Ҳар бир болада бир даҳо яшайди

Маълумки, Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан эндиликда умумий ўрта таълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолияти йўлга қўйилди.

 

Қалби оппоқ қоғоздай тоза, некбин туйғуларга лиммо-лим, шеър ёдлашга ва қойилмақом тарзда синфдошларини лол қолдириб ўқишга мойил ўқувчи фарзандларимиз ҳузурига уларга ижодий руҳ бағишлаш мақсадида кириб бордик. Биз журналист, ижодкорларни ана шу беғубор олам вакиллари умид ва алланечук ҳайрат билан кутиб олишди. Адабиёт, шеърият, ижоднинг манзил макони кўнгилдан кечадиган жараён эканлигини яна бир бор теран англадик.

…Журналистик фаолиятимда кўпгина ижодкор-қаламкашлар билан учрашаман. Ижодий машқларига муносабат билдираман. Айни   пайтда бир синф истеъдодлилар, адабиётга, шеъриятга иштиёқманд ёшлар ҳузурида тарғиботчининг айтар сўзи, ишонтира олишга қодир фикри, ижодга йўналтира биладиган салоҳияти бўлиши керак экан. Уларга боқиб илк шеъримни адабиёт дарсида ўқиб берганимда ҳайратланган синфдош­ларимни эсладим. Илк шеърим туман, вилоят газеталарида, кейинроқ ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)да чоп этиладиган “Университет” газетасида чиққан кезлар кўз ўнгимдан ўтди. Орзуларнинг қаноти бўлишига ўшанда болалик тасаввурим билан ишонганман. Ҳануз устозларим олдида қарздорлик туйғусини ҳис қиламан… Мени қўллаб-қувватлашгани, гарчи таҳрирталаб бўлса-да машқларимни эътироф этишганлари учун…

Бир куни таҳририятимизга олис Эшонқудуқ қишлоғидан Сарвар исмли қаламкаш келиб, ижод машқларини кўздан кечириб маслаҳат беришимизни сўради. Шеърларини варақладим. Мазмун бор, мақсад бор. Илк қадамлар учун чакки эмас.

— Шеърларингни устозларинг, ота-онангга ҳам ўқиб берасанми, дея қизиқиб сўрадим ёш қаламкашдан.

У бироз жимиб қолиб, йўқ, улар шеър ёзишимни билишмайди деб алланечук маъюс тортди…

Нега, деган саволимга ҳам етарли жавоб ололмадим… Илк шеърларини газетада чоп этдик. Қатор кўрик-танловларда иштирок этди. Ҳарбий соҳани танласа-да ижоддан четлашгани йўқ… Ҳар бир болада бир даҳо яшайди дейдилар. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш керак. Билишимча, ўшанда Сарвар уйидагилардан ҳам, адабиёт ўқитувчисидан ҳам илиқ фикр эшитмаган экан.

Биз тарғиботчилар айнан ана шундай кезда, яъни болада истеъдод нишоналари сезилгандаёқ моҳирлик билан иш тутишимиз керак. Ҳавас деган гўзал бир туйғу бор, истеъдод тарбиясида ҳаваснинг аҳамияти жуда катта. Ақл тарозусида тош босадиган эзгуликлар ёш вужуднинг истеъдодини камолга етказишда ижобий таъсир кўрсатади. Оддий изоҳ: бола боғча опасида онасида ҳис қилган хис­латларни қидиради, 1-синфга борганида биринчи ўқитувчидан ҳам ана шундай меҳрни кутади. Агар боланинг кечинмалари, интилишларига бефарқлик қилинса, униб келаётган ниҳолнинг истеъдод аталмиш ғунчаларига дарз етказиб қўйиш мумкин. Ҳар бир ота-она, устоз-мураббий, эндиликда тарғиботчилар ҳам бола қобилияти, иқтидорини аниқлаб, қўллаб-қувватласа, жамиятимизда истеъдодли ўғил-қизлар сафи кенгайиб бораверади. Тарихдан маълумки, Форобий, Ибн Сино, Беруний, Лутфий, Навоий, Бобур, Мирзо Улуғбек каби буюк шахслар ҳам илк бора истеъдод сабоқларини салоҳиятли устозларидан ўрганишган.

Демак, таълим даргоҳларига катта умидлар билан сафарбар этилдими, унинг натижалари, самараси истеъдодли ёшларнинг мисолида акс этиши керак. Битта синфда камида 25-30 нафар ўқувчи бўлса, ҳар бирининг орзу-интилишлари бор. Синфда, мактабда энг тўполончи, шўх ўқувчининг ҳам қайсидир жиҳатдан ярқ этган жиҳати, истеъдоди, ўз олами бўлади. Фақат уни кашф этиш, тўғрироғи топа билиш, дўстлашиш, маънавий мотивация бериш керак, холос. Буни тарғиботчилик фаолиятимнинг биринчи учрашув кунидаёқ сезиб улгурдим. Битирувчи синфга йўллашди. Болалар анча дадил, ўзига ишончи баланд, мустақил   фикрини билдира оладиган кўркам… Ҳар бири бир дунё. Бирма-бир танишиб чиқдим. Мақсадларини сўрадим. Ҳар бирининг исми билан ҳам қизиқиб, билганимча исм маъноларига йўл-йўлакай изоҳ бериб турдим. Қувончбек, Асадбек, Маъруф, Мансур, Жалол, Сакина, Феруза, Мансур, Давлатбек… Учрашув дўстона, самимий давра суҳбатига айланиб кетди. Шуни кутгандим. Синфда шеър ёзадиган, ифодали ўқийдиган,   мақомга қизиқадиган   истеъдодларни аниқлаб олдим. Хурсанд бўлганим мактабдаги биринчи учрашув кутганимдан ҳам зиёда меҳрли ўтди… Яна бир жиҳатни англадимки, бола қалби беғубор бўлиши билан бирга самимий ҳам. Бу қалб сохталикни, ёлғонни кўтармайди. Уни ишонтириш учун асосли фикрни айтиш керак. Шунчаки суҳбат болани зериктиради. У айни давримиздаги ўзгаришларга бефарқ эмас. Уни тинглаш ҳам керак. Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилигимиз бизга ана шундай масъулият ҳам юклади.

Мен фаолият юритаётган даргоҳда сухандонлик, нотиқлик, журналистикага қизиқадиган ёшлар кўп экан. Янги ўқув йилида 30 дан ортиқ ижодкор ёшларни тўплаб “Истеъдод клуби”ни тузиб олдик. Илк машғулотимиз “Мен ижодни қандай тушунаман” мавзусига қаратилди. Ижодга, адабиётга меҳри баланд — Дилором, Севинч, Райҳона, Гулшода, Нодирбек, Достон, Асқар, Адиба сингари ўқувчилар ижодий машқларини ўқиб беришди. Мактаб кутубхонаси билан ҳамкорликда “Менинг ҳикоям” мавзусида онлайн-мусобақаларга тайёргарликни бошлаб юбордик. Эл эъзозидаги шоирлар — Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ҳақидаги шеърлари асосида мушоира ташкил этдик. Қувонарлиси, ижодга мойил ёшларнинг нигоҳларида кўтаринкилик, эзгулик, гўзалликка ошуфталик шундоққина акс этиб туради. Журналист сифатида хизмат тақозоси билан мактабларга турли тадбирларга бориб келар эканмиз-у, ёшларнинг ижодий давраларига чуқур ёндашмаганлигимиз сезилди.

Яна бир жиҳати, биз тарғиботчиларнинг мактабларга боришимиз болалар олдидаги маънавий қарзимиз кўплигини билдириб қўйди. Адабиёт дарсликларида ҳазрат Навоийнинг 4 ёшида ғазал ёд олганини ҳайрат билан ўқиганмиз. Бироқ ёш Алишер яшаган давр истеъдодларининг илдизи ҳақида ўқувчига тўла-тўкис тушунчалар берилган деб айта олмаймиз. Бугун болага содда ва равон, беғубор ижод намуналари керак.

Истеъдодсиз боланинг ўзи йўқ. Бироқ қайсидир боланинг истеъдоди ярқ этиб кўзга ташланади-ю, қайсидир болада сокин табиати билан истеъдоди беркиниб қолаверади. Биз ана шундай истеъдодларни уйғотишимиз, руҳан юксалтиришимиз керак. Майли бир қарашда ўқувчининг ижод маҳсули анчагина таҳрирталаб бўлсин. Шунда ҳам бола қалбини эзгуликка тўлдирайлик. Ҳарбий, шифокор, ҳамшира, тадбиркорларнинг табиатида ижодга мойиллик борлигини давраларда кўп кузатганман. Бир манбада ўқиб қолдим. Англиялик машҳур учувчи ўз ўриндиғига ўтиришдан олдин болаликда ёдлаган шеъридан энг севимлисини баралла ўқир экан. Аввалига бортдагилар ҳайрон бўлишибди. Моҳир учувчининг руҳи тетик, кўзлари порлаб парвозга шай турар экан. Учувчи ҳайратланган дўстларига қараб “осмонга парвоздан олдин юракни уйғотиш керак” дея жавоб бераркан.

Ҳа, олам ҳайратларга тўла. Бола нигоҳидаги ҳайратларни кўриб кўнглимиз тозаради. Умумтаълим мактаб­ларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида фаолият кўрсатаётган азиз дўстларим, биз ўқув масканларида ана шундай ҳайратларни камолга етказайлик!

Замира МАМАТҚУЛОВА,

Ғузор туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактабининг

ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =