Озгина савия ҳам керак, о-кейми?

Сўнгги вақтларда деярли барча телеканалларда одамни маънавий “ўстирадиган”, “замонавийликка етаклайдиган” ҳамда бир олам “эстетик завқ берадиган” рекламалар бирам кўпайдики, кўрган сари “дилингиз яйраб”, асабларингиз “тинчланади”.

 

Ҳа, нимасини айтасиз, иштаҳа билан дастурхонга энди келганингизда болажонларимиз учун тагликлар рекламаси жуда “ўринли” да. Ундан ҳам аълоси совун ва шампунларники. Уларнинг қандай таъсирга эга эканлигини ўзлари эринмай, душда турган ҳолатда кўрсатиб беришлари-чи, барака топкурлар. “Фидойилик” бўлса шунчалик бўлар. Ажнабий рақсга тушадиган бир қизнинг рекламаси бор эди. Бизга жуда “фойда” қилганди. Сабаби, экранда шу реклама кўриниши билан уйимиздаги ҳамма қандайдир ишга “шўнғиб” кетарди.

Шу десангиз, бир жўяли таклифларимиз ҳам йўқ эмас. Телеканалларимиз сафига яна битта канал қўшсак-да, номини “Ичимликлар” деб қўйсак. Ва шу канал орқали бугунги кунда “трендга чиққан” чанқоқбосди маҳсулотларнинг рекламалари яна ҳам кучайтирилса, қандай соз бўларди. Ёки “О-КЕЙ ТВ” деб номланган канал бўлса ҳам чакки бўлмасди. Ўйлаб кўринг-а, биргина “пепси” рекламасининг ўзидан қанча “тарбия олса бўлади”. “Окейми” деб чиқаётган “таниқли жонкуярлар”имизнинг 3-4 тилни бир қилиб сўзлашлари қанча ёшларни ўз ортидан эргаштиряпти ахир. Нутқ одобидан ваъзхонлик қилиб, ўзбек тили деб бонг ураётганлар гапираверади-да. Бу рекламаларни кунда 10-15 маротаба кўрган болаларимиз қанчалик тез “улғаяётган”ликларини бир қаранг. Қизларимиз Голливуд актрисаларидек саллоланишлари, ишва билан кўпларнинг эътиборини тортаётганларидан қувонмаяпсизми? Йигитларимиз-чи, эҳтиросга тўла кўзлар билан оғзи очилганча термулишларига нима дейсиз, о-кейми?

Мабодо, эрта-индин телеканалларимизда қуйидаги мазмундаги рекламалар пайдо бўлса, асло ажабланмасак ҳам бўлади:

Миллийлигимизни унутиб, ғарбча ҳаёт бошласак, о-кейми?

Китоб ўқимасак ҳам қандайдир йўл билан устоздан аъло баҳо олсак, о-кейми?

“Права” бўлмаса ҳам машина ҳайдайверсак-чи, о-кейми?

Ҳеч бир иш қилмай маош олсак ва ойлик маош йилда бир-икки эмас, ҳар ойда ошириб турилса, о-кейми?

Отасидан олдин фарзанд соқол қўйиб, унга насиҳат қилса-чи, о-кейми?

Ҳар бало бўлсин, аммо бунақа “о-кей” бўлмасин-е, дейсизми?

Ҳар куни “Гуанжоу” рекламасини кўравериб… товба-товба касал бўлгинг келади-е, сал бўлмаса?

Аммо халқимизда “Асалнинг ҳам ози ширин” деган гап бор. Шундай экан, телевидениеларимизга нима бўляпти, наҳот чўнтакларига шу қадар “шамол қўшиқ” айтиб қолган бўлса?

Нима бўлганда ҳам рекламаларда ҳам озгина меъёр, савод, савия бўлсин-да, о-кейми?

К.РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 4 =