдауф сўзлари “лоп” этиб яна хаёлимга келди. Воқеан, агарда мамлакатимизда Европа мактаблари, лицейлари даражасидаги қулай шарт-шароитлар яратиб берилса борми, бизнинг ўқувчилар, талабалар жаҳонни илму заковати ила бундан-да ортиқроқ лол қолдирар эдилар.
…Ортиқбой Эшонқулов билан хайрлашаётганимда жавонда териб қўйилган китобларга кўзим тушди. “Булар — мен яратган биология дарсликлари” деди у мамнуният ила. Чамаси, ўн бешдан ошиқ дарслик ва қўлланма. Бир дарслиги рус тилида ҳам нашр қилинибди. Авваллари, замонамиз қаҳрамонлари қандай бўлади ўзи, дея саволларимизга жавоб ахтариб қийналардик. Замона қаҳрамонлари кўп экан. Бироқ биз қалам аҳлларининг лоқайдлиги, сусткашлиги орқасида улар панада қолаётган эканлар. Уларни кўра билсак, кашф эта билсак Учинчи Ренессанс куртаклари шиддат ила бўртиб келаётгани ойдинлашади.
Баҳром РЎЗИМУҲАММАД