Сукунатга сингиб, тин олар товуш

Жамол Камол,

Ўзбекистон халқ шоири

Саккизликлар

 

Азиз муштарийлар!

Устоз Жамол Камол кичик шеърий жанрларда ҳам етук маҳорат ила қалам тебратолган ижодкор. Шоир бисотидаги икки юздан ортиқ саккизликлар бунинг ёрқин далилидир. Биз улардан айримларини эътиборингизга ҳавола этдик.

* * *

Уни насиб этди менга Худойим,

Юлдузлар ёнади унинг оҳида.

Нима у, шивирлаб тургувчи доим,

Руҳимга замзама солиб гоҳида?

 

Шеърият, бировнинг кўзидаги ёш,

Бировнинг бўйнига осилган тошсан.

Дунё бор эканки, бўлмайсан адош,

Менинг осмонимда ёнган қуёшсан…

 

* * *

Оқшом чўкар, зулмат босар тим қаро,

Сукунатга сингиб, тин олар товуш.

Шабнамга бурканиб ётган боғ аро

Тунги ноласини бошлайди Ҳаққуш.

 

Ҳақ деб қичқиради Ҳаққуш ҳар кеча,

Қичқириб, ўзини ғамга ўрайди.

Фалакка кўз тикиб оппоқ тонггача,

Инсонлар қавмига нажот сўрайди…

 

* * *

Нафратни дунёга келтирди одам,

Кейин нафрат тўкди одам қонини.

Одамзод қайталаб ўтда ёқса ҳам,

Нафрат бўшатмади гирибонини.

 

Жанг борар, ўртада муҳаббат қалқон,

Кураш давом этар, битмас ҳеч қачон.

Инсон битган куни нафрат адодир,

Нафрат битган куни адодир инсон…

 

* * *

Уфқдан бўғриқиб чиқаётган ой,

Хуморингман, кўтар олтин баркашинг.

Шу мудроқ оқшомга ўзинг бўл Ҳумой,

Бутоқлардан оқсин ипак оташинг.

 

Ана, само бўйлаб ёйилди зарҳал,

Шуълалар қаршимда ёндилар майин,

Кўзим қароғини тўлдириб аввал,

Кўнглим булоғига оқдилар кейин…

 

* * *

Кўриб қолдим ногоҳ, юксакда ўсган

Болаликдан ошно кекса бир гужум,

Ҳисобсиз бурушуқ – ажинларидан

Кўз ёши оқизиб туради юм-юм.

 

– Ҳой, бобой, не бўлди, ҳолинг паришон,

Нега хўрсинасан, нечун изтироб?

– Ковагимда бир пайт ёвуз бир илон

Чумчуқ уясини этмишди хароб…

 

* * *

Сенинг ишқинг менга бир коса сувдир,

Лабларим қовжираб, боқаман ташна.

Ичмасам – шарбатдир, ичсам – оғудир,

Ўзинг нажот кўрсат, ўзинг йўл бошла.

 

Ишқинг – тоғлар аро гўзал оҳудир,

Отсам – дилпораман, отмасам – дилхун.

Жоним, ишқинг менга ажаб қайғудир,

Тортсам – савдойиман, тортмасам – мажнун…

* * *

Кўйингда неча бор айланди бошим,

Ёмғир кечиб юрдим, кийимларим ҳўл.

Айтиб бермадими сенга сирдошим,

Остонангга бориб туташгувчи йўл?..

 

Унсиз фарёд чекдим, кўрсат деб висол,

Еру кўкни тутди исминг, овозанг.

Неча бор суяндим ҳорғин, бемажол,

Айтиб бермадими сенга дарвозанг?..

 

* * *

Сен ҳам кўрасанми мени тушингда

Фаришталар кўкда тузганда базм?

Туташиб кетарми, жоним, ўшанда

Ширин нафасингга менинг нафасим?

 

Кўкда фаришталар кузатар мени,

Мен эса айрилиб ақлу ҳушимдан,

Қўрқаман ҳар сафар ўпганда сени,

Айрилиб қолмай деб кўрган тушимдан…

 

* * *

Сеҳргарсан, ўзинг билмайсан аммо,

Сен гоҳи ғазабга тўлиб-тошган дам.

Кўраман кўзингда тимқора само

Ва унда чақинлар талошини ҳам…

 

Сеҳргарсан, ўзинг билмайсан аммо,

Сен гоҳи севинчга тўлиб-тошган дам,

Кўраман кўзингда нурли бир дунё,

Уфқида иқболим қуёшини ҳам…

 

* * *

Бўронлар танимни отди ҳар тараф,

Чақмоқлар бағримни ёқди беомон,

Сенинг остонангга баргдай қалтираб,

Йиқилдим оқибат беҳуш, бедармон.

 

Чалажон ётибман… Лекин бир орзу

Менга жон бағишлар, эшит, жонона.

Яна бўронларга дучор бўлсаму

Сенинг остонангга йиқилсам яна!..

 

* * *

Дейманки, дунёда жаҳолат ўлсин,

Киши ўз наслини ўзи бўғади.

Унутма, ҳой бола, ёдингда бўлсин,

Миллатни эркакмас, аёл туғади.

 

Аёлнинг ғашига тегаверма кўп,

Турмушнинг роҳати сенга кам бўлар.

Аёлнинг бошини эгаверма кўп,

Миллатнинг боши эгик, хам бўлар…

 

* * *

Шайтонлар галаси яшайди ерда,

Юракларда кезар шарпаси, ваҳми.

Қайларда юрибди, қайси бир гўрда

Инсонга панд берган Азозил қавми?

 

Савол қаршисида қотиб турма лол,

Дема, қайдан топай бугун уларни?

Сен аста синчиклаб атрофга кўз сол,

Шайтоннинг қавми бил мунофиқларни…

* * *

Бир қушча йиғлайди бўғот тагида,

Увоққина қалби қайғуга тўлиб.

Не ажаб, бир қатра ёш пардасидан

Олам кўринади ёшга ғарқ бўлиб…

 

Бир қушча қувнайди бўғот тагида,

Увоққина қалби қувончга тўлиб.

Не ажаб, бир зарра нур пардасидан

Олам кўринади нурга ғарқ бўлиб…

 

* * *

Шом эди. Бировни этдилар дафн,

Заранг, совуқ ернинг бағрини ўйиб.

Қора лашкар каби босиб келди тун,

Қолди ёлғиз қабр дардли қорайиб.

 

Тун оғиб, юлдузлар ёш тўкиб милт-милт,

Ой нури синаркан мозор тошида,

Соядай судралиб келди-да бир ит,

Ўксиб уввос солди қабр бошида…

 

* * *

Шодлик – ўйноқ, оҳу, арслондир – ғазаб,

Лоқайдлик – совуқ ва қўрқинч бир илон.

У лоқайд, оламга боқар бетараф,

Тўйда ҳам азада бирдай совуққон.

 

Етиб кел бошига, ҳакими ҳозиқ,

Етиб кел бошига, севинч ва қайғу.

Қаҳ-қаҳ уриб кулсин, инграсин ёниқ,

Ўт бўлсин, сув бўлсин – одам бўлсин у.

 

* * *

Тўйми ё маърака, ҳар ҳолда йиғин,

Ёниб сўз айтарди ўртада ўғлон.

Қўшним қўшнисига энгашиб секин,

Шивирлаб дедики, ҳаммаси ёлғон…

 

Ошнам, сайрайверма ҳуда-беҳуда,

Иззатинг сазаси қайтгай, қайтмагай.

Одамлар шивирлаб бир-бирларига,

Ҳаммаси ёлғон, деб яна айтмагай…

 

* * *

Ҳаво сийраклашиб, бўғилар нафас,

Соатлар кетидан соат ўтади.

Ёлғон чулдирайди ҳамон, тинчимас,

Ҳақиқат бир четда навбат кутади.

 

Ҳақиқат – йигитдир, ёлғон – хунаса,

Ёлғоннинг дардига, дўстлар, даво йўқ.

Мажлисда ҳақ сўзга навбат етмаса,

Жамоат уйида, демак, ҳаво йўқ…

 

* * *

Кеча Бешоғочда Йўлчини кўрдим,

Турарди мардикор дўстлари билан.

Қайтиб келдим, деди, йўлимни бурдим,

Мирзакаримбой ҳам қайтди мозийдан…

 

– Қачон қайтдингизлар? Дедики, бугун.

Нечун қайтганини аммо айтмади.

– Унсин-чи? Гулнор-чи?.. Хўрсинди узун,

Деди: ҳамма қайтди, Ойбек қайтмади…

* * *

Дарвозанг тақиллаб қолди ногаҳон,

Кимдир эшигингни қоқди бир куни.

Сен эса қўймадинг, ҳайдадинг ҳамон,

Ҳаттоки итингга талатдинг уни.

 

Ким эди ул сайёҳ, эшикдан қувиб,

Жулдур чопонли деб этмадинг қабул?

Ҳақнинг даргоҳидан иноят бўлиб,

Эшигингга келган Қуръон эди ул…

 

* * *

Ҳофиз давраларда қўшиқ айтмаса,

Тоғларга борармиш айтиб навони.

Айтгани жаранглаб, элдан қайтмаса,

Тошлардан кутармиш акс-садони.

 

Шоир сўз айтгали келар дунёга,

Индамай жим туриш шоирга – ўлим.

Қайси тоққа борай, қайси дарёга,

Товушларга тўлиб кетганда кўнглим?

 

* * *

Биз ерни атаймиз саховатпеша,

Ва лекин бизни ҳам ризқим, дейди Ер.

Ерни еб яшаймиз биз-ку ҳамиша

Ва лекин бизни ҳам бир кун ейди Ер.

 

Шуни эсда тутинг, ёру йўлдошлар,

Қарангиз, бу қандоқ демиш бўлади.

Ем бўлган бир куни емоққа бошлар,

Еганлар бир куни емиш бўлади…

 

* * *

Меҳринг дариғ тутиб, ғазаб айлама,

Бир бурда нонингни қўя тур нари.

Қаҳринг оташида ёнмасман, аммо

Меҳринг қатрасида чўкаман, пари.

 

Бирпас шафқат билан эгил бошимга,

Кўзимга термилиб, айла табассум,

Туш, десанг, тушаман худди дўзахга,

Ён, десанг, ловиллаб ёнаман шу зум…

 

* * *

Бола эканимда хаёл – овунчоқ,

Юлдузлар ёқарди ёш юрагимда.

Менга тутқич бермай гижинг бир тойчоқ

Ҳадеб айланарди теварагимда.

 

Умр йўлларида қолмадим яёв,

Яқин бўлиб қолди йироқ осмон.

Аммо ўша тойчоқ тутқизмай жилов,

Менинг атрофимдан айланар ҳамон…

 

* * *

Неча бир тўнинг бор, кўрдим барчасин,

Чопоним битта деб турмайсан қараб.

Бирини шарт ечиб ташлаб, бошқасин

Кийиб олиш сенга бир лаҳзалик гап.

 

Мен эсам қишми-ёз, иссиқми-совуқ,

Эгнимда шу эски, жулдур чопоним.

Уни ечар бўлсам, бошқа тўним йўқ,

Қаҳратонда қолиб, қақшайди жоним…

 

* * *

Мақтанма, негаким насабинг улуғ,

Беклар мақтанмайди, қуллар мақтанар.

Оқиллар ҳеч замон мақтанарми, йўқ,

Нодонлар мақтанар, гўллар мақтанар.

 

Дунё унутарми асрлар оша

Туркистон арслони чеккан наърасин?

Ўзбек бўл, донишманд бек бўлиб яша,

Ўзбекқул бўлишдан Худо асрасин…

 

* * *

Дўстим, тунда туриб, уфуқларга боқ,

Нур тошар гоҳи шўх, гоҳи асабий.

Оналар ухламас, оналар уйғоқ,

Бедорликнинг буюк тангриси каби.

 

Муаззам заминни ой нури эмас,

Шу кўзлар зиёси чулғамиш бутун.

О, агар оналар кўз юмса бирпас,

Жаҳон қопқасига ёприлади тун…

 

* * *

Пайғамбарни Аллоҳ сийламиш тугал,

Карамлар ичида энг олий карам:

Бошини саждага қўйганда ҳар гал

Ўзни унутаркан Расули акрам…

 

Эй бандайи мўмин, тириксанки, бас,

Бир юзинг оқ эса бири қародир.

Саждага бошингни қўйиб, бир нафас

Ўзни унутишга бўлдингми қодир?

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + sixteen =