Нарх-наво бўйича давлат ва жамоатчиликнинг қатъий назорати зарур

Кучли фуқаролик жамиятининг ўзига хос хусусиятларидан бири бу барча соҳаларда жамоатчилик назоратининг ўрнатилганидир. Жамоатчилик назоратининг фаоллиги мамлакатда демократик анъаналарнинг ривожланишига хизмат қилади. Негаки, одамлар жамоатчиликка бирлашиб олиб борилаётган ислоҳотларга ўз таъсирини кўрсатар экан, демократия ҳам шу аснода мустаҳкамлана боради.

Жамоатчилик назоратининг аҳамияти ривожланаётган мамлакатлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Шу каби давлатимизда ҳам йилдан-йилга жамоатчилик назорати шаклланиб, ўзининг янги босқичларига кўтариляпти. Бунга кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Масалан, бирон давлат идораси ё хизматчисининг ўз ишини масъулият билан бажармагани устидан фуқаролар жамоатчилик нормалари асосида назорат ўрнатиб ижобий натижаларга эришилаётганига кўп гувоҳ бўляпмиз.

Шулар қаторида нархларнинг сунъий оширилиши юзасидан ҳам жамоатчилик назорати шаклланган. Лекин кўпчилик одамлар бу каби ҳолатларга бепарво муносабатда бўлади. Фаол бўлиб жамоатчилик назоратини ўрнатганларга эса баъзи ҳолларда масъуллар томонидан тазйиқлар ўтказилиши ҳолатлари ҳам учрайди. Бундай ҳолатлар юзага келмаслиги учун давлатнинг ўзи нархларни шакллантириш устидан дастлабки назоратни ўрнатиши лозим. Ундан кейин жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида жамоатчилик ҳам ўз назоратини ўрнатиб боради.

Юқорида қайд этиб ўтганимиз бундай ҳолатларга бепарво одамларни ҳам жамоатчилик назорати доирасига тортиб, уларнинг ҳам бу борадаги фикрларини инобатга олиш тизимини йўлга қўйиш зарур. Энди савол туғилади, бу каби ҳолатларга лоқайд одамларни қандай қилиб жамоатчилик назоратига қизиқтирса, бирлаштирса бўлади?! Албатта, бунда оммавий ахборот воситалари орқали қилинадиган тарғибот-ташвиқот ишларининг ўрни катта. Шунингдек, маҳаллалар тизимида ҳам жамоатчилик назоратини шакллантириш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришни йўлга қўйиш шарт.

Нархларнинг шакллантирилиши устидан давлат ва жамоатчиликнинг назоратини ўрнатиш орқали нималарга эришиш мумкин?

Бунда биринчидан, одамларнинг сунъий оширилган нархларда товар ва хизматларни харид қилишининг олди олинади. Бу орқали фуқароларнинг иқтисодий ҳолатига салбий таъсир етмайди. Иккинчидан, нархларнинг тез-тез сунъий ошиб бориши мамлакатнинг иқтисодий сиёсатига ҳам жиддий хавф туғдиради. Бу эса инфляциянинг кучайишига, мамлакат иқтисодиётининг турғунлашувига сабаб бўлади. Агар нархлар шаклланиши устидан давлат ва жамоатчилик қатъий назорат ўрнатса, бу давлат учун ҳам, фуқаролар учун ҳам иқтисодий наф келтиради.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, ўтган йили пандемия авжига чиққан пайтда бир қанча жамоат ташкилотлари ички бозорларда сотилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматлар нархларининг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олиш учун жойларда “Жамоатчилик назорати” ишчи гуруҳларини ташкил этишди. Унга кўплаб тажрибали мутахассислар жалб қилиниб, бозор ва савдо шохобчаларидаги нарх-навога оид кунлик маълумотлар умумлаштирилган ҳолда ваколатли масъул давлат органларига тақдим этиб турилди ва бу фаолият давом этмоқда.

Эътиборли жиҳати, айни шу жамоатчилик назорати сабаб тиббий ниқоб, антисептик воситалари, вилоятлараро қатновчи таксиларнинг асоссиз оширилган нархлари тартибга солинишга эришилди. Шунингдек, жамоатчилик назорати таҳлилларига асосан, ҳукуматга фуқароларнинг ўткир эҳтиёжи мавжуд бўлган маҳсулот ва хизматлар юзасидан ахборот киритиб борилмоқда.

Эришилган ва эришилаётган натижалар оз эмас, шу сабабли нархларнинг шакллантирилиши устидан қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатиш жуда катта аҳамият касб этади.

Аҳолини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш юртдошларимиз саломатлигини муҳофаза қилади

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига 79,7 мингта ўлим қайд этилган. Бу нимадан далолат беради. Айни ҳолатга, аввало, мамлакатдаги соғлиқни сақлаш тизимининг қониқарли даражада фаолият юритмаётгани асосий сабаблардан бири ҳисобланади. Халқимиз орасида бот-бот эшитиб қолинадиган гап бор: ўзбек оёқдан қолмагунга қадар шифокорга бормайди. Бунга биринчи омил одамларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи яхши эмаслиги бўлса, кейинги омил одамларнинг тиббий маданиятини шакллантиришга хизмат қиладиган тарғибот ишларининг яхши йўлга қўйилмаганидир.

Тиббий маданиятни шакллантириш, юксалтиришга ҳам соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилот ва муассасалар масъул ҳисобланади.

Ривожланган давлатларда инсон саломатлигига биринчи даражали масала сифатида эътибор берилади. Негаки, ҳар қандай мамлакатнинг энг катта бойлиги бу унинг халқидир. Қаердаки, одамлар соғлом бўлса, улар турли соҳалар ривожига ҳисса қўшади ва бу мамлакат учун улкан фойда сифатида баҳоланади. Шу сабабли, давлатимизда одамларнинг соғлиқ-саломатлигини авайлаш мақсадида аҳолини ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш лозим.

Бу орқали ўз вақтида аниқланмай, вақти ўтгач ҳеч бир иложсиз вафот этаётган инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда онкологик касал­ликлар ёки жигар хасталикларининг вақти ўтиб кетгани сабабли катта пул керак бўлаётгани учун ёрдам акцияларининг ташкилланаётганига кўп гувоҳ бўляпмиз. Ваҳоланки, мутахассислар фикрига кўра, ўз вақтида аниқланган ҳар қандай касалликни даволаш мумкин. Агар ўша касалликлар вақтида аниқланса, бемор учун ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан фойдали бўлади. Хўп, одамларда тиббий маданият етишмас экан, уларнинг ўзи бориб шифокорга кўринишни истамас экан, ҳар йили ўтказиладиган бепул тиббий кўрикни ташкиллаштиришни кечиктирмасдан бошлаш зарур.

Бу ишни асосан оилавий поликлиникалар фаолиятидан фойдаланган ҳолда, шунингдек, узоқ ҳудудлардаги аҳоли масканларига кўчма тиббий кўрик гуруҳларини юбориш орқали амалга ошириш мумкин. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, оилавий поликлиникаларнинг бирламчи вазифаси касаллик профиликтикаси ҳамда аниқланган касалликни даволаш, касаллик асоратининг олдини олиш ҳисобланади.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, одамларимизда ўз соғлиғига жавобгарлик ҳиссини кучайтириш учун тиббий маданиятни тарғиб қилишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш лозим. Бу ҳам юқорида қайд этганимиздек, соғлиқни сақлаш тизимининг вазифалари сирасига киради.Бунда тарғиботда, аввало, оммавий ахборот воситаларини, инчинун, аҳолининг кўплаб қисми фойдаланадиган телевидиние ва радиони жалб этиш яхши натижа беради.

Фикр билдираётганимиз мавзуга оид яна шуни ҳам қўшимча сифатида айтиб ўтишимиз керакки, айни кунларда коронавирусга қарши вакцинация олиб борилмоқда. Бу ҳам тиббий профиликтиканинг бир туридир. Мутахассислар фикрича, эмланган инсон умуман касалликка чалинмайди ёки юқтирган тақдирда ҳам енгил шаклда ўтказади. Бу албатта, аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим омил ҳисоб­ланади.

Шундай экан, аҳолини ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш бевосита мамлакат тараққиётига хизмат қилиб, юртдошларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилишда катта омил вазифасини ўтайди.

ЎзХДП марказий кенгаши матбуот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + seventeen =