Султон Жалолиддин Мангуберди жасорати

Ўрта асрларда одил ҳукмдор ва машҳур саркардалардан Султон Жалолиддин, Соҳибқирон Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк аждодларимиз етишиб чиқдики, улар тарихимиз ва келажагимиз барча даврлари учун фахрдир. Уларнинг босиб ўтган шон-шарафга лиммо-лим тўла жанговар ҳаёт йўли жасорат эпопеяси бўлиб, мангуликка дахлдор жасоратнома қўшиғи миллатимиз ўзлигини анг­лашга ундовчи қудратли омилдир.

Буюк аждодимиз Султон Жалолиддин Мангубердининг нафақат Ватанимиз, миқёсидаги балки бутун Шарқ оламида, шунингдек, жаҳон тарихида тутган ўрнини бор бўйи билан тарихий манбалар асосида ўқиб, ўрганишимиз лозим. Бундай тарихий шахсларимиз ҳар асрда ҳам келавермайдиган буюклар сирасидан эканлигини назарда тутсак, бугунги ва келажак авлодларни ҳарбий Ватанпарварлик, ватанга садоқат руҳида тарбиялашдаги аҳамияти бемислдир. Негаки Султон Жалолиддин Мангуберди Ватани, халқи, озодлиги йўлида тилларда достон бўлган. Курашларнинг кўлами миқёслари жиҳатидан таққосланганда тарозининг иккинчи палласига жаҳондаги бирон-бир ўтган шу тахлитдаги тарихий қаҳрамонни тенглаштириб, қиёслаб бўлмайдиган нисбий масофа мавжудлигига тарихий манбалар гувоҳлик беради, тарихий адолат бонг уришда давом этади.

Мангубердининг сўнмас жасорати умумбашарият учун абадиятга дахлдор тимсол бўлиб қолажаклигидан гувоҳлик беради. У Хоразмшоҳ Муҳаммад Султоннинг илк шаҳзода вориси сифатида 1199 йилда дунёга келди.

Хоразмшоҳ Муҳаммаднинг фақат биринчи маликаси Ойчечак хоразмлик бўлиб, қолган барча маликалари унинг онаси Туркон хотуннинг Дашти Қипқочлик жангари уруғ, қабилалари ва сарой зодагонларига мансуб эдилар. Улардан туғилган фарзанд шаҳзодалар ота бир она томонидан турли қавмларга дахлдор эдилар.

Худди шу нарса Хоразмшоҳ Муҳаммад саройида ўсиб воя­­га етаётган шаҳзодалар Жалолиддин Мангуберди Пиршоҳ, Узлоҳшоҳ, Рукниддин Гурсантжий, Оқшоҳ каби ўғиллар ўртасида тахт талашув низолар бошланишини таъминлаган асосий омиллардан эди.

Аслида сулола удумларига кўра катта ўғил шаҳзода Жалолиддин Мангуберди қонуний тахт вориси эди. Шунингдек, у истеъдод ва салоҳият жиҳатидан ҳам бошқа шаҳзодалардан ҳар томонлама етук эди.

Туркон хотун эса ўзининг саройдаги катта мавқеидан фойдаланибгина эмас, уни суиистеъмол қилиб бўлса-да шаҳзода Жалолиддинни ворислик ҳуқуқидан четлаштириб ўз қавмдоши ҳисобланган Узлоҳшоҳ набирасини бутун вужуди билан тахт ворислигига асосий даъвогар сифатида қўллаб-қувватлар экан, шу сиёсати билан саройда нифоқ-низо эшигини салтанат инқирози сари етаклаган эди.

Натижада бу низо Чингизхоннинг Хоразмшоҳлар салтанатига уруш очиб, унинг ғалабаларини таъминлаган асосий омиллардан бири бўлди.

Аслида Жалолиддин Мангуберди Муҳаммад Хоразмшоҳнинг фақат катта фарзанди бўлганлиги учунгина эмас, унга Яратганнинг ўзи буюк ҳодисалар фаол қатнашчиси бўлишига лойиқ барча сифатларни бисёр қилиб дунёга келтирган эди.

Шунингдек, шаҳзода Жалолиддин пешонасига даврнинг ўзи машҳур инсонларини, яъни маънавий руҳий соҳада пўлатдек инсон қилиб тарбиялашни ўз зиммасига олган Нажмиддин Кубродек Пири комил устози аъзамни, шунингдек, уни жанг майдонининг ҳар қандай даҳшатли ғаними юрагига қўрқув ваҳимасини солишга қодир ҳарбу зарб жангчи ва саркардаси қилиб етиштиришга қодир Темур Малик, Шаҳобиддин Хавақий каби устозларни унга рўбарў қилган эдики, улар ҳам шаҳзоданинг буюк шоҳсупаси мавқеига кўтарилишида катта хизматлар қилган эдилар. Айниқса, Шайхул Валитарош Наж­миддин Кубронинг Жалолиддин Мангубердининг калби нақ тўрига Ватанни ва халқини ҳар қандай оғир шароитларда ҳам садоқат билан зарурат талаб қилганида эса азиз жонидан, оиласидан кечиб бўлса-да, Муқаддас юрти учун жанг майдонларида охирги нафасигача кураш олиб бориш каби иймоний туйғуни лиммо-лим сингдирганлиги унинг фидойи, юртпарвар бўлиб камолга етишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, улуғ устоз Нажмиддин Кубро Ватанни золим бўлса ширин жонидан кечиб бўлса-да, унинг озодлиги учун тиклаш ғоясини Қуръони карим оятларига таяниб ташкил этган Кубровия тариқати   тарбия, маънавият академиясида сабоқ берган эди. Жаҳонда илк бора ғаним, юртга бостириб келадиган бўлса, аввало, эр йигиту қиз ва аёл бўлсин руҳий, жисмоний иймоний ва ботиний барча кучларини танада пўлатдек мужассамлаштириб, уни ёвга қарши нафрат кучига айлантириб жангга киришдек ғояни яратди ва бу амалиётни ҳаётга татбиқ эта олган буюк зот бўлди ҳам.

Ҳолбуки, Кўҳна Урганч мудофаасини уюштиришга тайинланган Дашти Қипчоқ саркардалари ҳам мўғулларнинг асосий кўшини пойтахт остонасига етиб келмасиданоқ сотқинлик ва хиёнат отига миниб, марду майдон шаҳзода Жалолиддинни ўлдиришга интилиб, уларнинг бир гуруҳи эса унинг бошини Чингизхонга совға қилиш, иккинчи бир қисми эса сичқоннинг ини минг танга тарзида ит топмас жойларга қочишни афзал кўрдилар. Узоқни кўролмайдиган Жалолиддин Мангубердининг укалари эса истеъдодли ҳарбий саркарда мардлар марди акаси паноҳида унинг жанг майдонида ўнг ва чап томонида метиндек саф тортиб жанг олиб бориш ўрнига Туркон хотун маслаҳати билан улар ғанимлик жабҳасини эгаллаб, Жалолиддиннинг оёғига темир тикан бўлиб санчилдилар. Ҳолбуки, бу пайтда пойтахтга сиғдирилмаган Султон Жалолиддин бир ҳовуч содиқ жангчилари билан Хоразмни тарк этиб, шундай қалтис шароитда Чингизхоннинг уч юз эллик минглик даҳшатли қўшинига қарши куч йиғиш учун бегона элларда эллик юз жангчини ўз кўнига жалб этишнинг машаққати уни тоғ юкидек эзаётган дамларда минг илинж билан вилоятма-вилоят кезиб халқни улуғ муқаддас жангга чорлаб кечани-кеча, кундузни-кундуз демай от сурарди.

Бу пайтда Чингизхон гўё Ахриман қиёфасида ўзининг ёвуз мақсадини амалга оширмоқ учун Искандар Зулқарнайндан кейин иккинчи марта жаҳон мамлакатларию дунё аҳлини қуллик сиртмоғига олиб, босиб олинган халқларнинг беҳисоб бойликларига эга бўлиб давру даврон нашидасини суриш орзусида эди. У Хитойнинг асосий қисми Ҳоқон тасаруффига ўтгач, мақсадини ва унинг саркардаларининг амалга оширадиган реал кучлар ер ости, ер усти моддий бойликлар захирасига эга бўлиб, Хитой ҳарбий муҳандислари тайёрлаган ҳарбий техника ва қўшини миқдорини хоҳлаганча ошириши, шунинг­дек, босиб олинган шаҳару қишлоқлардан асир олинган аҳолини жонли қалқон тарзида жангга сафарбар этиш каби чексиз имкониятларга эга эди.

Осиё ва Шарқий Европанинг ўттизга яқин юртларини бир ҳужумда кулини кўкка совурган Чингизхон ва унинг ворислари Хоразмшоҳлар юртининг уч нафар буюк шахси Шайхул Валитарош, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди ва жасур саркарда Темур Маликлар билан жанг майдонларида илк бора тўқнашар экан, Ҳоқон кўк тангрига сиғиниб жаҳон ҳукмдорига айланишдек, мақсадлари саробга айланишини ички бир туйғу билан сезди. Улар томонидан кўрсатадиган мардлик, жасорат ва баҳодирлик ҳаракатлари ҳали жаҳон аҳли яралиб содир этилмаганлигига тобора иқрор бўлишдан ўзга чораси қолмади. Ҳақиқатан, Хоразмшоҳлар ҳудудга бостириб киргунга қадар мағлубият тўғрисида бирдан-бир тушунчага эга бўлмаган Ҳоқон ва унинг машҳур ғолиб саркардалари бирин-кетин мағлубиятнинг аччиқ аламларини тотдилар. Хитойни синдирган саркардаю нуёнлар Султон Жалолиддин томонидан қўшини тор-мор этилганлик машъум хабарини Чингизхонга етказилганда у мутлақ бу шум хабарни ҳазм қилолмай тобора ғазаб отига минар, аччиғини кимдан олишини билмасди.

Юқорида номлари тилга олинган буюк саркардаларимиз эришаётган ғалабалар енгилмас дея ном чиқарган Чингизхоннинг нақ қалбига ханжар уриб унинг жаҳонни эгаллашдек бош мақсади амалга ошувига раҳналар солишда давом этар, якуний ғалабаларга тезроқ эришиш тобора уларнинг мислсиз қаршиликлари олдида саробга айланишда давом этарди. Дастлаб, Султон Жалолиддиннинг ҳарбий соҳадаги устози Хўжанд ҳокими Темур Маликнинг қалъа мудофаасини ташкил этишдаги Чингизхоннинг қарийб олти-етти марта кўпсонли қўшинига қарши олиб борган жангу жадали Ҳоқон жисму танини қақшатган ҳодисалардан бири бўлди. Сўнгра бунча дардисар бўлиб Ўтрорнинг Инолчиқ баҳодир бошчилигидаги қаҳрамонона мудофааси қўшилди. Ҳали бўлар ҳам ҳолва эди. Энг кўп қон тўкилиш жанглари энди бошланар, Султон Жалолиддин шер янглиғ уйғониб Чингизхон ва унинг машҳур нуёнларига қақшатқич зарбалар бериш учун жанг яловини муҳораба майдонига тикаётган бир вақтда Шайхул Валитарош Кўҳна Урганч­нинг ўн икки дарвозаси тепасига кураш байроғини мағрур ўрнатиб, Чингизхоннинг уч марталаб жўнатган элчиларига: биз шу юртда туғилдик, шу юрт учун шараф билан ўлажакмиз. Яратган эгам ёнига ор-номусимизни шаҳидлик шаробини охиригача ичиб боришдан бизни ҳеч ким маҳрум қилолмаган” деган жавобни бериб жанг талаб этганлигини билдириб Ҳоқон элчиларини қайтариб юборишди. Чингизхон бу улуғ инсоннинг жавобини қайсарликка йўйди. Бу буюк зотдаги ватанга садоқат, ватанпарварлик туйғусининг илоҳий илмларидан маънавий-руҳий озуқа, куч олишни қаердан билсинки, Тоби чўлларда ўсиб, ғайриинсоний зулм, ваҳшийлик нафаси билан улғайган ҳукмдор илм мактабию мадраса илмидан мутлақ бехабар бўлса. Унинг дунёқарашида шаклланган ғоя ўзга халқларни қулликнинг жирканч воситалари орқали идора қилиш бўлса. Шундан ҳам билиш мумкинки, Султон Жалолиддин башарият устига Нуҳ даври тўфонини иккинчи такрорланишига қиёс қилгудек куч Чингиз ва Чингизийларнинг вайроналик, қирғинлик келтирувчи ёвуз мақсадига мислсиз қатъий қаршилик кўрсатиб, уларнинг жаҳоннинг эгаллаш жирканч мақсадининг амалга ошувини барбод қилиб, ғанимни ҳолдан тойдирган ягона истеъдодли Султон ва лашкарбоши сирасидан эди. Жалолиддин Мангуберди бирор-бир давлат лашкарбошилари билан жангда мағлубият нималигини билмаган Чингизхон ва унинг лашкарбошиларини Ирғиз дарёси соҳили яқинида ва Ғазна Валиён, Бомиён ҳамда Парвон жанг­ларида мағлуб эта олди. Унинг бу ғалабаларидан Чингизхон ваҳимага тушди. Хитой, Мўғул ҳудудлари ва Шарқий Туркис­тонда қайта-қайта ялпи сафарбарлик ўтказиб, қириб адо қилиб бўлмас сон-саноқсиз қўшинни кам сонли Султон Жалолиддин қўшинига қарши жангга ташлади.

Ана шу устунлик туфайлигина ўз ғалабасини таъминлашга охир-оқибат эришди. Бироқ Чингизхон ашаддий ғаними бўлган Султон Жалолиддинга тан берди, унинг мисл­сиз лашкарбошилигини эътироф этган эди. Чунки Султоннинг мислсиз қаршилиги ҳолдан тойган Чингизийларга жаҳонни забт этиш имконини бермади. Бу Султон Жалолиддиннинг аҳли давлатлари олдидаги буюк ва мислсиз хизмати бўлди.

Биз шу ўринда Султон Жалолиддин Мангуберди қахрамонлигини васф қилган ўрта асрнинг машҳур муаррихлари асарларига мурожаат қилишни лозим топамиз. Мирзо Улуғбек ўзининг “Тўрт улус тарихи” асарида қуйидагиларни келтиради: “Султон Жалолиддин мардоналик майдонида жавлон қилмоқ истади ва замон гардиши навосига жўр бўлиб, мухолифлик шўъбасини чалмоқликни ихтиёр айлади. Токи отасига ўхшаб халқининг маломати ўқига нишон бўлиб, башарият суниийлари танасига қолмагай.

Султон Жалолиддин таваккал отига миниб, Санаи 617 да зулҳижжа ойининг 11 куни карвон йўли билан отаси унга бағиш­лаган Ғазнин томонга равона бўлди.

Тарқалиб кетган қўшин Ғазнинга етгач унинг атрофига келиб тўплана бошладилар. Сўнгра Султон Ғазниндан чиқдию Бозонга йўналди. Бекчак ва Тимқур нуён чексиз мўғул лашкарлари   билан Валиён қалъаси муҳосарасига машғул бўлдилар. Шижоат асарли Султон бу хабарни эшитиб, жасоратли лашкари билан ул бадкирдор ғаним устига отланди. Зўр саваш бўлди. Мўғул лашкарларнинг ғул (марказ) қисмини хароб қилдилар.

Султон Жалолиддиннинг мўғул лашкари устидан ғалаба қилгани, Бекчак ва Тимқур нуён ва уларнинг лашкари таслим бўлгани хабари Соҳибқирон аъзам Чингизхони муаззамга етиб келгач Ҳоқон Толиқонга етиб келди. Ҳоқон Қайқур нуён ва Ши-ки Хутухи нуённи ўттиз минг лашкар билан Султон Жалолиддинни даф қилиш учун жўнатди. Ўзи ҳам унинг ортидан йўлга тушди. Қайқур нуён қиёмат асарли лашкари билан Султон Жалолиддини Қароргоҳи Бозон мозейига етиб келди. Султон Жалолиддин жанг қилишга мойиллик билдириб ботирлик яловини наррашер думидек бошига соябон қилди ва қўрқмай лашкарни жангга киритди. Гўё паланг билан жанг бошловчи шер каби. Ўнг ва сўл кўлларни тартибга келтириб қалб ўртасидан Султоннинг ўзи жой олди. Йиртқич шер каби пиёда бўлиб ғазаб билан бел боғлаб жанг қилди. Мардлик билан душманга ташландилар”

Парвондаги ана шу қирғин жангда Султон Жалолиддин қўшини ғолиб чиқди. Чингизхон ясоқ жазосини қўллаб ҳар ўн кишидан биттасини ўлим жазосига торттирди. Аммо бу усул ҳам наф бермади. Машҳур саркардалардан биронтаси Султон Жалолиддинни мағлуб қилишнинг уддасидан чиқолмагач, жамики кўшинини сафлаб Чингизхон ўзи Жалолиддинни таъқиб қилишга киришди. Парвон жангида кўплаб жангчиларидан ажралган Султон Жалолиддин қўшинида яна бир фожиа юз берди. Ҳазора малиги Сайфиддин Ағроқ, Азам Малик сардорлари унинг қўшинини ташлаб Синқирон тоғлари тарафидаги қалъалардан бири томон кетдилар. Аммо айрилганни айиқ ер қабилида бироз кейин уларни Ҳоқон қириб ташлашга муваффақ бўлди. Сардор Маликлар ажралиб кетишгач натижада Султон Жалолиддиннинг қўшини заифлашиб қолди. Бундан фойдаланган Чингизхон барча қўшинига ўзи бош бўлиб, Жалолиддин қўшнини таъқиб қилишга киришди. Кучлар нисбатига кўра Чингизхон қўшини Жалолиддин қўшинидан ўн-ўн беш баробарига устунликка эга бўлди. Натижада Султон Жалолиддин Ҳинд сари чекинишидан ўзга иложи қолмади. Аммо шиддат билан оқаётган Синд дарёсидан қўшинни нариги соҳилга ўтказиб улгурмасдан яшин тезлигида Чингизхон сон-саноқсиз қўшини билан етиб келиб Султон қўшинини уч тарафдан ўраб олди.

Бу воқеа 1221 йилнинг ноябрь ойи охирида содир бўлган эди. Қуршаб олинган майдон Нилаб номи билан тарихга кирди. Бу бошланадиган жанг ўрта асрлар даврининг энг қирғинли ва қон тўкишли жангларидан бўлди.

Бу ҳолатни Мирзо Улуғбек юқорида биз тилга олган асарида шундай таърифлаган эди: “Чингизхон бу ерда шундай лашкар йиғдики, дарё ўқ, аскарлар эса камон эди. Лашкар ёнига лашкар қўшилиб Султон қўшини йўлини тўсдилар. Султон Жалолиддин бин Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ ўзини сув ва олов ўртасида кўрди, чунончи бир тарафида кескир қиличлар олов сочарди, бошқа тарафдан эса қонхўр, ютағон дарё ҳайқириб оқарди. Ҳеч бир томондан чиқиб кетишнинг асло иложи йўқ эди. Ноилож жангга киришди. Баҳодирлик отини кураш майдонига солиб, тотор кофирларидан кўпларини ҳалокат домига қорди ва ҳеч бир кулфатсиз жанг қилдики, агар Рустами дос­тон тирик бўлганида, унга бўлган муҳаббат ёпинчиғини Жалолиддин елкасига солган бўларди. Агар Кумуштан Исфандиёр бу жангни мушоҳада қилганида, унинг хизматида қуллик лавозимини жону дил билан қабул қилган бўларди.

Қайси томонга от чоптирмасин, тупроқни қонга бўяр эди. Агар бу жангни Золнинг ўғли кўрганида эди, у Султон Жалолиддиннинг қўлини ўпган бўларди”.

Чингизхон Султон Жалолиддиннинг жанги ва дарёдан шердек сузиб ўтишини узоқ кузатиб турганидан сўнгра ёнида турган ўғилларига ўгирилиб: “Мана шундай ўғилларга эга бўлган ота нақадар бахтлидир! У сув ва олов каби икки бало қазо гирдобидан ўзини қутқариб, соҳилга чиқди. У ҳали бизнинг бошимизга жуда катта балоларни солади. Унинг қаршисида ақлли одам қандай қилиб ғофил қола олади?” – деди.

Тақдирнинг ёзуғини кўрингки, Султон Жалолиддин қанча қирғинбарот жангларда эмас, балки бир курд малъун томонидан ўлдирилди. Унинг ўлимини ҳатто табиат ҳам кўтара олмай осмону фалак кўзларидан шашқатор, шаррос ёшлар оқизиб йиғлаган, мотам тутган, ҳатто у ўлдирилган майдон устида қушлар ҳам бу мудҳиш ҳодисани кўтара олмай чархпалак бўлиб чириллашиб мотам иштирокчиси бўлганлар.

Ан-Насавий таъбири билан айтганда: “Ҳақиқатан, бу ифлос, разил кимса(курд) ўз қилмиши билан энг катта бахтсизлик келтириб чиқарди, Оламни Жалолиддинсиз етим қолдирди”

Эй ғанимлар бўғзидан қон тирқиратувчи! Ўзингку ўлдинг, оқиздинг ёш ўрнига қон. Чархи кажрафтор унинг маҳобатини намоён қилса, Ислом олами давлатлари ҳолига бир боқ энди,

Англарсан ниҳол: Ислом таянчидан мосуво,

Давлатлар кунпаякун, шуҳрат юлдузи сўнди.

Ан-Насавий Султон Жалолиддин Мангубердига шундай баҳо берган эди: “Унинг мардлиги, жасурлигига келсак унинг жанглардаги фаолиятини эслаб ўтишнинг ўзи қифоя қилади. У шерлар орасида энг зўр шер эди, қўрқмас чавондоз, лашкарлар орасида энг ботири эди. У хақгўйликни, адолатни улуғларди”.

Хулоса шуки, Султон Жалолиддиннинг кураш ва ҳаёт йўли мардлик ва жасоратда нафақат юртимиз ёшлари ва халқимиз ва озодлик ҳамда мустақилликнинг том маънода қадрига етувчи башарият учун ибрат рамзидир. Унинг Ватан мустақиллиги йўлидаги сўнмас ва бетимсол жасорати мардликнинг энг сарбаланд эталон маконидир. Шунингдек, марду майдонлик сарчашмаси ҳамдир.

Жумабой Раҳимов,

Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги университети

ижтимоий гуманитар фанлар кафедраси профессори.

Беҳзод Абдураимов,

Жалолиддин Мангуберди жамоат фонди раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =